Сайт бўлимлари
Эски муаммонинг янги ўйлари
Ўзбек хонадонларида қайнона-келин можаролари оилавий машмашаларнинг асосини ташкил этади. Шу билан бирга қайнсингил - қайнопалар билан юзага келадиган муаммолар ва муросасизликлар ҳам қайнона-келин можароларидан сира қолишмайди. Аксарият келинчаклар қайнонасини қайнсинглиси ёки қайнопаси (айрим ҳудудларда қайнэгачи ҳам дейилади) қарши қайраши ҳақида тўлиб-тошиб гапиришса, баъзан таажжубда қолиб, баъзида эса ғашим келарди. Бироқ чуқурроқ мулоҳаза қилинса, чиндан ҳам оиланинг қизлари келинчакка душманга қарагандек қарашар экан. Қизиқ, нима учун? Бугунги мулоҳазалар шу хусусда.
Қайнопам оиламни бузмоқчи,
- дейди, бир танишим изтиробга тўлиб. - Келин бўлиб тушганимда қайнопаларимнинг олисдаги, қайнсингилларимнинг талабалик сабабидан тез-тез кўришмаслигимиз мени қувонтирганди. “Қайнонам билан яхши тил топишиб кетамиз. Ҳеч бир она фарзандига ёмонлик истамайди, мен кўнглини ранжитмасам, ойижонимнинг дили оғримайди”, деб ўйлагандим. Бошида шундай эди ҳам. Қайнона-ойижоним, қайнота- дадажоним қўлимни совуқ сувга урдирмасдилар. Тўйимиз қишда бўлганди. Саҳарда кўча супургани чиқсам, қайнонам мени койиб, ичкарига киритворардилар. Ҳар куни эрталаб қайнотам мени ишга олиб бориб қўйиб, қайтишда ўзлари олиб келардилар. Менга деб энг яхши егуликларни илинардилар. Талаба қайнсингилларимдан бири бу ҳолатни опаларига етказибди. Иккинчи қайнопамнинг турмуши бироз нотинч, эри, қайнона-қайнотаси ҳурмат қилмайди. Ўша қайнопам қайнонамга қўнғироқ қилиб “Келинни кўп талтайтирманглар, уни ҳар куни ишда машинада олиб боришнинг нима кераги бор? Ойлигини сизларга берадими? Мен шунча ишлайман аммо на эрим, на қайнонам қадримга етади. Қайнотам ойлигимни тийин-тийинигача ҳисоблаб қўлимдан олади” деган гапларни гапирибди. Шунда ҳам қайнотам менинг ёнимни олганлар. Мен эримнинг жигарларига ҳеч ёмонлик раво кўрмайман. Лекин негадир улар мени ҳеч яхши қабул қилишмайди. Катта қайнопамнинг эри вафот этган. Иккинчисининг эри билан муносабати яхши эмас. Хуллас, иккови бир бўлиб қилдан қийиқ ахтариб мени уйдагиларга ёмон кўрсатишяпти. Ёшига етмаган қизалоғим бор. Турмушим бузилиб, қизчам тирик етим бўлишини истамайман. Улар эса эр-хотин иккимизнинг шунчаки гап талашишимиздан ҳам фожеа ясаб, келин укамизни менсимайди, уни доим беҳурмат қилади, деган гапларни таниган-танимаганларга гапириб юришади. Узоқдан туриб телефон орқали мен билан жанжаллашди. Қайнонам жуда мулойим аёл, бизнинг оиламиз бузилишини асло истамайдилар. Лекин қизларига ҳам бир оғиз қарши гапиролмайдилар. Келин бўлиб тушган хонадонингда бахтдан ёлчимаган қиз фарзанд бўлса, сенинг ҳам бахтли бўлишинг қийин экан...
Ҳа, дарҳақиқат келинчакнинг мулоҳазаси ўринли. Куёвнинг оилавий ҳаёти нотекис бўлган опа-синглиси бўлса, албатта калтак айбсиз айбдор келиннинг бошида синади. Башарти, куёв келинчагини ардоқласа, яхши кўрса-ку, урди Худо деяверинг. Ҳалиги турмушида нуқсони бор жигарнинг фиғони фалакка ўралайди. Нега энди унинг укасига теккан қиз бахтли, ҳурмат-иззатда яшаши керагу, унинг ҳаёти кемтик бўлиши керак?! Ичини ана шу савол кемираётган қайинбўйин иложини қилиб келинчакни ота-онасига, куёв бўлмиш жигарига ёмон кўрсатишга уринади. Аксарият ҳолларда бу қабиҳ режа амалга ошади ва оқибатда орага кўп совуқчилик тушади, ҳаттоки оила бузилишгача боради ҳам.
Қишлоққа бораётиб поездда кексароқ ёшли йўловчи билан ҳамроҳ бўлиб қолгандим. Узоқ йўлда онахон билан суҳбатлашиб кетдик. Гап орасида ҳамроҳим турмушлари бузилганини, қирқ йилча аввал қайнопаларининг зуғуми остида бир яшар ўғилчалари билан оилаларидан ажрашишга мажбур бўлганларини гапира туриб:
— Ўшанда қайнона-қайнотам қари эдилар. Эрим мени яхши кўрарди, ажрашишни истамаганди, лекин опасининг гапини ҳам икки қилолмади. Хуллас, турмушим бўлмади. Эримни жуда яхши кўрардим. Шунинг учун бошқа турмуш қилмадим. Қайнопам эримни уйлантирди. Мен бир боламни бағримга босиб улғайтирдим. Аёл кишига ёлғизлик қийин экан, аммо сабр қилдим. Худога шукр, болам ҳозир ўзидан кўпайган. Неварам Тошкентда ўқийди, бир ҳафта олдин уни кўргани келгандим, энди уйга қайтяпман. Узунқулоқ хабарларга қараганда собиқ қайнопамнинг икки қизи эридан чиқиб уйига қайтган экан. Бировнинг оиласини бузиш яхши эмас. Унинг жавоби шу дунёда ҳам, нариги дунёда ҳам бор, қизим...
Чиққан қиз чиғириқдан нари,
- дейди, донишманд ўзбегимиз. Тафаккур қилинса, бу нақлнинг тагзамирида ҳар хил маъно ётгани англанади. Бир маъноси чиққан қизнинг ота уйига қайтиши номақбул экани, турмушидан қайтиб келган қиз ўз уйидагиларга ҳам малол келиши мумкинлигини эътироф этса, яна бири узатилган қиз қизлик уйининг муаммоларига, ота-онаси, жигарларининг ишига ҳадеб аралашавермаслигига ишора қилади.
- Куёв бўлмишнинг катта опаси тўйимизни тўхтатди,-деб таҳририятга қўнғироқ қилади бухоролик мухлисамиз.- Ота-онам ўқитувчи, оилада беш нафар фарзандмиз. Мен магистратура таҳсилини шу йили тамомлаяпман. Контрактда ўқидим. Яна иккита синглим бирин-кетин контрактда ўқишини битказади. Хуллас, ота-онамнинг топган пуллари биз болаларини ўқишига сарфланади. Яқинда мени унаштиришганди. Куёв томоннинг оиласида ҳамма нарсани узатилган катта қиз ҳал қиларкан. У эри билан хорижда ишлаётган пайтда уйидагилари бизга фотиҳа тўйи олиб келишганди. Хориждан қайтган бўлғуси қайнопам бизникига совға-салом билан кириб келдию, оддий уй-жойимиз, камтаргина турмушимизни кўриб, онасига ўдағайлаб кетди. Қисқаси, қуда томон тўйни тўхтатишди. Йигит мени ёқтирарди, лекин опасига буни тушунтиролмаяпти. Ҳатто онаси ҳам уйимизга келиб йиғлай-йиғлай мендан узр сўради. Мен ҳам опаман, оиланинг тўнғич фарзандиман. Лекин ота-онам менга уларнинг ишига, ука-сингилларимнинг ҳаётига аралашиш ҳуқуқини бермаганлар! Керак жойда маслаҳатлашиб, фикримни биладилару, аммо барибир ўзлари биладиган ишни қилишади. Ҳайронман, одам ўз фарзандига ҳам кучи етмай қоларкан-да. Куёвнинг отаси ҳам ерпарчин бўлиб дадамдан узр сўрабди. “Боланинг ўзи ҳам, мулки ҳам отаники, бу одам фарзанд тарбиясида хўп адашган экан, шукр қил, қизим, Худо сени шундай оилага аъзо бўлишдан асради” дедилар. Мен-ку бунга шукр қиламан, лекин молпараст аёлнинг фаросатсизлиги сабабдан, номим фотиҳаси қайтган қиз бўлди, шунга армон қиламан-да...
Баъзи ота-оналар, айниқса онахонларимиз ўғил фарзандларини қизларига “жиловлаб, бўйнидан арқон боғлаб” беришади. Айниқса, оила бошлиғининг вафотидан кейин “ҳукмронлик” аёллар қўлига ўтгач, бу иш янада адолатсиз тусга киради. Тўрт-беш қиз узатилган хонадонлардаги ўғил фарзандлар ҳолига одам ачиниб кетади. Агар ўғил ёлғиз, ёки озчилик бўлса, унда томошанинг каттасини кўраверинг.
Бир хонадонни биламан: беш қиз ҳар ҳафта онасини “кўргани” туғилган хонадонига “ташриф буюради”. Биттагина ука шу куни ўзининг барча иш-юмушларини йиғиштиради, хотини ва бола-чақаси катта “издиҳом”га тайёргарлик кўришга мажбур. Ўзи эрталабдан бозорга чопади: гўшт-ёғ, нон, мева-сабзавот харид қилиши керак. Хотини овқатга уннайди, болалари бирин-кетин кириб келаётган серхархаша жиянларни овутишни бошлашади. Кун бўйи еб-ичишади, суҳбатни қизитишади, бу орада болаларнинг ўртасига тушиб бир-икки қизаришиб олишга ҳам улгуришади.
Кеч бўлиши билан ўғил бечора энди тинчисам керак, деган хаёлга боради. Тинчиб бўпти! Машмашанинг каттаси энди бошланади. Қизлар ва болаларининг еб-ичганидан ташқари энди уларнинг хонадонидагилар учун таом тайёрлаб бериш керак. Катта қозонда палов дамланиб, ҳаммасига лаганда “насиба” тугилади. Она ўчоқ бошига келиб, келиннинг қанчадан гўшт солаётганини ҳам назорат қилиб туради.
Ўғил шундан кейин ҳам хотиржам бўлолмайди. Энди қизларни бирин-кетин уйига ташлаб келиш керак. Ёқилғи ва вақтни тежаш учун ҳаммаларини бир пайтнинг ўзида уйига элтиб қўйиш ҳақидаги ўғил таклифи онага ҳам, қизларга ҳам бирдай ёқмайди. Чунки, бирови эртароқ жўнашни хоҳласа, бошқаси уйига кечроқ қайтишни истайди. Уларнинг эркалиги ва тантиқлигига тишини-тишига қўйиб чидаган уканинг кейинги ташрифни ўйлаб, юрагига санчиқ киради. Бу ҳолат ини-сингилларнинг бир-бирига меҳрибончилиги саналмайди, балки ноинсофлик, ҳаддан ошиш ва зулмдан бошқа нарса эмас.
Ана шундай имкониятларга эга бўлган сингил ёхуд опа, оға-инисининг оиласини бузиб юборишдан ҳам тап тортмайди. Онаси томонидан унга ўғил жигари бўйсундириб берилган. Демак у хоҳлаганича иш тутиши мумкин.
Хўш, бу хусусда қайнэгачи-қайнсингилларнинг ўзи қандай фикрда экан?
Келинни эркаласа, бошга чиқиб олади,
- дейди, бир дугонам астойдил жаҳл отига миниб.- Онам келинига деярли иш буюрмайди. Келин хоҳлаган овқатини тайёрлайди, хоҳлаганида дастурхон ёзади, биров унинг мушугини пишт демайди. Бунақада у эрта бир кун ота-онамни ҳурмат қилмай қўяди-да! Укамнику тушганига ҳеч қанча бўлмай, гаҳ деса қўлига қўнадиган қилиб олган. Энди ота-онамни оёқ ости қилишни режалаштираётгандир. Ҳа-да, қайнонасининг зулмини кўрмаган келин, унинг қадрини билармиди?! Келин деганни одам ўрнида кўрмасангиз, зуғумни сусайтирмасангиз, ишга кўмиб ташласангизгина қадрингизга етади. Бизникилар ой чиқса ҳам келинга, кун чиқса ҳам келинга қилишяпи, бир куни ўзларига жабр бўлади-да...
- Келин жуда айёр чиқди,-дейди яна бир қайнопалик рутбасидаги хоним, ўзини жабрдийда кўрсатиб.- Кўзларини мўлтиратиб ота-онамнинг кўнгилларидан жой олди. Биз фарзанди бўла туриб, ота-онамдан шунчалик меҳр кўрмагандик. Дадам келинига меҳр билан “қизим” дейди, саҳарлаб туриб уялмай ўзи ҳовли-кўчаларни супуриб қўяди. Онамку, ҳай-ҳайламасангиз, келинини бошига кўтариб юрса. Бизнинг хонадонга келин бўлсин, эканда қизлар. Биз ҳам келин бўлганмиз. Юлдузлар ўчмасидан уйғониб олардик, ҳовли супурайми, нонушта тайёрлайми, кийим дазмоллайми, деб. Одам қадрига йиғларкан-да...
Қадр зулмда эмас
Тўғрими, биродар? Бировга ардоқли, ҳурматли бўлиш учун кимларнингдир кўнглини синдириш ёхуд Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб муқаддас оилага дарз етказиш инсоний фазилатлардан мутлақо йироқ кишининг қилмиши. Келин аталмиш хонадонимиз меҳмонига, “бегона”, “бировнинг боласи”, “келин” деб эмас, келажак авлодимизнинг давомчиси, оиламиз чироғининг ёқувчи сифатида қарасак, ҳеч қандай дилхираликка ўрин қолмайди. Ахир чиндан ҳам шундай эмасми?
Баҳор Турсунзода
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 356 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар