1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ким айбдор? (Йигитлар “бокира” ... ми? – 2)

    “Йигитлар “бокира” ... ми?” мақоламиз эълон қилгандан кейин, интернетда ҳам таниш билишлардан ҳам кўпгина фикр мулоҳазалар, норозиликлар билдирилди.  Норозилик билдирганларнинг аксари ўша “бокира” йигитлар бўлиб, уларнинг “бебокира”га айланиб қолишига фақат кўчада бутун қадду қоматини ҳаммага кўз кўз қиладиган қизлар айбдорлигини, агар улар бундай юришмаганида, улар ҳам “бокира”лигин бой беришмаган бўлар эканлигини айтишдан иборатдир. Биз шу муносабат билан эндиги “кун тартиби”га бу ҳолатга ким айбдор, деган масалани қўйиб, айбдорни қидиришга киришамиз.
     Ҳақиқатан айбдор ким? Очиқликнинг энг охирги чегарисигача кийинган қизларми, ёки шу чегарани ҳам тан олмасдан бутунлай очиқликни хоҳлаётган йигитларми? Ёки қизларига энг охирги модада кийинишни тавсия қилиб, бутун баданини тугул уят жойини ҳам зўрға беркитадиган кийим олиб бераётган, ўғилларини эса  ёшлигидан сўкишга ўргатиб, катта бўлганда мактабдаги қиз ўртоғини уйига етаклаб келиб, “ойижон, адажон мана шу қиз сизнинг бўлажак келингиз, биз бирга бўлганмиз, уйланмасам бўлмайди”, деганида, “хурсандлигидан” анчагача ўзига келолмаган ота онами? Ёхуд оиласидан бошқа ҳаммага “насиҳат” қилиб, кўчада очиқларни кўрганда Калвак Маҳзумдек кўзи олма терадиган оқсоқолми? Ёки мактаб низомига калта юбка кийишни қонун қилиб киритиб, байрамларда ўқувчисини вальсга таклиф қилаётган мактаб директорими?
    Юқорида зикри ўтган касб егалари каминани маъзур тутсинлар. Бу ерда мен “ҳамма шунақа”, демоқчи эмасман. Шундай касб эгаларидан кўпчилигини таниймиз. Ҳаммаси иймон-эътиқодли, ҳалол меҳнат қилаётган кишилардир. Лекин, афсуски гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда ҳам бундай кишилар йўқ эмас.
    Яна сўзимизга қайтсак. Кўпчилик айтганидек ҳозирги пайтда кўчага чиқиб, бозорга бориб келишнинг ўзи бир қаҳрамонлик бўлиб қолди. Билмадим бу қизлар шунчалик исиб кетганми, ёки оиласида пулдан тақчиллик борми, ҳарқалай кийиминг учдан иккиси йўқ. Бу аҳволдаги қизлармизни кўрган бизнинг йигитларимиз ҳам уйланмасданоқ ўша қизни ҳар қандай ҳолатда тасаввур қилиб, ҳар қандай ишни хаёлида бажариб бўлаяпти. Табийки бундай “модница” бўлиб олган қизга ҳар қандай йигит бир оғиз гапиради. Бир кўрган таниш деганларидек, иккинчи, учинчи кўришганларида никоҳсиз қариндошга ҳам айланиб қоладилар. Натижада йигит зўравон, қиз эса бегуноҳ жабрдийда мақомини олади. Эрка қизини туғилганидан “барби” қўғирчоғидек қилиб қўйган ота она “маъсума” қизини бадном қилган “зўравон” йигитни жазога тортиш учун маҳкамадан маҳкамага чопишади. “Зўравон” ўғилнинг отаси эса бу йигитчиликда бўладиган оддий иш эканлигига маҳкамадагиларни “ишонтиришга” ҳаракат қилади. Мактаб маъмурияти эса, бу ишда уларнинг айби йўқлигини, улар ҳар доим бу ишнинг оқибати ёмонлигини айтишганлигини таъкидлайди. Маҳалла фаоллари эса бунақа беадаблик уларнинг маҳаллаларида бўлиши мумкин эмаслиги, бу нарсаларнинг ҳаммасига нарги маҳалладаги “бузуқи” йигитлар сабабчилигин уқтиради.
    Бундан келиб чиқадики бу масалада бир тараф, ёки бир шахс вакиллари айбдор эмас экан.  Ҳаммамиз  бу ишнинг айбдорини қидиргандан кўра, ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак экан. Қизми, йигитми ўзини иффатини сақлаши, бу нарса бизнинг миллатимизга бегона нарсалагини унутмаслиги керак экан.

Илова: Мен ҳозирги пайтдаги сийқаси чаққан мавзулардаги, биринчиси  ҳам минг машаққат билан кўриладиган сериалларга ўхшаб яна “2”сини ёзмоқчи эмасдим. Лекин ўша серялларга ўрганган “мухлислар” талабини ерда қолдиргим келмади. Кутиб туринг, балки, “Йигитлар “бокира” ... ми? – 3,4,5 ...” ва  ҳакозоларни ёзгимиз келиб қолар. “Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади”, деганларидек, бизнинг бу мақоламиз бемазалашган бўлса, уруғи кўпайганидан эканлигини унутманг!

Валиев Саидакбархон

Ҳозир сайтимизда 274 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ