1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Инсон нега ўлади?

 Қизиқ савол-а? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, инсон нега ўлади? Тўғри, бу саволга оддийгина қилиб: «ҳамма нарса ўлади, шунинг учун инсон ҳам ўлади-да!» деб жавоб бериб қўйишингиз мумкин. Баъзилар «Аллоҳ хоҳлагани учун», деб энг аниқ жавобни берган бўладилар. Аммо биз бу ўринда худди Ҳазрати Умар берган жавобни йўллаб, масъулиятдан қочаётган инсонни тергаймиз: «Худо хоҳлашини мен ҳам биламан...»

Яна озгина фикрингизни жамласангиз: «Инсонга ўлим шарбатининг тоттирилиши ҳаёт деб аталмиш умрнинг қийматини оширади!» деган ақллироқ жавобни йўлларсиз?! Жуда кўп китоб титкилаб, эҳтимол: «Одамнинг туғилиши унинг ўлимига сафар қилишидир» деб, Гётенинг таърифидан фойдаланарсиз? Жуда ошиб кетган илмлиларимиз айни пайтда моддият олами иккинчи даражали бўлиб қолганини германиялик руҳшунос олим Сафт Фридрих томонидан билдирилган хулоса билан изоҳлашар: «Инсон ўлим соатини ҳис қилиб яшаши лозим. Мавжуд нарса бир кун йўқ бўлар экан, инсон ҳам ўзини ана шу бир НАРСА эканлигини фаҳмлайди. Бу фаҳм, бу фаросат, бу идрок ҳар қанақа инсофли кишига ўз ҳаётини яхшиликлар асосида қуришга ёрдам беради. Ўлимнинг борлиги Европа қўрққаничалик аслида ваҳима эмас, балки саодатдир».

Балки япониялик машҳур олим Нагоки Сараяманинг бир нуқтага келиб жам бўлган мулоҳазаларини рўкач қиларсиз: «Ўлим руҳ мавжудлигига энг яхши далилдир. Руҳимиз баданимизга жойлашган заҳоти ҲАЁТИМИЗ бошланган эди, ундан ажралиши билан ЎЛИМ деган мавҳум ҳолатга дуч келади. Ўлимдан қўрқиш керак эмас, балки уни ўрганиш ва уни тушуниш керак. Ўлимнинг қора рангларда тасвирланиши ҳам аслида тўғри қарор эмас. Чунки ўлимнинг ҳақиқати ҳаёт ҳақиқатига қараганда жиддийроқ. Чунки биз ҳеч қачон эртага қандай гўдак дунёга келишини билмаймиз, аммо кимларнинг ўлим соатига рўбаро келишларини аниқ биламиз. Фақат қачонлиги биз учун сир. Ҳаётий тажрибалар ва илмий изланишлардан олинган хулоса шулки, кимки ўлимни яхши кўрса, ҳаётни ҳам севади. Кимки ўлимни ёмон кўрса, ҳаётни ҳам яшай олмайди!»

Ёки швециялик машҳур доктор, замонавий файласуф Герберт Хендерссоннинг жуда ҳам қизиқ хулосаларини сочарсиз «илмий дастурхонимиз»га: «Бир инсон туғилишидан олдин унга ҳаёт берилиши ҳақида маълумот берилмаганидек, яшаётган кишига ҳам ўлимининг қай соатда рўй бериши хусусида маълумот кўрсатилмайди. Бу сирлилик инсон умрининг зийнатли ўтишига ёрдам беради. Агар инсон ўз ўлими соатини аниқ ёки тахминан билса ҳам, ҳаётнинг таъмидан шира йўқоларди. Баъзи инсонларнинг келажак ҳаётларини билиш учун фолбинлар олдига боришлари дунёдаги энг аҳмоқона ишдир. Чунки фолбин бу келажакни аниқ айтиб бера олмайди, иккинчидан, келажакни билган инсонга яшашнинг мазаси қолмайди. Менга ўлимнинг мавжудлигидан кўра, унинг қачон ташриф буюришини ҳеч ким билмаслиги ёқади. Ахир, бугунги кун шиддати, башар фарзандларининг мол-дунёга бўлган ўчликлари, яхши ва ёмон ўртасидаги жанжаллар ҳамда муҳаббат аталмиш ришталарнинг мустаҳкам ўрнатилиши айнан ЎЛИМнинг мавжудлигидан эмас, балки унинг соати бизга тайин бўлмаганидандир. Мен ўлимни ўрганганим сари, уни яхши кўриб кетяпман!»

Ҳа, ўзингиз сезмаган ҳолда, мазкур саволга асосан ғарбликларни ҳужжат қилиб жавоб бердингиз. Дарҳақиқат, бугунги кунда ўлим ҳақида бутун дунёда баланд овозда сўзлаш бошланди. Олдинлари Европа бу ҳақда гапиришни хуш кўрмасди. Гўё улар ўлим хусусида сўз очишса, ўша заҳоти ўлим фариштаси етиб келиб, бўғзиларидан оладигандек... Аммо дунё неъматларининг сарҳилларидан татиб кўриб ҳам ҳақиқий лаззат таъмини топа олмаган Ғарбга энди руҳоният керак бўлиб қолди. Шу боис бўлса керак, Европанинг катта-катта давлатларида ўлимнинг моҳиятини очиб берадиган йиғилишлар ўтказилмоқда. Забардаст ёзувчилар ўлим ҳолати ҳақида юзлаб асарлар битишмоқда. Голливуд ҳам охирги пайтларда шу мавзуни кенг ёритишга киришди. Хуллас, ўлимни ўйламаслик натижасида ўлимдан жуда ҳам ёмон қўрқиш вужудга келишини Европа англаб етди. Ўлимдан қўрқмасликнинг ягона йўли уни ЭСЛАШЛИК эканлигини ҳозирда ҳамма тушуниб улгурди.

Энди дабдурустдан сизга бир савол ташлайман: Сизнингча, биз нима учун шу мавзуни олиб чиқдик?

Озгина сукунатдан сўнг жавобини берсак:

Ҳатто дунёнинг қулига айланиб қолган, моддиятни руҳиятдан устун қўядиган «кўҳна» ва «сеҳрли» қитъада ҳам ўлимни эслаш урфга айланаётган экан, НЕГА ЭНДИ БИЗ БИР-БИРИМИЗНИ ЎЛИМ ДЕБ АТАЛМИШ соатдан огоҳ қилмаймиз? Нега энди биз аниқ келадиган ўша онни бир-биримизга эслатмаймиз? Кўп гувоҳ бўлганман, айнан шу мавзу бошланса, «қўй, яхши гаплар ҳақида гапир», дейилади. Йўқ, азизим, бундан яхши гап бўлиши мумкин эмас. Сизга бўлиши амримаҳол нарсалар ҳақида сўзлаган маъқулми, ёки келиши аниқ бўлган, аммо – қизиқ томони – қачон келиши ҳамиша сир сақланган ҲАҚИҚАТни гапирган яхшими? Хуллас, танланг! Танлашдан олдин ҳаммамиз учун муҳтарам бўлган фахри коинот с.а.в.нинг машҳур сўзларидан иқтибос келтирсак.

Саҳобалар бир инсон ҳақида «у яхши инсон», деб қолишди. Пайғамбаримиз с.а.в: «Ўлимни эслаб турадими?» дедилар. Саҳобаларнинг «ҳеч ҳам эслай олмаймиз», деган жавобларидан сўнг, ҳабибимиз с.а.в: «У ҳолда яхши деманглар», деб марҳамат қилдилар. Бу ривоятдан кейин бошқа изоҳларни четга суриб қўямиз...

Ҳозир сайтимизда 342 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ