Сайт бўлимлари
Бозори чаққон келин ва куёвлар
Ёз фасли келиши билан юртимизда тўй мавсуми бошланиб кетади.Бошқа тўй тадбирларига нисбатан никоҳ тўйларининг ташвишлари кўпроқ. Никоҳ тўйларининг дастлабки шарти- ўғил уйламоқчи бўлганлар куёв бўлмишга муносиб, ақлли, фаросатли, эпчил, чаққон, пазанда ва шунга ўхшаш ижобий фазилатларга эга қизни топиб танлаш. Қолган ишлар шунга қараб давом этаверади. Аммо мана шу биринчи босқич, яъни келин танлаш жараёни баъзан турли баҳсларга сабаб бўлади.
Ҳозир ўғил уйлантириш ҳаракатидаги аксарият кишилар қизнинг
Касб-ҳунарига қараб танлашяпти
Масалан, қишлоқ жойларида ўқитувчи, шифокор ва чевар қизларнинг харидори кўп бўлса, шаҳарларда эса, юқорида келтирилган касбдаги қизлар билан бир қаторда иқтисодчи ва ҳуқуқшунос соҳаси вакилаларини келин қилиш талаби кучли.
- Укамни уйлантиришимиз керак,- дейди таниш аёл,- келин танлашни ўзига қўйиб берганмиз. Лекин бўлғуси келинчак шифокор ёки инглиз тили фани ўқитувчиси бўлиши керак. Бир қиз билан танишибди, у она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси экан, унамадик. Қишлоғимизда бу фандан етарлича мутахассис бор. Ҳозир ҳудудимиздаги иккита мактабда ҳам инглиз тили ўқитувчисига жиддий эҳтиёж сезиляпти. Қолаверса, 10-12та қишлоқни ўз ичига олган ҚФЙмизда аёллар шифокори- гинеколог врач йўқ. Ҳафтанинг маълум бир куни белгиланиб, шаҳардан гинеколог дўхтир чақирилади ва ҳомиладор аёллар кўрикдан ўтказилади. Маҳалланинг аёлларига гинеколог врач керак бўлса, туман маркази, қўшни туман ёки шаҳарга тушишига тўғри келади. Шунинг учун укамга гинеколог врач ёки инглиз тили мутахассиси бўлган қизни танлаш уқтирилган...
Бир қараганда, жуда майда, бош оғритишга арзимайдиган мавзу. Бошқа томондан эса, кишиларнинг дунёқарашидаги бу ўзгаришни бемалол ижобий баҳоласа арзийди. Ахир, бир пайтлари қишлоқ жойларида фақат чевар, яъни тикиш-бичишни биладиган қизларни келин қилишга талаб кучли эди.Тикувчи қизлар турмушга чиққунига қадар совчиларнинг ҳужумидан гангиб қолишарди. Кишиларнинг дунёқараши ўзгариб, ҳаёт фақат кийим кийишдан иборат эмаслигини, олий маълумотли бўла туриб ҳам тикувчилик, пазандаликка ўхшаган ҳунарларни эгаллаш мумкинлигига ишонч ҳосил қилишяпти.
- Бу борада йигитларнинг ҳам дунёқарашида яхши томонга ўзгариш бор, -дейди бекободлик ўқитувчи муштарийимиз Гулнозхон Муҳаммаджонова.- Ўқимишли, касб-ҳунарли, пул топадиган қизга уйланишни хоҳлашяпти. Ҳаётда ҳар қандай ҳолат бўлади. Худо кўрсатмасин, эркак бемор бўлиб оила тебратишга лаёқатсиз бўлиб қолиши ёки эр ишсиз қолиши, умуман ҳеч ким юз беришини истамайдиган бирор воқеа бўлиши мумкин. Шундай пайтда аёл ҳеч қандай касб-ҳунар эгалалмаган, маълумотсиз уй бекаси бўлса, рўзғорнинг аҳволи қандай кечади? Уйланиш остонасида турган йигитлар, келин тушириш ниятида юрганлар балки шуларни ҳам ўйлаётган бўлишса ажаб эмас. Ҳарқалай, одамларнинг дунёқараши ўзгарди.
Бизнингча биргина бу эмас, аёл кишининг маълумотли, илмли, касб ё ҳунар эгаси бўлгани оила учун нафақат моддий, балки маънавий томондан ҳам фойдали. Эркак кишига “кўчанинг одами” деб нисбат берилади. Оиланинг моддий таъминоти, рўзғор тебратиш эркак зиммасидаги вазифа экани ўғил болаларга улар жуда ёшлигидан ўргатиб борилади. Аёл, она эса уйнинг бекаси, рўзғорнинг эгаси. Эркакнинг топганини саранжом-саришталик билан сарфлаш, болалар тарбиясига масъулият билан ёндашиш ўз-ўзидан аёлнинг зиммасига тушади. Бола тарбияси анча-мунча иш эмас. У кишидан маънавият, масъулият ва педагогик-психологик билим талаб этади. Бу борада эса аёл кишининг ҳам уқувли, ўқимишли, қайсидир касб ё ҳунар эгаси бўлиши нур устига аъло нур бўлади.
- Йигитларнинг ўқимишли қизга уйланишни исташини фақат моддият билан боғлаш нотўғри,- дейди айни мавзуда муносабатини билдирган юртдошимиз Садриддин Зиёмов.- Мен келгусида ўзим уйланадиган қиздан
Олий маълумотли уй бекаси
ясаб оламан. Яъни, албатта олий ўқув юртида ўқиган, олий маълумотли ўқитувчи ё шифокор қизга уйламан. Тўйдан кейин рафиқамни ишлатмайман. Худо фарзандлар берса, болаларимизни тарбиялаб уйда ўтиради. Аёл киши ишлаган билан ҳеч нарсани қойилатмайди. Аёлнинг вазифаси –жамиятга керакли, ақлли, доно, билимли, кучли фарзандларни тарбиялаб бериш...
Бу фикрларда ҳам жон бор. Ҳартугул, бўлажак келиннинг ойлик маоши, даромади чамаланмаган тақдирда ҳам тарозининг маънавият қўйилган палласи касб-ҳунарли қизларда устунлик қилади. Бу оила мустаҳкамлигини белгиловчи мезон, албатта. Хўш, қизлар-чи, бу борада қизлар қандай йигитларни танлайди? Олий маълумотли қизларнинг танлови қандай йигитларга тушяпти?
Айрим ҳолларда қизлар ҳам ўқимишли, касб-ҳунарли, олий маълумотли йигитларни бўлажак умр йўлдоши сифатида маъқуллашади. Бироқ ҳаммавақт ҳам ўқимишли қизларнинг ўзига муносиб жуфт танлаши маҳол. Балки бу- олий маълумотли қизларнинг ўзига баланд баҳо бериши, ҳаётда дипломини инсонга зарур нарсалардан кўра устун билиши билан боғлиқмикан, деган ўйга боради киши.
- Эркак кишининг маълумотли бўлгани яхши, лекин жуда унчалик шарт эмас деб ўйлайман,- дейди Муҳаббатхон исмли жувон.- Аввало эркак киши пул топишни уддаласин, меҳнатсевар бўлсин. Аёл киши олий маълумотли, топармон-тутармон бўлгани билан пулида барака бўлмайди. Барибир эркак кишининг топгани баракали. Ўқимишли аёл оила, рўзғор тутумини, эрнинг ҳурмат-иззатини ўрнига қўйишни яхши билади. Бу менинг фикрим...
Бизнингча эса, жуфтларнинг иккиси ҳам касб-ҳунарли, маълумотли, маънавиятли- маърифатли бўлгани яхши. Бундай кишиларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, заковатли инсонларнинг оиласи мустаҳкам бўлиши бошқаларга нисбатан осон кечади. Бу тоифа кишиларда масъулиятни ҳис қилиш, атрофдагиларнинг фикри билан ҳисоблашиш, мавқеига путур етказадиган ҳолатлардан нари юриш кўпроқ кузатилади. Бу бизнинг мулоҳазалар эди. Балки, сиз бошқача ўйларсиз?
ФАРЗОНА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 280 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар