1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

«Тўйлардаги янги “закунлар”»

— Ассалому алайкум, таҳририятга тушдимми? — Таҳририят телефонининг қўнғироғига жавоб бергандим, гўшакдан ёши улуғ онахоннинг овози эшитилди.
— Ваалайкум ассалом, ҳа тўғри тушдингиз. Сизни эшитишга тайёрмиз.
— Қизим, долзарб муаммоларни, айни кунда мулоҳазага чорлайдиган мавзуларни ёритасизлар. Менинг номимдан ижодкорларингизга ташаккуримни билдириб қўйинг, илтимос.
— Омонат гапингизни албатта эгаларига етказаман.
— Хуллас, сизларга ўзимни анчадан бери ўйлантириб юрган бир муаммо юзасидан қўнғироқ қилаётгандим.
— Эшитаман.
— Гапиравериб, ёзавериб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб тўйлар билан боғлиқ маросимларни бироз бўлса-да, ихчамлаштиришга эришдик. Аммо, тўйларни ихчамлаштириш билан боғлиқ ҳукуматимиз ва жамоатчилик қатор ишларни амалга ошираётганига қарамай, одамлар тўйларда ҳар хил “закун”ларни одат тусига киритишдан чарчамаяптилар. Энди тўйларда яна бир бемаъни одат урфга кирибди.
— Қандай одат экан?
— Ўртакаш келин-куёвнинг қариндошларини бирма бир даврага чорлайди. Даврага келганлар навбати билан келин-куёвларни ҳаётидаги энг муҳим кун билан табриклаб, ўртакашнинг мажбурлови остида рақсга тушадилар. Камига икки томонда иккита “пылесос” – пул йиғувчи ҳам келиб ўтиради. Тўйхонага келган меҳмонлар навбати билан ўйнаётганларга пул қистиришади, ҳалиги “пылесос”лар эса тушган пулларни дарҳол ўйнаётганларнинг қўлидан юлқиб олиб, қўлидаги қутига солишади.
— Сиз айтаётган “қистир-қистир”га кўз тикаётганлар келин-куёвнинг қариндошларими?
— Йўқ-да! Шунинг учун қўнғироқ қиляпман-да. Ҳалигилар тўйга келган артистларнинг “шотирча”лари! Тўй эгаларининг қариндошларини ўйнатиб, давра қатнашчиларидан пул йиғиб олишади. Сайтингизда чоп этиладиган мақолалар таъбири билан айтганда замонавий тиланчи-юлғичлар!
— Ҳа...
— Ундайлар уялишмайдиям, қизим! Ўша артистлар тўйга келишдан аввал келишиб, оладиган пулига рози бўлиб келади-ку! Яна тўй эгаларига қистириладиган пулларга кўз тикишига бало борми?! Одамда озгина уят ҳам бўлиши керак-да!
— Гапингизда жон бор...
— Ҳозирги замонда тўй қилишнинг ўзи бўладими? Хоҳласа-хоҳламаса тўйда қарз кўтаради. Қарз кўтармаганда ҳам тўйдан кейин моддий қийинчиликларга дуч келади киши. Ўша нафси ўпқон артистлар шундай машаққатларни ўйлаб кўришмайдими? Келинг, тўйда икки юз чоғли меҳмон бўлсин (беш юзга яқин одам тўпланади аслида), ўйнаётганларга чиққан одам камида минг сўм қистиради. Келин-куёвнинг оналари чақирилади, холалар, аммалар, янгалар ва ҳоказолар... Қистириладиган пуллар қанча бўлиб кетади?! Демак, артистлар тўйдан келишилган пулнинг икки бараварини олиб кетаркан-да! Бир пайтлар ёши катта, машҳур санъаткорлар оммавий ахборот воситаларида интервьюлар беришганда “тўйда қистирилган пуллар тўй эгаси билан келишган миқдорни ташкил этса, келишилган пулни олмаймиз. Бу инсофдан эмас” деган гапларни гапиришганини ўқигандик. Ҳозирги ёш қўшиқчилар эса пул деса ота-онаси ҳам кўзига кўринмайдиганлар тоифасидан!
— Ҳа, оғриқли ўйларингиз ўринли...
— Майли, яқин қариндошларнинг рақсга тушишига ҳеч ким қарши эмас. Тўй шодиёна, ўйин-кулги, хурсандчилик қилишга ярашиқли маросим. Мен қистир-қистирдан тушган пулларни ўлжадай пойлаётганлардан нафратланяпман. Ўша пулларни келин-куёвга беришса бўлади-ку! Ҳозир аксарият кишилар талаба фарзандларини уйли-жойли қилишяпти. Кўпчилиги контрактда ўқийди. Ҳалиги қистирилган пулларни келин-куёвнинг ўзига беришса, контрактига тўлайдими ё эсдаликка бирор буюм оладими, инсофлироқ фарзанд бўлса ота-онасига берадими... Битта тўй билан ўғил уйлашу қиз узатиш тугаб қолмайди. Ортидан яна бир қанча маросимчалари ҳам борки, уларга ҳам камида битта тўйнинг харажати кетади. Ана ўша маросимларга ишлатилади ўша қистир-қистирдан тушган пуллар. Бу кимлар учундир майда-чуйда, арзимас нарса бўлиб кўринар, кимдир мени, бу хотиннинг қиладиган иши йўқ кўринади, деб  шу гапни ҳам газетага олиб чиқибдими, дейиши мумкин. Лекин мен одамларни чуқурроқ ўйлашга чақирмоқчи эдим.
— Гапларингиз тўғри. Аслида, керак-нокерак одатларни ўзимиз кашф қиламизу, уларнинг озоридан ўзимиз азият чекамиз. Умид қиламизки, бугунги суҳбатимизни кузатган юртдошларимиз юқоридагига ўхшаш “закун”лар атрофида  мулоҳаза қилиб кўрадилар.
— Айтганингиз келсин. Мени эшитганингиз учун сизга катта раҳмат. 
— Саломат бўлинг. Сайтимизни кузатиб боришда давом этинг.

Хонзода суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 25 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ