1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Болаларга муомала: Расулуллоҳдан ўн ибрат

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ ﷺ ни “Ва албатта, сен улкан хулқдасан”, деб мақтади (Қалам сураси, 4). Дарҳақиқат, Расулуллоҳ ﷺ  нинг хулқ-атворида ҳар бир мўмин учун жуда ҳам гўзал ибратлар бордир. Ҳаётларида Расулуллоҳ ﷺ  ни атиги бир ёки икки марта кўрган саҳобалар ҳам, шу муборак учрашув давомида Расулуллоҳ ﷺ ни бир нарса қилаёт пайтда кўрган бўлсалар, манашу амални ҳаётларининг охиригача маҳкам ушлаб бажариб келганлар. Бу ишни ўзларига амр бўлгани учун эмас, балки Расулуллоҳ ﷺ ни яхши кўрганликларидан, у зотга доим ўхшашга ҳаракат қилганлариан қилганлар. Биз ҳам саҳобалардан ўрнак олайлик.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ ﷺ нинг кичик ёшдаги болаларга қилган гўзал муомалалари ҳақида кўплаб ривоятлар етиб келган. Сизнинг эътиборингизга ана ўшандай ривоятларнинг орасидан ўнтасини келтирамиз:
Бир: Анас ибн Моликнинг ўн йиллик хизмати
Анас ибн Молик машҳур саҳобалардан. Оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни болалигида Набий ﷺ нинг хизматларига тутдилар. Расулуллоҳ ﷺ ни Анас ибн Моликка бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Бу зот ўзлари айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим...У зот бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».
Юқоридаги ҳадис болаларга қилиниши керак бўлган муомаланинг гўзал намунасидир. Ушбу ҳадисан биз қуйидаги ибратларни ўрганиб, ўз оиламизда фарзанларимизни тарбиялашга тадбиқ қилишимиз мумкин:
•    Ёш болаларни койиманг.
•    Уларга ғазабланманг ёки улардан кўнглингиз қолмасин.
•    Улардан нимага бундай қилдинг ёки нега қилмадинг, деб сўраманг. (Чунки улар бунинг сабабини билишмайди.)
Ўша пайтда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўнда эди. Ўшандан бошлаб, у зот Расулуллоҳ ﷺ нинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ ﷺ ёш болалар хато қилсалар уларни койиб ўз ҳолларича ташлаб қўймадилар, балки аксинча:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу садақанинг хурмосидан бир дона олиб оғзига солди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиҳ-қиҳ!» деб, уни отиб юбор дедилар. Сўнгра: «Биз садақа емаслигимизни билмасмидинг?» дедилар»
Кўриб турганингиздек, Ҳасан розияллоҳу анҳу хурмодан емоқчи бўлганликларида, Расулуллоҳ ﷺ у зотга “Хурмони ташла”, демадилар, балки, бу хатони ўз қўллари билан хурмони олиб ташлаб тўғирлаб ҳам қўйдилар.
Икки: «Марҳабо, хуш келибсиз, қизим»
Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳадисда ва каломда Фотимачалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш одамни кўрмадим. Агар у У зотнинг ҳузурларига кирса, ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтказар эдилар. Агар У зот унинг олдига кириб қолсалар, у туриб У зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтказар эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига У зот қабз қилинган хасталикларида кирди. Бас, У зотни уни кутиб олдилар ва ўптилар» Яна бир ривоятда “Фотиманинг р.а. юришлари оталарининг юришларидан ҳеч фарқ қилмас эди. Оталари Фотимани кўриб: «Марҳабо, хуш келибсиз, қизим», деб пешвоз чиқдилар. Кейин ўнг томонларига ёки чап томонларига ўтказдилар. Ва қулоқларига ниманидир пичирлаб гапирдилар. Фотима р.а. бу сўздан қаттиқ йиғладилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  қизларидаги бетоқатликни кўриб, яна қизларининг қулоғига ниманидир пичирладилар. Фотима р.а. бундан кулдилар. Шунда мен Фотимага р.а.: «Расулуллоҳ  с.а.в.   шунча хотинлари ичида сизни хослаб, сир айтсалар, сиз нимага йиғлайсиз?» дедим. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  ўринларидан туриб кетганларида, Фотимадан р.а.: «Расулуллоҳ  с.а.в.  сенга нима дедилар?» деб сўрасам, у: «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  сирларини фош қилмайман», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  вафот этганларида, мен яна Фотимадан р.а.: «Оналик ҳаққи-ҳурмати, Расулуллоҳ ўша куни нима дедилар?» десам, Фотима р.а.: «Энди майли, айтиб бераман. Аввалги гал қулоғимга пичирлаганларида айтдиларки: «Жаброил алайҳиссалом ҳар йили келиб бир (ё икки) марта Қуръонни кўрикдан ўтказардилар. Ҳозир икки марта Қуръонни кўрикдан ўтказдилар. Ажалим яқинлашиб қолганини ҳис қилаяпман. Аллоҳдан тақво қилиб, сабр этгин. Мен сен учун нақадар яхши пешводирман». Шу гапдан кейин сиз гувоҳи бўлган ўша йиғи зоҳир бўлди. Мендаги бетоқатликни кўриб, иккинчи марта қулоғимга пичирлаб: «Эй Фотима, мўмина аёлларнинг саййидаси ёки бу уммат аёлларининг саййидаси бўлишга рози эмасмисан?» дегандилар. Мана шу гапдан кейин сиз ўша гувоҳи бўлган кулгу зоҳир бўлди», дедилар.”
Ўқиганингиздек, Набий ﷺ доимо ўз қизларини илиқ сўзлар билан қаршилаб олар, ўрниларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз жойларлига ўтқазар эдилар. Фақатгина оғир ҳаста бўлган вақтларида, ўз ўрниларидан тураолмаганларидагина ёнларига ўтқазган эдилар. Биз ҳам мана шундай хулқни одат қилиб, ўз фарзандларимизга, айниқса қизларимизга, шундай муносабатда бўлишга ҳаракат қилишимиз даркор.
Уч: фарзандни ўпиш
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида шу пайт Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  унга қарата: «Ким раҳм қилмаса, унга нисбатан ҳам раҳм қилинмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фарзанд ва набираларни ўпиш ҳам уларга яхши кўрганингизни билдириш ва раҳм қилишнинг бир кўринишидир.
Тўрт: йиғлаётган бола учун намозни қисқартириш
Абу Қатода ривоят қиладирлар:  «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен намозни узунроқ қилиб ўқимоқчи бўлганимда, чақалоқ йиғлаб қолса, онасига оғир тушмасин деб, қисқароқ ўқийдирмен»,— деган эканлар».
Расулуллоҳ ﷺ намоз ўқишни жуда яхши кўрар эдилар, ёлғиз қолганларида узундан-узоқ намоз ўқир эдилар; аммо аёллар ҳам қўшилган жамоат намозларида, чақалоқ йиғлаб қолса, онасига оғир тушмасин деб қисқароқ ўқир эдилар. Бу йиғлаётган болага ва унинг онасига бўлган жуда улкан эътибордир.
Беш: болалар билан бирга намоз ўқиш
 Шаддод ибн Ҳод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом ва Хуфтон намозларидан бирида олдимизга чиқдилар. У зот Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб олган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтдилар ва уни ерга қўйдилар. Сўнг намозга такбир айтдилар. Намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордилар. Мен бошимни кўтардим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган ҳолларида бола эса, у зотнинг орқаларига чиқиб олибди. Саждамга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларида одамлар:«Ё Расулаллоҳ! Сиз намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордингиз, ҳаттоки, биз бирор иш бўлдими ёки сизга ваҳий қилиняптими, деб ўйладик», – дейишди.«Уларнинг ҳеч бири бўлгани йўқ. Лекин ўғлим мени улов қилиб олди. То у ҳожатни қондиргунича шошилтиришни ёқтирмадим», – дедилар».Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиса ҳам, ҳудди аввалги ҳадисдагилек, Расулуллоҳ ﷺ нинг хатто намоз ўқиётганликларида ҳам болаларни безовта қилмасликка уринганларини кўришимиз мумкин. (Шунингдек, у зот ﷺ нинг ёш болалар билан бирга намоз ўқиганлари ҳақида ҳам ривоятлар келган.)
Олти: Абу Умайрнинг булбулчаси
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга кириб турардилар. Менинг Абу Умайр куняли кичик укам бор эди. Унинг кичкина қушчаси бор эди. Ўшани ўйнаб юрарди. Бир куни қушча ўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кириб, Абу Умайрни маҳзун ҳолда кўрдилар ва:«Унга нима бўлди?» дедилар.«Қушчаси ўлиб қолди», дейилди. Шунда У зот:«Эй Абу Умайр! Маа фаъалан нуғойр? («Эй Абу Умайр, не қилди булбулча?»)» дедилар».
Уламолар манашу бир ҳадисдан кўплаб ибрат ва ҳукмларни ўрганиб олишган. Шулардан мавзумизга алоқадори,  Расулуллоҳ ﷺ нинг ёш болаларга алоҳида вақт ажратганликлари, болаларнинг Набий ﷺ атрофларида бемалол ўйнаб юрганликлари, у зотнинг болалар ва ҳатто уларнинг овунчоқларига ҳам ўзгача эътибор берганликлари, шунингдек, маҳзун бўлган болаларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилганликларидир.
Етти: яҳудий болани зиёрат қилиш
Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бир яҳудий бола Расулуллоҳга  с.а.в.  хизмат қилар эди. Кунларнинг бирида у бетоб бўлиб қолди. Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг зиёратига кириб, бош томонига ўтирдилар ва «Исломга кир», дедилар. У бола эса отасига қаради. Шунда отаси: «Абул Қосимга (Яъни Расулуллоҳга) итоат қил», деди. Бас, у бола мусулмон бўлди. Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг ҳузуридан чиқа туриб, «Алҳамду лиллаҳиллазий анқозаҳу минан-нар» (яъни, «Уни дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин»), дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Набий ﷺ ўз хизматкорининг қаерда эканлиги билан қизиқдилар, унинг касал бўлганидан хабар топгач, хатто у бола мусулмон бўлмаса ҳам, унинг зиёратига кирдилар.Болани Исломга киришга даъват қилдилар ва у бола мусулмон бўлганида уни дўзахдан халос бўлганига хурсанд бўлиб Аллоҳга ҳамд айтдилар.
Саккиз: болаларни яхши кўриш ва улар учун дуо қилиш
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, сен ҳам яхши кўргин» деганларини эшитдим».
Сиз ҳам фарзандларингизга уларни яхши кўришингизни айтинг ва Аллоҳга “уларни сен ҳам яхши кўргин”, деб дуо қилинг.
Тўққиз: бавл қилиб қўйган болача
Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар. Бола у зотнинг кийимларига сийиб юборди. Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига септилар, ювмадилар».
Ушбу ҳадисдан Набий ﷺ нинг ёш болаларни қўйниларига олганликларини; улар Расулуллоҳ ﷺ нинг кийимларига сийиб қўйганларида, у зонт аччиқланмай, аксинча сув олиб сийик теккан жойга қуйганларини билиб олишимиз мумкин. Кийимингиз устига эмас, гиламга сийиб қўйган ёш болаларга нисбатан қанча каҳр қилишингизни ўйлаб кўринг?
Ўн: насиҳатим - Аллоҳдан сўра
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқасида мингашиб, кетаётган эдим, менга: «Эй бола, мен сенга баъзи калималарни ўргатаман: Аллоҳни ёдда тут, Аллоҳ сени ёдида тутади. Аллоҳни ёдингда тут, У зотни рўпарангда топасан. Агар сўрасанг ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан сўра. Мадад сўрасанг ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад сўра. Билгинки, агар ер юзидаги ҳамма одам жамланиб сенга бирон фойда етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ фойда етказа олишмайди. Агар уларнинг ҳаммаси жамланиб сенга бирон зарар етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ зарар етказа олишмайди. Тақдир қаламлари кўтарилиб, саҳифалар қуригандир», дедилар.
Набий ﷺ нинг Ибн Аббосга р.а. қилганақида, иймон, яхшилик ва ёмонлик қаердан эканлиги ва фақат Аллоҳдан сўраш кераклиги ҳақида насийҳат қилган эди. Сиз ҳам фарзандларимизга мана шу мавзуларда насиҳатларни қиласизми? Аллоҳга дуо қилиш ҳақидаги яна бир ҳадис эса буни тўлдириб келади:
Собит Бунонийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз эҳтиёжини Роббисидан сўрасин, ҳатто ўша туз бўлса ҳам, узилиб кетган пояфзал ипи бўлса ҳам», дедилар. Термизий ривоят қилган.
Сиз Аллоҳдан катта-катта нарсаларни сўрайсиз, аммо ундан майда-майда нарсаларни ҳам сўрайверинг. Чунки, Аллоҳ учун сизга кичик нарсаларни ҳам, катта нарсаларни бериш ҳам бирек осон, Унинг учун ҳеч қандай фарқи йўқ, ва Унга малол ҳам келмас. Шу боис сўрайверинг!
Аллоҳ таолодан бизни Расулуллоҳ ﷺ га эргашганлардан қилишни ва фарзанларимизни у зотдан ﷺ ўрнак олиб тарбия қилишимизга мадад беришини сўраб қоламиз, омин.

Ilmfruits.com сайтидан Саййид таржимаси

Ҳозир сайтимизда 63 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ