1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Шармандага шаҳар кенг(ми?)

 

 

 

Ишдан энидигина келиб, кийимларимни алмаштиришга улгурмасимдан аёлим гап бошлаб қолди (хотинларнинг ичида гап турармиди):
– Вой дадаси, бугун болаларни боққа олиб чиққандим, шунақа нарса кўриб қолд-и-и-м, ер ёрилсаю, ерга кириб кетсам...
Тушунарли. Жиянларим бизникига дам олишга келишган. Уйимиз Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг яқинида. Болаларни ўша ерга айлантиргани олиб чиққан.
– Ҳа, нимани кўриб қолдингиз, – сўрадим мен, – жуда ваҳималига ўхшайди гапиришингиздан.
– Э-э, ваҳимали бўлмай ўлсин. Болалар бассейнда чўмилишди, кейин уйга қайтаётсак, скамейкада бир йигит билан қиз ўтирволиб шунақа бемазагарчилик қиляптики, айтгани тил бормайди. Иккови ҳам ўзини босолмайди-я, болаларнинг олдида хижолат бўлганимдан ўзимни қўярга жой тополмадим. Бечораларни югуртириб ўтказдим ўша ердан.
– Ўзбек эканми улар?
– Ҳа-а, иккаласиям ўзбек.
– Ҳеч бўлмаса қизни тартибга чақириб қўймабсиз-да.
– Қаёқда дейсиз, қўрққанимдан оёғим қалтираб зўрға ўтволдим-ку.
– Нима, ҳеч ким индамадими?
– Шуни айтинг, дадаси, ҳеч ким нима қиляпсан демайди-я. Катта ёшдаги амакилар ҳам ҳеч нарса кўрмагандай парво қилишмади...
Абдулла Қодирий номидаги боғ очилганида жуда хурсанд бўлганмиз. Чунки яқин ўртада оилавий ҳордиқ чиқарадиган маскан йўқ. Лекин «истироҳат» сўзини бошқача тушунадиган айрим ёшлар учун бу ер висол боғига айланиб қолган. Бир-бирининг пинжига кирволиб айланиб юришларига чидаса бўлар, аммо скамейкаларда ўриволиб, атрофдагиларни умуман писанд қилмай, истаганча кўнгил хушлайдиган йигит-қизларга кўриб қолсангиз, кўзингизни юмиб ўтишдан бошқа илож йўқ. Ҳа, Худодан уялмаганлар, бандасидан хижолат бўлармиди. Ақалли боғ маъмурияти ўша одобсизларни тартибга солиб қўйса бўлади-ку. Ахир боққа асосан ота-оналар ёш болаларини ўйнатгани олиб келишади. Уятсиз манзараларга гувоҳ бўлган болакайлар қандай хаёлга боришади? Уларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир қилмайдими бу ҳолат?
– Ўша қиз кун келиб турмуш қурар, – дейди аёлим, – ўшанда турмуш ўртоғининг кўзига қандай қараркан? Боғларда қилиб юрган ишлари эсига тушиб, виждони қийналмасмикан?
– Виждони бўлганида бундай ишларга қўл урмасди, – жавоб қилдим мен. – Қолаверса, Яратганнинг адолати ҳақ. Кун келиб ўша аҳмоқ йигит ўзига ўхшаган бузуқ қизга уйланади, ҳаёсиз қизга эса бузуқчиликда учига чиққан куёв учрайди.
Йигит ва қизнинг тарбияга муҳтожлиги кундай равшан. Энг аввало уларда бундай «ошкоралик» пайдо бўлишида бизнинг ҳам «ҳиссамиз» борлигини унутмайлик. «Менинг ишим нима», деб юз ўгириб ўтиб кетаверсак, бир кун ўзимизнинг фарзандларимизни ҳам ўша скамейкаларда кўриб қолмасайдик...

Аброр Адҳамзода

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 285 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ