1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёл киши айтган азон борасидаги ҳукмлар

Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёллар айтган азон ҳам шу ҳукмда бўлади». Бунинг маъноси шуки, азон суннатга мувофиқ бўлиши учун улар айтган азонни ҳам қайтариш мустаҳаб бўлади.
Шарҳ: Жунуб киши айтган азонни қайтариш мустаҳаб бўлгани каби, аёл киши айтган азонни ҳам қайтариш мустаҳаб бўлади. Токи азон ўзининг суннат кўринишига кўра воқе бўлсин. Азоннинг суннатларидан бири муаззин эркак киши бўлишидир.
Аёлларнинг азон айтиши суннат эмас, балки бидъатдир. Агар улар азон айтсалар, овозларини баланд кўтаришлари керак бўлади. Ҳолбуки, уларнинг бу феъллари ҳаром амалдир. Негаки аёлларнинг овозлари ҳам аврат саналади. Улар бошқа аврат аъзоларини сатр қилишлари вожиб бўлгани каби, овозларини ҳам сатр қилишлари вожиб бўлади. Улар азон айтганда овозларини кўтармасалар, азондан кўзланган эълон мақсади ҳосил бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам аёллар азон айтганда уни қайта айтиш мустаҳаб бўлади.
Бундан ташқари, аёллар учун на азон ва на иқомат айтишга рухсат берилган. Бу иккиси жамоатга тегишли суннатлар ҳисобланади. Аёлларнинг жамоатга келиши эса мансух бўлган.
Оиша розияллоҳу анҳонинг Роита исмли шогирди айтади:
«Биз аёллар билан жамоат бўлар эдик. Оиша розияллоҳу анҳо бизларга азон ва иқоматсиз имом бўларди».
«Вақти киришидан олдин намоз учун азон айтилмайди. (Агар вақтидан олдин айтилган бўлса) ўз вақтида қайтариб айтилади». Чунки азон билдириш учундир. Вақтидан олдин (айтилган азонда) одамларни жаҳолатга ташлаб қўйиш бор.
«Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: «Бомдод учун тун ярмининг охирида азон айтиш жоиз бўлади», деб айтган». Бу Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қавлидир. Чунки бу нарса икки Ҳарам аҳлидан мерос бўлиб ўтиб келмоқда.
Бу масалада қолган имомларнинг хилофига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуга айтган қуйидаги сўзлари далил бўлади: «Сенга фажр шундай зоҳир бўлгунга қадар азон айтмагин», дедилар ва муборак қўлларини энига чўздилар».
Шарҳ: Намоз вақти киришидан олдин азон айтилмайди. Агар вақти киришидан олдин азон айтилган бўлса, вақти киргандан сўнг у қайтадан айтилади. Чунки азондан кўзланган асл мақсад одамларга намоз вақти кирганлигини билдиришдир. Вақт киришидан олдин азон айтилса, инсонлар жаҳолат ичида қоладилар.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида кеча ярмининг охирида бомдод учун азон айтиш жоиз бўлади. Бу Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қавлидир. Чунки уларнинг наздида кечанинг барча қисми бомдод намози учун азон вақти ҳисобланади. Зеро, бу одат Макка ва Мадина аҳли тарафидан мерос тарзида одат бўлиб келган.
Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билол тунда азон айтади. Шунинг учун Ибн Умму Мактумнинг азонини эшитгунларингга қадар еб-ичаверинглар», деганлар.
Бу ҳадисдан маълум бўладики, Билол розияллоҳу анҳу кечаси азон айтган.
Лекин бу ҳадисни яхшилаб ўрганиб чиқилса, у биз учун далил бўлади. Яъни ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг ушбу азонлари кечаси таҳажжуд ва саҳарликка уйғотиш учун бўлган. Бомдод учун эмас. Ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу эса бомдод вақти кирганидан сўнг азон айтган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда: «Ибн Умму Мактумнинг азони қулоқа чалингунга қадар еб-ичаверинглар», деб айтдилар.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуга айтган қуйидаги сўзлари ҳам уларнинг хилофига ҳужжат бўлади:
«Сенга фажр шундай зоҳир бўлгунга қадар азон айтмагин», дедилар ва муборак қўлларини энига чўздилар».
Яъни у зот бу билан субҳи содиқни ирода қилганлар.
Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳдан шундай ривоят қилади:
«Агар муаззин тунда азон айтадиган бўлса, асҳоби киромлар унга: «Аллоҳдан қўрқ ва азонингни қайтар», дер эдилар».
Савол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билолнинг азони сизларни алдаб қўймасин», деганлар. Бундан маълум бўладики, ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу вақтдан олдин азон айтган. Бу ўринда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг азони сизларни еб-ичишдан ман қилмасин, деган маънони ирода қилганлар. Шунинг учун бу азон намоз учун жоиз бўлади, деган маъно ирода қилинмайдими?
Жавоб: Бу ҳадис ҳам биз учун ҳужжатдир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳу айтган азон-ни бомдод намози учун эътиборли деб ҳисобламаяптилар. Шунинг учун бу ҳадис бизларга қарши ҳужжат бўлолмайди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Ҳидоя шарҳи" китобидан

Ҳозир сайтимизда 44 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ