1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ожиз отангни кечир, ўғлим...

Ўғлим... Бугун сени узоқдан кўриб қолдим.Чиройли гулдаста кўтариб олган, кўҳликкина бир қиз билан жилмайганча секин юриб бораётган экансан. Ортингдан термулиб қолдим. Кўзларимда соғинч, алам, изтироб ва пушаймонлик ёшлари  айланди. Сен мени сезмадинг. Кўрмадинг. Ёнингдаги сулувга маҳлиё эдинг. Ортингдан зор қараб қолар эканман, ёшлигимни, онанг билан танишган илк дамларни, муҳаббат, қувонч ва бахтга тўла кунларимизни энтикиш билан эсладим. Ўғлим! Сени жуда яхши кўрганман. Ҳамиша яхши кўриб келганман. Биламан, болалигингни кемтик қилдим. Онанг билан хиёбонларда, томошагоҳларда айланиб юрганларингда  тенгдош дўстларингни отаси билан етаклашиб юрганини кўриб ортидан ўксиниб қараганларингни биламан. Туғилган кунларингда, байрамларда онанг юз отадан зиёда қилиб совғалар берса-да, ўртоқларингга дастурхон тузаб шодиёналарингни қувончга тўлдиришга уринса-да, эшикка жавдираган куйи мени кутишингни, менсиз ҳеч бир шодлик сенга татимаганини биламан, ўғлим. Аммо ҳаммасини била туриб сени олдингга бормасдим. Боролмасдим. Ўғлим, тақдир деганлари кўнгил изми, инсоннинг хоҳиши билан ҳисоблашмас экан. Афсуски, бизнинг тақдиримиз ҳам айрилиқнинг шафқатсиз шамшири зарбидан айро тушди. Болажоним, бугун сенга айтмаган, айтолмаган гапларимни қоғозга тўкяпман. Балки сенга тавалло-тазаррудек туюлар, аммо бу йигирма йиллик изтиробларим, ҳеч кимга билдирмаган юрак дардларим. Уларни ўқиб кўргин, полвон ўғлим, аммо зинҳор отангни ўйлаб ўксинмагин.
Ҳаётнинг кескин талаблари олдида аҳли аёли, оиласи, ФАРЗАНДини ҳимоя қилолмаган отангнинг қисмати қурсин, ўғлим, не қилайки, бу савдодан ўз ҳолимга ўзим ҳам ҳайрону забунман.
Қош-кўзлари ёшлигимни эслатувчи ўғлим, отамга ўхшаган ота ўғлим. Онанг сенга айтиб берганмиди йўқми, мен ҳам худди сендек ёш ва навқиронлигимда  чиройли, ақлли, камтаргина юриш-туриши ўзига ярашиқли курсдош қизга кўнгил қўйдим. Унинг кўнглига йўл топиш, атрофидаги шайдоларини четлаб, сулувнинг чиройли кўзларида ўзимни  кўриш учун қилган ҳаракатларим бекорга кетмади. Курсдош қизнинг ийманибгина жилмайгани, дарс пайтлари сездирмайгина мен томонга маъноли қараб қўйиши, дилларимизни мангуга боғлади. Талабалик таҳсили тугар маҳали юрагимга ғулу тушди. Энди курсдош қиз билан дўстона муносабатларимизни никоҳ билан мустаҳкамлаш керак эди. Бу ҳақида буванг билан бувинг- ота-онамга айтган эдим, улар ёзда қор ёққандек ҳайратга тушишди:
-    Биз узоқ  қишлоқдан келин туширмаймиз. Қариндош-уруғ, таниш-билишлар олдида нима деган одам бўламиз? Шаҳарда шунча қиз туриб, дунёнинг нариги бурчагидан, бунинг устига қишлоқдан келин тушираманми? – деб ўғлидан ёзғирган бувингга ялиндим-ёлвордим, уйдан бош олиб кетаман, мени бошқа  кўрмайсиз, деган кескин шартларни  қўйдим. Ўғлини йўлдан қайтаролмаслигига кўзи етгач, чорасиз уйдагилар  совчиликка боришди. Хуллас, онанг билан турмуш қурган пайтларимиз мендан бахтиёр киши топилмасди бу дунёда. Тўйдан кейин онангни ишга қўймадим. Менинг катта хатоим, бизни айро яшашимизга сабаб бўлган қарорим шумикан, деб ўйлаб қоламан баъзида. Ишдан қайтганимда онангнинг чеҳрасини маъюс, кўзларини нам кўрсам, менга билдирмай яширинча йиғлаб олишларини сезсам “ота-онасини, қишлоғини соғинибди-да” деб парво қилмасдим. Бир томонда онангнинг камчиликларини санайвериб тинмайдиган бувинг. Бир томонда  ўзидан ўтганни ўзгага билдирмай, кўз ёшини ичига ютиб изтироб билан жилмаядиган онанг. Ўртада ким ҳақ, ким ноҳақлигини билолмай боши қотган, онаси билан аёлнинг ўртасида тарозу бўлолмаган мен...
Сен туғилдинг. Безовта кўнглимга ҳаловат, нотинч кунларимга ором оралади. Фарзандли бўлдик, ўғлимнинг ҳаққи ҳурмати энди онам ҳам келинига меҳр қўяди, энди ҳаммаси изига тушади, деб ўйлагандим. Йўқ... Аксинча, ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Авваллари менга номаълум билган дилсиёҳликлар энди очиқ-ошкора аён бўла бошлади. Арслон ўғлим, бу гапларим билан бошқаларни айбдор қилмоқчи эмасман. Яқинларимдан, ота-онам, жигарларимдан ёзғириб ўзимни оқламоқчи эмасман. Эркакнинг ожизлиги қурсин, ўғлим, мен ҳаёт майдонида қўрқоқлик қилдим. Ҳеч ким айбдор эмас, жон ўғлим, мендан, нотавон, бебурд отангдан бошқа ҳеч ким айбдор эмас. Онасининг гапига кириб севиб уйланган хотинига қўл кўтарган, эмизикли бола билан рафиқасини ҳайдаб юборган отанг айбдор, ўғлим. Ота ўғлим, отажоним мени, ҳаммасидан хабарим бор. Ота-онасининг қаршилигига қарамай менга турмушга чиққан онанг бола кўтариб қишлоғига қайтишга уялгани, ижрама ижара саргардонликда сени улғайтиргани, алиментларимни қайтариб юбориб, турмуш машаққатларига ёлғиз ўзи елка тутгани, сени ўгай ота остонасида ўкситмаслик учун, менинг муҳаббатимни асраб авайлаш учун гул умрини ёлғизликда ўтказганини биламан. Биламану, чорасизман, ўғлим. Била туриб сизларга қўлим етмасди, ўғлим...
Ажрашганимиздан кейин бувинг хоҳлаганидек холамнинг қизига уйландим. Бутун фикру ёдим сен ва онангда бўлгани учунми, иккинчи турмушим ҳам менга бахт ваъда этмади. Йўқ. У билан яшаяпмиз. Сингилларинг- иккинчи оиламдан туғилган қизларим мени бахтсиз оиламга боғлаб турган ришталар. Туғилган кунингда тоғаларинг уй совға қилишганини эшитдим. Шунча йилдан бери ижарачиларнинг қош-қовоғига қараб яшаган онангга ҳам кулган ёруғ кунлар келганидан беҳад суюндим. Ўз уйларингга кўчиб ўтган кунларинг, сизлар билан тенг, балки сизлардан ҳам ортиқроқ қувонган бир кимса телбавор юрганди ўша атрофларда. У мен эдим, ўғлим. Олислардан бўлса-да сен ва онангни бир бор кўриш учун бу дунёнинг боридан ҳам кечишга тайёр отанг бор, ўғлим. Жон ўғлим, бу балчиқ дунёдан топган бебаҳо ганжим, ҳеч ўксинмагин. Отанг кўзларининг оқу қораси сенсан. Ўзимга ўхшаган, бек ўғлим, мендек ночор бўлмагин, болам. Ҳаёт  синовлари олдида ожиз қолма, полвон ўғлим. Онангни асраб авайла, унинг кўзларидан томчи ёш оқмасин. Мени деб тўккан кўз ёшлари, айрилиқда чеккан изтироблари ҳам етади. Лекин тақдирингга битилган жуфтингга ҳам ҳимоячи бўл, ўғлим. Қўлингда борини, ёнингдаги бахтни асрагин. Отангнинг хатоларини такрор этма. Юрак бағри қон отанг, тақдири азал олдида абгор отангни кечир, ўғлим...

Фарзона оққа кўчирди

Ҳозир сайтимизда 28 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ