1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Дафтар жилдидаги “маданият”

Ўзаро суҳбатларда, гурунгларда тез-тез тилга олинаётган мавзулардан бири - "оммавий маданият" бўлиб қолди. Даврнинг шиддат билан ўзгариб, фан-техниканинг жадаллик билан тараққий этиши, табиийки, кўплаб муваффақиятларга замин яратди ва бу жараён узлуксиз давом этмоқда. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам борки, у башариятни фикрлашга, чуқурроқ мушоҳада юритишга мажбур қилади.

Маданият - бу инсониятнинг шаклланишида, турли тамаддунларни юзага келтиришида муҳим механизм саналиши билан бирга одамларнинг ўзаро алоқа алмашиш, бир-бирига ёрдам қўлини узатиш, суяш каби одамийлик амалларини ҳам таснифлайди. Бу тушунча арабча "мадина" сўзидан олинган бўлиб, кодда қилиб айтганда "шаҳар(лашиш)" деган маънони англатади. Албатта, ушбу сўз атамага айланган даврда шаҳарлар ўзининг ижтимоий-сиёсий ва молиявий жиҳатдан барқарорлиги билан юксак даражага кўтарилиб улгурганди. Элу юртнинг корига ярайдиган, уни бошқариб, халқаро муносабатларга киришадиган раҳбарлар, олиму фузало, аҳли уламо, шоиру носирлар яшаган шаҳарлар шу боис ҳам "маданият" сўзига замин бўлгандир.

Лотин тилидан олинган "culture" ("култура") сўзи ерга ишлов бериш, парваришлаш деган маъноларни англатади. Унда ҳам моҳиятан етукликка эришиш, комиллик касб этиш тарбиядан, одоб-ахлоқдан бошланади, деган уқтириш мужассам.

Аммо йиллар ўтиши билан фан-техниканинг жадал ривожланиши, инсон тафаккуридаги ноёб қирраларнинг кетма-кет очилиши ва янги-янги оламшумул кашфиётларнинг юзага келиши билан маданият тушунчаси ҳам "маданийлашиб" борди. Бир вақтлар шаҳарликлар учун умумий бўлган маданият йиллар ўтиши билан юқоридаги омиллар таъсирида майдалашиб кетди.

Эндиликда маданият тушунчаси одоб-ахлоқ заруратидан гўёки мартабаю шон-шавкатни белгиловчи унсурга айланди. Меҳмон кутиш, овқатланиш, мусиқа тинглаш, жамоат транспортида юриш ва ҳоказо каби хатти-ҳаракатларнинг ўз "маданият"и юзага келтирилди. Бугун кўплаб хорижий ва маҳаллий нашрларимиз эътироф этаётган жараён - глобаллашув даврида маданиятнинг тарқалиш тезлиги шу даражада ақл бовар қилмаски, уни оддий ичимлик қопқоғига ҳам «жойлаштириш» мумкин.

«Оммавий маданият» айни дамда кўпчилик ёшлар эргашаётган замонавий қадриятлар мажмуасидир.

Оммавий маданият, поп-маданият - бир сўз билан айтганда, оддий авом маданиятидир. У мусиқа, спорт ва оммавий ахборот воситалари кўмагида ёйилади. Оммавий маданият ўзининг оҳанрабоси, жимжимадорлиги ва енгил ҳаётни "туҳфа" қилиши билан турли дунёқараш ва касб-кор соҳиби бўлмиш аҳолининг қизиқишини қозонади. Унга ҳар куни, ҳар лаҳзада, ҳар бир қадамда дуч келишимиз мумкин.

Мактаб, касб-ҳунар коллежларида ва умуман таълим муассасаларида билим олаётган ўқувчиларимиз ва талабаларимиз фойдаланадиган дафтарлар жилдига эътибор берадиган бўлсак, оммавий маданиятнинг энг оддий ва хавфли кўринишига дуч келамиз: эстрада санъаткорларининг турли муқомдаги суратлари билан безатилган дафтар жилдига тикилиб дарсни тугалловчи ўғил-қизлар аллақачон оммавий маданият «асир»ларига айланмаган, деб ким айта олади?!

Бола учун "маданийлашиш жараёни" ота-онаси бозордан дафтар харид қилиб, уни фарзандига фойдаланиши учун берган фурсатдан бошланаркан. Ҳали шаклланиб, оқу қорани ажратиб улгурмаган мур­ғак тасаввур учун дафтар жилдидаги санъаткорнинг "идеал" бўлиб гавдаланиши кишини ўйга толдирадиган ҳолдир.

ХВИИИ ва ХИХ асрда маданият икки хил кўринишга эга бўлган: олий табақа вакиллари орасидаги маданият ҳамда оддий халқ ўртасидаги маданият. Улар бошида бир-биридан кескин фарқ қилган, зодагон оилалар ўз зурриёдларига киборлар маданиятини алоҳида эътибор билан ўргатишган. Айнан шу томонлари билан кейинчалик улар олийнасабликка даъво қилишган. Улар, табиийки, оддий халқ маданиятини тан олишмаган ва уларнинг турмуш тарзи, меҳнат фаолиятидаги муносабатларга паст назар билан қарашган.

ХИХ аср охирлари ва ХХ асрга келиб, вазият бироз ўнглана бошланди. Бу мавзуни илмий-назарий жиҳатдан ўрганиб, асл мазмун-моҳиятини очишга аҳд қилган мутахассислар оқими вужудга кела бошлади. Файласуф ёзувчилардан Хосе Ортега-и-Гассетнинг "Оломон исёни", Карл Ясперснинг "Давр­нинг руҳий ҳолати" цингари қатор йирик кўламдаги китоб­лари маданият тушунчаси аслида нима эканини шарҳлаб берди.

Айниқса, Освалд Шпенглернинг "Европа қуёшининг ботиши" асарида "оммавий маданият" ниқобидаги аксилинсоний оқимнинг кучайиши асосли далиллар билан очиб берилади. Патрик Жозеф Бюкенен "Ғарб ҳалокати" асарида мавзуни чуқурроқ таърифлайди: "Бу каби "маданият"ларнинг пайдо бўлиши ва кенг ёйилишига бош сабаб шуки, Ғарб оламидаги азалий қадрият ва анъаналарнинг, тарихан бой заҳирага эга маънавиятнинг емирилиши, инқирозга юз тутишидир".

Социолог адиблардан Жан Бодрияр қаламига мансуб "Замонавийлик хаёлоти" ва Питирим Сорокиннинг "Инсон. Тамаддун. Жамият" китобида ҳам оммавий маданиятнинг илк қоидаси, шарҳлари ва тенденциялари кўрсатиб берилганди. Хусусан, П.Сорокин: "Бундай кўринишдаги кўнгилочар ишлар ва санъат (оммавий маданият) учун аталган савдо маҳсулотлари барча тижорат тармоқларини, улардаги модага бўлган қизиқиш ва таъсирни назорат қилади... Бозорда улкан муваффақиятга эришиш учун юқори савия, гўзаллик касб этишдан ташқари, оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз равишда рекламага, "паблик рилейшнз"га (жамоатчилик билан алоқалар) алоҳида эътибор қаратиш заруратга айланди", - деган фикри билан мавзуга йўналиш очиб беради.

Яъни, Сорокин оммавий маданият тушунчаси коммунизмнинг емирилиши ва дунёда бозор иқтисодиётига асосланган давлатлар сонининг кескин ортиб кетиши натижасида ҳосил бўлган умуминсоний муносабатлар йиғиндиси, деган фикр­ни илгари сурганди. Оммавий маданият контсернлашиш (капиталистик саноат, транспорт, савдо корхоналари ва банкларининг умумий молиявий раҳбарлик остидаги монополистик бирлашуви) вақтида пайдо бўлиб, замонавий алоқа ва мулоқот воситалари ёрдамида ўзгача тус олди.

ХХI аср бошидаги вазият эса бирмунча чигаллашиб кетди.

Унинг замонавий тенденцияларидан бири сифатида ку­мулятивлик, яъни бир неча маданиятларнинг бир-бирига қоришиб, аралашиб кетиши натижасида вужудга келадиган салбий ҳолатни келтириб ўтиш мумкин. Турли миллат ва элатларнинг ҳар хил тоифадаги аҳолисига тааллуқли бўлган маданиятларни "умумийлаштириш"га бўлган уринишлар жамиятни биргина нохолис ахборот орқали захарлаш даражасига олиб келиб қўйди.

Оммавий маданият миқёсига кўра, одатда, икки хил - маҳаллий ва халқаро кўринишга эга бўлади. Масалан, эстрада хонандасининг "этти ёшдан етмиш ёшгача" бўлган аудиторияга мўлжаллаб чиқарган қўшиғи барчага бирдек тушунарли ва ёқимли услубда яратилди, дейлик. Унда етти ёшлик болага керакли жиҳатлар ҳам, етмишни қоралаган отахонга тааллуқли томони ҳам мавжуд бўлади. Мана шу каби омиллар оммавий маданият асирлари сонининг ортиб кетишига сабаб бўляпти, айрим футурологлар бунинг натижасида фикрлаш, мустақил қиёслаш каби инсоний фазилатлар унутилишини башорат қилишмоқда.

Инсоният информатика, кибернетика ва косманавтика соҳасидаги улкан ютуқларга андармон бўлиб, тобора енгил-элпиликка, ўйин-кулгуга ошуфта бўлиб қолишини аксарият Ғарб мутахассислари оммавий маданият деб таъкидлашмоқда. Эндиликда мулоҳазакор ота-боболаримиз каби кичик юмушга ҳам алоҳида эътибор ва диққат билан эмас, балки пала-партиш, наридан-бери муносабатда бўлишга ўрганиб қоляпмиз. Чунки кундалик ҳаётимизда танишиб чиқишимиз шарт бўлган ахборот миқдори ҳаддан зиёд кўпайиб ­кетяпти.

Бунинг натижасида миямиз қабул қилаётган фан-техниканинг ултра нурлари бизни маълум маънода оғир меҳнатдан безитяпти. Керакли ва кераксиз маълумотлар базасига айланиб улгурган миямиз узлуксиз ахборот оқимини анализ-синтезлаш жараёнида толиқиб қолиб, танамизнинг меҳнатсеварликка бўлган лаёқатини кескин тушириб юборяпти.

Китоб ўқимаслик (ўқиганда ҳам юзаки "варақлаб" чиқиш), ўзининг сиёсий-ижтимоий ­дунёқарашини шакллантириш устида ишламаслик, биқиқ фикр­лаш, қотиб қолган эски ақидалар комидан чиқиб кетолмаслик ва бошқа аянчли ҳолатлар туфайли ишларимиз енгил-элпи, хўжакўрсинга қилингандек таассурот уйғотаверади. Аслида ҳам шундай. Билимсизлик, тажрибасизлик, маҳорат тақчиллиги боис яхши тушунмасдан қилинган иш, табиийки, кутилган натижани бермайди.

Оммавий маданият таъсирида одамларда ДИДСИЗЛИК ва МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК муаммоси юзага келади. "Кўнгилочар индустрия" мақомини олган жамиятда чоп этилаётган ҳажвий, олди-қочди, интим воқеликлар, суратлар, турли қотилликлар, машҳур кишиларнинг ишқий можароларини акс эттирувчи "сариқ матбуот"нинг демократия ниқобида фаолият юритиши оммавий маданиятнинг кенгроқ илдиз отишини амалда таъминлаяпти. Мисол учун, Америка аҳолиси ҳар 45 дақиқада телевизор орқали 100 мингта қотилликни ва ҳар 14 дақиқада 300 мингта зўрлаш билан боғлиқ жиноий иш гувоҳи бўлиши мумкин экан.

Оммавий маданият ўтган аср­нинг 60-90 йилларида маънан тубан, ахлоқан бузуқ оқимлар - "хиппи"лар, кейинроқ "панк"лар, "скинхед"лар, "долче-габбана"лар мисолида инсоният учун бемисл ташвиш туғдирган бўлса, уларнинг ХХИ асрдаги айни шу кўриниши мутахассислар тилида "сохта-маданият" (китсч-културе) дея тал­қин этилмоқда, яъни омма эътиборига ҳавола этилаётган асарлар асл истеъдод ва нозик дид билан кашф этилган ижодий янгилик эмас, балки аудиторияни шунчаки ушлаб туриш, йўналтириш, улар орасида фикрсизликни кучайтириш билан боғлиқ центиментал асарлар бўлиб қоляпти, холос.

Центиментализм ХVIII аср охири ва ХIХ аср бошларида Европа ва Америка адабиёти ҳамда санъатида юзага келган оқим: унда ҳиссиёт инсоннинг қимматини, яхши ёки ёмонлигини белгиловчи асосий меъёр сифатида талқин қилинади, таъсирланувчанлик, йиғлоқилик унинг асосий қуроли саналади. Оммавий маданият қуллари оммалашган ҳар қандай маҳсулотни "энг яхши" деб қабул қилиши ва унга эришиш учун кўр-кўрона эргашиши дидсизликнинг яққол ифодаси эмасми?

"Сохта-маданият" халқнинг бир-бири билан алоқаси узилишинигина эмас, балки ўз-ўзини чегаралаб қўйиш цингари фожеаларга етаклайди. Телевизор, компютер ёки радио қаршисида соатлаб ўтириб, тонг отиши ва кун ботиши каби ҳодисаларни ҳар куни бирдек кузатувчи одамларнинг сони борган сайин ортиб кетяпти. Фанда буни мутахассислар (инглиз адиби Даниел Дефо яратган машҳур қаҳрамон Робинзон Крузо номи билан) "робинзонлашиш" дея аташмоқда.

Одамлар ғоявий боши берк кўчага кириб қолиб, ортга қайтишнинг уддасидан чиқолмайдиган, қайтган тақдирда ҳам яккаланиш, бегоналашиш "жазоси"га гирифтор бўладиган бундай маданият ниҳоятда нисбийлашиб кетади. Уни ўзига дастак қилиб олганлар фақат икки нарсанигина тан олишади: "ёмон" ва "яхши"ни. Дунёдаги барча нарсани, одамларни, касб-корни фақат шу жўн мезонда ўлчайди. Буни америкалик олимлар - Э.Фромм,
Д.Рисмен, Э.Ван ден Хаг, Г.Маркузе ва франциялик мутахассис Э.Морен ўз илмий тадқиқотларида, асарларида бир неча йиллар муқаддам баён этишган.

Айрим тадқиқотчилар оммавий маданиятни (масс културе) - буржуазиянинг деформацияланган шакли сифатида тушунтиришга уриняпти. Бинобарин, ундаги кўплаб хусусиятлар, руҳий ҳолат буржуа жамиятига хос бўлган маданият билан ўхшашликни тасдиқлайди. Фақат бугун буржуа механизми оммавий ахборот воситалари кўринишини олган, холос. Молиявий-сиёсий жиҳатдан гегемонликка талпинаётган давлатлар ўзининг мафкуравий хуружлари билан халқларни "маданий мустамлака"сига айлан­тирш­ни кўзламоқда.

Канадалик сотсиолог, ўзининг "глобал қишлоқ" атамаси орқали бутун дунёга танилган Мак-Люен оммавий маданиятни идиллияга ўхшатди. Идиллия - бу табиат қучоғидаги тинч ва осойишта ҳаётни тасвирловчи кичик шеърий асар, умуман олганда, Мак-Люен уни ғам-андуҳсиз, ўйин-кулгу, шодлик, маишатдан иборат ҳаёт кечириш тарзи сифатида шарҳлаганди.

Хулоса қилиб айтганда, бундай утопик қарашлар, яъни идеал жамиятнинг илмга асосланмаган тасвири, шунингдек, жамиятни қайта қуришнинг нореал режаларидан иборат асарлар(тузум)нинг ифодаси ёки умумий ном олган - оммавий маданиятни ёқлашга асосларимиз етарли эмас. Унинг заракунандалик жиҳатларини эса истаганча санаш мумкин. Чунончи, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, "оммавий маданият" деган "ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эготсентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди".

Тўғри, Ер юзида фақат битта миллат ёки элатга тегишли жиҳатлар бўлиши мумкин, аммо ягона маданиятни топиш мушкул. Турли ўзгарувчан, эволюциявий ҳамда инқилобий жараёнлар таъсирида маданиятлар бир-бирига қоришиб бўлган. Шундай бўлса-да, барча миллат ёки халқларни оммавий маданият ниқобида "бир тўнга ўраш" ҳаттоки глобаллашув ҳодисасини туғдирган демократия таъсирида ҳам ҳеч қачон амалга ошмаслиги кундек равшан бўлиб қолмоқда...

Зоҳиджон Холов
“Маърифат” газетасидан олинди.

Ҳозир сайтимизда 177 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ