1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Юлдуз”лик бўсағасидаги тузоқлар

Машҳур кишиларнинг, айниқса санъаткорларнинг газета- журнал ўқишга  вақти йўқ, деб ўйлардим. Таҳририятга қўнғироқ қилиб айтадиган гаплари борлигини маълум қилганида, таниш овозни қайдадир эшитгандек бўлдим.
-    Илтимос, мени айтганларимни шундайлигича газетангизга ёзиб чиқаринг.  Фақат кимлигимни ошкор қилманг, гарчи ўзингиз яхши таниб турган бўлсангиз-да...- Муштарийимизга уларни танимаётганимни айтдим ва бизга қўнғироқ қилганларнинг шахси ўзи истамаса ошкор қилинмаслигини эслатдим.
-    Мен ҳозиргача ўзим англаб етган ҳақиқатларни айтишим керак. Кимларгадир асқотса, кимдир нимадир олса... Асли водий томонларданман. Тўрт нафар фарзандмиз. Ота-онам кичкиналигимизда ажрашиб кетишган экан. Мен учинчи фарзандман. Онам биз болаларини оёққа турғизиш учун жуда кўп қийналдилар. Биз фарзандлар онам чекаётган машаққатларни, изтиробларни ўз кўзимиз билан кўриб турардик. Шунинг учун ҳам дадамга нисбатан нафрат билан улғайдик. Дадам онам ва болаларини ўйламай, ўз кўнгилларини оиладан устун қўйиб бизни ташлаб кетганлар. Майли, пешонамизда шу кунлар бор экан, кўрдик. Лекин сизга айтмоқчи бўлганларим мутлақо бошқа нарса. Хуллас, болалигимдан куй-қўшиқ, рақсга иштиёқим баланд эди. Аввал боғчада, кейин мактабда ўтказиладиган бирор бир тадбир менсиз, менинг қўшиғим ё рақсимсиз ўтмасди. Бора –бора санъатга бўлган шунчаки ҳавас, кўнглимда ажрлмас истакка айланди. Қўшиқчи- санъаткор бўламан, деб ўзимча қатъий аҳд қилдим. Лекин онам, акаларим ва тоғаларим бу ниятимни умуман ёқламадилар. Икки гапнинг бирида “Қиз болага ҳам қўшиқчиликми? Қиз бола дегани ўқитувчи бўлсин, тикувчи бўлсин, борингки, дўхтир бўлсин. Энди бир ками қизи қўшиқчи бўлиб кетган, деган маломатни кўтаришимиз қолувди” деб мени кўз очирмай қўйишди.  Тўққизинчи синфни битириб вилоятимиздаги ўша пайтдаги  маданият техникумига ўқишга кирдим. Уйда акаларим ва онам жанжал бошлаганди, “кутубхона иши бўйича ўқишга топширдим, кутубхоначи бўламан қишлоғимизга” дедим. Ҳақиқатдан ҳам кутубхоначиликка ўқишга топширгандим. Мақсадим маданият техникумида ўқисам бўлди, секин-аста уйдагиларнинг розилигини олиб қўшиқчи бўламан, деб ўйлардим. Билим юртидаги тадбирларда ҳам қўшиқ айтардим.  Овозим кўпчиликка ёққани учун, билим юртида ўқитувчилар ва талабалар назарига тушдим.  Устозларим хонанда бўлсам, албатта санъатда ўз ўрнимни топишим мумкинлигимни тез-тез айтишарди. Бу мақтовларга ҳаддан ташқари ишонибманми, ёки тақдиримда қўшиқчи бўлиш бор эканми, хуллас, мен хонандалик йўлини танладим. Пойтахтга келишим, продюссер топиб, биринчи қўшиғимни ёзишим ва у мусиқий радиоканалларда  айланигунига қадар онам ва яқинларим бехабар эдилар.
-    Хўш, кейинчи? Улар хабар топиб, сизни койишдими?
-    Койиш ҳам гапми?.. Роса уруш-жанжал бўлди. Онам қаттиқ ранжидилар. Акаларимку  “бизни шарманда қилдинг. Онамни хафа қилдинг” деб роса калтаклашди. Шу бўйи қўшиқ айтиш, қўшиқчи бўлиш менга армон бўлиб қолди, деб ҳамма нарсадан ҳафсалам совуди. Йиғлай- йиғлай продюссеримга қўнғироқ  қилиб бор гапни айтдим. У  келиб онам ва акаларим билан гаплашадиган бўлди. Продюссерим – Азамат ака уйдагиларимни кўндириши осон бўлмади. Санъаткор қиз-аёлларнинг ҳаммаси ҳам енгил табиат бўлмаслигини, улар орасида ҳам оила ва санъатни бирга олиб бораётганлари борлигини айтиб, аранг онамни кўндирди. Шунда ҳам онам агар мени сўраб уйга совчилар келишса, эрга бериб юборишларини, ундан кейин турмуш ўртоғим рухсат берсагина қўшиқ куйлашим мумкинлигини айтдилар. Шундай қилиб мен Азамат ака билан Тошкентга қайтдим. Бундан буёғига қўшиқ ёзиш, студиялар, концерт, гастрол сафарлари, тўйлар... Онамга қўнғироқ  қилишга зўрға вақт топардим.  Ҳар куни онам бояқиш зорланиб қўнғироқ қиладилар, мен эса ҳамиша банд бўлардим. Хуллас, шундай қирлиб мен “юлдуз”га айландим...
-    Ҳа, сизни танидим чоғи... – Телефондаги суҳбатдошим айни пайтда анчайин машҳур хонанда аёл эканини билдим.
-    Ҳа шунақа. Синглиммисиз, опаммисиз, сизга шуни айтишим керакки, камдан- кам ҳолатда санъаткор аёллар оилавий ҳаётда ўз бахтини топади. Аксарияти амалдорларга, бойваччаларга иккинчи ё учинчи хотин, ё “маъшуқа” бўлиб юришади. Газета – журналларга, телевизор, радиоларга чиқволиб сузилганча “турмуш ўртоғим мени тушунади”, “мен оилавий ҳаётда бахтлиман”, “қайнона-қайнотам мени яхши кўришади” деган гапларнинг ҳаммаси ҳам рост эмас. Қўшиқ куйлаш, санъатда юлдуз бўлиш истагида қизлар пулдор продюссерлар қўлидаёқ увол бўлиб кетишади. Айнан ўзим шундай фожианинг қурбони бўлганим учун эмас, ўзим кўрган ва эшитган бошқа санъаткор қизларнинг ҳаётида кўрганим учун айтяпман. Онам айтганларидек мен мени сўраб келган совчиларга турмушга чиқмадим. Чиқа олмадим. Ўша пайтлар менинг бошқарув пультим Азамат аканинг қўлида эди. Вақт ўтиб, Азамат ака “юлдуз”ликка  даъвогар бошқа ёш, чиройли, қизларни топганидан кейин мен ўз аравамни ўзим тортишимга тўғри келди. Ижод қилишим, халқ назаридан қолмаслигим учун энди ўзим тер тўкиб, ўзим учун ўзим тиришардим. Энди анча машҳур қўшиқи бўлиб улгургандим. Эшигимизни совчилар тақиллатмай қўйганди. Тўғри, пулим, уй-жойим, мошинамга харидорлар кўп эдию, менга оилапарвар эр бўладигани деярли йўқ эди. Қолаверса, унақа яхши йигитга қайси юз билан ҳам тегардим?!..
-    Ҳамма санъаткор қизлар ҳам жуда сиз айтганчалик эмасдир? Гапларингиз муштарийларимизда санъаткор аёлларга нисбатан нохуш фикрларни уйғотиши мумкин. Ҳар қандай гапни гапиришдан аввал тафаккур тарозисида ўлчаш дуруст эмасми?
-    Гапингиз тўғри. Ҳамма санъаткор қизлар ҳам ахлоқсиз эмас. Аммо  пок юраман, ўзимга гард юқтирмайман, номимни қора қилмайман, деган  санъаткор қизлар, минг иқтидорли бўлмасин ҳеч бири юзага чиқолмайди. Айниқса, ҳозирги пайтда. Сиз менга айтинг-чи, ҳозир радио- телевизорда қўшиғи кунда беш-олти марта айланадиган қўшиқчи қизларнинг қайси бирининг овози ширали, қайси бирида истеъдод бор? Икки ё учтасида. Қолганлари гуручга пана бўлиб сув ичаётган курмаклар. Мен шундай қизни биламан, консерваторияда аъло баҳоларда ўқиди. Овози, таланти, санъатга бўлган меҳр-муҳаббатини Худо юқтирган. Лекин машҳур эмас. Қўшиқ ёзиш, тайёр қўшиқларини “айлантиришга” маблағи йўқ, “спонсор”и йўқ. Мен бир пайтлари ўша қиз билан ижарада бирга яшаганман. Тенгдошмиз. Мен бахтсизлик эвазига машҳур юлдузга айландим, ҳамма нарсам етарли, қўлимда пул ўйнайди, лекин у ҳалигача юрибди, истеъдодини кўрсатолмай. Шу гапларимнинг ўзи бояги фикримни сиботласа керак? Ўзингиз ҳам буни яхши тушуниб турибсиз...
-    Айрим газеталар сизни турмуш қурди, деб жар солганди... Ҳатто  никоҳ тўйингиздан лавҳалар суратини ҳам босишганди...
-    Аслида шу ҳақида айтиш учун қўнғироқ қилгандим. Онам турмуш қуришимни, чиройли оила бекаси бўлиб, фарзандларимни етаклаб қишлоққа боришимни айтиб йиғлайверардилар. Шуни учун турмуш қурдим. Тўғриси, келишилган никоҳ бўлди. У инсонни қишлоғида оиласи, аёли, фарзандлари бор. Мен билан номигагина турмуш қурди. Эл-юрт олдида юзимни ёруғ қилиш, оқ либос кийиб келин бўлиш учун бу “ўйин”ни уюштирдим. Ҳозир фарзандим бор. Ўғлим менга ҳар қандай карьера, юлдузлик ва ҳоказолардан азиз. У ҳаётим, бахтим. Умуман умримнинг маъно-мазмуни. Уни бергани учун Яратганга шукр қиламан...
-    Умри зиёда бўлсин.
-    Раҳмат. Менинг айтганларимни албатта газетангизда ёзиб чиқаринг. Қўшиқчи бўлшаман, деб осмону фалакларда учиб юрган ёш қизларга ибрат бўлсин. Ҳалиям мен дардларимнинг мингдан бирини айтдим. Бу кунга етгнимча қанча хўрлик, таъна, маломатларни кўрмадим. Менга “шайдо” бўлиб “спонсор”лик қилган эркакларнинг хотинидан калтак еганларим, товламачиларга алданиб мол-мулкимдан айрилганим... Хуллас, санъаткор қизнинг ҳаёти газетада ўқиганингиз ё телевизорларда кўрганингиздек сип-силлиқ, ҳою-ҳавас, қувончу шодликка тўла ўтмайди, қизларжон. Санъат нонини ейиш остонасида турган сингилжонлар, юлдузлик бўсағасидаги бундай тузоқлардан огоҳ бўлинг...  

Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 328 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ