1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Рўза тутиб ҳам тийилмасак...

Мусулмон олами орзиқиб кутган муборак рамазон ойи ҳам ташриф буюрди. Кўпчилигимиз яхшиликлар ойи деб ном олган ушбу кунларда ислом дини арконларидан ҳисобланган 30 кунлик рўзани астойдил тутишни мақсад қиламиз. Бу билан жисму руҳимизни поклашни, қалбларимиздаги эзгулик ниҳолларини янада гуркирраб ўсишига замин яратишни хоҳлаймиз. Маълумки, рамазон ойида тутилажак рўза кундузлари таом, сув ва аҳли аёлига яқинлик қилишдан тийилишни тақозо қилади. Аммо биродарлар, ҳеч ўйлаб кўрганмизми, қорнимиз рўзадор бўлгани билан

Онгу тафаккуримиз ҳам рўзадорми?
Рамазоннинг илк кунлари шаҳримиз бозорларини кўздан кечирдим. Кексалар дунё ташвишларидан зериксанг, тушкунликка тушганингда бозор ёки мозорга бор, дейишади. Умуман бундай жойлар одамларни ўрганиш, ҳаётни англаш учун ҳам яхшигина ёрдам беради. Хуллас, рамазон кунларида бозорларимиздан ризқини ошаётган юртдошларимизнинг ҳам “бозорлари юришган”. Қўл-қўлларига тегмай савдо қилишяпти. Нархлар ҳам авввалгилардан кўра анча қимматроқ... Харидорларнинг ҳам юз-кўзида хавотир ва ... очкўзлик ифодаси! Гўёки 30 кунлик рўза пайтида бир йиллик ош-овқатни ғамлаб қўймаса, очидан бир нарса бўлиб қолади. Барака топгур, Аллоҳ таоло сизу бизнинг оч- ташналигимизга муҳтож эмаслигини эслаш билан ўзингизни бироз тафтиш қилсангиз, дейман. Ахир кун бўйи оч юриб, тундан тонггача бўкиб овқатланиш билан Яратган олдидаги фарз бажарилмайди. Рўзадорликнинг асосини яхши амалларни кўпайтириш, ёлғондан, фисқу фасоддан, бировларнинг дилини оғритишдан тийилишдан иборат эканини такрор ва такрор эшитсак-да, бу муборак ойни аксариятимиз оч ва ташна юриш билангина ўтказиб юбораётганимиз жуда ачинарли.
Бозор оралаб юриб, гўшт растаси томонга бурилдим. Кўзим бир парча гўштни қўлида ушлаб кўриниши гўшт сотувчи билан тортишаётган одамга тушди. Бояқиш зўр бериб, ҳалиги сотувчини инсофга чақиртиряпти. Афтидан сотувчи унга гўшт ўлчаб бераётиб, тарозидан уриб қолгандиёв. Ҳалиги одам тортишишдан наф йўқлигини сезди чоғи, сотувчини Худога солиб, растадан чиқиб кетди. Бўғриқиб, гезариб турган сотувчини кузатаман. Эркак сумбатидаги махлуқ. Одамлар ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, қўлидан келганча яхшилик қилишга шошиладиган кунларда, уч-тўрт сўм фойда илинжида унинг қилган қилмишини-чи...
Пайғамбар (с.а.в) ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Кимки (рўзадор ҳолида) ёлғон сўз ва унга амал қилишни ташламаса, Аллоҳ таоло у банданинг таом ва ичимлигини тарк қилишига муҳтож эмас” (Бухорий ва Абу Довуд ривояти).
Манзилимга элтадиган автомаршртукага бир тўп одамлар орасидан бир амаллаб чиқволдим. Кун иссиғида тезроқ уйига етволишни истаганлар терлаб-пишиб йўналишли таксидан жой олишди. Бир пайт рўмол ўраган, кўринишидан анчагина нуроний онахон ҳайдовчига қараб:
— Болам, илтимос, мени опкета қолинг, бозор қилишга берилиб кетиб, ёнимдаги пулларимнинг барини сарфлаб юборганимни билмай қолибман. Йўқ, деманг болам, рўзадорман, дуо қиламан,- деб илтижо қилди. Ҳайдовчининг энсаси қотиб, тўнғиллади:
— Хола, биз давлатга пул тўлашимиз керак, рамазон деб биздан кам пул олишмайди. Ўзимизнинг мажбуриятимиз бор... - Уч-тўрт ёши катта аёллар ҳайдовчига танбеҳ бериб койишга тушиб кетишганди, у истар-истамас кекса аёлни маршуркага чиқарди. Кетяпмиз. Ҳамма ўзича ҳайдовчидан нафратлангандек назаримда. Орада совуқ хижолатпазлик. Ҳалиги кекса хотин менга рўпарама рўпара ўтирибди. Бозорлик халтасига қараб бояқишга раҳмим келди. Шу пайт ҳалиги ҳайдовчига ялиниб, йўлкирага пулим қолмаган деб, маршруткага чиқиб олган хотин кўз олдимда, бозор халтасининг тагидан бир даста мингталикларни олиб санай бошласа денг!.. Унга қайта-қайта тикилдим, кўзларимга ўқрайиб қараб тураверди. Уялмади, тортинмади, хижолат чекмади. Энди ҳайдовчи бечоранинг, “бизда ҳам режа бор ахир, булар алдайди, бунақалардан бир нечтасини кўрганман” деб зорланганини эслаб, боягина уни ёмон кўрганим учун ўз-ўзимдан хижолат чека бошладим...

Руҳий ва жисмоний поклик сари...
— Рўза араб тилида “совмун” ёки “сийамун” деб юритилади. Луғатда бу сўз “бирон феъл ёки сўздан ўзини тийиб туриш” маъносини англатади. “Лисанул-араб” луғатида “сийамун” сўзи шаръий истилоҳда “таом, ичимлик, жинсий яқинлик ва фойдасиз сўзлардан тийилиш” мазмунига эга экани айтилган,- дейди диншунос-мутахассис Баҳодир Муҳаммадиев. - Шундан ҳам билиш мумкинки, рўза фақат овқат ёки бошқа ейиладиган нарсалардан сақланиш эмас, балки ножоиз ҳатти-ҳаракат ва ман қилинган сўзларни тарк этишни ҳам ўз ичига олади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Шундай рўзадорлар борки, уларнинг рўзаси фақатгина очликдан бошқа нарса эмас. Яна қанчадан-қанча кечаси туриб намоз ўқувчилар борки, уларнинг (намозда) туришидан фақатгина уйқусизлик қолади, холос” (Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).
Агар банда рўза тутиб, қайтарилган ишлардан тийилмаса, Аллоҳга тақво қилмаса, унинг кун бўйи оч юриб, ташна бўлгани қолади. Унга ҳеч қандай савоб берилмайди.
Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган бешта Ислом арконлари инсониятни баркамолликка етакловчи буюк таълимот бўлиб, буларнинг ичида рўза ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Инсон рўзадорлиги туфайли ҳам руҳий, ҳам жисмоний покликка эришади, сабр-қаноатли ва тўрт буюк неъмат - моддий, сиҳҳий, маънавий ва ахлоқий неъматлар соҳибига айланади.
Агар инсон соғлигини сақлаш учун ҳаракат қилаётган мутахассисларга қўйиб берилса, айнан исломий рўзани бутун дунёдаги одамларга фарз қилишларида шубҳа қолмади. Чунки, бошқа самовий динларда ҳам рўза моҳияти замон ўтиши билан кишилар томонидан бузилиб юборилган.
Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири раҳм-шафқатли бўлиш сифатидир. Рамазони шариф ойининг биринчи ўн кунлигини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам раҳмат ўн кунлиги деб эълон қилганлар. Бу нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг бир-бирларига раҳмли-шафқатли бўлишини ҳам ўз ичига олади.

Хулоса ўрнида
Рўзадор киши саҳарлик ва ифторликда бўкиб овқатланмаслиги, кундузи кўп вақтини уйқуда ўтказиб юбормаслиги уламолар томонидан кўп эътироф этилади. Негаки рўза киши оч ва ташналигини ҳис қилиб туриши учун ва шу билан бошқаларга нисбатан кўнглида раҳм- шафқат, меҳр-оқибат, ўзгаларни тушуниш, уларнинг оғир ҳолатларни ҳис этиш туйғулари уйғониши учун рўза машруъ қилинган. Биз-чи, биз рўзани қандай тутяпмиз азизлар? Юқорида тилга олинган ҳолатлардан йироқмизми? Рамазон ойининг рўзасини чин ихлос ва пок иймон билан тутиб, мўмин киши учун жоиз бўлган амалларни бажаряпмизми? Бировга берган ваъдамизнинг устидан чиқиш ёхуд кимдандир олган омонатимизни ўз вақтида қайтариш, яқинларимизнинг ҳол-аҳволидан бохабар бўлиш, силаи раҳмни узмаслик, умуман барча инсоний фазилатлар рўзадорнинг асосий касбига айланиши шарт. Биз қай аҳволда рўза тутяпмиз, биродар, биздан ҳеч ким озор кўрмаяптими? Тутган рўзамиз билан Яратган ва унинг бандалари олдида юзимиз ёруғми? “Мана, рўзадорман, сизга ёлғон гапирмайман”, деб рўзадор ҳолимизга қасмхўрлик қилмаяпмизми? Мулоҳаза қилинг биродар, бизнинг очу ташналигимизга Аллоҳ муҳтож эмас. Унинг наздида бандаларининг кўнглини озурда қилмаган, ножойиз амаллар билан мўмин биродарларининг дилини оғритмаган, силаи раҳмни узмаган, омонатига хиёнат қилмаган ва албатта эҳтиёжмандларга саховатли бўлган бандаси ҳурматлироқдир. Ҳар биримиз ана шу ҳақиқатни унутмаслигимиз икки дунё саодатининг калити бўлади, иншоолллоҳ.

Умида Азиз

Ҳозир сайтимизда 267 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ