Сайт бўлимлари
“Нажоткор” юлғичлар
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 20 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Инсон учун бу дунёда бебаҳо бойлик- саломатлик. Тан- жони соғ, саломатлигидан шикояти йўқ кишининг кўнгли хотиржам бўлади. Хотиржам кўнгилга меҳнат қилиш, қувониш, шодлик, ўйин-кулгу ярашади. Соғликни Аллоҳ беради, шу билан бирга кишиларнинг саломатлигини тиклаш, бемор бўлганида беминнат ёрдам қўлини чўзадиган касб эгалари ҳам бор. Ҳар бир касб эгасининг ўзига хос, ўзига юкланган вазифаси бўлганидек, шифокорнинг ҳам вазифаси, касби –кори аниқ –касални даволаши керак. Бетобликдан азият чекаётган кишини дарддан фориғ қилиб, ҳаётга, яқинлари, оиласи бағрига қайтишига имкон даражасида кўмаклашиши лозим. Дағалроқ қилиб айтганда, шифокор касалхонада ишлагани ва беморларни даволагани учун давлат томонидан тайинланган маошини олади. Бу унинг касбий фаолияти. Аммо тиббиёт ходимлари орасида давлат томонидан тайинланган маошга қониқмай, беморлардан очиқчасига пора- “қўл ҳақи” сўрайдиганлари ҳам учрайди.
“Камситилган” жарроҳ
- Яқинда Республика Акушер-Гинекология илмий текшириш институти клиникасида операция бўлдим,- деб гап бошлади, Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган муштарийbмиз.- Клиниканинг таъмагир шифокор- ҳамшираларию, фаррошларининг тиланчидек чўзилган қўлларига пул тутқазавериб чўнтакларим шилиниб кетди. Биноларга кираверишда навбатчи ҳамширалар целофандан тикилган алламбалони беради, уни оёққа кийиб шифокорлар ҳузурига кириш керак. Бир бинодан иккинчи бинога кирадиган бўлсангиз, авалгисини ечиб ахлат қутисига ташлаб, яна бошқасини сотиб олиш керак. Халтачаларнинг нархи тўрт юз сўм экан. Лекин навбатчи ҳамширага беш юз сўм берсангиз ҳам қайтим бермайди, минг сўм берсангиз ҳам. Кўзингизга лўқ қилиб қараганча, пулни олаверишади. Миллион-миллион сўм сарфлаб укол-дорилар харид қилаётган беморлар, дардманларнинг пулига куни қолган гадойсифат ҳамширалардан қайтим талаб қилиб ўтирармиди?! “Бер- бер”лардан чарчаб охири бетимни қаттиқ қилиб олдим-да, ҳалиги оёққа кийиладиган целофан халтани бинодан чиқишда махсус идишга ташламай сумкамга жойлайдиган, кейинги бинога киришда яна оёғимга киядиган бўлдим. Хуллас, жарроҳлик столига ётгунимга қадар чўнтакнинг ранги униқиб кетди. Клиника кассасига жарроҳлик амалиёти учун белгиланган миқдордаги маблағни тўлаб жойлашдим. Каравотлар учун ҳам маълум миқдорда нарх белгиланган. Наркоз берадиган дўхтир билан ҳам келишиш керак экан. У киши билан нарх – навони келишишга тушдик. “Бошқаларга 150- 130 минг сўмга наркоз қиляпман, майли сизга юз мингга ўтказа қоламан” деб менга “мурувват” кўрсатдилар. Хонага келиб мендан аввал жарроҳлик амалиётидан чиққанларга айтсам, улар “Нега юз мингга рози бўлдингиз? Ўзи Наркознинг нархи 35 мингдан 49 минггачаку! Бизга 49 мингга наркоз ўтказишди” дейишди. Бунисига ҳам чидадим, майли, тезроқ шу дарддан фориғ бўлайин, бош-кўзимдан садақа шу пул, дедим шунча сарф-харажат устида ўтирган бўлсам ҳам. Жарроҳлик амалиёти ўтди. Қарасам, клиникада ётиш кунига фалон пул. Оёққа турган кунимнинг эртасига касалхонадан чиқадиган бўлдим. Аммо, мени ажабтовур савдолар кутаётган экан. Ёнимдаги шерикларим операция қилган гинеколог-жарроҳга қўл ҳақи беришим кераклигини айтишди. Ҳайрон қолдим. Жарроҳлик амалиёти учун тўланиши керак бўлган пулни кассага топширганимни айтсам, аёллар “ундан ташқари ҳам дўхтирга қўл ҳақи бериш керак. Наркозчига ва ҳамшираларга ҳам чойчақа ташлаш одати ҳам бор” дейишди. Ҳайрон қолдим. Ёнимда касалхона сарф-харажатларидан ортиб қолган 20 Ақш долллари бор эди. Ўйлай-ўйлай ўшани берадиган бўлдим. Ахир шу топда яна қаерга қарз сўраб бораман, ўзи хўжайин иккимиз ҳам маошга кун кечирсак, пойтахтда ижарада турсак. Бунинг устига бир неча йилдан бери шифокорларнинг эшигида сарғайиб бор-будимиз шилиниб кетган бўлса. Хуллас, муштимга 20 долларни тугиб жарроҳ дўхтирнинг хонасига кирдим. Рози-ризочилигимни, ташаккуримни айтиб, “дўхтир, энди меҳнатингизга рози бўлинг, қўлингиз дард кўрмасин” деб секингина хонадошларим ўргатганидек чўнтагига ҳалиги атаганимни солгандим, бир қовоғи ўйилдию, чўнтагига қўлини тиқиб, 20 долларлик пулни олиб “тап” этиб столига ташлаб важоҳат билан ўдағайлаб кетса-да. Мен содда бўлмасам бу “менга сенинг пулинг керак эмас, давлат менга ойлик тайинлаб қўйибди, сен тўлашинг керак бўлган пулни клиника кассасига топширдинг, мен сенга порахўрманми?!” деяпти чоғи, деб хижолат чекканча “олинг, ола қолинг дўхтир, мен чин кўнгилдан рози бўлиб беряпман” дебман-да. Бир пайт ғазабнок қиёфада ҳалиги дўхтир:
- Биласизми, мен қанчага операция қиламан?! Менинг бир операциям нархи 500 доллар туради. Сиз бунча одамни ерга урмасангиз?! Топиш-тутишингиз ёмон эмас, эрингиз ҳам бинойидек топаркан. Поликлинкаларга кирриб-чиқиб юрибсиз, дўхтирларга оддий дори ёзиб бериши ё кўрикдан ўтказиши учун қанчадан ташлаб чиқяпсиз? Сиз шунча катта операцияга 20 доллар тутқазгани уялмадингизми?- деса борми?! Миям ишлашдан қолдиёв унинг таъналарини эшитиб. Уялиб кетдим. Бир амаллаб пулим йўқлигини, бор-будимни касалхона харажатлари ва дори-дармонларга сарфлаганимни айтдим. Қовоғини ўйиб жеркиб-уришиб касаллик тарихини тўлдириб берди. Яна гап орасида “Бундан кейин бирор жойда анкетангизга Фанлар Академиясининг илмий тадқиқотчиси деб кўрсатманг. Эрингизнинг тасвирчилик қилишини айтиб юрманг, пули кўп, бойвачча деб ўйлашади” деб қўйишига ҳайронман. Фанлар Академиясида ишлаганим бемор ҳолимда дўхтирлар мени талиб, бор-будимни шилиб, уларнинг кўнгли тусаган порани бермаганим учун дўқ-пўписа эшитишга мажбурман дегани эмас-ку! Буларда инсоф, раҳм-шафқат деган нарсалардан асар ҳам йўқлиги тайин, лекин порахўр дўхтирларни назорат қиладиган, уларни тийиб қўядиган ташкилот борми?! Бўлса улар қачон кўзларини каттароқ очиб бизга ўхшаганларни кўришади?..
Таҳририятига қўнғироқ қилиб юқоридагиларни айтган муштарийимиз ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди. Тўғриси, шифокорларнинг қўл ҳақи сўраши билан боғлиқ можароларни кўп эшитгандик, ҳатто ўзимиз ҳам гувоҳи бўлган ҳолатларимиз бўлгану, лекин қўнғироқ қилган муштарийимизнинг ҳолатини... қандай изоҳлашни билмадик тўғриси... Бемордан таъма қилган, ўзим эҳтиёжманд бўлиб турган бетобдан пора талаб қилиш қайси қуюшқонга сиғади?! Дўхтир жанобларининг битта жарроҳлик амалиётини ўтказишлари 500 Ақш доллари турармиш. Кўча тили билан айтганда жарроҳнинг “ставка”си 500 доллар экан. Аёл кишидан, боз устига миллион-миллион сарф-харажат, чиқимлар устида турган дардманддан андишасизлик билан пул талаб қилиш учун шифокор одамийлик хусусиятларидан батамом йироқ бўлиши керак. Касб маданияти ва ахлоқи ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас! Ўйлаган сари жаҳлинг чиқади киши- бу ҳол қачонгача давом этади?! Қачонгача
Оқ халатли талончилар беморларни талаб юраверишади?!..
- Одамларнинг ўзи шифокорларни порахўрликка ўргатишади,- дейди қўнғироқ қилган муштарийнинг айтганларини муҳокама қилаётганимизда бир ҳамкасбимиз.-Касалхона харажатлари учун давлат томонидан белгиланган маблағни клиника ғазнасига тўлаб қўйган бўлса, нима қилади яна шифокорга қўл ҳақи тутқазиб?! Шундоққина миннатдорчилигини билдириб кетавермайдими? Тағин ўзи айтаяптию, “маошини олади” деб. Дўхтирларнинг ойлик маош олишини билган одамлар яна ўзлари уларга пора таклиф қилишадию, яна ўзлари аламига чидолмай юришади. Яқинда бехосдан автобусда мазам бўлмай қолди. Йўлдан тушиб, бекат яқинидаги поликлиникага кирдим. Даволовчи-шифокорга учраб текширувдан ўтдим. Шифокор мени кўриб, қон босимим кўтарилганини айтди-да, зарур муолажа ёзиб берди. Поликлиниканинг дорихонасидан керакли дори-дармонларни олдим-да, ҳамширадан уколимни ўтказиб беришини сўрадим. Уколни ўтказгач, ҳамшираю шифокорга раҳматни қуюқ қилиб чиқиб кетавердим. Бирортаси бўйнимга осилиб, йўлимни тўсиб пул сўрагани йўқ. Одамлар пора таклиф қилмаса, дўхтирлар ҳам бетини қаттиқ қилиб сўрамас...
“Чўнтагини бир силасанг, жой тайёр”
- дейди яна бир ҳамшаҳримиз.- Кичкина ўғилчам тез-тез бетоб бўлиб қолади. Касалхонада ётқизиб даволатаман. Касалхонага олиб борганимда албатта “жой бўлмайди”! Секингина дўхтирнинг яқинига бориб чўнтагига 30-40 минг сўм солиб қўйсангиз, дарров жой топилади. Касалхонага қатнаш давомида жуда аянчли ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдим. Шифокорнинг чўнтагини силамаганлар, тўғрироғи силашга қурби етмаганлар касалхона коридорларида, уйларидан кўрпа-тўшка опкелиб ётиб даволанишяпти экан. Диёнатсизлик, виждонсизлик ҳам эвида-да! Юлғичларни сўрайдиган, тергайдиган жой борми ўзи? Ё дўхтирларга шаҳар бедарвозами?..
Мулоҳаза: Шифокорларнинг бу тахлит олғирликлари на қонунларимиз, на динимиз ва на инсонийлик тамойилларига тўғри келмайди. Беморнинг дуоси ҳеч тўсиқсиз мустажоб бўлишига ишоар қилинади саҳиҳ Ҳадисларда. Инсонийлик жиҳатдан олганда эса, бетоб, сарф-харажат устида турган, эҳтиёжманд кишидан пора талаб қилиш, “мукофот” таъма қилиш учун, кечирасизу, одам одамийлик қиёфасидан буткул йироқ, ҳатто ваҳший ҳайвондан ҳам баттар бўлиши керак. Бу турфа кишиларнинг қилмиши порахўрликка, жиноятга тааллуқли ҳисобланади. Бу ҳол яъни пора олиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддасига кўра мансабдаор шахснинг хизмат мавъқеидан фойдаланган ҳолда шахсан ўзи ёки воситачи орқали, қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий наф кўриши- энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда мол-мулки мусодара қилиниб ёки мусодара қилинмай беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, пора олиш такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора олиш ва пора бериш жиноятларини содир этган шахс томонидан, кўп миқдорда, таъмагирлик йўли билан, бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктирилиб содир этилган бўлса мол-мулк мусодара қилиниб, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Айни шу жиноят жуда кўп миқдорда, масъул мансабдор шахс томонидан, ушган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса- мол –мулк мусодара қилиниб ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жумладан, пора бериш ҳам жиноят ҳисобланади ва Жиноят Кодексида ушбу жиняотни содир қилган шахсга ҳам жазо кўрсатилган.
P\S: Жамиятда шифокорлар, уларнинг ахлоқи ва касб маданиятини суиистеъмол қилишлиги ҳақида кўп гаплар юради. Назаримизда, шифокорлар ўзлари ҳақидаги бундай гапларга ўрганиб кетишган чоғи? Тиббиёт ходимининг ўз вазифасидан фойдаланган ҳолда бемордан “қўл ҳақи” талаб қилиши- пора таъма қилишлик ҳисобланади. Унинг бу қилмиши, юқорида таъкидланганидек, жиноят ҳисобланади. Наҳотки, тиббиёт ходимларининг бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан мутассадди ташкилотлар бехабар бўлишса? Ҳуқуқ-тртибот ходимларининг кўзи қаерда? Қачонгача тиббиёт ходимларининг бундай хурмача қилиқларига халқ чидаши керак?! Ушбу мақола юзасидан тегишли ташкилотларнинг жавобини кутиб қоламиз.
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 264 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар