1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Кийиниш одоби — феъл-атвор кўзгуси

Инсоннинг феъл-атворини унинг кийинишидан ҳам билиш мумкин экан. Пала-партиш, кир-чир кийимда юрадиганларнинг аксарияти бадфеъл кишилар бўлгани каби диду фаросат билан кийиниш юксак одоб белгиси саналади. Аммо кейнги пайтларда баъзи аёллар ғарбона модага кўр-кўрона тақлид қилишади. На турмуш ўртоғи, на ака-укаси, на маҳалла аҳлидан уялишни билмайдиганларга эса эртага қизи, синглиси, келини эргашади.
Бу ҳолат онги ва шуури ўзбекона тарбия таъсирида вояга етган ҳар кимни ўйга толдириши табиий. Кўча-кўйга, бозорга чиққанимизда ҳам, тўйларда ҳам, тарбия масканлари — олий ўқув юртларида ҳам бугун аксарият ҳолларда ана шундай калта кийимларга “бурканган”ларни кўрамиз. қараманг, дейсизми? Айтишга осон, ахир улар саноқли эмас-ку?! Қизиқ, кимдир бундай йиртиқ шиму калта кўйлакларни (бошқа нима ҳам дейиш мумкин?) замонавийлик деб, яна биров эса ҳамма шундай қилаётгани учун кияётгандек туюлади. Нега десангиз, ярашса-ярашмаса қиз-жувонларнинг эгниларида шундай кийимни кўриб энсаси қотади кишининг. Буни тақлиддан бошқа яна нимага йўйиш мумкин?!
Минг таассуфки, яратилаётган айрим кинолдарда ҳам, клипларда ҳам суратга тушаётган қизларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Улар ёқасию енги очиқ либосларда шундай муқом қилишадики, оила даврасида бўлсангиз, уятдан бошингиз эгилади. Санъатнинг ҳар қандай тури — у кино ёхуд қўшиқчилик бўладими ёки рақс ва театрми, таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Унинг ғоявий кучи олдида унча-мунча кучлар ожиз қолади. Шундай экан, шарқона фазилатлардан ҳоли, ҳаётийликдан йироқ, удумларимизга тескари енгил-елпи кино ва клипларни суратга олишдан, унниг тарғиботидан кимлар манфаатдор?
Бу билан биз ўзимизда ишланаётган клип ва киноларни ёмонотлиққа чиқармоқчи эмасмиз. Бадиий пишиқ-пухта, кишини эзгуликка етаклайдиган лавҳаларимиз ҳам кўп. Қолаверса, тарбияли, одобли киши ҳеч қачон дуч келган кино ёки сериал қаҳрамонларига тақлид ҳам  қилавермайди. Гап шундаки, ҳар қандай тасвир ортида бирор бир мақсад ётади. Шундай экан, ўзимиз билиб-билмаган ҳолда ғарбдан ёпирилиб келаётган маънавий таҳдидларнинг иштирокчиси, тарғиботчиси бўлиб қолмаслигимиз керак. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида ёзилганидек: “ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти  оила муқаддаслиги ва ёшлар тьарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим экканини англаб олмоқда”.
Зиё – Шарқдан, деганларидек, дарҳақиқат, азалий қадриятларимиз бизни мудом одоб-ахлоқли, хушхулқ бўлишга ундайди. Қалб покизалиги инсонни улуғлайди, комилликка етаклайди. Шундай экан, қалб тозалиги либосларимизда ҳам акс этмоғи керак. Бу билан биз ёшу қари, қизу жувоннинг кийимга бурканиб оллишини назарда тутмаяпмиз. Калта кийим кийганнинг ҳаммаси беҳаё бўлмаганидек, одоблилик ҳам фақат ўраниб кийниш билан ўлчанмайди. Аслида “оммавий маданият”дан ортда қолишни истамайдиган, ўзини кўз-кўз этишни хуш кўрадиган, бошқалардан ажралиб туришга ружу қўйганларгина мана шундай либосларда юришади.
Мазкур мавзу ҳақида гап борар экан, танишларимиздан бири айтиб берган воқеа эсга тушади.
“Ён қўшнимизнинг хотин-қизи узун кийим киядиган бўлиб қолишди, — деди у. — Очиғи, хурсанд бўлдим. Чунки қўшним, оила бошлиғи Содиқ ака ниҳоятда хушфеъл инсон бўлгани билан хотини гап-гаштакка, ҳашамга ўч. Кунда-кунора Содиқ акага ҳали у йўқ, ҳали бу йўқ деб, можаро қиларди. қизлариям онасига тортган танноз — на саломни билади, на қўшничиликни. Хуллас, уларнинг тўсатдан узун-узун кўйлаклар кийиб, рўмол ўраб юришлари бутун маҳалламизнинг диққатини тортди. Тўғриси, бундай қувондим. Лекин қувончим узоққа чўзилмади. Бир куни ишдан кейин уйга борсам, келинойингиз гап топиб келди. Нима эмиш, Хосият (Содиқ аканинг хотини) яқинда Дубайга борармиш. У ёқларда кийимга ўраниб юрадиган хотин-қизларга бошқача эҳтиром кўрсатилармиш. Бажариш енгил, маоши кўп тўланадиган ишлар ҳам ана шундай аёлларга насиб этаркан. ғўшнимиз бу гапни кимдандир эшитган заҳоти қизларига ҳам, ўзига ҳам шундай кийимлар харид қилибди. Айни пайтда хориж саёҳатига тайёргарлик кўраётган экан. Ана холос, дедим хотинимнинг гапини эшитиб. Мен бўлсам, Содиқ аканинг бошига бахт қуши қўнибди, деб юрибман. Наҳотки, асл қиёфани, феъл-атвордаги қусурларни шу йўл билан бекитиш мумкин бўлса?!” Шу ўринда интернетдан олинган бир маълумотни келтиришни жоиз деб билдик. Ижтимоий кузатувлар натижасига кўра, ривожланган давлатлар аҳолиси бугунги кунда болаларнинг эркин ўсишларини қўллаб-қувватлаган. Яхши фикр, бироқ ўзанидан ошган бундай “эркинлик” ҳаддан зиёд қимматга тушаётгани ҳам бор гап. Масалан, айрим ғарб давлатларида ўсмир йигит-қизларнинг ахлоқий тубанлашувига ота-оналарнинг фарзандлари кўз ўнгида очиқ-сочиқ ўт ириши ва суяксиз тилга зўр бериши сабабдир. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақлини эшитмаганларнинг “уяси”да айтишга ҳам тил бормайдиган “тарбия усуллари” борки, бу болаларга таъсир этмай қолмаяпти. Натижа эса маълум: эндигина 14 ёшдан ҳатлаган қизлар “алданиб” қоляпти, йигитчалар эса 16 ёшга етар-етмас ахлоқ тузатиш колонналарининг фаол “мижози”га айланиб бормоқда. Биз эса бундай воқеаларни эшитганимизда ҳам сесканиб кетадиган халқмиз.
Шу маънода, такрор айтамизки, ушбу мулоҳазалар билан очиқ-сочиқ кийинаётганларнинг барчасини ахлоқсиз ёки дидсиз дея олмаймиз. Фақат бу ҳолат ўсиб келаётган фарзандлар тарбиясига жиддий зиён етказмасин. Хавотиримиз шундан!

Дилбар УЗОҚОВА
“Eko Hayot”дан

Ҳозир сайтимизда 266 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ