Сайт бўлимлари
Одамлар нега лоқайдлашиб бормокда?
...Бекатда башанг кийинган бир тўп ёшлар қирсиллатиб писта чакяпти, оёқлари тагига қараб бўлмайди. Яна бир чиройли қиз музқаймоқ қоғозини ғижимлаб туриб, четроққа ташлаган бўлди. Рўпарадаги ариқча ўз қолига ўзи юм-юм йиғлаб ётибди. Нарироқда кимдир томоғини қириб, боплаб туфлади. Яна уч-тўртта азамат атрофидаги одамларни унутганича, қайсидир улфатларини бири олиб, бири қуйиб роса сўкишяпти. Ариқчанинг нариги томонида турган такси ҳайдовчилари ёнларидан ўтиб кетаётган қизнинг қадди-қомати ҳақида пардасиз мақтовлар изҳор этиб қолишди... Манави икки қиз ҳалитдан бери имтиҳонларнинг бугунги нархларидан баҳс юритарди...
Бу каби кўринишларга ўрганиб қолганмиз: "Менга нима, бизга нима?" "Эътибор берма. Сенга нима? Балчиққа кесак ташласанг, бетингга сачрайди. Яхшиси қарама".
Ё Аллоҳ, одамзодга бундан ҳам оғирроқ жазо борми?! Ахир биз маърифатли ва маданий жамиятда, дунё таниган, тан олган бир мамлакатнинг пойтахтида яшаётган одамлар бўлганимиз ҳолда бу қандай кўргулик? Ичимда «Кимнинг ҳаққи бор, нима ҳаққи бор? Бу ғирт бузғунчиликку» дейман. Чунки нарирокда ахлат кутиси тургани ҳолда кўринишдан гулдек қизнинг қоғозни ерга ташлаши, сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари, анави дўкончанинг атрофига қараб бўлмайди-я. Ёнгинамизда ранггидек сап-сариқ иш кийими кийган фаррош хазонларни йиғиб юрибди. У ҳам одам, фаррошликдан кун кўради, бола-чақа боқади. Уни, меҳнатини кибру ҳаво билан оёқ ости қилиб, одам ўрнида кўрмаётганимизни бир зумгина ҳис қилсакчи. Бир кун келиб у ҳам, биз ҳам шу оёғимиз остидаги қаро ердан макон топажагимизни ўйлай олсак-чи. Ана ўшанда дунёдан шу қаро ердек тилсиз ва ҳокисор ўтган фаррош Яратган ва она Замин олдида барчадан азиз бўлса, ажаб эмас, кечади кўнглимдан...
Чет элда таҳсил олган талаба танишимиз Чилонзорнинг 22-мавзесидан бизнинг мавзегача яёв юриб келибди. Сўрашяпмиз-у, унинг кўзларида ёш. «Нима бўлди, биров хафа қилдими?» дейман. У хориждалигида Тошкентни соғинганидан: «Агар юртга оёғим тегса, фақат яёв юриб кўчаларни кезаман», деб ахд қилган экан.
—Шаҳар ифлос бўлиб кетибди, қадам сари ахлат уюми. Авваллари билмаган эканманми? Жуда ҳам хўрлигим келди. Азалдан шундай эдикми, опажон? Мени ёмон нарсаларнигина кўряпсан, чет элга берилиб кетибсан десангиз қаттиқ хафа бўламан, аммо...—дейди у куйиниб.
—Бизнинг маҳалламиз қандай экан?—сўрайман бу ажойиб йигитнинг сўзларидан таъсирланганимча.
—Жуда ёмон. Боғча, мактаб, болалар уйи бор экан атрофингизда. Ҳаво эса ифлосланиб кетибди, нафас олиб бўлмайди. Наҳотки, сизларга сезилмаса? —Ҳа, биз ураверсанг этимиз, сўкаверсанг бетимиз қотар, дегандек ўрганиб қолганмиз. Э, ўғлим, бир-икки, беш-ўн одам билан бутун бир мавзеда тозаликка эришиш қийин. Кўрганингиздек айрим «дом»ларнинг подъезларига бош суқиб бўлмайди, гўё бу ерларда одамларга ўхшаган бошқача бир жонзотлар яшайдигандек. Ҳар хил кераксиз нарсаларини, пўчоқлару қолдиқларини тепадан отиб ўтиришаверади. Истаган «дом»ингизнинг орқасига ўтиб қарашингиз мумкин. Узоққа бориб нима қиласиз, мана бизнинг «дом»имиз. Орқа томонни кўринг, ахлатхонага айлантириб бўлишган. «Дом»чиликда ўзига хос қийинчиликлар бўларкан. Орамизда инсоний қадриятларни тушунмайдиган, тушунишни истамайдиган, ичкиликка берилганлар, такасалтанглар, Ватан, юрт севгисидан йироқ, миннатга яшайдиган олифталар ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Бундайлар билан озодалик, болаларнинг тартиб-интизоми ҳақида гаплашиб бўлмайди. Эшигининг тагигача фаррош супиришига ўрганиб қолган, турли миллат аралашган жойда, шукр биз кўп миллатли мамлакатмиз, лекин бундай масалаларни ҳал қилишнинг ўзига хос қийинчиликлари ҳам бўлади, гапни дарров миллий масалага бурувчилар топилади.
Хуллас, умрида қўлига супурги тутмаган, аммо тепангиздан тўкиб ўтирадиган нусхалар, керак бўлса тилларини бир қарич қилиб, озодаликка "эътиборсиз ширкат"ларни танқид ҳам қиладилар. У ахлатини ариққа ташлайверсада, ширкат келиб тозалаб берса?! Қани энди атрофмуҳитни тоза тутиш ҳақида кескин қонунлар қабул қилиниб, «дом»ларда ит сақлайдиганлар, ўтирган жойини булғаб ўтирадиганларга чора кўрилса, бу бошқа гап. Баъзи одамлар шу даражага боришганки, кўча эшик олди у ёкда турсин, ўзи яшаб турган подъездларда бошига тегиб турган исқуримни олиб ташлай демайди. Маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, қўлларида супурги, подъездларни тозалашгача боришди. Кўриб турибсиз, сиз орзулаган юқори маданиятга етишиш ҳали-бери бўладиган иш эмас. Лекин ноумид эмасмиз...
Меҳмон гапларимни ҳазм қилолмади шекилли: «Наҳотки мен ақлимдан адашаётган бўлсам,— дерди унинг ҳайрон нигоҳлари.— Наҳотки мен гўзал Тошкентга эмас, ўзга сайёрага тушиб қолдим?" —Хафа бўлаверманг, сиз мавзеларнинг ичкари томонларини кўрдингизда. Сал нари чиқсангиз, кўзингизни яйратадиган, гулларга бурканган катта кўчалар, обод хиёбонлар, озода жойларимиз кўп. Юртини сиз каби севадиган, ичи жизиллайдиган ёшларимиз бор экан, Европа деганингиз нима бўпти, келажакда тараққиётда улардан ўзиб кетишимиз ҳам мумкин,— дедим меҳмон йигитнинг кўнглини кўтариш учун. Аслида, орзуга айб йўқ, шундай бўлишини ўзим ҳам ич-ичимдан хоҳлаб турардим.
Раъно РАҲМОНБЕРДИ қизи
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 304 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар