1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Занжирланган қул

Бугун одам савдосининг инсоният бошига келтираётган кулфатлари ҳақида ҳатто мактаб ўқувчиси ҳам муайян тасаввурга эга. Бироқ, ҳамон айримлар ё билиб, ё билмай қимматли ҳаётини бу “ғирром ўйин”да гаровга қўяётгани ачинарли. Тарихдан маълумки, барча давр ва замонларда ҳам ахлоқсизлик қаттиқ қораланган. Ота-боболаримиз номуссиз, ҳаёсиз одамларни даврага қўшмаган. Аёллар эркак кишининг юзига тик қарамаган, кўча-куйда уларнинг олдини кесиб ўтмаган. Ўз ўрнида аёл шаъни миллат шаънидек асралган, ҳимояланган.

“Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар”

“Биз бошқа мамлакатга борганимиздан сўнг, алданганимизни билиб қолдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...”
Бу гаплар бир ўзбек аёлига тегишли. У мўмай даромад топиш илинжида юрган кезлари «ишбилармонлар» қўлига тушиб қолади. Аёлнинг истакларидан воқиф бўлган фирибгарлар уни алдаб, хориждаги ҳамкорлари – қўшмачилар қўлига топширишади. Албатта, бекордан-бекорга эмас, маълум манфаат эвазига. Манфаат деб энг манфур ишлардан ҳам қайтмайдиганларда эса на ор-номус ва на виждон бўлади. Бу ҳамма замонларда ҳам исботланган.

“Уят ўлимдан қаттиқ”

...Саркарда Жалолиддин Мангуберди Чингизхон тазйиқи кучаявергач, ўз яқинларини, айниқса, аёллар ва болаларни сувга чўктириб юборади. Зеро, жасур ҳукмдор душман қўлидаги хўрлик ва хорликдан кўра ўлимни афзал билган. Шу боис, уят ўлимдан қаттиқ, деган нақл бежиз айтилмаган.
Афсуски, бундай бебаҳо ҳикматларнинг қадри топталмоқда. Ер юзидаги қабиҳ ишлар камлик қилгандай, кейинги йилларда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар пайдо бўлди. Бунинг оқибатидан жабр чекканлар, оила деган улуғ масканнинг гуноҳига ботаётганлар сони тобора ортиб бормоқда...

Қайд остидаги ваҳшийлик

Ҳозирда ер юзида 2,7 млн. киши одам савдоси қурбонига айланган бўлиб, жинойи олам вакиллари учун ундан тушадиган даромад 4 млрд. АҚШ долларини ташкил этади. Ҳар йили дунё миқёсида 700-800 минг нафар болалар ва аёллар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилмоқда ва улардан жиноий мақсадларда фойдаланилмокда.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг хулосасига кўра, сўнгги йилларда бу хилдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги, учинчи ўринни эгаллайди.

Занжирланган қуллар сони қанча?

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари бўйича 400 га яқин халқаро ҳужжатлар мавжуд. Шунга қарамай...
БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 27 миллионга яқин инсон қулликда. Баъзи ҳолларда, бу 21 аср қуллари худди ўрта асрлардаги каби занжир билан боғланган ҳолда ишламоқдалар. Афсуски, бу муаммо нафақат ёш, балки энди ривожланаётган мамлакатлар билан бирга AҚШ, Европа каби ҳудудларда ҳам илдиз отган. Хусусан, Непал, Судан, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндис¬тон, Габон, Гаити, Мъянма каби давлатларда бу борада вазият жуда ёмон эканлиги қайд этилмоқда. Жанубий Осиёнинг айрим давлатларида эса қарз эвазига одамларни қулга айлантириш ва мажбурий ишлатиш каби ибтидоий одатлар ҳалигача амалда.

Битимлар имзоланяпти...

Табиийки, одам савдосидек халқаро кўламдаги жиноятчиликка қарши фақатгина бир давлат ёки минтақа мамлакатлари кураш олиб борган тақдирда, самарали натижаларга эришиб бўлмайди. Мажбурий донорлик, қуллик ва фоҳишалик каби жирканч кўринишлардаги бу иллатга барҳам бериш мақсадида дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистон ҳам халқаро ташкилотлар билан бир қанча шартнома ва битимлар имзолаган.

Кураш давом этмоқда

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилиши ушбу трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича 30 ўринга мўлжалланган Республика реабилитация маркази ташкил этилди. Мазкур марказ жабрланувчиларга кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш; уларнинг қариндошлари билан мулоқот ўрнатишида ва ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш каби вазифаларни амалга ошириб келмоқда.

Божхонадан шунчаки ўтолмайсиз

Айни пайтда барча чегара божхона постларида одам савдосидан огоҳлантиришга қаратилган деворий кўргазмалар, фуқароларга маълумот бериш бўйича “Ишонч телефонлари” ташкил этилган. Одам савдоси билан шуғулланишда гумонланган ва жабрланган шахслар тўғрисидаги тезкор маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, божхона декларацияларида чегарадан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг нима мақсадда ўтаётганлигини кўрсатиши қатъий назорат қилиб борилмоқда.

Хулоса

Бугун била туриб ўз бошини бу сиртмоққа тутиб бераётганларнинг ҳам борлиги аччиқ ҳаққиқат. Ўз тақдиримизга, аввало, ўзимиз масъул эканмиз, гуёки  фириблар қурбони бўлиб, сўнг аттанг қилмаслик учун ён-атрофга теран кўз билан қараб, ҳаётда тўғри йўлни ҳам ўзимиз танлай билмоғимиз лозим. Зеро, “ҳар ким топди... ўзидан” деганлари бежизмас.

Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати билан ҳамкорликда
Сарвар САФАРОВ

Ҳозир сайтимизда 355 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ