1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қарз бериш ва омонат

 

 

 

Инсон жамиятдан айро ҳолда яшай олмайди.  Одамлар ўзаро мулоқот, муомала-муносабатда бир-бирлари билан яқинлик ўрнатадилар. Қолаверса, қийин пайтларда бир-бирини қўллаш, бир-бирига маънавий, моддий ёрдам бериш, йиқилганда суяб, қоқилганда қўлидан тутиб ўртадаги муносабат, яқинликни яна-да мустаҳкамлаш одамийлик фазилатлари сирасига киради. Кишиларнинг ўзаро яқинлигини мустаҳкамловчи муносабатлардан бири — қарз олди-берди ҳолатлари ҳисобланади. Бугунга келиб қарз олди-бердисида юзага келаётган муаммолар, одамларнинг бир-бирига ишончсизлик билан қараши ва қарз олиб қайтаришни пайсалга соладиганлар ҳисобига кўпчилик бу савоб ишдан ўзини олиб қочадиган бўлди.
Кимгадир қарз берсангиз, унга берган маблағингиз билан хонадондан

Файз- барака кўтарилади

-деган фикрни илгари суришди бизнинг кичик сўровимизда иштирок этган айрим юртдошларимиз. Хўш, бу гап нечоғли тўғри? Чиндан ҳам қарз бериш билан мол-мулкнинг баракаси кўтарилиши бор гапми? Бугунги мулоҳазалар айни мавзуда мушоҳада этилган.
Қарз бериш Аллоҳ наздида садақа беришдан кўра хайрлироқ ва савоблироқ, дейди кексаларимиз. Пайғамбар (с.а.в) ҳам ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:  “Бир кишининг муҳтожга қарз бериши садақа беришидан ўн саккиз даража афзалроқдир”.  Шундай экан қарз қандай қилиб баракани аритсин?  Агар қарз берувчи кишига муҳтожга қарз бериш мушкулликлар туғдирса, Аллоҳ таоло ва Пайғамбар (с.а.в) бу ҳақида бандаларни огоҳлантирган бўлар эдилар. Зеро, Набий алайҳиссалом буюк хислатлар соҳиби бўлганлар.
Айтмоқчи бўлганимиз қарз олди-берди муносабатларида нега биродарларимиз бир-бирларига ишончсиз бўлиб қолганлари ҳақида эди.
—    Қарз очдан ўлмаслик, касал бўлиб қолганда муҳтожликда сўралаши керак. Айримлар эса уй-жойини қўшнисиникидан ортириш, машина олиш, тилла тақинчоқли бўлиш ва ҳоказолар учун ҳам қарз олади,- дейди биз билан суҳбатда  Самарқандлик муштарийимиз Гўзал Самандарова.- Ҳозир баъзи сохта обрў илинжидаги одамлар бой кўринишнинг “ажойиб” йўлини ўйлаб топишган.  Пулдор таниш-билишларидан қарз кўтариб, уй-жойини таъмирлайди, керак бўлса мошина ҳам олади-да, кейин ўзини бойвачча кўрсатиб юради. Шунақалардан бири маҳаламизда яшайди. Ўзи бир ўғил, бир қизи билан эридан бева қолганди. Ўқитувчилик қилиб бировдан кам, бировдан кўп бўлиб ризқини ошаб юрган хотин бирданига айниди-қолди. Нима эмиш, акалари, янгалари, овсину қайноғалари қўшқаватли, ҳашамдор ҳовлида яшасину, у оддийгина уйда, камтарона туришда яшасин эканми? Хуллас, ўн-ўн беш чоғли одамлардан қарз кўтариб  ҳовлисини таъмирлади, меҳмонхонасини қиммат мебеллар билан жиҳозлади, ўғлига машина олиб берди-да, энди ўзи  ойлик маоши билан қарзларини узаяпти. Камига қарз берганлар ҳам фоиз ҳисобига берган, маош билан фоиз узиладими ё қарз тўланадими?.. “Ўғлимга киракашлик қилиб қарзларимизни узишга ёрдам беради, деб машина олиб бергандим, кунда ўртоқлари билан мошинани бир жойга уриб ё бир ишкал қилиб келади. Қайтанга фойда қиламан деб зарардан бошим чиқмай қолди” дейди бир куни ҳасрат билан.  Нима дейсиз энди, ҳар ким ўзига тақдир қилинган турмуш, ризқ-насибасига рози бўлсин экан-да. Бундайларни кўрганингизда бировга қарз беришга ҳам ўйланиб қолади, киши. Кейин одамларнинг бировга қарз бериш билан бараканг учади, деганида ҳам жон бордек туюлади-да...
Орамизда муштарийимиз мисол келтирган аёлга ўхшаганлар кўп.
Ислом таълимотида кўрсатилган қарз олди-бердиси одобига назар ташлайдиган бўлсак, унда қуйидаги ҳолларда қарз олиш  учун мурожаат қилишлик жоиз саналади:
1.    Хасталик ва бошқа сабаб билан ишлаб фойда тополмай қолганда, муҳим эҳтиёж чиққанда шунга яраша олмоқ.
2.    Рўзғор, оила камчилигини бутламоқ учун. (Яъни рўзғорда егулик таом қолмаганда, маълум бир муддатгача етгулик озиқ-овқат олиш учун)
3.    Уйланмоқ учун етарли тайёргарлик кўрилмаган ҳолатда қарз олмоқ.
Яратган ана шу уч ҳолатда қарздор бўлиб қолган кишига ёрдам ваъда қилган. 
Баъзи бир кимсаларда қарз олишдан аввал қайтармаслик нияти бўлади. Бу жуда ҳам ёмон.
Омонатга хиёнат қилиш — мунофиқлик!
Абу  Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари ўзларининг “Айюҳал валад” (“Эй, фарзанд”) рисолаларида қарз бериш ва қарздорлик ҳақида шундай дейдилар: “Қарздор бўлиш кишининг ҳузурини бузади. Кўп қарз олмоқдан  кескин тийилиш керак. Қарзи бўлганнинг роҳати бўлмайди. Қарздор  киши қарзининг хизматкоридир...”
—    Ҳозир қарз олиб вақтида қайтармаслик, наинки вақтида, умуман қайтармаслик урфга кирган дейди яна бир юртдошимиз Абдувоҳид Ботиров.- Бир пайтлари қарздор кишининг тили қисқа, сал хижолатлироқ юрарди, ҳозир қарз олиб қайтармайдиганларнинг аксинча, тили узун. Бир пайтлари қарз олувчиларнинг номи қарздор эди, бугунга келиб уларни “шустрый” деб атайдиган бўлдик. Умуман бир пайтлари қарз сўраш, бировлардан тиланиб юриш ор эди, бугунимизга келиб одамларнинг пулини олиб, “ухлатиб” кетиш фахрга айланди. Бундоқ ўйлаб қаралса, одамлар бир-бирига ёрдам бермай қўйди, оқибат йўқолиб кетяпти, қийин пайтда бир-бирини қўллаш, моддий-маънавий кўмак бериш тобора камайиб кетяпти, деган гапларни кўп эшитяпмиз, айтяпмиз. Лекин ҳар қандай ҳолат ва вазиятни юзага келтирадиган одамларнинг ўзи эканини эсдан чиқариб қўйяпмиз. Кимгадир қарз бериб вақтида оломаётган, ҳатто умуман ололмаганлар бошқа бир одам қарз сўраб келганда иккиланиб қолади-да. Орамизда шундай одамлар борки қарз-қавола олиб катта-катта ейди, қиммат кийимларни кияди. Ундайлар “Тиланмоққа одатланган фақирликдан қутилмайди” деган гапни эшитсалар, истеҳзо билан кулсалар керак. “Мана биз ундан бундан қарз олиб шоҳона яшаб юрибмиз, ҳеч ҳам фақир эмасмиз” деб ўйлайдиганлар жуда адашади. Аслида уларнинг қарздор бўлиб, қарз берган одамларидан қочиб юрганининг ўзи катта фақирлик...
Юртдошимиз таъкидлаганларидек, кўп ҳолларда айримларнинг омонатга хиёнат қилаётганлари оғриқли ҳол.  Қарзни қайтармаслик ҳеч қанақасига оқланмайдиган ҳолат. Бировнинг ҳаққи ҳеч қачон бошқа бировга буюрмайди. Аҳли салафлардан бири шогирдларига қарата “Бировнинг ҳаққига эҳтиёт бўл. Қарздорлик хавф ва дард эканини билгани ҳолда бепарволик қилган киши эртасини ҳалокатга ташлаган бўлади. Қарздор бўлишдан сақлан. Зеро Пайғамбар с.а.в “Заммасида бировнинг ҳаққи борлигини билгани ҳолда тўламасдан, розилик олмасдан ўлганнинг жаноза намози ўқилмайди. Токи ворисларидан бир киши ўша қарзини зиммасига олгунига қадар”, деб марҳамат қилганлар”, деб панд-насиҳат қилган экан.
Омонатдорликнинг ҳам ўзига хос қоидалари, одоби мавжуддирки, омонатни яхши сақлаб, уни ўз вақтида эгасига қайтариш ҳам Аллоҳ ва ҳам бандалари олдида киши қийматини юксалтиради. Қарзни қайтармаслик, бировнинг ишончини суистеъмол қилиш билан киши ҳам дини, ҳам дунёсига путур етказади. Балким бировларни қақшатиб, қарз олиб судраб юриб бугун тўкин яшаётган бўлиши мумкин, аммо эртага ҳам омонатга хиёнат қилгани, ҳам норозичилик ортидан топган ҳаловати мингдан минг уқубат ва азобларга гирифтор қилиши аниқ.
—    Аввало эҳтиёжига яраша қарз сўраган одамни қуруқ қўймаслик керак дейди, - Акмал Қурбонов исмли сурхондарёлик газетхонимиз.- Аммо қарз сўраган одамга эллик мингдан ортиқ пул бермаслик керак. Эҳтиёжманд одамнинг қўлига пул тушгунича ўша сумма бемалол етади. Агар сиздан 500- 600 Ақш доллари миқдорида қарз сўрашаётган бўлишса, дарҳол ҳотамтойлик қилиб бериб юборишдан олдин мулоҳаза қилинг. Унга қарз нега керак экан? Уйланиш учун бўлса майлига. Лекин “зарур бўлиб қолди”, “керак эди”, “тезда қайтараман” деган навбатчи жумлаларни тизиб ташласа,  ўйлаб кўриб, сўнг берганингиз маъқул. Қолаверса, катта миқдорда қарз бераётганда  қонунийлаштириб, тилхат билан берган маъқул. Ҳарқалай, ҳам ўзингизни пешона терингиз билан ишлаб топган пулингизга куйиб қолмайсиз, ҳам кимнингдир қарзини қайтармай гуноҳкор бўлиб қолишдан асрайсиз.
Ҳақиқатдан ҳам юқоридаги мулоҳазаларда жон бор.

Қарз қонуний тарзда берилса

на сих куяди, на кабоб. Демоқчимизки, икки томон ҳам хотиржам равишда олди бердисини амалга ошираверади. Кейинги  пайтларда  қарз бериб оғзи куйганлар таниш-билишларига қонуний тарзда қарз бераётганларини ҳам эшитяпмиз.
—    Бунда аввало қарз олувчининг шахсига доир ҳужжатлари ва қарз берувчи номига ёзган тилхати нотариус томонидан тасдиқланиб, расмийлаштирилади,- дейди ҳуқуқшунос Бобуржон Абдуллаев.- Тилхатда қарз миқдори ҳарф билан кўрсатилиб, қайтариш муддати аниқ кўрсатилган бўлади. Башарти қарз олувчи тилхат ёки ўзаро тузилган шартномада кўрсатилган муддатда қарзини қайтармаса, унда қарз берувчи қонуний равишда ҳуқуқий органларга мурожаат этиб, қарзининг ундирилишини сўраши мумкин.
Шундайку-я, аммо ҳар бир инсоннинг босган изини, қўйган қадамию, бажараётган амалини тафтиш қиладиган энг

Олий назоратчи- ВИЖДОНи

пок бўлсин! Виждони пок, иймони бутун, диёнатли киши омонатга хиёнат қилмайди. Қарз олиб, бировларнинг меҳнати, ҳақи эвазига тўкин ҳаёт қуришни мақсад қилмайди. Аслида олганда бу ёлғон дунёда ҳаммамиз омонатдор, қарздормиз. Аввало Яратганнинг олдида жон, савоб қарзимиз бор. Ундан кейин ота-онамиз олдида фарзандлик бурчи қарзимиз, устозларимиз олдида шогирдлик, яқинларимиз олдида меҳр-муҳаббат қарзимиз бор. Омонатдорлик ҳисси барчамизни бир онга бўлса-да тарк этмасин. Қарзимизни ёруғ юз, муносиб жавоб ва яхши амаллар билан узиб хотиржам таскин топиш саодати ҳаммамизга тақдир қилинган бўлсин.

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 337 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ