1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Нега даҳолар туғилмаяпти?

 Ҳар бир ота-она  боласининг дунёга машҳур даҳо, ақлли, илмли, доно бўлишини истайди. Фарзандининг келажаги порлоқ бўлишини, унинг эл-юртга нафи тегишини орзу қилади. Лекин бунга ҳамма эриша олмайди. Кўп ҳолларда инсон табиатининг хилма-хиллиги, ақлий ва жисмоний имкониятларининг турфа эканлиги бунга сабаб қилиб кўрсатилади.  Кўпчилигимиз “нега замонамизга келиб даҳолар, буюклар, борингки, Амир Темур, Навоий, Бобурлар, Қодирийлар, Усмон Носиру Чўлпонлар туғилмаяпти?” деган истеҳзоли саволга ҳаётимизда ҳеч бўлмаганда бир марта  дуч келганмиз. Бу саволга ҳеч биримиз мукаммал, аниқ жавоб беролмаймиз. “Мана, ёшларимиз спортда, маданиятда, санъатда, илм-фан ва адабиётда оламшумул зафарларни қучиб...” деб бошланувчи баландпарвоз гапларни гапиришга одатланганмиз. Гўёки шу гапларимизга ўзимиз ҳам ишонамиз. Аслида ўша спорт соҳасида жаҳон ареналарини титратган ёш ҳамюртимиз керак бўлса, икки оғиз жумлани келиштириб, интерьвю беролмаслигини ҳам яхши биламиз. Яна оқловимиз тайёр: “Спортчилар камгап бўлади...” Ўзи, ҳис-туйғулари ва кечинмалари ҳақида гапириш сергапликка эмас, аксинча, сўзамоллик ва сухандонликка  мансублигини ўзимиз ҳам яхши биламиз. Ахир, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмудларнинг курашчи бўлганларини биламиз. Умуман олганда, буюк бобокалонларимизнинг деярли ҳаммаси қомусий билимлар соҳиби бўлган. Узундан узоқ  далиллар билан фикримни исбот этишнинг ҳожати бўлмаса керак. Қошғарий, Югнакий, Хоразмий, Термизий, Имом Бухорий, Ибн Сино, Фаробий, Фарғонийларнинг бир нечта соҳаларга доир илмий асарлар ёзиш билан бирга адабиётдан ҳам олис бўлмаганларини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Мирзо Улуғбек салтанатни бошқариш билан биргаликда илм билан машғул бўлганини, бир нечта шогирдларни камолга етказгани, шоҳ ва саркарда Бобурнинг назму насрда, ҳарб иши ва ҳаттоки мусиқа илмидан ҳам бохабар бўлганини оддий ҳолдек қабул қилганмиз. Шеърият мулкининг султони деб нисбат берганимиз – Ҳазрат Навойни олайлик. Ул зотнинг донишмандлиги бир неча асрлардан бери не-не алломайи замонларни лол қолдирмаган. Ҳануз Ҳазратнинг қаламидан тўкилган дуру марваридлар нури дунё афкор оммасининг кўзини қамаштиришда давом этяпти.
Яна фикримиз ибтидосидаги  мулоҳазаларга қайтсак. Хўш, нега бугун дунёни лол қолдирадиган  даҳолар, авлиёлар туғилмаяпти?

“Бизга яхши оналарни беринг

Биз яхши фарзанд бўлиб етишамиз”,- деган экан қайсидир аҳли дониш. Жуда ўрнида ва жуда топиб айтилган фикр! Боланинг қандай инсон бўлиб етишиши кўп томонлама онага боғлиқ. Аввалги мулоҳазаларимизда ҳам бу хусусда етарлича фикрлар келтириб ўтганмиз. Фарзанднинг фитратида ота-онанинг, айниқса, онанинг шаклу шамойили униши аниқ. Эътибор берган бўлсангиз, буюклар ҳаёти ҳақида  гап кетганда, энг аввало уларнинг оналарига урғу берилади. Бу ҳам бежизга эмас, албатта. Майли, бу гаплар ўз йўлига. Биз олим, шифокор ё психолог эмасмиз.  Нега ҳамманинг фарзанди бирдек жамиятга керакли, элга нафи тегадиган инсон бўлиб улғаймайди, деган саволни психологик ва физиологик томонларини муҳокама қилиш фикридан мутлоқ йироқмиз. Бугунги мулоҳазаларимизни, шунчаки ижодкорнинг ўй –хаёллари, тафаккур маҳсули сифатида самимий қабул қиласиз.
Мантиқан ёндошганда, нега авлиёлар туғилмаяпти, деган саволнинг ўзи маънавий дунёмизни остун-устун қилгулик. Дўппини бошдан олиб қўйиб, жиддий ва изтиробли ўйга ботамиз: “Чиндан ҳам, нимага алломайи замонлар топилмайди орамизда?” Йўқ, биз бу фикримиз билан  юртимиздаги билимдонлари, олиму фузалоларини камситмоқчи, уларни ерга урмоқчи эмасмиз.  Шукр, ҳозир ҳам орамизда соҳиби илмлар бисёр. Лекин... лекин гап бунда эмас, биродар. Замонамиз билимдонларининг илмига, эътиқодига паст назар билан қараш бўлмасину, давримиз донолари фақат ўзлари қизиққан соҳада билим ва тафаккурларини намоён эта оладилар. Санъаткорлар билан интерьвюлар уюштирадиган ҳамкасбим ёзғириб қолди бир куни: “Хонандалар, актёр-актрисалар, ҳаттоки эл таниган ҳофизлар билан гаплашиш бирам қийин. Дунёқараши тор, фикрлаш даржаси паст... Айримлари ҳатто ўз соҳасидан ҳам етарлича бохабар эмас. Саволларга пойинтар-сойинтар жавоб қилишлари, оддий нарсага ҳам тушунмай кўзларини пирпиратиб туришларидан ғашим келиб, дод деб юборишдан аранг ўзимни тияман...” Ҳа энди, қўшиқчилар, актёрлар экан-да, бошқалар бунчалик эмас-ов, дейишингиз мумкин. Лекин айнан шу соҳа вакиллари бошқалардан кўра жамиятда бир қадам олдинда юришлари керак эмасми? Эл назаридаги кишиларнинг маънавий олами шу бўлса...
Биология соҳасида илмий иш қилаётган дугонам бор. Ҳар гал бироор яқинини туғилган куни муносабати билан табрикламоқчи бўлса ёки қариндош-уруғини тўй-тантанасида сўз оладиган бўлса, дарров мени излаб қолади. “Бирор нарса ёзиб бер”. Ёзиб берган “бирор нарса”м шунчаки одатий, анча нейтрал тилаклар бўлса-да, дугонам уларни ўқиб салкам ҳушидан кетиб қолади: “Вой, бунақанги чиройли гапларни қаердан оласан?!..”  Ана сизга олий маълумотли, нуфузли олий ўқув юртида ишлайдиган, олима қизнинг дунёқараши, маънавий нигоҳи!..
Бу мақолани иншо этишдан аввал мулоҳазаларимни тафаккур гулханида хўп тобладим. Балки хом ақлим, ёш бошим бу савол муҳокамасида ноқислик қилар, деган ўйда атрофимдагиларга айни сўров билан мурожаат этдим.
Бир ҳолат иккинчи марта такрорланмайди
-    Ҳар замоннинг ўз даҳоси бор,- дейди ижодкор Баҳодир Раҳмонов.- Ҳар даврнинг ўз Навоийси, Бобури ва Румийси бор. Фақат бу эрта, келажакка ёрқин кўринади.
Табиатшунослик ва фалсафа илмида бир қонуният мавжуд: бир нарса иккинчи марта такрорланмайди. Шундай экан, янги даҳоларни кутиб ўтириш эмас, балки, бугуннинг эртанги Навоий, Бобур ва Шекспирларни илғай олиш ва уларнинг истеъдодларини қадрлай билишимиз даркор.
Қайсидир маънода бу гаплар тўғридир. Инкор этгимиз йўқ. Ахир ҳар кимнинг ўз қараши, шахсий фикри бор. Ҳақиқатдан ҳам, юртдошимиз айтганидек орамизда даҳолар бордиру, биз уларни илғай олмаётгандирмиз. Лекин, биродарлар, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, биз билган-таниган аҳли донишлар орасида қомусий билимдонлар борми?
-    Сиз айтаётган хусусиятларга эга бўлган одамларни танишларим орасида деярли учратмаганман,- дейди яна бир ҳамкасбим. -Билимдон, қўш дипломли, тафаккури кенг танишларим бор. Лекин улар ҳам маълум бир йўналишда, кўпроқ ўзлари танлаган соҳа бўйича билим ва малакага эга. Диний билимлардан хабардори бўлса, фақат динга ёпишиб олган, мутаассиб. Баъзида ҳатто моҳиятан ўзлари англаб етмаган нарсаларни ҳам дин номидан вайсаб юришади. Дунёвий билимлардан бохабар танишларим эса, ўзи  имкони қадар эгаллай олган соҳадангина хабардор. Масалан, математик танишим математика, физика, бор барака десак, химия ва биологияни тушунар. Лекин тарих, адабиёт, тил ва диндан гап кетганда ё индамай ўтиради ёки мен европача тарбия кўрганман, деб кўзларини лўқ қилиб ўтираверади. Гўёки шу важ билан диний билимлари саёзлигини оқлашга уринишади. Ундайлар аслида “европача тарбия кўрганман” деган баҳона билан маънавий дунёсининг нечоғли ғариб эканлигини кўрсатиб қўйишини ҳеч мулоҳаза қилишармикан?..
-    Авлиёлар, даҳолар, буюк зотлар энди туғилмаса керак,- деди яна бир ватандошимиз ижтимоий тармоқлардаги сўровимизга жавобан.- Буюклар туғилиб, яшаб, авлодларга асқотадиган амалларни адо этиб бўлишган. Ҳозирги кишиларнинг ҳаммаси ҳам даҳо! Давримиз одамларини анча-мунча нарса ҳайратлантирмай қўйди. Инсон тийнатида ҳайрат, қизиқиш, гўзалликлардан завқланишдек маънавий лаззат ҳисси бўлмаса, ундан қандай даҳо чиқсин?..

Покдан покиза фарзанд туғилади

-    Бу саволга бир оғиз жумла билан жавоб беришнинг ҳеч иложи йўқ,- дейди ёш ижодкор Акром Маликов.- Баҳсталаб саволга бир нечта далилларни жавоб қилиб кўрсатиш мумкин. Биринчидан, қалб ахлоқимиз бузилган. Ихлосимиз заиф. Аллоҳ ихлоси йўқ, эътиқоди ожизларга қандай қилиб даҳо фарзанд ато этсин? Ахир, покдан покиза фарзанд туғилади. Қолаверса, қалбимизни дунё ҳирси эгаллаган. Фарзандим Аллоҳга яқин бўлсин, илмли бўлсин, демаяпмиз. Бой, пулдор ва чиройли бўлсин деяпмиз. Ниятимиз қалтис. Ҳасадгўйликдан чекинолмаяпмиз. Бу иллат тобора орамизда авж оляпти. Бир-биримизни кўролмай бор даҳоларни бўғишга ҳаракат қиляпмиз. Сўзимиз яхшиликдан далолат қилади. Каломларимиз гўзалу, амалимиз шайтонни ҳам доғда қолдиради. Энди ўзингиз ўйланг, шундай қусурларга тўлган вужуд қандай қилиб ҳақиқий даҳоларни - Навоий, Бухорий, Машрабларни дунёга келтира олади?.. Бир мақоламда шундай дегандим: “...Ижод аҳлида маънавий кўз очиқ бўлса, унинг умри ўзи ижоддан топган ҳақиқатлар устида барпо бўлади, агар бу кўз кўр бўлса, бу кўздан у то ўлгунича ёш ёғилади, ижодкор шу кўзёшлар эвазига ижод қилади, қўрқмасдан ўзи амал қилишни хаёлига келтирмайдиган ғояларни тарғиб қилади, ҳатто ўз гапига ишонмайди.
Булардан Навоий чиқадими? Румий-чи? Хоразмий-чи? Улар шунчаки ўнлаб навоийлар ва румийларни, хоразмий ва берунийларни забун қиладилар.” Билмадим, бу саволга бундан ортиқ жавоб қилишнинг имкони бормикан?..

Кўнгилдаги оғриқ...

Фарзанд ота-онанинг зийнати, кўрки ва албатта эл-улус орасидаги нуфузи, обрўси. Аммо вовайлоки, бизга ҳар қандай зару зевардан кўра кўпроқ зийнат бўлишга арзирли фарзандларимиздан даҳолар етишиб чиқмаяпти. Нега? Балки унинг учун генофондни тозартириш зарурдир!? Ахир, на ибтидосию, на интиҳоси мавжуд "майдакашлик”, “пасткашлик”, “фаҳшкашлик" авж олган элда "чўпкаш"дан бошқа ҳеч ким етишиб чиқмаслигини кўпчилигимиз англаб етяпмиз-ку!
-    Айни кўнгилдаги оғриқларга тегиб кетдингиз,- дейди ҳамкасб дўстимиз Ғайрат Ширинов мақола мавзусидан хабар топиб.- Нега, бугун биздан аждодлардай буюк зотлар улғаймаяпти?  Чунки, “ўзбек миллати” катта йўқотишни бошидан кечирди. Биринчидан, “ўзлик” дарз кетди. Яна бир томондан эса, эътиқодга путур етди. Ҳаттоки, истеъдодсизларни-да кўкка кўтариш урфга кирди. Салгина “йилт” этиб кўзга ташланганлари ҳам “хушомаду мақтовлар тиғи” билан бўғизланмоқда. Боз устига, оиладаги “ота образи” аллақачон портрет шаклида деворга илинган. Бундан ким ютқазяпти? Албатта, биз, албатта милат-да! Ўзбек оиласини эътиқодда уйғун қилиш шарт. Акс ҳолда, миллат сийратида эмас, ОЛОМОН сифатида яна майдалашишда давом этаверамиз!..
Бу бизнинг мулоҳазалар эди, муҳтарам муштарий. Эндиги сўз навбати сизга. Хўш, нима учун бағримизда буюкларни улғайтиролмаяпмиз. Сиз бунинг боисини нимада деб ўйлайсиз?

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 344 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ