1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Ношукрлик яхши эмас, опа!..”

Таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган бу галги мухлисанинг  айтганларини эшита туриб, мол-дунё, ҳашам ва дабдабани ҳақиқий саодатдан, кўнгил хотиржамлигидан устун қўядиган аёлларнинг ўзига тегишли бахтни ҳис қилмай, кўнглини чўктиришидан ғашландим, тўғриси...
— Қаерда чиройли, баланд уйларга кўзим тушса ёки кўча-кўйда машина ҳайдаб кетаётган аёлни кўрсам ҳавасим келади,- деб гапини бошлади салом-аликдан кейин муштарийимиз.- Шу аёл нақадар бахтли-а, деган изтиробли ўйдан эзиламан. Балки бу гапларим сайтга ёзишга арзирли эмасдир, аммо мен ҳеч қачон ўзимни бахтиёр ҳис қилмаганман. Бу дунёда фақат фарзандларим учунгина яшаб юрибман.
— Қизиқ экансиз, нега дабдурустдан бундай тушкун хаёлларга бериляпсиз. Ана, фарзандларингиз бор экан-ку, яна қанақа бахт керак сизга?! Фарзандлари бўла туриб, зерикдим, деган аёл нафратга лойиқ, деган экан файласуфлардан бири…
— Гапингиз тўғри! Мен дунёдаги энг бахтли аёлман! Уч нафар фарзандим бор. Шукр, улар соғ-саломат, ақл-ҳуши жойида, яхши ўқишади, орзулари бениҳоя. Аммо…
— Шу аммога ўрин бормикан, опа?..
— Сиз мени эшитмоқчи эмасга ўхшайсиз, назаримда. -Мухлисамиз биздан ранжигандек бўлдилар.
— Асло, бемалол опа Сизни эшитишга тайёрмиз.
— Хуллас, касбим шифокор. Тошкентда олийгоҳ таҳсилини тугаллаб, қишлоққа қайтганимдан кейин ота-онамнинг гапини икки қилмай, улар истаган йигитга турмушга чиқдим. Ишонасизми, никоҳнинг дастлабки кунларидаёқ турмуш ўртоғимнинг наркотик моддалар истеъмол қилишини билганман.
— Кейин…
— Кейин нима бўларди? Биласиз, қишлоқ жойларида эрдан ажрашиш бизнинг давримизда уят, иснод эди! У пайтларда ҳозирги ёшларга ўхшаб сал нарсага жанжаллашиб онамизникига келмасдик. Минг бир азобни бошдан кечириб, эримни бу бало домидан амаллаб халос этдим. Аммо олдимда яна бир муаммо пайдо бўлди: турмуш ўртоғим ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Яъни, бутун бошли рўзғорни мен боқишим керак эди. Шунга ҳам чидадим. Бошқа нима ҳам қилардим. Камига қайнонам ҳам зулмкор чиқди. Яна сабр… Хуллас, сабр, чидам, тоқат, бардош деган нарсалар мен ва менга ўхшаган аёллар учун чиқарилган экан.
— Аёл кишининг қисмати шу-да опа…
— Шундай дейсизу, лекин ҳеч қаерда ишламай, эрини аллақаёқларга жўнатиб, ишлатиб, қўғирчоқдай ясаниб юрган аёллар машина ҳайдаб, «гап ўйнаш»дан бери келмайдиган хотинларнинг луғатида ҳам сабр деган сўз учрармикан?! Эрим эр бўлиб менга бирор марта бир дона гул ёки дастрўмол совға қилмаган. Энди тилла тақинчоқ, кийим-бош олиб бериши ҳақида орзу қилмай қўйганимга ҳам анча бўлган. Ҳатто болаларига ҳам бир нарса олиб бериш хаёлида йўқ.
— Ишлайдиларми?
— Ишлайди. Қандайдир ташкилотда қоровуллик қилади. Маошини биз билмаймиз. Қайнонам билади. Қайнонамнинг битта шу ўғлидан бошқа фарзанди йўқ, аммо унинг қўлига тушган уч-тўрт сўмни ҳам юлқиб олади.
— Эҳ опажон… Ношукрлик ҳам эвида бўлсин-да. Ўша сиз ҳавас қилаётган аёллар ҳам сиз ўйлаганчалик бахтли эмас. Уларнинг ҳам ташвиши, машаққати ўзига етарли. Ким билади, ўшалар бежирим либослар ортида аламу изтиробларини, тилла тақинчоқлар тагида дарду ғамини яширишга уринар. Балки, улар ҳам сизга ўхшаган ўзи ишлайдиган, пул топиб, ўзини таъминлайдиган, эрига термулиб, муҳтож бўлмайдиган аёлларга ҳавас билан қарашар. Қолаверса, бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, дейди халқимиз. Бу дунёда ҳамма нарса нисбий опа, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам, қувончу ғам ҳам. Биз ўзимизни ўзимиз қувонтириб, кўниктириб яшамоғимиз керак, холос. Ахир ҳаёт бебаҳо неъмат. Умр ғанимат. Яратганнинг бу неъматини қайғу ва тушкунликда ўтказиш ҳам исроф ҳисобланади. Ҳаётга оптимистик назар билан қарашни ўрганинг, опа. Шифокор экансиз, тушкунлик барча хасталикларнинг бошланиши…
— Ҳақсиз! Балки, мулоҳазаларим ноўриндир. Аммо нима бўлганда ҳам энди мен учун бахт фарзандларим ва уларнинг келажаги.
— Яхши кунлар энди бошланяпти.
— Раҳмат сизга!
—    Саломат бўлинг.

Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 60 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ