Сайт бўлимлари
Ўладиган дунёда…
- Подробности
- Бўлим: Фарзанд
- Чиққан санаси: 20 Май 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Дунё ҳақидаги мушоҳадаларга берилишдан олдин, бир-иккита ҳаётий лавҳаларга назар солсак.
Шарқираб оқаётган сой ёқасидаги супада бир тўда йигитлар улфатчилик қилиб ўтиришибди. Улар ҳозир бу дунёнинг барча ташвишларини унутишган. Даврадан ҳазил-мутойиба, ундан кейин «гур» этиб янграйдиган қаҳ-қаҳа аримайди. Гап орасида дастурхонга тўкиб ташланган турли ноз-неъматлардан «қани олинг, қани олинг» қилишиб танаввул этишмоқда. Мана энди кафтларнинг устига қўндирилган ва бир-бирига жаранглаб урилиб турган пиёлалар ҳам ўртада айлана бошлади. Яна бир карра такрорлаш ўрни келиб қолди: улар ҳозир бу дунёнинг барча ташвишларини унутишган… Дарвоқе, улфатчиликдан мақсад ҳам ўзи шу – кундалик турмуш, уй-рўзғор, иш, тирикчилик ташвишларидан нарироқ қочиш, уларни унутишдан иборат.
Кўринишдан буларнинг ичида энг ёшроғи, мўйлаблари энди сабза ура бошлаган йигитчага ҳам навбати билан пиёла узатилди. У қўлини кўксига қўйганча, уни олмоқликни рад этди.
Жўрабошининг аччиғи келди.
- Акахонларинг узатгандан кейин олгин-да! Катталарнинг қўлини қайтариш одобдан эмас…
Йигитча ёлборганнамо, уларга илтижо қилди:
- Умрим бўйи ичмаганман. Бундан кейин ҳам Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ичмайман…
- Ҳей, сен қанча умр кўрибсанки, бизларга ақл ўргатасан? Ушла буни, ўладиган дунёда айшингни суриб қолсанг-чи!..
Қизиқ гап-а: «ўладиган дунёда айшингни суриб қол…»
Айтадиган инсон йўқки, «дунё ташвишларидан ҳоли яшашни истасанг, Аллоҳни зикр қил, ўладиган дунёда чинакамига айшингни суришни истасанг, ихлос билан Яратганга ибодат-ла машғул бўл!»
Янглишдим, айтадиганлар, алҳамдилуллаҳ бор, кундан-кунга кўпайиб ҳам боряпти. Аммо бу насиҳатни қулоқлари билан эшитиб қалбига жо қилишга қодир бўлганлар камроқ.
* * *
Ўлиб кетган онасининг ҳурмат-эътиборини жойига қўйиш учун, фарзандлари эҳсон беряпти. Келаётган меҳмонларнинг сон-саноғига етиш қийин. Кўринишдан ҳаммалари бообрў, ўзига тўқ кишилар. Улардан биронтаси хақида мана шу одам мискин, бечора экани сабабидан эҳсонга таклиф этилибди-да, демайсиз. Дастурхоннинг безатилишига ҳам гап йўқ. Тортилаётган таомларни айтмайсизми?! Сомса, ундан кейин ҳасип, ундан сўнг норин, кетидан ярим косадан мастава, ва ниҳоят ош. Ўз уйида қозони канда бўлмай кунига уч марта қайнаб турган, музхоналари ҳамиша лиқ турадиган кишилар олдига келаётган ликопчаю косаларни паққос бўшатиб жўнатмоқдалар…
Гўё уларнинг фикру хаёлида битта гап: «Ўладиган дунёда еб-ичиб ол!»…
Афлотун: «Мен ейиш учун яшамайман, яшамоқ учун ейман», деганда бу ўладиган дунёнинг торгина чегарасидан чиқиб кета олмади.
Аммо ислом дини арконларини маҳкам тутган азизлар эса, емоқнинг энг яхши миқдорини ибодатга лойиқ куч-қувват тўплашга лойиғи деб билдилар.
* * *
Ота мерос катта ҳовлидаги эски иморатлар бузилиб, ўрнига пишиқ ғиштдан янгилари қурилмоқда. Янги уйнинг бир томонида ака ўз оиласи билан, бошқа томонида ука бола-чақаси билан яшайдиган, замонавий, икки қаватли муҳташам бино қад ростлаш олдида. Биринчи қават битказилиб, иккинчиси қурила бошлаганда ука акасига кутилмаган таклиф киритиб қолди.
- Биринчи қаватда қурилган хоналарнинг ўзи ҳаммамизга етиб ортиб ҳам қолади. Иккинчи қаватни қурмай қўя қолсак-чи, ака?
- Қани, давомини эшитайлик-чи…
- Ён қўшнимиз Сожида холанинг ҳеч кими йўқ, яшаб турган уйлари биз солган иморат олдида харобага ўхшаб қолди… Шу иккинчи қаватга кетадиган ғишту тахталардан, барча қурилиш ашёлардан уларнинг ҳам уйларини қайта тиклаб берсакмикан…
- Нималар деяпсан, ука! Бу дунёга бир марта келамиз, ўз ҳузур-ҳаловатингни ўйласанг-чи, нима қиласан бошқаларнинг ғамини еб?!
... Дарҳақиқат, дунёга бир марта келамиз. Қиёматда – намоздан, рўзадан, хайру эҳсондан сўраладиган кунда «қани энди ўладиган дунёга яна бир карра қайтарилсам эди», ёки «қанийди тупроққа қоришиб йўқ бўлиб кетсам эди» каби надоматларимиз асло асқотмайди.
Ўладиган дунё... Дунёда фақат бир марта яшаймиз...
Бу ибораларда маълум жиҳатдан ҳақиқат яшириниб ётибди.
Ҳақиқат шуки, биз чиндан ҳам ўладиган дунёда яшаяпмиз. Одамзод яралганидан бери ҳали биронта инсон дунёга устун бўлгани йўқ. Аввал келганлар ўтиб кетишди, кейингилар ҳам бирма-бир навбати билан бу дунёни тарк этишади.
Биз худди жамоат транспортида кетаётган йўловчиларга ўхшаймиз. Вақти-соати етиб, бекатимизда тушиб қоламиз. Аммо фарқли томони – уловда кетаётганлар қачон, қаерда тушиб қолишини ва у ерга нима мақсадда кетаётганини билади. Йўлга чиқадиган вақтини, ишларини шунга яраша режалаштиради.
Аммо Ер деб аталмиш она сайёра йўловчиларининг йулга чиққанида ҳам, тушиб қоладиган вақтида ҳам ихтиёрлари ўзларида бўлмайди. Ҳеч бир инсон қачон, қаерда нима сабаб билан тушиб қолишини, борадиган манзили қайси маконда эканини билмайди.
Ҳа, ўладиган дунёда яшаяпмиз. Бу иборага яширинган яна бир ҳақиқат шуки, унда ўлмайдиган дунё ҳам мавжудлигига ишора бор. Бинобарин, ўладиган бу дунё ўлмайдиган дунё сари элтувчи бир кўприк, йўлак бўлиб хизмат қилади. Ҳамма гап ана шу кўприк, йўлакдан ўлмайдиган дунёга қандай, қай тарзда ўтиб олишимизга боғлиқ. Демак ўлгандан сўнг қайта тириламиз ва асл ва абадий манзилимизга борамиз. Мумтоз шоирлар тили билан айтганда, фоний дунёдан боқий дунёга, елкамизда нималарни ортмоқлаб борар эканмиз-а?!
Инсоният тарихида ҳали биронта инсон яхши кўриб тўплаган молу дунёсини, эртага ерман деб асраб олиб қўйган ризқу насибасини ўлганидан кейин ўзи билан ортмоқлаб олиб кетган эмас. Бойликни ҳирс билан тўплаётганлардан: «шунча нарсани нима қиласан, барибир ўзинг билан олиб кетмайсан-ку», деб сўрасангиз, «бола-чақамга, улардан ҳам ортса, кейинги зурриётларимга қолади», деган жавобни оласиз. Билмаймизки, фарзанду зурриётларимизни ато этган Аллоҳнинг ўзи уларнинг ризқу рўзини ҳам битиб қўйган.
Мана энди, юқоридаги ибораларнинг иккинчи қисмини таҳлил қилсак бўлаверади. Боқий дунёда кутиб олувчи зот биздан фоний дунёда яхши еб, яхши ичганимизни, қандай қимматбаҳо либосларга бурканиб юрганимизни, ёки аксинча, иссиқ баҳонасида чиройли қилиб яратган қиёфаларни кўз-кўз қилганимизни, қават-қават кошонаю қасрларда яшаганимизни эмас, бир сўз билан айтганда, ўз нафсимиз розилиги учун нима яхшиликлар қилганимизни эмас, балки берилган неъматлар шукронаси учун, ЎЗИНИНГ РОЗИЛИГИНИ топиш учун қандай яхши амаллар қилганимизни сўрайди.
Беихтиёр келибмиз чун, йўқ ихтиёр кетар чоғи,
Бахт - дунё деб хўп елибмиз, ким бахтиёр кетар чоғи?..
Меҳмонмиз Ер юзи узра, кетмоқ изни Мезбондадир,
«Эгар-жабдуқ борми», - демас, тургил тайёр кетар чоғи.
Ясан-тусан қилиб кездик, неъматлардан топдик ҳузур,
Вафо қилурмикан энди, манзил-диёр кетар чоғи?!
Бу дунёнинг сайри гўзал ибодатнинг кемасида,
Чунки руҳинг шул кемага соҳиб-сайёр кетар чоғи.
Ҳар бир ишинг битилмоқда амалларинг китобига,
Ул чоғ бойлик тош босмайди, иймон - меъёр кетар чоғи.
Шайтон лаъин қонга кириб, умр бўйи қилди ҳужум,
Имонингни олмоққа шай ўшал айёр, кетар чоғи.
Тўхтамурод, тоат тила, барча мўъмин-мусулмонга,
Токи имон калимаси бўлғуси ёр кетар чоғи.
Тўхтамурод Баҳромов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 352 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар