1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хориждан бахт излаб...

Бугун юртдошларимизнинг хорижий давлатларда ишлаётгани одатий ҳолга айланди. Хорижда ишлаб қайтаётган таниш-билишларимизга ҳавас билан ҳам қараймиз. Бундоқ олганда ёмон эмас. Хорижда ишлаб қайтаётган ватандошимиз борки иморат тикляпти, тўй қиляпти, машина харид қиляпти ва ҳоказо ваҳоказо... Аммо масалага бошқача ёндашилса, хорижда ризқ истагида юрган юртдошларимиз ҳаёти билан боғлиқ баъзи ҳолатлар  кўнгилга оғриқ солади. Бугун айни мавзуда мулоҳаза юритамиз.

Хотиржамлиги йўқ кишилар

Хорижда ишлаётган аксар юртдошларимиз инсон учун бу оламда пул билан сотиб олиб бўлмайдиган, моддият ҳал қилолмайдиган нарсалар борлигини тафаккур қилишдан ўзларини четга тортадиларми ёинки бундай ҳақиқатларни тан олгилари келмайдими, негадир ўзларини гўёки пул топиб хотиржамлик топгандек ҳис қиладилар. Гўёки улар четда ишлаб пул топиб, камлари тўлиб, истаклари амалга ошаётгандек. Гўёки моддият улар йўқотган “ниманидир” ўрнини тўлдираётгандек... Аслида эса афсуски, ҳамма вақт ҳам улар ўйлаганларидек эмас. Бу ёлғон дунёнинг омонати ичра энг ғанимат нарса- ДИЙДОРи азиз хорижда ишлаётганлар учун жавоби мураккаб саволга айланиб бораётир.
Четдан ризқ истаётганлар жарақ-жарақ пул, бойлик, моддий ҳаваслар йўлида маънавий заруратларни унутаётган кишида хотиржамлик қайдан бўлсин? Буни мулоҳаза қиладиган фурсат келмадимикан? Топиш илинжида  ҳалакмизу, йўқотганларимиз топганларимиздан кўра кўпайиб боряпти. Пул, бойлик ҳавасида хираланиб бораётган қалбимиз ўзимиз учун қадрли, қадрли бўлганда ҳар нарсадан қиммат, ҳаттоки бебаҳо туйғуларимизга соя ташламаяптими?
—    Дадам Россияда ишлайдилар, онам ва акам Кореа давлатига кетишган,- дейди бухоролик исмини сир тутишимизни илтимос қилган қиз.- Мен бувим билан тураман. Дадамни беш йилдан бери кўрмадим, онам билан акамни эса етти йилдан бери кўрганим йўқ. Соғиниб кетдим. Бувим ҳам қариб қолганлар. Тўғриси, бувим бетоб бўлиб қолсалар қўрқиб кетаман. Илоҳим умрлари узоқ бўлсин, лекин, барибир кексайиб ошини ошаган одам хасталаниб қолса, қўрқаркан киши. Телефонда гаплашганимда онамга тезроқ келишларини айтсам, “Қизим, ҳали ўзимиз учун керакли пулни тополмадик. Сенга мебел қилишимиз керак, сарпо-суруқ, тақинчоқлар. Акангни уйлантиришимиз керак, машина олишимиз керак...” деб яна бир дунё нарсаларни қалаштириб ташлайдилар. Уйга мени сўраб совчилар келишди. Онам бувимга “Жойи чиқса узатаверинг. Сепига пул жўнатаман, ўзингиз фалончи- писмадончилар билан қиласиз” деб холамларни  айтибдилар. Ахир мен биттагина қизман. Ота-онамнинг мен ва акамдан бошқа фарзандлари йўқ. Наҳотки, биттагина қизларини узатиб, тўйида орзу-ҳавас кўриб, яйрашни орзу қилмаганлар экан онам...
Инсоннинг бахти нимада? Албатта, фарзандларининг камолини, яхши кунларини кўриб яйраганида. Ҳозир хорижда ишлаётган айрим юртдошларимиз қавм-қариндошларининг яхши-ёмон кунида қатнашолмасликни одатий ҳол каби қабул қилишга ўрганиб қолишди. Ундайлар фарзини ҳам, қарзини ҳам унутганлар! Қариндош- уруғнинг, яқинларининг тўйику, майли, ўтар-кетар, лекин ёмон кунчи? Инсоннинг қазойи қадари Аллоҳдан бошқа ҳеч зотга маълум эмас, ўлим аввал айтиб, огоҳлантириб келмайди. Қариндош-уруғни қўяверинг, ҳатто ота-онасининг таъзиясига ҳам қатнашолмаётганлар бор... Одам “ёмон кунимда (яхши кунда дастурхонингга шериклар кўп бўлади!), қийин, оғир пайтимга ярайди, куч-қувватдан қолганимда тиргак бўлади” деб фарзанди учун елиб-югурадию оғир пайти- бетоб ётганида, умрининг сўнги кунлари, ҳатто вафотида ҳам фарзанди ярамаса... Фарзандни “тобуткашим” дейдилар. Тобуткашлар эса ота-онанинг тобути ердан кўтарилганида бир неча чақирим олисларда дунё ҳаваслари куйида овора юрган бўладилар...
Уларнинг баҳонаси ҳам тайёр: “Рўзғорни деб”, “бола-чақа ташвиши”... Агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, болаларини ўйлаб улардан узоқларда мол-дунё илинжида ҳалак юрганлар фарзандининг тўйини бегоналарга топшириб қўярмиди? Ахир,

Отасиз тўй – эгасиз тўй  дегани эмасми?!..

Бугунга келиб эгасиз тўйлар ҳам ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Бир пайтлари акаси ё укаси ҳарбий хизматга кетган бўлса, фотиҳалик қизларнинг тўйи ўтказилмаган. Биродари келиб тўйда тўйбошилар сафида туриши муҳим ҳисобланган. Ҳозир-чи?! Худди етти ёт бегона ҳақида гапираётгандек “келиннинг отаси тўйда кўринмади?” дейишса, “Россияда ишлаётган экан. У ёқлар қўшни маҳалладимики, бир кечалик тўй учун келиб-кетса” деган жавоб ҳеч кимни ҳайрон қилмайди.
—    Тоғамнинг қизи- жияним узатилди,- дейди ҳамкасб синглимиз.- Тўй тўйдан кўра азага ўхшади. Етти ой аввал Россияга ишлагани кетган тоғамнинг жасади қайтганди. Қизи фотиҳали эди ўшанда. Тоғам қизининг сепига пул топиш учун кетганди... Тоғам кетаётганларида бувим бетоб эдилар. Улар кетганларидан кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бувим вафот этдилар. Тоғам онасининг жанозасига қатнашолмади. Орадан тўрт ой вақт ўтиб, ўзи темир тобутда қайтди. Пул топиш учун хорижга кетган тоғамнинг жасадини қариндош-уруғ бир амаллаб олиб келишди. Қизи ҳам қиёматгача армон қилади. Аммо энди армоннинг ҳам, пушмоннинг ҳам нафи йўқ. Тўйнинг бошидан охири йиғладик. Биров тинса, бошқаси йиғлашга тушади... Қизининг сепига қимматбаҳо мебел қилиш учун эрини мажбурлаб хорижга жўнатган келинойим бир ўзи, мотам либосида тўй ўтказди... Бу ҳолат гапиришга осон...
Айрим юртдошларимиз эса, хориждан топилган долларларни аҳли аёлининг номус-оридан афзал қўяяптиларки, бундай бепарволик аянчли оқибатларни келтириб чиқармоқда. Номус- фидо қилинмайди. Ориятнинг ўлиши- йигитнинг ўлими. Ғурур- пулга сотиб олинмайди, СОТИЛМАЙДИ. Бу дунёда моддиюндан ҳам бир неча баробар устун турадиган нарсалар бор. Уларнинг энг аввалида —

Оила ШАЪНИ

туради. Таассуфки, баъзи кишилар учун  нафсининг хоҳиш-истаклари орият, ғурур, номус, шаън каби инсоний фазилатларнинг қийматини ўлдирмоқда. Хорижда ишлаётган эркакларнинг аёллари, қизларининг ёмон йўлларга кириб кетгани, четда ишлаётган ўзбек хотин-қизларининг қилғиликлари ҳақида кейинги пайтларда кўп эшитяпмиз. Бу жуда оғир, жуда ёмон иллатлигини таъкидлаганимиз сари, негадир таъналарда таъсир сезилмаяпти. Маънавий таназзулки- эркак киши тирик бўла туриб, никоҳидаги аёли унга хиёнат қилса. Маънавий қиёматнинг қўпгани шуки- ота тирик, оғалар қадди тик-у, қиз, опа-сингил фаҳш йўлида санғиса... Аксарият нопок кўчаларга бўйлаганларнинг эркаги хорижда ишлаётган бўлади. Бундай ҳолатлар ҳақида гапириш оғир. Дўстлар, миллат БИЗ, бир эмас! Бугун эри хорижда ишлаётган хотиннинг ўзига таманно қилганидан фахр туйган эркак, аслида кимнинг устидан куляпти? Унинг ҳам қизи, опаси, синглиси... Хорижда кимларгадир ғамза билан қараб юрмаганига кафолат борми? Бу разолатдан миллатни қутқармоқ фурсати етмадими, юртдош?..
—    Маҳалладош эркак уч йилдан бери Россияда,- дейди Андижонлик Ҳуснидахон.- Аёли уйида икки ўғил билан қолганди. Яқинда эри хорижда ишлаб юрган хотин қиз фарзандли бўлди... Бу шармандаликка куйгандан кўра кулган кўп бўлди. Тағин “эри Россияда бўлса, хотини шу ерда-ку” деб бир тийиқсиз масхарабознинг яланғоч аскиясини ҳам айтиб юрганлар бўлди. Одамлар шармисорликдан шарм қилмай қўйишди...
Хунук нарсаларни ёзиш ҳам хунук. Ёқимсиз гапларни эшитиш қулоғингга ёқмагани каби, бундай жирканч иллатлар ҳақида ҳам ёзгинг келмайди, киши. Яратган ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин. Кишида бузуқ ва жирканч ишларга мойиллик бўлса, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Аввало ҳаё кўтарилмасин. Қолаверса, маънавий “иммунитети” кучсиз кишига  ҳар турфа хуружларнинг сингиши осон бўлади. Бундай разолатдан халос бўлиш учун, фикримизча миллатнинг маънавий “иммунитети”ни кўтариш керак...
Биродарлар, айтмоқчи бўлганимиз

Дийдор азиз!

Дийдор ғанимат. Дунё омонат. Биз, яқинларимиз, ота-она, жон-жигар, фарзандларимиз ана шу омонатлик  ичра ғаниматдирмиз. Бу ўзгармас ҳақиқатни синдириб бўлмайди. Нима дедингиз, замондош?

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ