1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ўзингизни яхши кўрасизми?

Суҳбатларда “Фалончи жонининг ҳузурини билади, ўзини жуда яхши кўради-да...” деган гап кўп қулоққа чалинади. Кейин бу жумла ортига изоҳлар тиркалади:
“Ҳеч жонини қийнагиси келмайди, ҳатто жигарлари учун ҳам”;
“Доим ташвишларини бошқаларнинг елкасига ортади, ҳеч ўзига юк олмайди”;
“Хоҳлаганида ётиб, хоҳлаганида туради”;
“Бошқанинг қўлидан олиб бўлса ҳам, нарсанинг яхшисини ейди”;
“Ҳақми-ноҳақми, ҳар қандай тортишувда ўзиникини ўтказади”;
“Айтганини қилдиради”;
“Ўзига қилинган ёмонликни унутиши, кечириши қийин”;
“Бировларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашмайди” ва ҳоказо...
Агар буларга таянилса, жонини қийнаб, кимгадир ёрдам берадиган, ўз ғамлари қаторида бошқалар ташвишида югуриб-еладиган, қўлидаги луқманинг энг ширин жойини бошқасига илинадиган, ҳақ бўлса-да, жанжал бошланмасин деган андишада тилини тиядиган, кимнингдир кўнглига озор беришдан қўрқиб ҳар қадамини ҳисоб билан босадиганлар ўзини ёмон кўрган бўлиб чиқади. Бу хусусда менга яхшилар сингдирган тушунча бошқача:
Қийинчилиги эвазига бировга кўмаклашаётган одам ўзини яхши кўради. Нега дейсизми? Ҳар бир яхшилик садақа экани, бир эзгулик учун ўн савоб берилиши ҳақидаги ҳадисга амал қилгани учун. Бошқаси учун чекаётган машаққати охират сафарида енгилликларга сабаб бўлишини билгани, шунга умид боғлагани учун...
Бировга зарра малол келишни хоҳламаган, ўзгалар ҳожати тушганида эса ҳар қандай хизматга тайёр турадиганлар жонининг қадрини билган ҳисобланади. Чунки улар Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) келган хушхабарни қалбларига жойлашган: “Дўзах ширин муомалали, мулойим, виқорли ва бошқаларга ёрдами тегадиган кишига ҳаромдир” (Имом Термизий ривояти).
Хоҳлаганида ётиб, хоҳлаганида туриш ўзини яхши кўриш эмас, балки била туриб, жонига жабр қилишдир. Зеро, Аллоҳ таоло биз бандаларига маълум вақтларда адо этиладиган вазифаларни буюрган: “...намоз мўминларга вақти тайин этилган фарздир” (Нисо, 103).
Ҳамма нарсанинг яхшисини ейишга мен ҳақлиман, бошқалар мендан кейин, дейиш билан киши ўзига фақат ёмонлик қилади. Зеро, мўмин камолотга ўзига яхши кўрганни ўзгага ҳам раво кўриш билан етишади (Муттафақун алайҳ).
Ҳақлигини билса ҳам, жанжалли тортишувдан қочиб, сукутни лозим кўрган одам ўзини ҳаммадан яхши кўради. Чунки у энг ростгўй инсоннинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннатдаги бир уйга кафилман” (Абу Довуд ривояти) деган ваъдаларига ишониб, амал қилади.
Худбинлик билан айтганини қилдириш, ҳар қандай йўл билан ниятига эришиш асло ўзини яхши кўриш эмас. Ўзига ҳам, ўзгага ҳам зулм, холос. Зулм эса, қиёмат кунида эгаси учун зулмат бўлади (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар қанча азият бермасин, кечирганлар. Юракларини ўртаган мусибатга сабаб бўлган, ҳазрат Ҳамзани (розияллоҳу анҳу) ўлдирган ҳазрат Ваҳшийни (розияллоҳу анҳу), у ҳам имон келтиргач, афв этганлар. Ана шундай зотга умматлигини ҳис этган киши ўзига қилинган ёмонликни унутишга, кин сақламасликка уринади. Одамларнинг хатоларини афв этиш билан Аллоҳнинг мағфиратига эришишни хоҳлайди: “...балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?!” (Нур, 22); “Албатта, ким (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шўро, 43).
Ўта ҳалимлиги, ҳамманинг кўнглига қараши билан кўзимизга қўрқоқдек кўринадиган кишилар чин маънода ўзини яхши кўрганлардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир» (Зумар, 53); ҳадиси қудсийда “Раҳматим ғазабимдан устундир” (Муттафақун алайҳ), “Эй бандаларим, сизлар кеча-ю кундуз хато қиласизлар. Мен эса гуноҳларингизнинг барчасини кечираман” (Имом Муслим ривояти), дея марҳамат қилади. Бироқ бандадаги банданинг ҳақини банда кечмагунича кечирмайди. Буни билган одам бировга асло озор бермайди. Одамлар наздида қўрқоқ ёки журъатсиз бўлиши Аллоҳнинг ғазаби олдида ҳеч нима эмаслигини ҳис қилгани учун ҳам дилозорликдан тийилади, бировларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашади.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтган экан: “Мен ҳеч кимга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қилмадим. Нима қилсам, ўзимга қилдим”. Шунга кўра, ақлли мўмин “ўзини ўйлаш, ўзини яхши кўриш”га худбинликдан келиб чиқиб ёндошмайди. Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришини ёдида тутади: “Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақланг...” (Таҳрим, 6); “...одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?!” (Бақара 44). Ўзини яхши кўргани, эҳтиёт қилгани учун ҳам гуноҳ, хатолардан тийилади.
Ўзингизни шундай яхши кўра оласизми?

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

Ҳозир сайтимизда 274 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ