1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Шифохона бувингизнинг маҳрига тушганми, дўхтир опа?”

Шифокорларнинг бемордан пора таъма қилиши, ўзига иши тушган кишиларнинг чўнтагига, мавқеига қараб муомала қилишига гувоҳ бўлгандим, эшитгандим лекин уларнинг бундан ҳам баттар қилғиликларга қодир эканини ўйламаган эканман. Яқинда шифокорлар билан боғлиқ ачинарли ҳолатга гувоҳ бўлдим.
Дўстим қўнғироқ қилиб, пойтахтдаги нуфузли шифо масканларидан бирининг номини тилга олиб, у ерда танишим бор-йўқлигини сўради.

-    Дўхтирларга ишим тушмаган, тушгулик ҳам қилмасин. Тинчликми, сизга нега керак бўляпти?- деб сўрадим.
-    Кўрмайсизми, Сурхондарёдан бир ҳамқишлоқ оғайним қайнисини пойтахтга шифокор кўригидан ўтказиш учун олиб келган экан. Боланинг мазаси йўқ. Иккала буйраги ҳам қуриб кетган. Ҳозирги аҳволимни сизга тушунтириб беролмайман. Касал боланинг афт-ангорига қарагани юрагим бетламаяпти. Ўлим ёқасида турибди, бечора. Шу ҳолидаям дўхтирлар овора-сарсон қилишяпти...
-    Тушунмадим, нега қабул қилишмаяпти? Йўлланма билан келишганми, ахир?
-    Йўқ-да... Бемор болани аввал вилоятдаги шифохона ё поликлиникага олиб бормай, бозорга келгандай тўғри пойтахтга йўл олишибди. Гапирган билан фойдаси йўқ. Бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчган — улар аллақачон Тошкентда. Боланинг аҳволи оғир. Юролмайди, ўтиролмайди, зўрға нафас оляпти. Кечадан бери касал болани орқасига опичиб олиб шифохона эшигида ўтирибди. Кеча олиб келишган экан, шифокорлар қабул қилишмагач, менга қўнғироқ қилишди. Келиб гаплашсам, “Биз кўрмаймиз, йўлланмасиз келган беморни қабул қилмаймиз”, — дейишяпти...
— Оббо, йўланмасиз бўлса нима қилибди?! Бу шунчалик катта қонунбузилиши эмас-ку! Майли, йўлланма олиб келишга ҳамқишлоғингизнинг ақли етмабди, лекин врачлар бемор боланинг аҳволини кўриб туришибди-ку, кўзлари очиқ-ку! — Асабим қақшаб, тутақиб кетдим.
-    Секин айтасизми?.. Ҳозиргача клиниканинг врачлари билан тортишдим. Фойдаси бўлмади. Шаҳардаги бошқа касалхонага олиб бордик. У ерда ҳар тугул текшириб кўришди-ю, бошқа клиникага йўлланма ёзиб беришди. Яна оворагарчилик. Касал болага раҳмим келади. Бечоранинг кўзини очишга ҳоли йўқ. Онда-сонда инграб қўяди. Шу биргина инграганида ҳам чарчаб-толиқиб, рангпар, қуруқшаган лабларини тамшаб қўяди. Ярим юмуқ, хира кўзларини тикиб нималарнидир ғудранган куйи ғингшиб қолади. Бошқа клиника келдик. Бу шифохонада ҳам бизни рад этишди. Сабр косам тўлиб-тошиб кетди. Илтимос, ҳозир кела оласизми? Журналистсиз, сиздан ҳайиқишар сал бўлса ҳам...
 Бош муҳаррирга вазиятни тушунтириб, шифохонага қараб чопдим. Ҳақиқатдан ҳам боланинг аҳволи оғир эди. Оғир-оғир нафас олар, оғриқ зўридан бўртиб чиққан хира кўзларидан оқаётган ёш ҳар қандай бағритош кишининг ҳам юрагини эзарди. Инграниб оғир-оғир нафас олаётган беморнинг ғудраниб қўйгани “Ўзи умримнинг сўнгги кунларини яшаётган бўлсам, бунча мени оворайи сарсон қилдингизлар” деб ўкинаётгандек туюлади. Эту устихон бўлиб ётган касал болага, уни олиб келиб иши унмаётган одамларга қараб бўғзимни нимадир куйдира бошлади. Кўзларимни ачиштираётган ёшни аранг ичимга ютиб, шифокор аёлга ёлвордим:
-    Жон, опа, Худо хайрингизни берсин, қабул қила қолинг энди. Беморнинг аҳволи жуда оғир, қийналиб кетди. – Шифокорнинг юз-кўзидан қаҳр-ғазаб ёғилди. Мен беморга зиён бўлмасин деб, шифокорнинг ҳар қанча қаҳр-ғазабига дош бериб, илтимос қилишда давом этдим. Бўлмади. Шифокор хоним андишанинг отини қўрқоқ қўйганлардан эканлар. На гапга тушунади, на кўнглида раҳм-шафқат уйғонади. Шифокор билан ёқалашиб кетишимга сал қолди.
— Нега қабул қилмаслигингизнинг сабабини ёзиб бера оласизми? Мен  бу масала бўйича тегишли жойларга мурожаат қиламан. Менга “Оғир аҳволдаги беморни касалхонага қабул қилмаслик керак”,  дейилган бирор далил кўрсата оласизми?
Шифокор бу саволларимга маданиятли кишиларга хос бўлмаган тарзда шанғиллаб ўдағайлаш билан жавоб қайтарди. У билан  анча пайт айтишдик.
Одамлар шунчалик бемеҳр, тошбағир бўлиб кетишган деб ўйламагандим. Айниқса, баъзи шифокорларда раҳм-шафқат бўлмаслиги мен учун жуда ҳайратланарли ҳол эди.
Гарчи шаънимга ярашмаса-да, ахмоққа ахмоқ бўлиб роса тўполон қилдим. “Тегишли идораларга маълум қиламан, сенларни шундай қўймайман”, деган дағдағалар билан бир амаллаб беморни жойлаштирдим.Тоза ҳавога чиққандим, ўпкам тўлиб йиғлагим келди. Кўзларимдаги ёшни тўхтатишга ўзимда куч тополмасдим...
Тошкент — қишлоқ аҳолиси учун энг сўнгги нажот гўшаси. Одамлар ўз тумани ё вилоятида иши битмаса Тошкентдан илинжига таскин истаб келади. Аммо пойтахтнинг ҳам ўзига яраша тош-тарозиси, ўлчов-меъёри борлигини кўп ҳолларда мулоҳаза қилишмайди. Тўғри, шифохонага йўлланма асосида бемор қабул қилинишини, ҳамма жойнинг ўзига яраша тартиб-қоидаси, меъёр-мезони борлигини биламиз. Ҳеч ким ўзига бош оғриқ, ортиқча ташвиш пайдо қилишни истамайди. Бироқ, дунёда ИНСОНИЙЛИК, ОДАМИЙЛИК, инсоний бурч, вазифа деган нарсалар ҳам бор-ку! Ўша шифокорлар клиниканинг шифокори сифатида эмас, одамларга беминнат, таъмасиз, ўз вақтида виждонан ёрдам бериши шарт бўлган мухатассис, инсон эканини ўйлашмайдими?! Керак бўлса беморлардан пул сўраш, муолажа учун пора таъма қилишдай ҳам қонунга, ҳам одамийликка мутлақо зид бўлган ишларни бемалол, ҳамманинг кўз ўнгида, қўрқмай, тортинмай, уялмай қилаверишади-ку. Соддалик қилибми, шошилганиданми, ё шу нарсаларга ақли етмаганиданми йўлланмасиз пойтахтга келган беморни қабул қилишни қонунбузилиши деб ҳисоблаган шифокорларнинг қай бири вазифасини сидқидилдан, ҳалол бажарар экан?..
Мутахассислиги бўйича диплом олишдан аввал Гиппократ қасамини ичган шифокор ўлим ёқасида турган беморга ҳам қўлидан келганча, имкони борича ёрдам беришга мажбур-ку! Майли, Тошкент шаҳридаги бошқа касалхоналар вилоятдан келадиган беморларнинг “прописка”си бўлмагани учун қабул қилишмас, дейлик- аслида эшигидан ёрдам сўраб келган беморни кўкрагидан итаришга уларнинг ҳам ҳаққи йўқ!- лекин, Республика миқёсидаги, бутун Ўзбекистон аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш мажбуриятига эга шифохоналарда хизмат қилаётган ходимларга хоҳлаган беморини қабул қилиб, хоҳламаганини қайтариб юбориш ваколатини ким берган?!..
Бемор болани касалхонага жойлаштираётганимизда уни олиб келган киши — дўстимнинг ҳамқишлоғи изтиробга ботиб айтган гаплар қулоғим остидан ҳеч кетмайди:
-    Ўзи ҳеч қандай илож йўқлигини, болани бой бериб қўйганимизни билардик. Лекин пойтахт дўхтирларига ҳам бир кўрсатиш кўнгилдаги сўник умид эди. Майли, нима бўлганда ҳам пешонада борини кўрамиз. Булар дўхтир-ку, ахир. Инсонда руҳият, кўнгил деган нарсалар борлигини яхши билишади-ку. Шу боланинг умри оз қолганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Лекин бироз яхши муомала қилиб, “Сен тузалиб кетасан, биз сенга ёрдам берамиз. Албатта соғаясан” деб ёлғон гаплар билан кўнглини кўтарса бўлар эди...
 Унга таскин берадиган ҳолим қолмаганди. Ич-ичимдан бўғиб келаётган хўрсиниқни аранг ютиб сабр тиладим. Йўқ, йиғлашга ор қилганимдан эмас, аравачада бир тутам бўлиб ётган бемор ўсмирнинг илинжига, ҳаётга, яшашга бўлган умидига ўт қўймаслик учун кўз ёшимни тиёлдим...
P\S:
Орадан икки кун ўтиб ҳалиги дўстим қўнғироқ қилиб, шифокорлар бемор боланинг аҳволи оғир эканини, умри оз қолганини айтиб жавоб бериб юборишганини айтди. Кўзларимдан тирқирраб ёш чиқиб кетди. Анчадан бери ўзимга келолмаяпман. Одамлар орасидан меҳр-оқибат, одамийлик кўтарилганини далолат қилган ўша кунги воқеалар кўз ўнгимдан нари кетмайди. 
Шу ўринда яна андишага юз бурдим. Узоқ вилоятдан нажот истаб келган бемор болани сарсону саргардон қилган, оғир касаллигини кўриб туриб “отангга бор, онангга бор” қилган шифокорлару шифохоналарнинг аниқ манзилини келтирмадим. Гап эгасини топади. Мақоламиз ўша шифокор касбидаги кимсаларнинг қўлига тегадими йўқми, буниси бизга қоронғу. Истагимиз – ўшаларнинг ҳам кўксида ғафлат уйқусида қотиб ухлаётган виждони уйғонсин!..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 278 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ