1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Жозибали “душман”

Кўп ёмон бўлди, дўстларим, кўп ёмон бўлди! Ўзи жуда керакли матоҳ бўлсаям, шу “қўл телефони” деган бало чиқдию, барча инсоний муносабатлар остин-устин бўлиб кетди. Мен унинг одамларнинг қанча-қанча қимматли вақтларини кўкка совуриб юбораётганию қанчалаб оилаларнинг бузилиб кетаётганига сабаб бўлаётгани ҳақида ёзмоқчи эмасман. Мен унинг чўнтакдан қанчалаб нақд пулимизни шилиб олаётганию одамлар ахлоқига қанчалар улкан зарарлар етказаётгани ҳақида ҳам гапирмоқчи эмасман. Мен эътиборингизни бу БАЛОнинг инсонларнинг эрки, ҳурриятига етказаётган кулфатларига қаратмоқчиман.
Яқинда бир олим киши бизни ифторликка таклиф қилди. Хонадонга кириб, ҳол-аҳвол сўрашилди. Кейин тўкин дастурхон атрофига ўтириб, оғзимизни очдик. Сўнг эса... Уёғи фақат ўша олимнинг қўл телефонига термулган ҳолатда ҳайкалдай қотиб қолганини томоша қилиш ва ора-сира унинг ўғли олиб кираётган таомларни тановул қилиш билан машғул бўлдик, холос. Ифторлик ҳам поёнига етди, ичимиздан кимдир кетишга ижозат ҳам сўради. Шундагина у севимли телефонидан узилиб, хонадонида ўтирган одамларни биринчи бор кўраётгандай шошиб қолди. “Қаёққа шошяпсизлар, ҳали яна таомимиз бор”, деб қўзғолаётган меҳмонларни тўхтатиб қолишга уринди.
Иккинчи воқеани маҳалладаги бир отахон сўзлаб бердилар. “Ўғлим яхши ахлоқли йигит, ота-онани ҳурматлашни ҳам жойига қўяди. Анчагина узоқда турсаям ҳафтада икки-уч марта уйимизга бош суқиб ўтади, ҳолимиздан доим хабардор. Аммо эр-хотин интизор кутган ўғлимизнинг дийдорига тўя олмаймиз, асраб турган гап-сўзларимизни тўкиб сололмаймиз, уйидагиларнинг аҳволидан хабардор бўла олмаймиз. Бунинг сабаби битта – қўл телефони. Ўғил кира соладию ўша телефонига ёпишиб олганича нималарнидир ўқишга тушиб кетади. Олдинига “Ҳа, энди ишхонасида керак бўладиган муҳим нарсаларни кўриб чиқаётган бўлса керак”, деб ўзимизни овутиб юрувдик. Бир куни маълум бўлдики, бизни “кўргани кириб”, аслида биздан тамоман узилганича дунё воқеаларини ёки кулгили латифаларни ўқиб ўтирар экан. Шунда роса жаҳлим чиқиб кетди, “Агар телефонингни уйингга ташлаб келмасанг бизни йўқлагани кирма, бугундан бошлаб сени бу  мажбуриятдан халос қиламан”, дедим. Ўшандан буён яна асл ўғлимизнинг асл муносабатини кўра бошладик.
Руҳшунослик фанида “мубталолик” деган бир истилоҳ бор. Мубталоликда одам боласи бирор нарсага қаттиқ ёпишиб қолади, бутун фикри-зикри ўша нарсага қаратилган бўлади, ўшасиз бирор сониясини тасаввур қила олмайдиган ҳолга келади. Кимдир чекишга, кимдир маст қилувчи ичимликка, кимдир гиёҳвандликка мубтало бўлиб қолади. Унинг бу балолардан қутилиши жуда оғир кечади, йиллаб халос бўла олмай қийналиб юради. Бор будини, соғлиғини, обрўсинию шаънини ва шарафини ана шу мубталоликка қурбон қилиб юборади. Ҳозирга келиб “қўл телефони мубталолиги” ҳам пайдо бўлди. Агар ишонмасангиз, атрофга бир боқинг: машина ҳайдаб кетаётган ҳайдовчининг қулоғида телефон, дарс ўтаётган муаллимнинг қўлида телефон, мактаб боласининг қўлида телефон, ҳатто никоҳ кечасида ўтирган келин-куёвнинг қўлида телефон... Инсонлар ошхонада хотиржам овқат ея олмайди, чунки бир қўлида қошиқ бўлса, иккинчисида телефон... Севишганлар юрагидаги ҳис-туйғуларини изҳор қилолмай ҳалак, телефон қўнғироғи чалғитаверади. Эр-хотин қачон дастурхон атрофида дилкаш суҳбат қурганини эслолмайди, ҳамиша ўртада телефон деган “қоработир”. Олим шогирдига хотиржам дарс беролмайди, гоҳ унисининг, гоҳ бунисининг телефони фикрининг “белига тепади”. Ҳатто масжидларда ҳам телефон намозлардаги хушуъ ва хузуъни йўқ қиляпти.
Телефонга мубтало бўлганлар шу даражага етдики, телефони жирингласа, гапини унутиб, бир сесканиб олади. Ўша телефонини уйида эсдан чиқариб қолдирса, хонумонини бой берган одам аҳволига тушади. Пули ё “заряди” тугаб ишламай қолса, телбага ўхшаб ўзини қаёққа уришни билмай қолади. Кимдир боғлана олмаса, типирчилаб ўтиргани жой тополмайди. Ҳатто айримлар уйқусида ҳам пай-паслаб телефонини қидирадиган ҳолга келиб бўлган.
Ҳой одамлар, ахир бу матоҳ инсонларга қулайлик яратиш, узоғини яқин қилиш учун кашф этилган-ку! Нега унга бунчалик боғланиб қолиш керак? Нега бошқалар учун ҳурриятингизни, вақтингизни, соғлиғингизни, маблағингизни, тоқатингизни, оилавий муносабатларингизни қурбон қилиб юборишингиз керак? Шу ҳақда бир ўйлаб кўриш фурсати, телефон деган БАЛОга мубталоликдан қочиш пайти келмадимикин? 

Ҳозир сайтимизда 100 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ