1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ихтирочи керак!

Олимларга ҳам ҳайронман. Умрларини илм фан, кашфиёту янгилик яратишга бағишлашади. Йиллаб лабароторияда, зах хоналарда микроскопга тикилиб, юлдузларни кузатиб, сон саноқсиз тажрибалар ўтказиб бир нимлар ясашади. Ихтиролар ўйлаб топишади. Инсонни ўрганаман деб аъзоларини “тит пит”ини чиқариб ташлашади. Ясамаган, қурмаган, бузмаган нарсалари қолмаган ҳисоб. Чумолининг ини ҳам, акуланинг маскани ҳам улардан махфий қолмаган. Осмонни ҳам, ерни ҳам, унинг қаърини ҳам текшираверадилар. Йиллар сочларини оқартирса ҳам, кўзлари хиралашса хам изланиш, янгилик яратишдан сира чарчамайдилар. Охир оқибат “Нобел”мийей, “Оскар”мийей деган мукофотларини, профессор, доктор, академик сингари унвонларни олишади. Минг раҳмат уларга! Лекин, тўғрисини айтсам, яхши, тажрибали, энг муҳими пухта ва аниқ иш қиладиган зўр ихтирочини қидириб юрибман. Нега дейсизми? Шунча нарсани аниқлаган олимлар биргина инсон дилида нима ўйлаётгани, сиз ҳақингизда нима фикрлар қилаётгани ҳақида шу пайтгача бирорта асбоб ясашмаган. Мана шунақа “антиқа ихтиро” ясай оладиган олим бўлса  илтимос, айтинг. Ғоямни икки оғиз сўз билан тушунтираман. Шуҳрат учун эмас, холис хизмат учун деб айтаман.  Майли қанча муддат кетсада ясаб берса бўлгани. Ҳажмига келсак, телефонлардан катта бўлмасин. Электр магнит тўлқинлари орқали инсон чиқараётган салбий ва ижобий энергияларни тутиб, экранда ёзув шаклида “SMS” қилиб чиқариб берса бўлгани. Пулига келсак... майли унисидан ҳам кўнгли тўқ бўлсин. Рози қиламан. Фақат мен сўраган ихтирони мен хоҳлагандай қилиб ясаб берса бўлгани...

Сиз нима дейсиз, агар шундай ихтиро кашф қилинса, зўр бўлар эдида! Ахир доим сизга кулиб турган инсонларнинг сохта табассумлари ортида нималар борлигини билиш, сизга қарши қандай режалар тузиб юрганидан воқиф бўлиш қизиқку! Шунда кўпгина муаммоларга дуч келмасмидик...

 

Раҳбарлар ҳузурига бемалол кириб бораверасиз... Ҳозир сўкармикан, ҳақоратламасмикан, ишимни тасдиқлармикан, ишга олармикан, қанча пулга битар экан деб юракни ҳовучлаб, портфелни чангаллаб ўтирмайсиз. Эшикдан кираётганда кичик аниқлагични ёқасиз. Яширин саломига яраша қўрқмай алик қайтараверасиз. Қарабсизки, сиз билан ўйнаб эмас, ўйлаб гаплашади, раҳбарлар ҳам!

 

Ҳамкасбларни ё “сохранитъ” қиласиз, ё “удалитъ”. Тўғрида, ким жойингизни эгалламоқчи, ким бошлиққа ёлғон яшиқ хабарлар етказяпти, ҳисобчи ойлигингиздан қанча “подоход” қиляпти, яна ким самимий ишлаяпти буни ҳам аниқлайсизда, яхшига яхши, ёмонга ёмон муомалани ўрнига қўясиз.

 

Бозорларда алданмайсиз. Ҳўкизни сигир деб, эчкини қўчқор деб пул топаётган даллоллар, “ока, буни устида ўзимга 200 сўм қоляпти” деб лоф ураётган сотувчилар, сочининг оқи билан бемалол тарозидан уриб қолаётган торозибонлар, чўнтагингизга бозордан чиққунингизга қадар ўн марталаб қўлини суқаётган киссавурлар, яхшисини кўрсатиб, эскисини “кийдираётган” олиб сотарлар, “адресс”и номаълум ҳайвонларни сўйиб, пуллаётган қассобларнинг бирортаси ҳам сизни лақиллатиб бўпти. Лўлиларни айтмаса ҳам бўлади. Мана шунақа!

 

Оилада “тиқ” этган товуш ҳам эшитилмайди. Қайнаб кутиб олаётган қайнонангизга, гап топиб, “керосин” сепувчи қайнисинглингизга, борингизда кулиб, йўғингизда тош отадиган овсинингизга, сиздан доим нолийдиган, яхши бека эмаслигингиздан “норози” хўжайинингизга, ё қиз кўраётганингизни ёхуд фарзандли бўлмаётганингизни юзингизга соладиган қариндошлар, иғвогар қўшниларга бир табассум қиласизу индамай кетасиз. Ширин овқатингизни заҳар дейишса ҳам, бефаросат, эпсиз деб айблашса ҳам, сиз етти ухлаб тушингизга кирмаган ювғинди гапларни ағдаришса ҳам хафа бўлмайсиз. Чунки сал олдин кўзларидан дилларидан чиқган энергия орқали аппаратдан ўқиб бўлгансиз. Шунинг учун ажабланмайсиз. Тайёр турасиз ва энг муҳими пачакилашиб, майдалашиб ўтирмайсиз. Кимга суюқ овқат, кимга қуюқ овқат, айтилмасидан илгари пиширишга киришасиз. Қарабсизки, нима хоҳлашса, ўша муҳайё. Тиқ этган товуш ҳам чиқмайди. Ажойиб-а!

 

“Дугоналар”дан ҳақиқий дугоналарни осон ажрата биласиз. Самимий жилмайиб, жонини фидо қилмоқчи бўлган сохта дўстларнинг юзларидаги жимжимадор қалин пардани бемалол сидириб олаверасиз. Сизни иғво қиладиган, ортингиздан сиз ёқтирмайдиган гапларни тарқатадиган, сиз “омонат” деб тайинлаган гапларни бошқаларга ёйиб юрган,  гўёки сизга ўзини меҳрибон қилиб кўрсатиб, чекаётган дардингиз, ютаётган аламингизни ҳис қилиб кўрмайдиган,  сизни гўёки зоҳирида ҳаммага мақтаётган, лекин ботинида обрўйингизни тўкиш, ўзини ақлли қилиб кўрсатишни асосий мақсад қилиб олган, ютуқларингизга “суюниб”, ичида ҳасад оловига минг бор ўзини уриб “куюниб” ётган, шахсий буюмларингизни бесўроқ титиб, кир қидириб юрган, кўзингизга лўқ қилиб қараб, киприк қоқмай ёлғон гапириб, виждони бир тебраниб қўймайдиган “дўстлар”дан дўстларни қийинчиликсиз аниқлаб олаверасиз. Қойилмисиз?!

 

Хуллас, қариндошми, маҳалладошми, ҳамкасбми, ҳаммасининг сиз ҳақингиздаги ўйларини билиб олаверасиз. Қани алдаб, қани энди панд бериб кўришсинчи! Асбобингиз шартта фош қилиб ташлайверади... Яшасин!

 

Астағфируллоҳ, алҳазар, тавба тавба! Худойим, нималар деб алжираяпман. Қанақа ихтиро, қанақа электр магнит? Бу бўлиши мумкин эмас. Чунки, Худойи таоло зоҳирга қараб ҳукм қилишга буюрган, бандалар қалбини ёриб нима бор, нима йўқ аниқлашга буюрмаган. Аниқлашга йўл ҳам қўймайди. Бу ҒАЙБ иши. У Ўзининг ҳузурида беркитилган дур мисоли. Майли, инсонлар қалби, ботини зоҳиридан тубдан фарқ қилсада, кулаётган кўзлар остида ғазаб, ҳасад, адоват, ҳиқду гина, аламзадалик, ёлғончилик, тилёғламалик, муросасизлик, дилозорлик яшириниб ётсада, биз Аллоҳ ва Унинг Расули буюргандек муомала қиламиз. Ботинига аралашмаймиз. Ёмонлик қилганнинг ёмонлиги ўзига, яхшилиги ўзига.

 

Шукр дейман, ўзимга келгач, хаёлларим тарқагач. Яхшиям шунақа асбоб яратишнинг имконияти бандаларга берилмаган. Агарчи, дилдагини аниқлайдиган асбобсиз шунча муаммо, шунча можаро инсонлар орасида тўлиб ётган экан, энди ўшандай қурилма ихтиро қилинса борми, бир-биримизни еб, тилга чиқмаган, амалга ошмаган ишлар учун судга берган, сўроқ қилинган, жавобгарликка тортилган бўлармидик. Унақада жиноий жавобгарликкка тортилмаган бирорта киши қолмасди.

 

Яхшиям, қалб иши, кўнгил кечинмаларимизни ҳеч ким ўқий олмайди. Ўқиса бирор кимсанинг кўзига қарашга уялган, ҳолатимиздан ҳижолат тортган, нафсимизнинг нақадар ғариб, нақадар пасткаш, нақадар бетарбия эканлигидан, руҳоний касалликлар “туб қўйиб, палак ёйганидан” шарманда бўлармидик...

Яхшиям, қалбдагини ўқиб кўрсатадиган қурилма кашф қилинмаган. Яхшиям, ғайб иши бўлмиш қалб кечинмалари бандаларга ошкор қилинмган... яхшиям...

Нилуфар Саидазиз қизи

Ҳозир сайтимизда 354 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ