Сайт бўлимлари
«Қайнсингил дегани қайнонадан ўтказди»
Йигирма бир ёшимда ота-онамнинг қистовлари билан ўзимиздан қўшни қишлоққа келин бўлдим. Турмуш ўртоғимнинг онаси вафот этган, қайнотам хотинининг қазосидан кейин тўрт марта уйланган, ҳар сафар қизлари ўгай онани бир баҳона билан уйдан ҳайдаб солар экан. Хуллас, мен тўнғич келин эдим. Опаларим ўзича:
— Саодат, сен тўнғич келинсан. Эрингни, қайнотангни ҳурмат-иззатини жойига қўйсанг, сендан бахтли келин бўлмайди. Қайнсингилларинг бировнинг ҳасми, эрта-индин узатилиб кетади. Сен кенг уйнинг келинчаги бўлиб, мазза қилиб яшаб юрасан, - деган хомхаёллар билан мени куёв уйига қўйиб кетишди. Аммо никоҳнинг иккинчи кунидаёқ опаларим бекоргиналарни хаёл қилганини пайқадим. Ёши мендан уч-тўрт ёш катта, лекин ҳанузгача узатилмаган қайнсинглим тонгда олдимга кириб:
— Келинойи, «Бу уйда қайнона йўқ, билганимни қилиб, ўзимга хон, ўзимга бек бўлиб юраман”, деб ўйламанг. Биз онагинамнинг ўрнини бировга бериб қўймаймиз (шунинг учун ҳалигача эрга тегмай юрган экан-да, деган фикр ўтди хаёлимдан). Рисоладагидек келинлик вазифангизни бажаринг. Ўзи ота-онангиз, “тергайдиган қайнона йўқ” деб, сепингизни ҳам ўзига яраша қилишибди. Лекин энди буёғига ҳамма тадбирларни биз истагандек қилишади. Бугун нимага сизга овқат юборишмади? Ёки бизни бундай урф-одатларни билишмайди, деб ўйлашяптими?!
Тўғриси, уларнинг бу иддаосини эшитиб ҳайрат ва хавотирдан донг қотиб қолдим. Ахир бизда келинчакни куёвникига юборишганидан кейин икки кун ўтиб овқат жўнатишарди. Никоҳнинг эртаси куни таом юбориш эса шаҳар жойларида энди-энди урфга кираётганди.
— Ҳозир мен уйингиздагиларга хабар бераман, - қайнсинглим шундай деб дорда осилган сарполарга истеҳзоли назар ташлаганча чиқиб кетди.
Тушга яқин бир тоғора чучварани кўтариб, келинойим билан холам кириб келишди. Улар хавотир билан менга қараб-қараб қўйишарди. Афтидан улар никоҳ кечасининг қандай ўтганлигидан хавотирда эдилар. Мен эса пайт пойлаб уларга қайнсинглим айтган гапларни етказмоқчи бўлардиму, ҳеч қариндошлар билан ёлғиз қолмасдик. Овқат ейилиб, дастурхонга фотиҳа ўқилиб биз томондан келганлар энди қўзғалиш ҳаракатига тушишганди, қайнсинглим тилга кирди:
— Қуда холалар, энди гап бундоқ, - унинг қошларини чимириб, салмоқ билан гап бошлаганидан холамнинг туси ўзгарганини пайқадим. - Биз томонда янги тушган келинчакнинг уйидан бир ҳафта эрталабга нонушта, тушликда тансиқ овқат, кечга яна бирор хил таом юбориш одатга кирган. Бугун тонгда чошгоҳгача кутдим, сизлар томондан ҳеч нима келмади. Охири ўзим телефон қилиб чақиришга мажбур бўлдим. Нима, энди онаси ўлган деб, бизни назар писанд қилмайсизларми? - Қайнсинглим йиғламсираб гапирарди. - Айрим одамлар ҳатто қаймоқ, ширчойигача, овқатларга қўшиб салат, ичимликлар ва десертларигача юборишяпти. Ёлғизгина акагинамнинг кўнглини ўкситмай барча урф-одатларни бекаму кўст бажаринглар...
Холам келинойимга қаради, келинойим холамга. Икковлашиб менга тикилишганди, нигоҳларига дош беролмай кўзларимни ерга қададим...
Уйда катта қайнсинглимнинг гапи гап бўлиб, ҳеч ким, ҳатто отаси ва акаси ҳам унинг хоҳишидан ташқари иш қилишолмасди. “Жой йиғар”да ҳам хўп “чиройли” томошаларни кўрсатди. Ҳали уйимиздан келган тоғораю дастурхонлардан айб топса, ҳали “кўрди”га олиб келинган нарса-буюмлардан кўнгли тўлмайди. Камига латта-путталарни титкилаб, “бизни камситишяпти, онам йўқлиги учун тузукроқ нарса қилишмади”, деб кўзларига ёш ҳам оларди.
Йиғи-сиғи, пичинг-кесатиқлар билан ҳамма тадбирларни ўтказиб, янги уйда янги ҳаёт ҳам бошлаб юбордим. Тўғриси, турмуш ўртоғим жуда яхши инсон. Онаси вафот этиб, вақтида уйланмаган, мендан саккиз ёш катта эди. Ҳурматимни жойига қўйиб, кўнглимга қарайди. Сингилларининг ишларидан хижолат тортиб, мен янги келган пайтларимда:ў
— Зуҳро, сиқилмагин, сингилларимнинг гапини кўнглингга олмагин. Бахти очилиб, узатилиб кетишса, анча қуйилиб қолишади. Онам раҳматлининг қазосидан кейин сингилларим шунақа инжиқроқ бўлиб қолишган, -деб таскин берларди. Аммо бу сингилларим худди онасининг ўлимига бошқа одамлар сабабчидек, совчиларни кўришга кўзи йўқ. Топган гаплари: “Бизни онаси йўқ етимлар, деб келин қилиб, сўнг хизматкор қилиб олишади-да”, деган гап эди. Бу ёқда ёшлари ҳам ўтиб кетяпти. Қайнотам билан эримнинг ташвиши шу сингиллари. Лекин улар ҳануз турмушга чиқишни ўйлашмайди. Тавба қилдим, баъзан уларнинг бу қилиғидан ёқамни ушлаб ўйланиб қоламан, наҳотки турмушга чиқишни, оилали бўлишни орзу қилмайдиган қизлар ҳам бўлса бу дунёда?!
Эримнинг аммаси биз билан қўшни яшайди. У бояқиш ҳам уйимизга тез-тез келолмайди. Бечора акасидан хабар олгани келса, қизлар:
— Яна отамга хотин топдингизми? Бизнинг тинчимизни бузасиз, - деб аюҳаннос солишади. Юрак олдириб қўйган шўрлик. Гоҳида қайнсингилларимнинг зуғумларидан безиб уникига ўтадиган бўлсам, уйда “томоша” авжига чиқади. Амманинг айтишича, қайнотам уйланган аёлларни қизлар туҳмат қилиб ҳайдаворишар экан. Охирги уйлангани анча олдин эри ўлиб бир ўғли билан ота уйига қайтган экан. Тўрт-беш ёши улуғ орага тушиб хотин бояқишни қайнотамга никоҳлаб қўйишибди. Катта қайнсинглим аёл бечорани келганининг учинчи куниёқ, ўғлини “сумкамдан пулимни ўғирлади” деб, туҳмат қилиб ҳайдаб юборибди. Яна ҳам жуда андишали, тарбияли аёл экан. Қайнотамнинг кирларини уйига олиб бориб ювиб, дазмоллаб аммамизникига олиб келиб бераркан. Шундаям қайнсингилларим тинч юрмай, “дадамнинг пули учун, уй-жой учун ўзини яхши кўрсатиб юрибди”, дейишади. Аммамиз хавотирланиб:
— Буларнинг қанақалигини ҳамма яхши билади. Авваллари узоқ-узоқлардан бир-икки оғиз солганлар бўлди, кейин ўшалар ҳам маҳалла-кўйдагилардан жиянларимнинг феълини билиб оёқларини тортишди. Одамга феълига яраша қисмат берилади. Бунақанги хулқи билан булар қариқиз бўлиб уйда қолиб кетади-ю, гуноҳи, қийноғи акам шўрликнинг бўйнида қолади-да, - деб куюнганлари куюнган.
Ҳақиқатдан ҳам қайнсингилларимнинг феъл-атвори кишини чўчитади. Бошимга шундай савдоларни солишдики, қайнонам йўқлигига ўксиниб-ўксиниб кўзларимда ёш қолмади. Яхшиям бахтимга қайнотам, эрим, бошқа қариндош-уруғлар мени тушунади, яхши кўради. Бўлмаса бу қайнсингиллар аллақачон оиламизни бузиб, мени уйдан қувиб солишарди. Ҳар кунги изтиробу асаббузарликлардан кейин қайнотам турмуш ўртоғимни олдиларига олиб:
— Ўғлим, уч-тўрт кунлигим борми- йўқми, икки кўзим орқамда кетишимни истамасанг бошқа ҳовли- жой қилиб бу ердан келинни олиб чиқиб кетгин. Булар сенларни ажратиб юборишдан ҳам тап тортишмайди. Сингилларингнинг дастидан келин бояқиш ҳам кўз очолмаяпти. Энди тақдирлари шундай экан. Бўлмаса, онаси ўлган битта уларми?! Бу ишлари билан фақат ўзларига жабр қилишяпти, оналарининг руҳини безовта қилишяпти. Сен тезроқ бошқа уй-жой қилиш ҳаракатига туш. Умримнинг сўнгида мен ҳам шу сингилларингдан узоқроқда, тинчроқ яшаб кетай. Очиғи, маҳалла-куйда ҳам бош кўтаролмай қолдим. Қиз бола дегани ҳам шунақанги беҳаё бўладими?! Мен қаерда хато қилганимни билмайман. Онаси йўқ, деб кўнглига қараганимми, урушмай, жеркимай айтганларига кўнганимми айбим?! Болам, сен мен айтган ишни тезроқ бажар...- Қайнотам кўзида ёш билан менга илтижо билан термулиб, - келиним қийналиб қолади. Ҳеч йўқ сендан хотиржам кетай, ўғлим... -дедилар.
Эрим бошини қуйи солиб отасининг гапларини индамай эшитиб турди. Орадан бирор ҳафта ўтиб қишлоқ чеккароғидаги томорқамизда уй тиклай бошладик. Аввалига қайнсингилларим:
— Вой-дод, бу шумқадам келин келиб бизни отамиз билан акамиздан айирди! Этни тирноқдан айираман, дейди, - деб дод солиб кучлари етганча шаллақилик қилишди. Бироқ, қайнотам ва эрим қатъий туриб:
— Сизлар ўша уйда бемалол яшайверинглар. Оналаринг кириб-чиққан уй. Сизлар у уйда бегона аёлни кўра олмайсизлар. Мен ўғлим билан бошқа уй қуриб чиқиб, хотиним билан тинчгина яшамоқчиман. Барака топгурлар, бизни ҳеч ким сизлардан айирмаяпти, - деб оғизларига урганларидан кейин овозларини ўчиришди ҳартугул.
Лекин... қизлар оталари билан акаларига гаплари ўтмай қолгач, ҳаммасига мени айбдор қилишиб, бутун зуғумларини менга сочишди. Бу орада бошимга шунақанги кунларни ёғдиришди-ки, охир-оқибатда ҳомилам нобуд бўлди. Туғилмаган гўдагимга куйиб адо бўлганим етмагандай, ўзи турмуш кўрмаган қизлар “келинимиз бола ушлаб туролмайдиган касалманд экан. Ота-онаси онаси йўқ, деб касалманд қизини акамизга тиқиштирибди”, деган маломатни тарқатишди. Кўп ўтмай яна бўйимда бўп қолди. Шукр, у пайтда биз чала қурилган уйимизга кўчиб ўтгандик. Эрим билан маслаҳатлашиб қайнотам уйланган аёлни олиб келдик. Ҳовлининг бир чеккасида уларга ҳам уй қуриб бердик. Фарзандли бўлдим. Қайнотам билан ўгай қайнонам ҳамиша рўзғоримизнинг кам-кўстидан хабардор. Яқинда бешик тўйи ўтказиш тараддудидамиз. Вақт-вақти билан қайнсингилларим келиб, ошимизга заҳар солиб кетишади. Ҳарқалай энди аввалгидек отаси уйланган аёлни қувишга, келинойисига зулм ўтказишга кучлари етмай қолган.
Бир куни қайнотам маҳзун ҳолда кириб келдилар ва эримга қараб:
- Сингилларинг энди бир-бири билан ёқалашиб юришган экан. Амманг, “қизларингиз ҳар куни қўшниларга томоша кўрсатади. Бир-бирини юмдалашиб, оғзига келган ҳақоратни қайтаришмайди”, деди. Улар менинг гўримга ўтин бўлади, болам. Онагинангни руҳини ҳам чирқиратиб юришибди, — дея кўзларига ёш олдилар. Уларга қараб ачиниб кетдим. Қизларининг бунчалик жоҳил бўлиб кетишида қайнотам айбдорми, атрофдаги одамларми ёки тақдирми, очиғи бунга идроким заифлик қиляпти....
Нима бўлганда ҳам уларга Худодан инсофу диёнат тилайман...
Баҳор нашрга тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 350 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар