1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Таомланиш одоби қандай?

  Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомда ҳозир бўлсак, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламасларидан олдин қўл чўзмас эдик. Биз бир марта у зот билан бирга таомга ҳозир бўлдик. Шунда бир жория худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди ва таомга қўлини узата бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўлидан тутдилар. Сўнгра бир аъробий худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди. Шунда у зот уни ҳам қўлидан тутдилар ва: «Шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди. У мана бу жорияни у орқали ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Шунда мен унинг қўлидан тутдим. Сўнг мана бу аъробийни у орқали ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Шунда мен унинг ҳам қўлидан тутдим. Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, унинг қўли жориянинг қўли билан менинг қўлимга тушди», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятни таомланиш одоблари ҳақида ўзига хос кўргазмали дарс деб номласак, муболаға қилмаган бўламиз.
Ривоятнинг аввалида ровий Ҳузайфа розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таом тановул қилишдаги одоблари ҳақида тушунтириш бермоқдалар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомда ҳозир бўлсак, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламасларидан олдин қўл чўзмас эдик».
Исломий одоб шуни тақозо қилади. Раҳбар, устоз, фазл аҳли доимо олдинда турадилар ва иззат-эҳтиром қилинадилар. Бунинг устига фазл аҳли доимо шариат кўрсатмасига мувофиқ иш қилганларидан уларнинг тасарруфлари бошқалар учун ибрат, ўрнак ва дарс бўлади. Албатта, фазл аҳлининг таомдан олдин икки қўлини яхшилаб ювиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиб, одоб билан ўнг қўлини таомга узатганини кўрган ёшлар ҳам худди у киши қилганидек тасарруф этадилар. Ислом таълимотларидан бир оз бўлса ҳам хабардор жамиятларда овқатланиш ана шундай файзли бўлишини ҳамма билади.
Лекин баъзи вақтларда овқатланишнинг исломий одобларини билмайдиган кишилар ҳам орага қўшилиб қолишлари мумкин. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу қилаётган ривоят ҳам худди ана шундай ҳолатлардан бири ҳақида. Келинг, биргалашиб у кишининг ҳикоясини эшитайлик: «Биз бир марта у зот билан бирга таомга ҳозир бўлдик. Шунда бир жория худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди ва таомга қўлини узата бошлади».
Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ бир гуруҳ саҳобаи киромлар таом ейишга ҳозирланиб турганлар. Таом ҳозир бўлса ҳам ҳали биров унга қўл ургани йўқ. Ҳамма Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўл узатишларини кутиб турибди.
Бирдан бир чўри қиз шошилиб келди-да, ҳе йўқ, бе йўқ, тўғридан-тўғри таомга қўл узатиб қолди. Бу савиядаги, шароитдаги, айтиш мумкин бўлса, етарли исломий тарбия олмаганларнинг ҳоли шундай бўлиши турган гап. Лекин уларга нисбатан бошқалар қандай муносабатда бўлишлари керак? Бу саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг тасарруфлари билан жавоб бердилар: «Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутдилар». Беодоблик билан таом ейишни бошлашига имкон бермадилар. Кутилмаганда яна... «...бир аъробий худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди. Шунда унинг ҳам қўлидан тутдилар».
Саҳрода ўсган аъробийлар ҳам баъзи одоб-ахлоқ масалаларида ўзига хос бўлишлари маълум ва машҳур. Мазкур аъробийнинг ҳам қорни оч бўлса керак, тўғридан-тўғри келиб, ҳеч нарсага эътибор бермай қўлини таомга чўзди. Унинг учун ўтирган одамлар ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам таом олдида эътиборсиз кўриндилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди жориянинг қўлидан тутиб таомдан тўхтатганларидек, аъробийнинг ҳам қўлидан тутиб таомдан тўхтатдилар ва қуйидагиларни айтдилар: «Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди». Яъни, шайтон Аллоҳ таолонинг исми айтилмай ейилаётган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди ва уни еяётган одамга шерик бўлади.
«У мана бу жорияни у ила ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди». Яъни, биз емоқчи бўлиб турган таомда шайтоннинг ҳаққи йўқ эди. У бу таомни ўзига ҳалол ҳисоблай олмас эди. Шунинг учун мана бу жорияни фитна қилиб, келиб таомимизни Аллоҳнинг исмини айтмай ейишга ундади ва шу орқали бу таомни ўзига ҳалол қилиб олмоқчи бўлди.
«Шунда мен унинг қўлидан тутдим». Аллоҳнинг исмини айтмасдан таом ейишига имкон бермадим. Бу ишдан кейин шайтон мақсадига ета олмади.
Лекин у «сўнг мана бу аъробийни у ила ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди». У ҳам Аллоҳнинг исмини айтмай таомдан еб, шайтонга хизмат қилиши ва таомимизни унга ҳалол қилиб бериши мумкин эди. Аммо «шунда мен унинг ҳам қўлидан тутдим». Унга ҳам Аллоҳ таолонинг исмини айтмай таом ейиш имконини бермадим. Шайтонни яна бир бор ноумид қилдим. Ҳа, буни яхши англаб олинг!
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, унинг қўли жориянинг қўли билан менинг қўлимга тушди», дедилар». Яъни, жория таомга Аллоҳнинг исмини айтмай қўл узатганда шайтон ҳам у билан бирга қўл узатган эди. Мен жориянинг қўлидан ушлаб таомдан қайтарганимда шайтоннинг ҳам қўлидан ушлаб таомдан қайтардим.
Ушбу ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганиб олиб, унга амал қилишимиз, билмаганларга ҳам ўргатиб боришимиз керак.

“Ҳадис ва Ҳаёт”, 16-17-жузлар

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ