1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Кўзи ожиз

Кўзи ожизларга йўлда кўмаклашиш масаласининг объектив субъектив жиҳатларига тўхталинар экан, ўз ўрнида, уларнинг бу ёрдамдан фойдалана олиш-олмасликлари ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Жисмоний камчилиги қиёфаси, ҳаракатлари ва буюмларидан яққол сезилиб турган кўзи ожизлар кўмак қўлини ушлаб олишга осон муваффақ бўладилар. Бироқ кўзойнак таққан ва бошқа сабаблар туфайли кўзи ожизлиги билинмайдиган, юриш туриши соғлом кишиларга ўхшайдиганлар (айниқса, ҳасса тутмаган бўлса) соғломлар эътиборини ўзларига торта олишмас экан. Ёрдамдан қуруқ қолганлари етмагандек яна улардан транспортдаги ўтирган ўриндиқларин  бўшатиб бериш ҳам зўрлик билан талаб қилинади. Бундан равшан бўляптики, керакли манзилга муаммосиз етиб олишда кўзи ожиз сифатида тасаввур уйғотиш муҳим аҳамиятга моликдир.
Юқорида айтганимиздек, ўзаро муносабатнинг миннатдорлик ёки норозилик ҳисларини уйғотишида соғлом кишиларнинг маърифий, маданий даражаси, тасаввур доираси, миллати, эътиқоди, маълум маънода, ёши ва жинси ҳам аҳамиятли. Шуни доимо ёдда тутингки, сизга билим, ахлоқ жиҳатидан юксакликка эришган киши билан муносабатда бўлиш насиб этса, омадингиз чопгани ва кўнглингизда ёруғ из қолиши кафолатланганидан далолат беради. Бундай инсоннинг оламу одам моҳиятини теран англаши, барчани тенг кўриб, уларнинг қадр-қиммати, шаънини баланд тутиши, нозик ва таъсирчан кўнгил ила ҳисоблашиши, қолаверса, ўзининг-да ожиз банда эканини унутмаслиги бизни шундай қатъий хулосага олиб келган.
Бундай шахснинг диний эъти-қоди юқоридаги муносабатнинг узоқ ва тенг бўлишини таъминлайди. Кўзи ожиз бу жисмоний дардга Яратганнинг иродаси ва унга нисбатан муҳаббати боис йўлиққани, ҳар ким тақдирида ёзилганини кўришга маҳкумлигини англаб етган ҳолда ёндашар экан. «Аллоҳ яхши кўрган бандасига дард беради», деган фикр замирига катта ҳикмат яширинган. Чунки дард банда иродаси, сабр-бардошини синаш, синовда енгиб, ажрга эри-шишини таъминлаш хоҳиши ила берилса ажаб эмас... Зотан, инсон дард кечириш, унинг машаққатларида тобланиш билан юксалади!

Таъкидлаш жоизки, кўриш бўйича (балки бошқа турдаги) ногиронлар ҳақида ўзгача фикрловчилар ҳам бор. Уларнинг назари-да, нуқсон ота-она ёки бошқа яқинлари иўл қуиган гуноҳлар эвазига берилган илоҳий жазодир. Бундай қараш бежиз туғилмаган ва у бевосита диндан озиқланган. Бошқа мулоҳазаларга кўра, банда қилган гуноҳи эвазига Худо қаҳрига учраб, ногиронликка мубтало бўлади. «Худо уриб қўйибди» иборасининг илдизи балки шу ердадир. Бир ўзбек романида шундай сюжетга дуч келганимиз унинг анча кенг томир отганини кўрсатиб турибди. Энг маъқул йўл кўриш ногиронларига дард ўқидан яраланган, юксак матонат билан, шукрона келтириб яшаётган инсон сифатида муносабатда бўлиш. Қолаверса, ҳеч биримиз яратилмишнинг хасталикка дучор этилиш сабаби ҳақидаги илоҳий сирдан огоҳ эмасмиз. Ўзганинг касрига қолганида ҳам унинг айбсиз экани, бу савдо бандаларни тўғри йўлга қайтариш учун бошга солинганлигини эътироф этишга бурчлимиз. Яна бир қарашга кўра, кўзи ожизлар билан мулоқот қилиш уларни бахтсиз, ҳатто худди шу дардга чалинишга олиб келармиш. Бундай аҳмоқона қарашлар фикрлаш маданиятининг шаклланмагани туфайлидир. Нотўғри тасаввурларнинг йўқ бўлиши айни маданиятни ўстирибгина қолмай, кўп дилхираликлар олдини ҳам олади.

Кузатишимизча, миллий менталитет ҳам кўзи ожизларга кўрсатилажак муносабатга таъсир ўтказар экан. Кўчада мустақил юрувчи қисматдошларимиз кўпроқ русларнинг вазиятни яхши тушуниши, ёрдамга ошиқиб, рисоладагидек адо этишини айтишди. Салкам 20 йилдан буён ташқи кўмаксиз ҳаракатланадиган тарихчи Эркин Абдуллаевнинг айтишича, русларнинг мункиллаб қолган кампирларигача оғирингизни енгиллатиш пайида бўлади. Биз бу билан асло ўзбекларни айбламоқчи эмасмиз. Аслида, меҳр-оқибат кўрсатиш, савоб илинжида кўнгил овлашу ҳожат чиқаришда миллатимизга етадигани йўқ. Ҳатто халқимиз бошқаларда топилмайдиган кўп устунликларни қамраб олувчи бетакрор миллий қиёфага эга. Фақат баъзиларигина маълум сабаблар боис кўзи ожизларга кўмаклашиш-да бироз нофаоллик кўрсатишади. Сабаблар эса тасаввур, тушунчанинг нотўғри, тор экани, ҳолат чуқур ҳис қилинмаслигию «ўзингни бил, ўзгани қўй» ибораси онгга сингиб кетганидадир. Дарҳақиқат, айрим ўзбеклар, айниқса, аёллари кўпроқ елиб-югуриш, оила ташвишлари билан банд бўлишгани боис атрофдагиларга бироз бефарқ қарашади. Демак, яшаш тарзи, вазиятга ёндошиш мезонларидаги турфалик ҳамма нарсага, ҳатто эзгу ишлар ижросига ҳам таъсир қилади. Лекин беш бармоқ баробар эмаслигини ҳам ёдда тутиш лозим. Қолаверса, бу нисбий ҳолат.

Кўзи ожизлар билан турли ёш ва жинсдаги кишилар муносабат-да бўлишади. Балки айнан шу турфалик муносабатнинг ижобий ё салбий бўлишини белгилар? Ёши катталар ҳаётда кўпни кўрган, уни кенгроқ тушунади, ёши кичиклар эса тажрибасизлик қилиб, воқеликка енгил-елпи қарашади. Ап-батта, кўзи ожиз таниш ёки қариндоши бор ёшлардан ташқари. Юқорида биз жинсни муносабатга таъсир кўрсатувчи омиллар сафига киритгандик. Бир кўзи ожиз қиз ҳикоясича, у ҳасса тутиб йўлда кетаётганида жинсдошлари ўрнига ўғил болалар жонига оро кирар экан. Албатта, бу ҳар бир кишининг ички «мен»ига боғлиқ. Аммо таниқли руҳшунос Зигмунд Фрейд назариясига кўра, қарама-қарши жинс вакиллари ўзаро интилиб, жинсдошлар, аксинча, узоқлаша-ди. Бу фикр ҳаётда кўп бор тасдиғини топган. Масалан, онанинг ўғилга, отанинг қизга илиқ муносабати.

«Қарс икки қўлдан чиқади», деганларидек, кўзи ожизлар ҳам соғломлар эътиборини жалб қилиш, кўмакларидан баҳраманд бўлиш учун маълум талабларни бажаришлари керак. Яхши муносабат учун кийиниш, муомала, фикрий, ахлоқий маданиятда юқори савияга эга бўлишлари лозим. Назаримизда, кўзи ожизнинг масъулиятни соғлардан кўра кучлироқ ҳис қилиши, ҳамдардларининг манфаатини кўзлаб қадам ташлаши зарурга ўхшайди. Чунки у қолдирган таассуротга қараб соғлом мулоқотдошида кўриш ногиронларига оид умумий тасаввур шаклланади. Улар билан учрашишга мойиллик ё ўзини олиб қочиш ҳисси уйғонади. Бутунжаҳон кўзи ожизлар Иттифоқи чоп этган қўлланмада қайд этилишича, кўришдан маҳрум инсон, қаерда бўлишидан қатъий назар, ўзини атрофдагиларга барча кўзи ожизларнинг вакили сифатида кўрсатиши, моҳир, уддабурро, билимдон, ҳар иш ва соҳада юксакни кўзлайдиган кишилар эканига ишонтириши лозим. Оддий ҳассадан усталик билан фойдаланувчи тақдирдош ҳам модел ролини яхшигина ижро этиши ва шу орқали соғлом кишиларга салмоқли ахборот улашиши мумкин.

Хуллас, жисмоний зидликка асосланган муносабат доим ҳам муваффақиятли бўлавермаслиги, гоҳо ярим йўлда тўхтаб қолиши маълум бўлди. Агар икки томон ҳам талабларга риоя қилса, қурилаётган кўприк мустаҳкам ва умри узоқ бўлади. Орамизда ўзини муносабат барпо этса соғломлик мартабасидан тушиб қоладигандек тутадиган кишилар ҳам бор. Бундайлар қалбга берган унутилмас зарбалари билан ёдда қоладилар. Айримлар эса кўприкни амаллаб қурадию, гарчи кўзи ожиз бундан манфаатдор бўлса-да, тезроқ бузилишини истаб қолади. Биз эса кўриш нуқсони бўлган ва бўлмаган кишилар ўртасида ғов туғилмаслиги, бақувват кўприклар сони яна-да ортаверишига астойдил тилак билдирамиз. Ажаб эмаски, шу тилак кўзланган мақсадни забт этиш йўлидаги биринчи ва қутлуғ қадам бўлса!

Нодира ЗОКИРОВА

Ҳозир сайтимизда 347 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ