1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Дунё ўзи шундай қурилган...

 

 

 

Ҳеч эътибор берганмисиз: қўлидан бошқаларга бирор яхшилик келадиган одамлар доимо зорланиб юришади. Эмишки, бир шогирдини ўз ўғлидан ҳам аъло кўриб, бор ҳунарини ўргатиб одамлар қаторига қўшганида у устозининг юзига оёқ қўйиб кетибди. Устоз розилигини олмай мустақил иш бошлаб юборгани ҳам майлию энди ҳамма ерда унинг шаънига бўлмағур туҳмат-бўҳтонларни тарқатиб юрган эмиш.
Ёки бошқа бир одамнинг ҳасратига қулоқ солинг: «Жияним акамдан эрта етим қолди. Ўзим боқиб катта қилдим, ўқитдим, ҳунар ўргатдим, уйлаб-жойладим. Хотинчасининг сўзига кириб алоҳида яшайман, деганида рози бўлиб, бошқа ҳовлига чиқардим. Энди ҳамма ерда «дадамдан қолган пулни бермай ўзлаштириб юборди» деб гап тарқатиб юрганмиш. «Етим қўзи асрасанг оғзи-бурнинг мой этар…». Инсон зоти ўзи яхшиликни билмайдиган ношукр бўлар экан».
«Савобнинг кети мушкулот» деган гап бекорга чиқмаган. Ҳақиқатан бировга яхшилик қиласиз, аммо ундан жавоб қайтмайди, келса ҳам яхшилигингиз эвазига ёмонлик кўрасиз. Бировга раҳм қилиб қарз берасиз, ололмай қийналасиз, ҳатто унга душманга айланасиз. Бировга ёрдам қилиш учун битмаётган ишига елка қўйиб юборасиз, эвазига қуртдаккина қилиб айтишга ғанимларингиз ҳам ҳад қилолмайдиган «миннатдорчилик» ила сийланасиз. Биров билан дўстлашмоқчи бўласиз, аммо у «бир балоси бўлмаса менга нега суйкалади», деб сизни душманига айлантиради. Қийналиб қолган укангизга пул таклиф қилсангиз, орқаваротдан «бойваччалигини бошқаларга қилсин», деган нордонгина гап эшитасиз.
Бунга асло ажабланманг! Аллоҳ инсонларни шундай хулқ-атвор билан яратган. Шунинг учун ҳаётда кимга бўлишидан қатъи назар, одамларга яхшилик қилсангиз, мукофотини инсонлардан эмас, Яратганнинг ўзидан кутинг. Одамлар ҳеч қачон яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришмайди, миннатдор бўлишмайди. Аксинча кўп ҳолларда ғашлари келади, иззат-нафслари койийди, ҳасадлари кучаяди.
Одамлар ҳасаддан, кўролмасликдан, жоҳиллик туфайли, баъзида эса шунчаки бекорчиликдан бошқаларнинг ички оламига бостириб киришга, чўнтагидаги пулини санашга, сирларини билиб олишга ва ҳамма ёққа ёйишга, оила аъзолари ва яқинлари ўртасида гап ташиб, уларни уруштиришга ишқибоз бўлишади. Баъзан давраларда, суҳбатларда, мажлис ва маъракаларда одамларнинг ўзаро гап-сўзларига, суҳбатларига бир қулоқ солинг-а: «Фалончи манави ишни қилиб, кунига бунчадан пул топаётган эмиш, қизиқ, шунча пулни нима қиларкин?», «Пистончи бир ҳафтадан буён хотини билан гаплашмаётган эмиш, ахир қирқ йил аҳил яшаган эр-хотин нимада келишолмай қолдийкин?», «Анави амалдор жиянига катта вазифани бериб қўйибди», «Писмадончи ака хотини ўлгач, ўзидан йигирма ёш кичик аёлга уйланганмиш», «Фалончи пистончи билан қуда бўлмоқчи дейишади, икковини нима бирлаштирдийкин?» ва ҳоказо ва ҳоказо.
Гап-сўз қайнайверади, миш-мишлар урчийверади, ғийбатлар кўпаяверади, одамлар орасида совуқлик, шубҳа, гина-кудратлар илдиз отаверади. Ҳеч ким: «Ҳой яхши инсон, бировнинг ҳаёти, топаётган пули, бошқалар билан муносабатининг сенга нима қизиғию, иссиқ-совуғи бор, бошқаларнинг мусибати ва ташвиши нега сенга керак бўлиб қолди, бунинг ўрнига ўз ҳаётинг, турмушинг, битмаётган ишларинг, бажара олмаётган режаларинг ҳақида бош қотирсанг бўлмайдими, бекорга валақлаб юргандан кўра ҳеч бўлмаса китоб ўқи, билимингни ошир, бировга бирорта яхшилик қилиб қўй» деб айтолмайди. Аксинча унинг ғийбат-иғволарига қўшилади, миш-мишларга учади, ўзи ҳам хотиржамлигини йўқотади.
Инсон табиатида ўзи билмаган ва қилолмаган нарсага душманлик кайфияти устун бўлади. Ўзганинг ютуғини ёки имкониятларини тан олмаслик, бошқаларни инкор қилиш, ноиттифоқлик, неъматнинг қадрига етмаслик кўпчилик инсонларга хос бўлган хислатлардандир. Агар  гўзал ишларингизни инкор қилиб, яхшиликларингизни тан олмай унутиб юборишса, улардан ўпкаламанг ҳам,  улар билан тўқнашиб-жанжаллашиб ҳам юрманг!
Одамлар кўпинча марҳаматингиз эвазига гина замбаракларидан ўқ отиб, ҳасад шамширларини яланғочлаб сизга душманчилик қилишади. Чунки уларга яхшилик қилгансиз-да. Одамларнинг табиати шунақа. Сиз-ку, бир бегона кишисиз, бундайлар ўзларини ёруғ дунёга келтирган, авайлаб ўстирган ота-оналаридан рози  бўлишмайдию, бир-икки яхшилик қилган сиздан миннатдор бўлишсинми?!
Тарих саҳифаларини бир варақлаб кўринг, ўтмиш донишмандларининг насиҳатларига қулоқ солинг: уларда ўғлини тарбиялаб, овқатлантириб, кийинтириб, озуқалантириб, илм-одоб бериб, боласи ухлаб олиши учун ўзи бедор бўлиб, боласи қорни тўйиши учун ўзи оч қолиб, боласи роҳатланиши учун ўзи ҳориб-чарчаб юрган отани кўрасиз. Ўғлининг мўйлаби сабза уриб, билаги куч-қувватга тўлгач отасига нисбатан худди қутурган ит каби бўлиб қолади. Отасини паст санаб, ўч олиб, оқ бўлиб, азоб ва балоларга гирифтор ҳолда вояга етади. Ўз фарзандингиз шундай қилиб турганидан кейин бошқалардан ўпкаланиб, хафа бўлиб юришнинг ҳожати бормикин?
Лекин бу ҳолат сизни асло чиройли ишларни тарк этишга, бошқаларга яхшилик ва ёрдам қилмасликка даъват бўлиб туюлмасин. Яхшиликларингиз барбод бўлиб, иродангиз чилпарчин  синганида эвазига хазинаси тугамайдиган Зот томонидан савоб, яъни мукофот берилишини ўйланг-да, қилган ишингиздан фахрланиб, хурсанд бўлаверинг. Шунинг учун кимга яхшилик ва ёрдам қилмоқчи бўлсангиз, буни Аллоҳнинг розилиги учун бажаринг. Буни қилишга имкон ва ихлос бериб қўйгани учун Унга мақтовлар айтинг. Шунда ношукрларнинг норозилиги ва маломати, инкор қилувчиларнинг худбинлиги ва разолати сизга зарар бера олмайди, кўнглингиздаги сакинат ва фароғатни йўққа чиқара олмайди.
Агар бир аҳмоққа ручка совға қилсангиз-да у сизни масхаралаб мақола ёзган, устингизга бўҳтон мағзавасини ағдарган бўлса, ёки бир чўлоқ кишига қийналмай юрсин деб ҳасса ҳадя қилсангиз-да у ўша хасса билан бошингизни ёриб қўйса ажабланиб, саросимага тушиб юрманг. Чунки инсонларнинг асли шудир. Шундай бўлгач, улардан ўпкалаб, ўзингизни қийноққа солиб юришнинг фойдаси бўлармикин? 
Агар сизда ғам-алам пайдо бўлиб қолса ўзингиздан бошқаларга яхшилик қилинг ва гўзалликни ҳадя этинг, шунда қийинчилик ва машаққатни унутасиз ва ажойиб роҳатни ҳис этасиз. Демак, маҳрумларга нарса улашинг, мазлумларга ёрдам беринг, қийинчиликка тушиб қолганни қутқаринг, очни тўйдиринг, касални бориб кўринг, жабрланганларга ёрдам қўлини чўзинг, шунда ҳамма томонингиздан бахт-саодат ва хотиржамлик ўраб олади. Яхшиликларни бажариб юриш худди хушбўй бир нарсага ўхшайдики, унинг кўтариб юрувчиси, сотувчиси, сотиб олувчиси, қўйингки барча  ундан наф олади.
Мовароуннаҳрнинг атоқли олими Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан олдин камбағал қўшниларининг болаларига овқат берар, ўз болаларини кийинтирмасдан олдин ўша яҳудийнинг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: «Ҳовлингни бизга сотгин», дейишди. Шунда яҳудий: «Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор. Кейинги минги эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун», деди. Кейинчалик ўша яҳудий Абдуллоҳнинг дуолари шарофатидан мусулмон бўлди.
Ибн Муборак карвонда ҳажга отланди. Йўлда кетаётиб, ахлатдан ўлик қарғани олиб уйига жўнаб қолган бир хотинни кўриб қолди. У хотиннинг изидан бир болани жўнатиб, аёлдан  ўлимтикни нима қилиши ҳақида сўраган эди, у: «Уч кундан бери егулик нарсамиз йўқ», деб жавоб берди. Ибн Муборак бу сўзни эшитиб, кўзларидан ёш оқди. Ва карвондаги нарсаларини қишлоқ аҳлига тарқатиб юборишни буюриб, ўша йилги ҳажни тарк этиб қайтди. Туш кўрди, тушида «Ҳажингиз мақбул, ҳаракатингизга ташаккур ва гуноҳларингиз мағфират», деб айтилди. 
Баъзан сал бошқачароқ ҳолатларга ҳам дуч келинади. Ҳаммага яхшилик қиласиз, барчага хуш муомалада бўласиз, фақир-ночорларга доимо ёрдам қўлини чўзасиз. Аммо эвазига улардан миннатдорчилик, раҳмат ўрнига ёмонлик кўрасиз, қўпол сўзлар эшитасиз, гоҳида душманлик қилишдан ҳам қайтишмайди.
Танишларимдан бири зорланиб қолди: «Ҳеч кимга ёмонлик қилмайман, бировнинг ишига аралашмайман, ҳеч кимнинг мушугини «пишт» демайману негадир ҳамманинг мен билан олишгиси келади, ҳамма ўзига душман санайди, барчанинг муносабати ёмон. Нима айбим бор, ҳеч тушуна олмайман». Эҳ содда инсон, ношукр кимсалар ўзларини яратган, ризқ берган, ҳамма неъматни муҳайё қилиб қўйган Парвардигорларидан ҳам норози бўлишадию, нега энди сиз ва бизга ўхшаган хатокор бандаларни айблашмасин?!
Чунки эҳтимол сиз улардан иқтидорлидирсиз, балки бойроқдирсиз? Ёки ғам-ташвишларингизни ўзгалар ҳузурида дастурхон қилишдан ийманиб, ҳамиша одамлар кўзида шод, масъуд юришга одатлангандирсиз? Эҳтимол уларга қараганда омадли кўринарсиз? Нима бўлганда ҳам улардан қандайдир устунлигингиз бор. Улар аламидан, ҳасадидан, кўролмасликдан сизни ёқтирмайди. Очиқ душманлик кўрсатолмаса ҳам, чекка-чеккада ғийбатингизни қилади, туҳмат гаплар тарқатади, обрўйингизни тўкишга уринади, ҳеч бўлмаганда бир ғашингизга тегиб қўяди.
Иммануэл Кант ёзганки, «Агар одамлар бир-бирларини бошдан-охиргача аниқ билишганида бир-бирларидан тирақайлаб қочган бўлишар эди». Шуни яхши билиб олингки, сиз ҳақингизда айтилган ёмон гаплар ҳеч қачон сизга зарар келтирмайди, аксинча зиёни ўша гапни тарқатганга етади.
Ўзингизни шунга тайёрлайверинг. Ҳар қадамда оёқдан чалишлар, фитналар, таъна-маломатлар, танқидлар, хусуматлар, ўч олишларга дуч келаверасиз. Чунки, сиз айримлар каби танбал, ишёқмас эмассиз. Одамларга фойдангиз тегиб турибди. Турмушда омадингиз чопиб, кун сайин яшнаб боряпсиз. Нима ишга қўл урсангиз, дўндириб қўя оласиз. Иқтидорингиз кашфиётлар қилишга имкон беради. Аллоҳ сизни шундай салоҳиятли, фаол ва ғайратли  ёки бадавлат қилиб яратган экан, сизни синдиришга, бадном қилишга қасд этувчилар чиқаверади.
Уларнинг дастидан қочиб қутуламан, ёки чакагини ўчираман, деб беҳуда уринманг.  Ерни кавлаб қаърига кириб кетсангиз ҳам, осмонга нарвон қўйиб чиқиб кетсангиз ҳам, барибир улар сизни тинч қўйишмайди. Бир ёзувчи айтганидай: «Пасткаш кимсаларга муқаддас ва буюк нарсаларга ўзларининг ифлос қарашлари ва фикрларини чаплаб, ўз ночорликларининг аламини олишдан кўра ёқимлироқ нарса йўқ».
Улар билан битта жамиятда яшашга маҳкум экансиз, демак ҳали кўп ёмонликлар қилишларини, кўзингиздан ҳали мўл ёшлар оқизишларини ва остонангизга ҳали кўп марта михлар қоқиб кетишларини кутиб яшайверинг. Алишер Навоий айтганидай, «Итдан кийикка, мушукдан кабутарга шафқат маҳолдир».
Ер устида ўтирган киши ҳеч қачон қулаб тушмайди. Одамлар ўлик итни асло тепишмайди. Сиз улардан салоҳият, илм, одоб ёки мол-дунё жиҳатидан устун бўлганингиз учун ҳам уларнинг ғазаби қўзиб, нафрати ошаверади. Сиз то Аллоҳ бераётган ана шундай неъматларни тарк қилиб, барча мақтовга лойиқ хусусиятларингиздан маҳрум бўлмас экансиз, улар наздида гуноҳкор бўлиб юраверасиз. Тавба қилиш имкони ҳам йўқ, чунки айбингиз, юқорида айтилганидек, улар эришмаган нарсага сизнинг эришганингиз.  Улар хоҳлаган нарса бундан бошқаси эмас.
Демак, одамларнинг танқидига, маломатларига пўлатдай мустаҳкам, метин тош каби қаттиқ бўлингки, булар сизга зарар бера олмасин. Бордию, одамларнинг сўзларига қулоқ солиб, таъсирланадиган бўлсангиз, уларнинг «эзгу» орзуларини ҳаётингизнинг барбод этилиши эвазига рўёбга чиқарасиз. Сиз бундайлардан чиройли юз ўгира олишни билинг. Улар қилаётган макр-ҳийлалардан асло сиқила кўрманг. Уларнинг аҳмоқона танқидлари, маломатлари таржимаи ҳолингизнинг ифлос бир саҳифаси бўлақолсин.
Чунки ҳаётда ҳали бундай разилликларга кўп дуч келасиз, вазнингиз миқдорича таъна-даштномларга учрайсиз. Албатта ўша маломатчиларнинг оғзини ёпиб, тилини боғлаб қўя олмайсиз. Лекин уларнинг танқидларини жим туриш, сабр, беэътиборлик, совуққонлик билан даф қилишга  эришиш мумкин. Бунинг учун фазилатларингизни кўпайтириш, тарбиянгизни янада комил қилиш, хато-камчиликларингизни тузатиш билан уларнинг оғзига қалампир сепиш, хуружини синдириш мумкин. Агар ҳаммага бирдай ёқишни, феъл-атворингиз, иш ва қилиқларингиз ҳаммага бирдай маъқул келишини, айб-хатолардан ҳамиша омонда бўлишни истаётган бўлсангиз, шимолий музликлардан олов чиқариш каби эҳтимолдан йироқ нарсани орзу қилган бўласиз. 
Одамлар билан муносабатда узлатга чекиниш ҳам инсонга руҳий хотиржамлик бахш этади. Бу нарсани таркидунёчилик, ҳаммадан узилиб, бир уйда биқиниб яшаш, деб тушунмаслик керак. Узлат дегани ёмонликлардан, ёмон одамлардан ўзни тортиш, узоқлашишдир.
Бекорчи билан қўшилсангиз, унинг бемаъниларча вақтни совуришига шерик бўласиз. Безорига яқинлашсангиз, бир куни унинг «қораси» албатта сизга ҳам юқади, жиноятига тортади, жазони ҳам бирга ўташга тўғри келади. Қиморбоз билан улфат бўлсангиз, яна ҳаётингиздан файз, фароғат кетди, деяверинг. Ичкиликбоз ёки гиёванд кимса билан ошно тутинсангиз-ку, умуман турмушингиз заҳар-заққумга айланади, ўзингиз хароблик чоҳига қараб йўл оласиз. Ана шундай кишилардан йироқлашгандагина фикрингиз тинчиб, хотирингиз роҳатланади, зеҳнингиз ҳикмат дурлари билан жилоланиб, кўзингиз маърифат бўстонида сайр қилиб юради.
Оқил, закий инсон кулфат ва зиённи фойдага йўналтиради. Ахмоқ, тентаклар эса битта мусибатни иккитага айлантириб олишади. Ҳар бир ёмонлик гўзал бир интиҳога олиб бориши мумкин. Бир фалокат эзгу, хайрли оқибат олиб келиши мумкин. Масалан, Пайғамбар алайҳиссаломни Маккадан ҳайдаб чиқаришганидан кейин Мадинада бир давлат пайдо қилдилар, бу эса инсоният тарихида буюк ўзгариш ясади. Атоқли олим Аҳмад ибн Ҳанбал қамоққа тиқилиб, дарра урилди. Оқибатда суннийларнинг улуғ имомига айландилар. Яна бир улуғ аллома Имом Сарахсийни суви йўқ қудуққа қамаб қўйишганида у ердан фиқҳ илмига бағишланган йигирма жилд китоб билан чиқдилар. 
Шундай, оқил ва доно инсонлар ҳар бир бало-мусибатдан, бошларига тушган мушкулотдан ҳикмат излашади, йўқчилик ва йўқотишлардан ибратланишади. Айтайлик, бир одам кўп йиллардан буён фарзанд кўрмаган, бир тирноққа зор. Аммо у бундан эзилмайди, изтироб чекмайди, ўзини ҳар ёнга урмайди. Сабр қилади, аёлига ва ўзига тасалли беради: «Ҳисоб-китоб пайтида фарзанд масъулияти зиммамдан соқит бўлди, менга ўша пайтда «Нима учун фарзанд кўрмасдан келдинг», деб савол берилмайди». У ўзини хотиржам тутиб бундай дейди: «Фарзандни Аллоҳ беради, фарзанд бермаслик ҳам, бировга фақат қиз, бошқасига ўғил, кўпларга аралаш қили бериш ҳам Унинг иродасидир. Фарзанд кўриш учун ҳамма тадбирларни қилиб кўрдим, аммо булар фойда бермади, демак фарзандсиз ўтиш тақдири илоҳий экан, шундай иш қисматимда бор экан». Шундай фикрлар билан унинг безовта қалби таскин топади, ҳаёти осойишта кечади.
Ёки бошқа бир кишига Аллоҳ  фарзандни кўп берган. Аммо у ҳам буни Яратганнинг бир неъмати сифатида қабул қилиб, бутун куч ва меҳрини уларни боқишга, тарбиялашга қаратади. Айримларга ўхшаб бунча болани қандай боқаман, деб талвасага ва ваҳимага тушмайди, ҳаммасининг ризқини Яратганнинг Ўзи беришини билади. Ғарбдаги эр-хотинларга ўхшаб битта болани ҳам тушов деб ўйлайдиганлардан фарқли ўлароқ серболалиги билан фахрланади ва қувонади. Уларни ҳалол касб билан, инсофли, диёнатли қилиб улғайтириш пайидан бўлади.
Ана шундай инсонлар ҳаётда беқарор бўлишмайди, уларни ҳамма томондан руҳий сакинат ўраб олган. Улар ҳатто вафот этишаётганда ҳам хотиржамликни қўлдан бой беришмайди: чунки ҳаётда виждонлари буюрганидай, ҳалол, иймон билан яшаб ўтишган. Одамларга зулм,  ёмонлик қилишмаган. Улар учун бахтли ва шодмон кунлар билан маҳзун ва мусибатли кунларнинг фарқи бўлган эмас. Яхши кунларида ҳамд ва шукр айтишган, ёмон кунларида ҳам айтишган ва балоларга сабр қилишган. Бидъатчилар, ҳасадгўйлар ёмонлаб, туҳмат тошларини отишганида ҳам  хотиржам туришаверган, улар сафида бўлиб қолишмаганига шукр қилишган. Ортларидан қолаётган ҳамма нарсадан кўнгиллари тўқ, фақат боқий дунёдаги оқибатларигина бироз ташвишга солган, холос.
Сиз ҳам уларга ўхшаб, бордию бирор фалокат кутилмаганда ҳамла қилиб қолганида ўзингиз томонга қуёш чиқишини кутишни ўрганинг. Агар бир киши сизга стаканда лимон суви берса, бир чимдим шакар қўшиб шарбатга айлантира билинг. Агар сизга илон ҳадя этилса, унинг қимматбаҳо терисидан фойдаланинг. Агар чаён чақиб олса билингки, у газандалар заҳрига қарши энг яхши ваксина ва иммунитетдир.
Ҳаётда некбин бўлиб яшаш керак. Ҳар бир нарсада гўзалликни, яхшиликни, эзгуликни кўра билиш лозим. Чунки некбин одамларнинг умрбоқий бўлишларини олимлар аллақачон исботлаб беришган. Франса инқилобидан олдин икки шоири қамалиб қолди. Уларни бири некбин (оптимист), иккинчиси бадбин (пессимист) эди. Икковининг калласини қамоқхона дарчасидан чиқаришган эди, некбини юлдузларга қараб кулди. Аммо бадбини эса, ён кўчадаги лойларга қаради-да йиғлаб юборди.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 137 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ