Сайт бўлимлари
Виждон ниқоби
Муножот:
-Ё Аллоҳ! Аҳволимиз Ўзингга маълум.
Иллатлар йўлига тиклайдиган иффат ва ҳаё тўғонини мустаҳкам эт.
Қиёматда ҳузурингда уятдан бош эгиб турмаслигимиз учун бу дунёда ўз виждонидан уяладиган бандаларингдан қил.
Қариндошлар, дўстлар орасида уятсизлиги билан юзи қора бўлаётганлар бор. Уларга ҳидоят бер, иффат ва ҳаё булоғининг покиза сувидан баҳраманд эт. Барчаларимизнинг ҳаёт йўлимизни иффат ва ҳаё қуёшининг нури билан мунаввар қил.
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Бир ҳукмдор хизматчисининг хотинига хуштор бўлди. Хизматчини бир баҳона билан сафарга жўнатди. Шомдан сўнг хотинни хобхонасига чорлади ва “Барча эшикларни ёп”, деб амр қилди. Хотин амрни бажарди. Ҳукмдор “Эшикларни беркитдингми?” деб сўради. “Уй эшикларини маҳкамлаб ёпдим, лекин ҳарчанд уринмай, бир эшикни беркита олмадим”, деди хотин. “Қайси эшикни айтяпсан?” деб ажабланди ҳукмдор. “Ҳаё ва иффат эшикларини”, деб жавоб берди хотин. Ҳукмдор бу жавобдан уялди. Ундаги ҳаё ҳам уйғониб, хотиндан узр сўради.
Ҳа, дунёвий қонун таъқиқламаганни иффату ҳаё таъқиқлайди.
Бу ривоят Қудсий ҳадисни ёдга солади: “Эй Одам фарзанди!- дейди Аллоҳ таоло биз –бандаларга хитобан.-Албатта, соч ва соқолинг оқи Менинг нуримдандир. Мен нуримни ўз дўзахим оловида куйдиргани ҳаё қиламан. Шундай экан, сен ҳам Мендан ҳаё қилгин”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ҳаё иймон шохчаларидан биридир”, деганлар. Зийраклик билан кузатсак, ҳар бир одамда ўзига яраша уят бўлади. Ўғри ҳам, фоҳиша ҳам уятни ўзича тушунади. Лекин ҳаё фақат иймонли қалбда бўлади. Шуни фарқламоқ лозим. “Ақл ва ҳаё ажралмас дўстдир,-дейилади “Калила ва Димна” асарида.- Бири йўқолса, иккинчисини ҳам топиб бўлмайди”. Зеро, уятдан қизарган юз қора қалбдан яхшироқдир. Шарму ҳаё ниқобидаги чеҳра қутида сақланган қимматбаҳо гавҳарга ўхшайди.
Аллоҳ таоло одам болаларини пок ва шарафли исломий фитратда яратди. Бу билан инсон энг юксак шараф эгаси ҳисобланади. Эртанинг ота-онаси, келажак наслнинг суянчиғи ва муаллими бўлмиш эр-хотиннинг зиммасида кўп масъулият мавжуд. Шулардан бири иффат ва ҳаё фазилатига эга бўлиш ҳамда қадрлаш, эҳтиётлаш бурчидир. Ким табиатан хунук бўлса, уни ҳеч ким айбламайди. Аммо иффати ва ҳаёси хунук бўлса, жамият ундан юз ўгиради. Фақат ўзигина лаънатланмайди, ўтган насабию туғилажак наслига ҳам нафрат ёғилади. Бугун “бу беҳаё фалончининг қизи”, деб маломат қилсалар, эртага “бу иффатсиз хотин фалончининг онаси”, деб фарзандини ҳам хижолат қилаверадилар. Демак, ҳаёли бўлиш ё бўлмаслик билан ҳар бир инсон насабу наслига ё шараф келтиради ё лаънат. Шу боис фарзанд тарбияси айнан ҳаё тарбиясидан бошлангани мақсадга мувофиқдир.
Тилимизда “иффат”, “шарм”, “ҳаё”... каби атамалар бор. Бир қараганда булар маънодош сўзларга ўхшайди. Лекин ундай эмас. Ҳар бирининг ўзига хос маъноси мавжуд бўлгани ҳолда “уят” дейилмиш сўз тушунчасига боғланади. Масалан, “шарм” уятни англатади, “фалончи шарманда бўлди” деганимизда эл аро уятга қолди, деб тушунамиз.
Ривоят: бир ҳасадчи хотиннинг ҳаёли хотинни кўрарга кўзи йўқ эди. У ҳасад ва адоватнинг зўрлигидан бир кеча ўзининг кенжатой ўғлини ўлдириб, ҳаёли хотиннинг ҳовлисига ташлади. Эрта тонгда ҳукмдор ҳузурига бориб: “Ўғлимни қўшним ўлдирди!” деб дод-фарёд қила бошлади. Ҳукмдор фаросатли одам эди. Ҳаёли аёлни чақириб сўроқ қилди. Ҳаёли хотин бундай ярамас ишдан бехабар эканини, ўзининг мутлақо бегуноҳлигини сўзлади. Шунда ҳукмдор унга дедики:
-Агар алдамаётган бўлсанг, ҳузуримизда либосларингни ечиб, қип-яланғоч турасан. Шундагина сўзларингга ишонажакмиз.
Ҳукмдор бу шартни айтиш билан унинг ҳаёли хотинми ё йўқми эканини аниқламоқчи эди.
Ҳаёли хотин ҳукмдорнинг талабини эшитиб, бошини қуйи эгди-да, деди:
-Бу ҳолга тушганимдан кўра ўлганим афзал. Мен бу шармандаликни сира қабул қила олмайман. Буюринг, мени қатл этсинлар...
Ҳаё – юракнинг ҳақиқий кўзгуси, деб бежиз айтмаганлар. Аёлнинг сўзлари ҳаёсини, ҳаёси эса юрагининг пок эканини кўрсатди. Ҳукмдор бу бокира аёлга дилида офаринлар айтиб, уни чиқариб юборди-да, ҳасадчини чақиртириб:
-Агар ҳузуримизда ечиниб, қип-яланғоч бўлсанг, даъвоинг тўғри эканига ишонармиз ва қўшнингни қатл этажакмиз,-деди. Туҳматчи хотин ҳукмдорнинг бу талабини фикр ҳам қилиб ўтирмай, ечинмоқни бошлади. Шунда ҳукмдор уни тўхтатиб:
-Сен туҳматчи экансан. Бу қабиҳ ишни ўзинг қилиб, номусли аёлни айблагансан. Ҳаёсиз ва номуссизлигингни ўзинг исбот этдинг,-деб уни жазога ҳукм қилди.
Ҳаёсизлик инсонга бало эшигини очади, деганлари шу-да!
“Иффат” атамасининг маъноси бир оз кенгроқ. Аҳли донишнинг баёнига кўра, иффат – поклик ва маъсумликни англатади. У комил инсон учун талаб этилувчи тўрт фазилатнинг учинчисидир, яъни: ҳикмат, шижоат, иффат, адолат. “Иффат” дейилганда шаҳват, яъни лаззат ва манфаатга бўлган интилишнинг ақлга бўйсундирилиши тушунилади ва у етти нарсани ўз ичига олади.
1. Ҳаё – уят ва енгилтаклик ҳисобланган ишлардан тийилиш.
2. Ҳусн-и ибтидо - яхши хислатларни эгаллаш ва имкон борича ўз яқинларининг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилиш.
3. Сабр – нафсоний қувватларни жиловлаш.
4. Қаноат – еб-ичмак ва кийинмакнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмаслик.
5. Виқор – Талаб қилинган нарсаларга эришишга бўлган ишонч ва бу йўлга шошма-шошарлик қилмасликдир. Виқор – вазминлик, улуғворлик, матонат. “Виқор шамъин ўчир” дейилганда мағрурликни емирмоқ назарда тутилади.
6. Хайрият – маишатни ҳалол кечириш, молни яхшилик билан топиб, яхшиликка сарф қилиш. Хайрият – эзгулик демак.
7. Саҳоват – ачинмасдан, қизғанмасдан, ҳаддан ошмасдан, молни керакли ўринларда ўзига, яқинларига ва муҳтожларга сарф қилиш малакаси.
Имом Ғаззолий ёзадилар:
“Ким иффат билан хулқланса, саҳоватли, ҳаёли, сабрли, кечиримли, қаноатли, парҳезкор, латиф, зариф, барчага кўмакчи, бетамъа бўлади. Агар иффат меъёридан ошса ёки кам бўлса, ҳирс ва очкўзлик, қўполлик ва беҳаёлик, исрофгарчилик ва хасислик, риёкорлик ва шармсизлик, ҳасад, ичқоралик, бойларга ялтоқланиб, камбағални камситиш каби иллатлар юзага чиқади”.
Мухтасар тарзда айтилса, иффат – ёмон нарсалардан ўзини пок сақлаш, демак. Бизда уят маъносида қўллаш расм бўлган. Масалан, баъзан “пул сўрашдан уялди”, демай, “пул сўрашга иффати йўл қўймади”, деймиз. Бу ўринда иффатнинг фақат бир шохчаси назарда тутилади.
Биз ҳаётда иффат ва ҳаё фазилатини кўпроқ аёлларга хос деб биламиз ва талабимиз ҳам шунга қараб бўлади. “Иффатли ёки ҳаёли йигит” деган сифатни кам эшитамиз. Ҳолбуки, бу баёнимиздан аниқ кўриниб турибдики, “иффат” фазилати қиз учун қанчалар ҳусн бўлса, йигит учун ҳам шундайдир. Бу борада талаб бир, Аллоҳ таоло ҳузурида жавоб ҳам бирдир. Бу фикрнинг яна бир далили учун ҳазрат Навоий битикларига мурожаат этаман: “Хожаким, биби борида додакка айланғай, бибининг иффат этаги қулға булғанғай”. Дейилмоқчики, агар эр иффатсизликни касб этиб, ўз хотинига вафосизлик қилса, хотинининг иффат этагини унинг қули булғайди. (Қадимда иффатли кишини “иффатмаоб”, деб, покдомонликни эса “иффатпаноҳ” деб атаганлар.)
Демак, ҳаё иффатнинг асосларидан экан. Иффат ва ҳаё йўқолмас бир ҳусн, ҳаёсиз юзнинг жонсиз жасад эканини унутмаслик ҳар бир одамнинг бурчи. Ҳаё дилни равшан қиладирган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шу маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир. Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби – ҳаёдир. Ҳаё пардаси ила ўралмиш инсонларнинг иффат пардаси йиртилмас. Бу чодир шундай муборакдирки, анча-мунча шундай хатоларни беркитиб йўқ қилур. Агар дурга садаф парда-ю либос бўлмаса эди, сувга қўшилиб йўқ бўлиб кетмасмиди?
Дунёда шундай одамлар учрайдики, ҳаёнинг нима эканини яхши билади, аммо ҳаёсизликдан ўзни тиймайди. Ҳазрати шайх Абдуллоҳ Манозил (қ.с.) бундай кишилар ҳақида дедиларки: “Мен ул кишидин таажжуб этарманки, ҳаёдан сўз айтиб, ўзи Аллоҳ таолодан ҳаё қилмағай”.
Ким фарзандини кичиклигидаёқ ҳаёсизликка ўргатса, уларни, катта бўлишгач, ҳаёга ўргата олмайди. Ота-она болага ҳаё ҳақида ўгит қилади. Агар бола бу фазилатни эгаллаб олмаса – инсонийликдан маҳрум бўлади. Ҳаёсизларнинг ёмон ўлим топишини тарих кўп мароталаб тасдиқ этган. Болага бир ёки юз маротаба “ҳаёли бўлиш керак”, дейишнинг ўзи кифоя қилмайди. Аввало ота-онанинг ўзи ҳар бир ҳаракати ва сўзлари билан боласига ибрат бўлиши керак. Бола кўчада ёки телевизорда кўрган ҳаёсизликларини тарозининг бир палласига қўйсак, ота-она иккинчи палласига қандай тарбияни қўяди?
Бир хонадондаги манзарани айтиб беришиб эди: қўшни чиқиб қарасаки, ҳовлидаги сўрида келин бир томонда, қайнота иккинчи томонда ёнбошлаганларича телевизор томоша қилишаётган экан. Келиннинг қайнота ҳузурида ёнбошлаши ғоят беҳаёликдир. Қайнотанинг индамаслиги эса унинг бефаросатлигидир. Келинга ота-она ҳам бу ҳақда тарбия бермаган экан.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом олти нарсанинг йўқлиги ё камлиги амалларни маҳв (нобуд) қилади, зое бўлишига сабабдир, деб тўртинчи ўринда ҳаёни тилга олганлар. Яъни, ҳаё-андишанинг озлиги ҳам амалларни маҳв этади. Шу ўринда аввалги суҳбатларда тилга олганимиз “Ўтган кунлар”даги ўлим тўшагида ётган Кумушбибининг ҳаё-андишаларини яна бир эслайлик. Ҳаёсиз томошлар кўпайганини ҳам таъкид этайлик. Беҳаё қўшиқлар-чи?
Айбга буюрманг-у, ёшларимизни баъзан тушунмай қоламан. Радио ёки телевизорда берилаётган беҳаё қўшиқларни маъносига эътибор бермай, дарров ёдлаб олишади-ю ҳиргойи қилиб юраверишади. Қани айтинг-чи, бизнинг қизлар йигитга тик қараб туриб “Мен сизни севаман! Мени қучоғингизга олинг!” дейдими? Демайди. Табиатан шундай яралганки, қушларнинг модаси эмас, эркаги сайрайди. Ашулачи қизлар эса аксинча. “Ойижон, кеч келганим учун урушманг, бугунги сирни кейин бир кун айтаман”, дейди, “қачон келасан, юрагим кутмоқда, ёргинам”, дейди, ҳатто “келсанг, тиззамга ўтқазиб новвот чой қилиб бераман”, ҳам дейди. Беҳаёликни биз санъат ўрнида кўрмаймиз. Бу санъатни булғашдир.
Айниқса, кейинги йилларда пайдо бўлган “клип” деб номланувчи беҳаёлик томошасида санъатнинг заррасини ҳам тополмаймиз. Унда ярим яланғоч ҳолда рақсга тушаётган қизлар беҳаё қилиқлари билан санъат асари яратяпмиз, деб ўйлашса хато қилишади. Ёш қизларимиз эса уларни томоша қилаверадилар. Жоҳилликлари туфайли уларга эргашаверадилар. Тўйларда шундай беҳаё ашулаларга қиз-жувонлар рақсга тушаверадилар. Ҳозир куёвнинг келин белидан ушлаб европача рақсга тушиши ҳам одат тусига кириб бораётганмиш. Бунинг учун келин тўйдан олдин махсус дарс олармиш. Биз нима ҳам дердик, уялмасангиз ундан баттар қилиқларни ҳам қилаверинг. Аммо ҳаёсизлик оқибатида оила бузилса, бировлардан ўпкалаб юрмасангиз бас. Бизнингча, куёв тўранинг, айниқса келинпошшанинг тўйдаги энг гўзал ҳолати – ҳаё билан ўтиришидир.
Яна бир янгича одатга нисбатан салбий фикримни баён қилмасам, кўнглим жойига тушмайди. Илгарилари туғруқхоналарга эр зоти яқинлаштирилмасди. Ҳозир Европадан ўрганишибдими, аёл туғаётган пайтда эр ёнида турармиш. Эр ёнида турса, хотинга осон бўлармиш. Шу ростми? Менингча, европалик аёлларга енгилдир, лекин бизнинг аёллар уялишса керак. Ҳар ҳолда туғруқхонадаги эркак дояни кўрганда хотиндан тўлғоқ қочиб қийналганини эшитганман. Бу масала бўйича кескин фикр билдиролмайман. Аммо аёл туққанидан кейиноқ отаси ва қайнотасининг кириб, суюнчи беришида мен ҳаёни кўрмаяпман. Андишали ота ва қайнота бундай қилмас, андишали аёл ҳам уларнинг киришини истамас, деб ўйлайман. Билишимча, аёллар туғруқхонадан қайтгандан кейин ҳам оталари ва қайноталари, акаларига кўринишга уялиб туришган. Ҳатто биринчи фарзандларини уларнинг ҳузурида “болам” деб эркалашга ҳам истиҳола қилишган. Бир жойда ёшларга шуни айтсам “Нега уялиш керак?” деб ажабланишди. Майли, бу саволга жавоб бермайин. Ёшларнинг ўзлари фикр қилиб кўришсин: бола қандай ҳаракатнинг оқибатида дунёга келади?
“Калила ва Димна”да ибратли фикр бор:
“Ҳаёни қўлдан берган одам кек сақлайдиган ва сўкинадиган бўлади. Ғам пардаси унинг ақлини қоплайди, фаросати, зеҳни-заковати озаяди. Бундай бахтсизликка мубтало бўлган одамнинг бутун қилган иши, сўзи ҳаммага ёмон кўринади. Берадиган маслаҳатлари ўзига зиён етказади. Илгари уни яхши, деб юрган дўстлари энди уни ёмон деб ҳисоблайдилар. Бошқаларнинг гуноҳини ҳам унинг бўйнига тўнкайдилар”.
Бир кичикроқ раҳбар идорасидаги мажлисда сўкиниб гапиришни одат қилди. Чунки у бойий бошлаган, кибрга берилган эди. Ҳалолдан чекиниш, ҳаромдан ирганмаслик ва кибр ундаги ҳаёни бўғиб ўлдира бошлаган эди. Ҳаёсини йўқотган одам ҳар қандай пасткашликка рози бўлиши мумкин.
Сўкиш дейилганда эрларни назарда тутамиз. Ҳолбуки, аёлларнинг қарғиши ҳам сўкишнинг бир тури. Бу ҳам майли, айрим аёллар, ҳатто қизлар оғзидан ҳам баъзан эркакча беҳаё сўкишларни эшитиб қоламиз. Узоқ йиллар муқаддам, мухбирлик хизмати билан бир район раҳбарига учрашишим лозим эди. Аёллардан биринчи раҳбарлар у дамларда оз эди. Қабулхонада ўтирганимда барваста бир одам шаҳдам қадамлар билан ичкари кириб кетди. Билсам, у катта хўжаликнинг раиси экан. Эшик қия очиқ қолган эди. Бир маҳал ичкаридан аёл раҳбарнинг овози эшитилди. Ўша онга қадар аёл кишининг бунчалар беҳаё тарзда сўкиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмаган эдим. Сўкишлар ниҳоясига етгач, бир нима тарақлади. Кейин терга ботган раис чиқди. Бояги шаҳдамликдан асар ҳам йўқ, сувга тушиб бўккан мушук ҳолида эди, бечора. Ҳазрати Яҳё Ибн Муоз (қ.с.)нинг бу хитоблари ўша дамда унинг ҳолатига айни мос эди:
-Субҳаналлоҳ! Бандалар гуноҳ ишлардан ҳаё қилмаслар. Аллоҳ таоло кўриб уялар...
Ташқаридан қаралса, бу аёл раҳбарнинг обрўйи баланд кўринарди. Аслида эса унинг ҳурмати йўқ эди. Ҳамма ундан қўрқарди. Қўрққанидан таъзим қилиб турарди. Замон айланиб, “пахта иши” бўйича қама-қамалар бошланганида уни ҳам қўлига кишан уриб, олиб кетдилар. Аёл кишининг қўлига кишан уришдан ҳам аянчлироқ манзара бўлмаса керак. Лекин унинг аҳволидан атрофидагилар ачинишмади.
Дунёда чиройли нарсалар кўп, аммо уларданда чиройлироқлари ҳам мавжуд: эрларнинг ҳаёли бўлишлари ғоят гўзалдир... Ҳаёсиз эрни “сурбет” деб ҳам маломат қиладилар. Нақлдирки, ҳазрати имом Абу Ҳанифа (қуддиса сирруҳу) ҳаммомга кирдилар. Кўрдиларки, биров лунгисиз ўлтирибди. Кўзларини юмдилар. У киши айтдики, “Эй имом! Кўзингнинг нурини қачон олдилар?” Дедиларки: “Сенинг парданг ва ҳаёйингни олгандан бери”.
Ҳазрати шайх Ҳотами Асомнинг муборак қулоқлари аслида кар эмас эди. “Ҳотами Асом” дейишларининг сабаби шулки, бир куни у зотнинг ҳузурларига масала сўраш учун бир хотин келди. Гаплашар экан, ғафлат босиб, у аёлдан ел чиқди. Ҳотам ҳазратлари ўзларини эшитмаганга олиб: “Баландроқ гапиринг, қулоғим оғир, эшитмайман”, дедилар. Токи у хотин уялмасин, хижил бўлмасин, учун шундай дедилар. Хотин саволини баланд овозда сўради. Ҳотам ҳазратлари жавоб қайтардилар. Ўша хотин билиб қолиб маълул бўлмасин, деб ўн беш йил давомида ўзларини карликка солиб юрдилар. Хотин охиратга равона бўлганидан кейингина буни давом эттиришни лозим кўрмадилар. Буни ҳам эрларга ҳос иффат кучи дерлар.
Ҳаёсини йўқотган одам ҳар қандай пасткашликка ҳам рози бўлиши мумкин. Агар у бир кетган ҳаёнинг қайтиб келиши мушкул эканини англай олса, балки ўзини ўзи тарбия эта олармиди? “Ўзингдан ҳам худди бошқа одамлардан орлангандек орланишинг ва бир ўзинг бўлиб туриб ҳам бошқалар билса-билмаса, бундан қатъи назар, бари бир ёмон ишдан тортилишинг керак. Аммо ҳаммасидан ҳам ўз виждонингдан уял”, деб ўгит берган Демокрит ҳақли эди. Одамлар ҳузурида уялиш ҳам яхши фазилат, лекин бундан ҳам афзали кишининг ўз-ўзидан уялишидир. Уятдан қизариш – яхшилик либоси ҳисобланади. Чунки, одамнинг маънавий камолотда қай поғонага кўтарилганини нимадан уялиши ва уялмаслигидек аниқ кўрсатиб берадиган нарса йўқ. Яна бир ҳақиқатки, ҳаё ва иффат ҳайвонларда йўқ. Уларнинг юзлари уятдан қизармайди. Буни тушуниб етиш ҳам фазилат. Иффат ва ҳаё барча иллатлар йўлидаги ишончли тўғондир. Агар бу тўғон бўлмаса, кишининг ҳаёт йўлига иллатлар сели ёпирилади. Уялмасанг - ғийбатдан бўшама, уялмасанг – пора ол, уялмасанг – зино балчиғига бошинг билан шўнғи, уялмасанг – зулм қилавер, уялмасанг – бахил бўл... Фикрни давом эттирай, десак, дўзах оловлари кўз олдимизга келиб, юраклар қўрқувдан зириллаб кетяпти...
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 63 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар