Сайт бўлимлари
Анъанавий ўзбек хонадони – энг яхши бейбипруфинг
- Подробности
- Бўлим: Фарзанд
- Чиққан санаси: 18 Март 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Анъанавий Ўзбек хонадонида уй ичидаги деворлар текис қилиб қурилган
(Ўзбегимнинг буюк кашфиётлари)
Ўзбегимнинг Буюк Кашфиётлари мақолалар тўпламини давом эттирар эканмиз, муҳтарам ўқувчиларни бир муҳим нуқтага қаратмоқчиман: Гапнинг индаллосини айтганда, барча инсонлар битта ота-онадан тарқалган ака-ука ва опа-сингиллардир. Даврлар ўтиши билан барчамиз дунё бўйлаб тарқалиб кетганмиз ва натижада ўз тилимиз, урф-одатларимиз ва турмуш тарзимизга асос солганмиз. Шундай экан, бу улкан 6,5 миллиардлик оиланинг севимли фарзандларидан бўлган Ўзбекжон ўз ҳовлисида турмуш тарзини ва урф-одатларини АЛЛОҲ берган ақлни ишлатиб, ўзи энг тўғри деб билган йўсинда қурди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Айни пайтда ҳозирги замонда яшаётган ватандошларимиз ушбу кўп йиллик изланишларнинг қатор афзалликларидан баҳраманд бўлмоқдалар…
Ушбу мақолада мен анъанавий Ўзбек хонадони ва унинг болалар учун қанчалик даражада хавфсиз қилиб қурилганлиги ҳақида сўз юритмоқчиман. Бу борада Ўзбек хонадонига тенг келадиган дизайн, яъни усул йўқлигига, келинг, биргаликда амин бўламиз.
Ғарбда ҳамма нарсага ном берилади – бунинг асосий сабабларидан бири ҳамма нарсадан пул ундиришдир. Бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ, лекин мен асосий сабаблардан бирини келтирдим, холос. Марҳамат, танишинг: БЕЙБИПРУФИНГ (Babyproofing). Бу сўз "babyproof", яъни «болалар учун хавфсизлаштирилган» деган сўзлар бирикмасидан олинган. Ғарбда уйларнинг ичи болалар учун ниҳоятда хавфли бўлгани туфайли кўплаб ширкатлар бу муаммони қисман ҳал қилишга мўлжалланган буюмларни сотиб мўмай даромад қилмоқдалар. Мисол учун, курси, шифоньер, сервант ва бошқа мебелларнинг қирраларига болажонларнинг ўзларини уриб олишлари йилига минглаб болаларнинг тез тиббий ёрдам шаҳобчаларига олиб борилишига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш мақсадида ғарб мамлакатларида қирралик уй жиҳозларининг четига ёпиштириладиган махсус резина буюмлар сотилади. Болалар зинадан тушиб кетмаслиги учун махсус панжаралар ўрнатилади. Бу каби қўшимча мосламаларнинг санаб саноғига етиш қийин. Ривожланган ғарб ҳар йили шу мақсадда янги нарсаларни ихтиро қилиб фахрланар экан, ўйланиб қоламан, наҳот ота-боболаримиз бу нарсаларни билишмаган, ўз фарзандларининг хавфсизлиги ҳақида қайғуришмаган. Келинг, ғарбдаги уй дизайнерлари ва муҳандислари қандай қилиб уй ичини янада хавфсиз қилиш ҳақида изланишларини давом эттиришаверсину, биз Ўзбегимнинг қуриб қўйган санъат асари – болалар учун хавфсиз уйлар ҳақида мулоҳаза юритайлик!
ПОЛ (avoid stairs)
Кўп қаватли биноларда узун зинадан йиқилиб қанчадан-қанча бола мажруҳ бўлади. Анъанавий Ўзбек уйлари эса бир қаватли қилиб қурилган ва бу оиланинг бой ёки камбағал эканлигига бориб тақаладиган сабаб эмас. Уйларнинг бир қават қилиб қурилганига сабаб баланд йўлаклар, узун зиналарга ҳожат қолдирилмаган. Болалар учун узун зиналар ва йўлаклар (ҳозирги балконлар) хавфли экани ҳаммамизга яхши маълум. Ғарб кўплаб болаларни мажруҳ қилганидан кейингина буни англаб, бугунги кунда уй дизайнида «зиналарни ишлатмаслик» услубини (AVOID STAIRS) қўллаётган бўлса, кўриб турибсизки, ота-боболаримиз фикр-мулоҳаза билан бунинг олдини олишган. Бу нарсалардан сақланишган. Уй ичида оёқ кийим билан юрилмаслиги ҳам ўзбек хонадонининг ажойиб афзаллиги саналади. Бунинг натижасида ташқаридан ифлосликлар уй ичига кирмайди, болалар касалга чалинишдан ҳимояланишади. Агар уй ичи ифлос бўлса, бир ёшгача бўлган болалар уйда эмаклаб юрганларида тез касалланишлари мумкин. Уй ичига полос, гилам ва кўрпачалар тўшаб қўйилишининг сабаби эса йиқилиб тушганида болаларнинг шикастланиш эҳтимолини камайтиради.
ДЕВОРЛАР (as smooth as possible)
Ҳозирда ЕВРОРЕМОНТ қилинаётган хонадонларнинг ичкарисига ҳатто темирдан махсус бурчаклар қўйилмоқда – бу гарчи чиройли кўринса-да, уйни болажонлар учун жуда хавфли ҳолатга келтиради. Анъанавий Ўзбек хонадонида уй ичидаги деворлар текис қилиб қурилган. Бурчаклар чиқарилмаган. Инглизлар бугун уй қураётганида «имкон қадар текис» (AS SMOOTH AS POSSIBLE) қоидасини амалда қўллаётгани ҳам бизнинг дизайнимиз нақадар фойдали эканига яққол исбот бўлиши мумкин. Цемент халқимизга яқинда кириб келди, унгача эса уйларнинг ичи лой билан сувалган. Лой билан сувалганда бурчак чиқариб бўлмайди. Шунинг учун меҳроб ва токчаларнинг бурчаклари ҳам тўмтоқ қилинган. Уй ичида ўтириладиган, асосий ҳаракат бўладиган жойда деворга ёстиқлар тираб қўйилади – албатта бу ёстиқларга катталар суянади, лекин болажонлар шўхлик қилиб деворга урилиб кетсалар ҳам, кўпинча юмшоқ ёстиқ уларни тўсиб қолади.
МЕҲРОБ (niches for furniture)
Ўзбек – серфарзанд халқ. Бу эса уйдаги нарсаларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Уларни қаерда сақлаш керак? Сандиқ ва жавонларда, деб жавоб беришган ота-боболаримиз. Лекин уларнинг ўткир қирралари севимли фарзандларини жароҳатламаслиги учун, деворнинг ичи бамисоли бир ковак қилиниб, сандиқ-жавонлар ўша ерга жойланган. Бу ковак кейинчалик МЕҲРОБ деб атала бошланди. У ҳам етмагандай, меҳроб кўпинча қалин парда билан ёпиб қўйилдики, ҳам чиройли, ҳам янада хавфсизроқ кўриниш ҳосил бўлди. Жавон-сандиқлар устига эса кўрпа, тўшак ва ёстиқларни йиғиб қўйди. Ана сизга яна битта БЕЙБИПРУФИНГ. Ғарб ҳам ҳозир шу йўлни танлаётгани, уйда бурчаклар чиқармасдан, балки токчаларни меҳроб каби ичкарига киритаётгани ва шифоньер, шкаф каби мебелларни деворларнинг ичига жойлаштираётгани уй дизайнига бағишланган янги қўлланмаларда кўплаб топилади. Бугун ғарб тилида «мебелни яшириш» (NICHES FOR FURNITURE) деган янги дизайн услуби пайдо бўлган. Ўзбекча қилиб айтсак, бу меҳробнинг ўзгинаси. Ўзимизнинг минг йиллик меҳробимиз!
ТОКЧА ва ДЕРАЗАЛАР (emergency exit)
Ўзбек хонадонида деразанинг ўрни жуда юқори. Деразалар аксарият ҳолларда кенг ва паст қилиб қурилади, бу эса мабодо уйга ўт кетадиган бўлса ва эшик бирор сабабга кўра очилмай қолса, деразадан бемалол ташқарига чиқиб кетишга йўл вазифасини бажаради. Ғарб уйларининг дизайнида сўнгги йилларда «фавқулодда вазиятлар учун чиқиш жойлари» (EMERGENCY EXIT) масаласига катта эътибор берила бошланди. Буни англаш учун улар қанча одамни қурбон беришди, қанчадан қанча болалар уйнинг ичида деразага ета олмай қолиб кетишди. Ҳозир деразаларнинг пастроқ қилиб қурилиши, одам чиқа оладиган даражада кенг бўлиши, хафа бўлишмасину, яна бизнинг эски услубимизни эслатади.
Бундан ташқари девор ичига кичик болалар ета олмайдиган токчалар ҳам қурилади. У ерга идишлар, майда нарсалар жойлаштирилади. Ҳозирда эса кўп ўзбек хонадонларида девор ичидаги токчага ТЕЛЕВИЗОРни ўрнатиб қўйиш урфга айланган. Ҳар ҳолда, телевизорни ерга ёки столга қўйгандан кўра ўзбекча усул анча хавфсиз, чунки телевизор кичик болалар етолмайдиган жойда туради ва агар телевизор ёниб кетадиган бўлса, токча ёнмайди – чунки у сувалган девор ичидан иборат! Замонавий ғарб уйларида телевизорнинг девор ичига жойлаштирилиши, ёки унга атаб махсус токча ясалаётгани ҳозир «БЕЙБИПРУФИНГ»нинг замонавий ихтироси деб аталса-да, ўзбек хонадонларида кўп вақт¬дан бери қўлланилиб келмоқда.
МЕБЕЛЬ (less is best)
Ўзбек хонадонида мебел ғарбдагига нисбатан жуда кам ишлатилади. Масалан, ота-оналар ва болалар кўрпа ёзиб ерда ухлашади ва эрталаб кўрпа меҳробга йиғиб қўйилади. Биринчидан, уйнинг саҳнидан мумкин қадар унумли фойдаланилади, яъни улкан баланд диван хонанинг ярмини эгаллаб турмайди. Иккинчидан эса, мебель бор жойда бурчак бўлади ва шўх болалар яна унга ўзларини уриб олишлари мумкин. Диваннинг тагига кириб қисилиб қолганлар қанча… Бундан ташқари, баланд ётоқда ухлаётган бола уйқусида билмасдан ерга йиқилиб тушиши мумкин. Тўртинчидан, хонанинг ичида баланд ётоқнинг савлат тўкиб туриши ёшларнинг ва кирган бошқа одамларнинг шаҳватини ҳам қўзғамасдан қолмайди. Мебелнинг қанчалик қиммат эканини айтмасак ҳам бўлаверади. Зарур бўлган сандиқ ва жавонлар меҳробда жой олди. Уйда стол, курсилар керак эмас: ерга тўшакларни айлантириб солиб, ўртасига дастурхон солинади. Агар баъзи хонадонлар хонтахта ишлатишса ҳам, унинг устига чиқиб сакраган болаларнинг ўзини жароҳатлаш эҳтимоли анча кам. Шунга ҳам қониқмаган Ўзбек халқи кўпинча овқатланиб бўлгач хонтахтани уйнинг бир бурчагига оёқларини девор тарафга қилиб тиккалаб қўяди ёки умуман хона ташқарисига олиб чиқиб қўяди. Ғарб уйлари дизайнида уй сатҳидан унумли фойдаланиш учун йиғиладиган, деворнинг ичига кириб кетадиган мебеллар ўрнатилаётгани, овқатланадиган жойда деворга йиғиладиган хонтахталар ихтиро қилингани (LESS IS BEST), психолог шифокорларнинг «фарзандлар ота-онанинг қаерда ётишини умуман кўрмаслиги керак» деб қимматбаҳо маслаҳат беришни бошлаганлари уларда «ривожланиш» ҳисобланса-да, бизда содда қилиб «эскиликка қайтиш» дейилиши мумкин.
СЎНГСЎЗ
Ўзим фарзандлик бўлганимдан кейин юқоридаги нарсаларга анча эътибор берадиган бўлдим. Ғарб мамлакатида яшаётганим учун ўзбекча уйнинг, ўзбек ховлисининг ўрни сезила бошланди. «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» дейишганидек, менга аввал қолоқ ва жуда содда туюлган уй фарзандларимнинг хавфсизлиги учун энг афзал эканини англаб етдим. Келажакда ўзим уй қурганимда, ғарбдами, Ўзбекистондами, албатта ота-боболаримиз тузиб берган усулларни қўллаб, фарзандларим учун хавфсиз ва шинам уй қураман. Буни «замонавий БЕЙБИПРУФИНГ» дейишадими, «эскиликка қайтиш»ми, фарқи йўқ. Муҳими, фарзандларим бешикаст улғайишса бўлгани!
МАЪМУРЖОН РАҲИМОВ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 344 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар