Сайт бўлимлари
“Иккинчи хотинга уйланиш хатоми?”
Таҳририятга ўттиз беш ёшлар чамасидаги йигит кириб келди. Аввал гапни нимадан бошлашни билмай, хижолатланиб турган муштариймиз, бироздан сўнг ўзини ўнглаб олди-да, гап бошлади:
- Ўн беш йил олдин уйлангандим. Аёлим ҳавас қилса арзигулик. Тўртта фарзандимиз бор. Яқинда бир қиз билан танишиб қолдим. Унга уйланмоқчиман. Ўқиш, иш билан бўлиб шу пайтгача турмуш қурмаган экан. Биз яхши чиқишиб кетдик. Мен уни ҳурмат қиламан. Менимча яхши қиз. Аммо онам билан аёлим бунга жуда қаттиқ қаршилик қилишяпти. ҳеч ким мени тушунишни истамайди. Ахир бу шариатда бор нарса-ку. Мен биринчи оиламни, болаларимни ташлаб қўймайман. ҳозир танишган қизим билан ҳам муносабатларимиз узилиб кетишини истамайман. Унга уйланмоқчиман. Илтимос, менга маслаҳат беринглар. Мен тўғри қиляпманми?
Бурҳон ака, Қашқадарё вилояти:
Сиз хаёлингизни йиғиб олинг, укажон. Яхши иш қилмаяпсиз. Бундай савдолар айнан менинг бошимдан ўтган. Иккинчи хотин хотинлик қилмас экан. Унга пулингиз, мавқеингиз керак. Ўз аёлингиз рўзғорингизнинг бор-йўғига сабр қилади, чидайди. Иккинчи хотин ундай қилмайди. Иккинчи хотин бўлган аёл фақат ва фақат сизнинг пулингизга, молу дунёингизга ошиқ бўлади. Мен ҳам ёшлик қилиб анча йил олдин, қўл остимда ишлайдиган бир ҳамшира жувонни ёқтириб қолиб унга уйландим. Ўша пайтлардаги аёлим ва болаларимнинг ташвишини, қайғусини сўз билан ифодалаб беролмайман. Чиндан ҳам жуда қийналишганди. Айниқса, аёлим ҳам кўзга кўринган шифокорлардан эди. Бир томондан эрининг хиёнати, иккинчи томондан одамларнинг гап-сўзлари. Хуллас, рафиқам мард аёл экан. ҳаммасига чидади. Лекин мен адашдим. Қаттиқ панд едим. Ҳамшира жувонга уйланганимдан кейин ўз-ўзидан ишларим орқага кета бошлади. Топиш-тутишимдан барака кўтарилди. Хуллас, мансабимдан айрилдим. Ўша кезларда иккинчи аёлим менга хиёнат қилган экан. Мен аввал бошида шунга ўхшаган висир-висир гапларни эшитдиму, парво қилмадим. Аммо бир куни яқин дўстим деб билган одам билан ҳалиги ҳамширани хиёнат устида ушлаб олдим...
Уйга қайтдим... Рафиқам ва фарзандларим бағридаман. Хатоларимни эсласам, ўзимдан уялиб кетаман. Сизга ҳам маслаҳатим, кўзингизни вақтида очинг, укажон! Кўз очиб кўрганингиз, ўз бахтингиздан қўймасин! Кўчадаги барибир кўчада қолиб кетар экан...
Салима ая, Тошкент шаҳри:
Болам, сен ўша қизнинг кимлигини, насл-насабини тузук биласанми ўзи? У шунчалик яхши қиз бўлса, нега шу пайтгача турмушга чиқмабди, деб ўйлаб кўрдингми? Гапинг тўғри, бу нарса шариатда ҳалол, Аллоҳ изн берган, аммо сен шариатда кўрсатилган фарзларнинг барисига риоя қиласанми, бажарасанми? Ёки пешонанг бирор марта сажда кўрмай, мусулмончиликнинг жилла қурса битта амалини бажармай, хотинни иккита қилиб, қилмишингни мусулмончилик билан изоҳламоқчимисан? Ўйлаб кўр, болам, қўш хотинлининг қай бири ҳаловат топибди? Сен шу йўлда ҳаловат бор деб ўйласанг, ўзинг биласан. Майли, уйланавер ўша топган қизингга. Лекин сен ўшангга уйланиб хотиржам бўлишингга ўзинг ҳам ишонмаганинг учун бугун сайт орқали маслаҳат сўраяпсан, деб ўйлайман. Ўзингга қара, топганинг биринчи аёлингдан ижобий сифатлари билан устун турадими? Унга уйланганингда аёлинг “Шумиди мендан ортиқ кўрганинг?!” деб энса қотирмайдими? Аввал ана шу саволларга жавоб топсанг, “нима қилсам экан” деган сўроғингга ҳам ўз-ўзидан жавоб топилади!
Камолиддин ота, Самарқанд шаҳри:
Менимча бу йигит савоб иш илмоқчи. Мен сизнинг ишингизни оқламоқчи ҳам эмасман, қораламоқчи ҳам эмасман. Менимча бу борада маҳаллангиз масжидининг имоми биланми, бирор диний илми бор одам билан маслаҳатлашганингиз маъқул. Билишимизча бунга рафиқангиз ҳам рози бўлиши керак. Сиз эса аёлингиз билан онангизнинг норози эканини айтяпсиз. Норозилик бахт буюрармикин? Ақлли йигитга ўхшайсиз. Бу борада яна-да чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўринг.
Хуршида, Тошкент шаҳри:
Оилали аёл сифатида бу йигитнинг ишини ҳеч қанақасига оқламайман! Ўн беш йил бирга яшаб, тўрт болали бўлгач бу кишига хотини ёқмай қолибди-да! Аёлини ҳурмат қилмаса, ҳеч бўлмаганда тўртта боласини қадрласа бўларди! Онаси қайғуга ботиб юрса, болалар қандай қилиб қувноқ юради? Йигитнинг онасига ҳам қойил қолмадим, қандай қилиб ўн беш йилдан бери хизматини қилиб юрган келинини ўғли хўрлашига чидаб туролди экан? Шу ўн беш йил ичида бирор марта ҳам “қизим” демадими келинини? Мен бошқасини билмайман, оилали эркакка илакишадиган қиз-аёлларнинг мақсади битта- бу ҳам бўлса моддий тўкинлик! Шунга ўхшаш воқеа бир танишим билан ҳам юз берганди. Ўзига тўқ, пулдор танишимга бир қиз йўлиқибди. ғиз бева онасига ёрдам бериш, етим укаларини боқиш учун танишимнинг хусусий корхонасига ишга кирган экан. Бир пайт эркакнинг ўн етти яшар, коллеж талабаси бўлган қизга уйланигиси келиб қолибди-да! Нима эмиш, қизни никоҳига олиб унинг оиласига ёрдам берармиш. Савоб қилармиш. “Сен савоб қилмоқчи бўлсанг, ўн етти яшар қизга уйланасанми, эркак?! Ўша қизининг онаси билан тенгқур экансан, онасини никоҳингга ол!” дейдиган мард йўқ-да! Хуллас, мен бу йўлда нафсдан бошқа ҳеч нимани кўрмаяпман...
Анора, Андижон вилояти:
Шу кунларда ана шундай азобни мен бошимдан кечиряпман. Яъни эрим устимга уйланиб олган. Билмадим, одамнинг ўз айби, камчилиги кўзига кўринмайди. Балки менинг ҳам камчилигим бордир, хатоларим бордир. Лекин бир хотин эплаши керак бўлган, бир аёлда бор бўлган ҳамма нарсам бор. ҳамшираман. Пазандаман, уй-жойимни саришта тутаман. Эримни яхши кўраман. Тўртта ўғлимиз бор. Эрта –индин бировнинг эшигини қоқиб, келин олиш ҳаракатидамиз. Шундай пайтда эримнинг бир хотинга илакишиб, камига унга уйланиб олгани мени ўртаяпти. Бошида эрим буни мендан сир тутган экан. Телефондаги “висир-висир” гаплашишлардан билдим. Роса хўрлигим келди. Эримга кўнглимдаги гапларни айтиб-айтиб ташладим. Эркакларга қойил қолиш керак, шунда ҳам уйланганини тан олмай “вақти келиб ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади” деяпти. Ўзимдаги ҳолатдан келиб чиқиб бу йигитнинг хотинига ачиниб кетяпман. Бу қадр, ҳурмат ва эътибор билан боғлиқ нарса. Фарзандини яхши кўрган эркак, унинг онасини хўрламайди.
ХОНЗОДА тайёрлади
P/S: Ўйлаймизки, лойиҳамизнинг биринчи қаҳрамони ўзлари учун зарур маслаҳатларни олдилар. Агар сизда ҳам саҳифа иштирокчисига айтадиган маслаҳатларингиз бўлса мақола қўйида ўз мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 193 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар