1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Юздаги нур

Эшитганмисиз, баъзи одамларга нисбатан «унинг юзидан нур ёғиб туради», «унинг фариштаси бор» каби антиқа таърифлар ишлатилади. Бу таърифлар нима маъно англатишини, уларга қандай эришиш мумкинлигини билмоқчимисиз? Унда бутун эътиборингизни бизга қаратинг, одатимизга мос тарзда сизга ҳозир шу мавзуда кичик бир ҳикоя тақдим этилади.

Қадим замонда, жуда ҳам совуқ кунлардан бирида кекса йўловчи катта дарёнинг олдида қолиб кетибди. Шундоққина дарёнинг нариги томонидаги қишлоғига етиб олиш учун у муздек сув қоплаган дарёни кечиб ўтиши, бунинг учун эса унга бирон бир отлиқнинг ёрдами керак экан. Устидаги кийими юпун, соқолларини қиров босиб улгурган, дир-дир қалтираб, кекса йўловчи то кечгача дарё бўйида турибди, аммо биронта отлиқ кўринмабди. Икки-уч маротаба ўзи сувдан ўтишга уриниб кўрибди, аммо кийимларини ҳўл қилиб, бадтар музлаганини ҳисобга олмаса, қирғоқдан узоққа кета олмади. Унинг бахтига қоронғу тушиш арафасида узоқдан от овози эшитилибди. Не кўз билан кўрсинки, бир гуруҳ отлиқлар дарёга яқинлашиб келишар, йўлнинг нариги томонига ўтиш учун саёзроқ жой ахтаришар экан.

Ниҳоят, отлиқлар чолнинг ёнидан ўта бошлашибди. Биринчи отлиқ ўтиб кетибди, чол унга эътибор қаратмабди. Иккинчи отлиқ ўтибди, чол ундан ҳам ёрдам сўрамабди. Тўртинчи, бешинчи, кетма-кет барча отлиқлар дарёни кесиб ўта бошлашибди. Аммо чол уларнинг эътиборини ўзига қаратишни хоҳламабди. Худди музлаб қолган қор одамдек индамай чеккада тураверибди. Ниҳоят, сўнгги отлиқ яқинлашгач, чол тилга кирибди.

- Яхши йигит, кекса одамни дарёнинг нариги томонига ўтказиб қўйишга ёрдамлашиб юбормайсизми? Бу дарёдан отсиз ўтишнинг имкони бўлмаяпти!

Отлиқ тўхтабди ва жавоб берибди:

- Албатта ёрдам бераман. Марҳамат, мингашинг!

Аммо кекса йўловчи совуқдан шу қадар ҳолсизланган эканки, отга мингаша олмабди. Отлиқ пастга тушиб, унга қарашиб юборибди ва нафақат дарёдан ўтказишга ёрдамлашибди, балки нариги томондаги қишлоққа – уйигача элтиб қўйибди.

Манзилга етиб келишганида чол отдан тушар экан, отлиқ уни саволга тутибди:

- Маъзур тутасиз, агар қарши бўлмасангиз битта саволим бор. Биз ўн иккита отлиқ эдик. Тўйга кетаётгандик. Мен энг орқада келаётганимга қарамай, сиз бошқалардан эмас, айнан мендан ёрдам сўрадингиз. Олдиндаги ўн битта отлиқни эса тўхтатганингиз ҳам йўқ. Мени қизиқтираётган нарса – нима учун аввалги отлиқлардан эмас, айнан энг орқадаги отлиқдан ёрдам сўрадингиз? Агар мен йўқ деганимда, ўша ерда қолиб кетардингиз-ку!

Чол отдан тушиб, отлиққа миннатдорчилик билдирибди ва кўзларига тик боқиб, жавоб берибди:

- Мен анча кексайиб қолдим. Ким ёрдам бериши мумкинлиги, ким ёрдам бермаслигини фарқлай оламан. Ростдан ҳам дарёнинг олдида анча туриб қолдим. Ҳатто икки марта ўзим ўтишга ҳам ҳаракат қилдим, аммо фойдаси бўлмади. Кейин отлиқлар пайдо бўлишди ва мен уларга диққат билан қарадим. Олдиндаги ўн битта отлиқнинг биронтасида менга эътибор сезилгани йўқ, биронтасининг кўзида меҳр кўринмади. Аммо сен менга бошқача қарадинг, кўзларингда меҳрибонлик сезилди. Шунда дарров ўрнимдан туриб, ёрдамга чақирдим. Аввалгилардан ёрдам сўраш бефойда эди, шунинг учун уларга ҳеч нарса демадим!!

Чолнинг гаплари отлиққа таъсир қилди ва у чолга миннатдорчилик билдирди:

- Мен сизни дарёдан олиб ўтиб қанча ёрдам кўрсатган бўлсам, сиз шу бир оғиз гапингиз билан менга ундан ҳам кўпроқ ёрдам бердингиз. Бундан буён мен энди ҳеч қачон атрофга беэътибор қарамайман ва ёрдамга муҳтожларга доим қўлимдан келганича кўмаклашаман!

Бу эртакнинг хулосаси шундан иборатки, ёрдам шу ёрдамни беришга хоҳиши бор одамлардан сўралади. «Нима учун мендан ҳеч ким ёрдам сўрамайди, нимага мен ёрдам бериш учун ҳеч кимни топа олмайман?» деб ақллилик қилишдан аввал ўзимизга савол берайлик-чи, биз бошқаларга ёрдам беришни ростдан ҳам хоҳлаймизми?

Чиндан ҳам, агар инсон бошқаларга ёрдам беришни ич-ичдан холис хоҳласа, бу унинг юз-кўзидан билиниб туради. «Юзидан нур ёғилади», «Фариштаси бор» деган гаплар айнан мана шу хусусиятли кишиларга нисбатан ишлатилади. Доим қовоғини солиб юрадиган, бўлар-бўлмасга жаҳли чиқаверадиган одамлардан бошқалар зарурат туғилса ҳам ёрдам сўрашмайди. одам аввал ўзининг нафсини бошқаларга ёрдам бериш учун тайёрлай олмоғи, кейин эса ёрдам бериш учун одам ахтариши мумкин. Ҳукамолардан бири мана бу ибратли сўзни айнан шу мавзуда ҳикоя қилгандек гўё:

«Балхлик бир йигит менга: «энг яхши одамларингиз ҳақида гапириб бергин», деган эди, мен айтдим: «Топсак еймиз, топмасак сабр қиламиз». Шунда у деди: «Бизда Балхнинг итлари шундай қилишади, биз эса топмасак сабр қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз».

Ҳозир сайтимизда 345 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ