1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эркакмисиз? Йўғ-э!

Инсон янглиш туғилмайди, у адашиб ҳаёт кечиради, холос.
- Диля, анув кўзлари қоп-қора қизни қара, сал ғалатироқми?
- Ким? Ҳа, анувми, худди чизиб олганга ўхшайди-я?
- Ҳа, кофточкасини қара, чиройли ранг экан.
- Сочиям зўр кесилган экан.
- Ээ, тўхта, у ўзи қиз болами, ё ўғил бола?!

Қизларнинг суҳбатига табиий инстинктим билан қизиқиб, бу таърифлар соҳиб(ас)ини кўз қирим билан излай бошладим. Топдим ҳам. Алҳазар, бекатда эгнига пушти кўйлак, жинси шим кийиб олган, сочлари қоп-қора ялтираб турган, қовоғига қора қалам суртиб, қошларини териб олган бу ИНСОНга мен ҳам бир муддат қандай нисбат беришни билмай қолдим.

Миям яшин тезлигида ишлаб кетди: Эркак бўлмаса керак, ҳеч қаери ўхшамаяпти-ку! Лекин, у аёл киши ҳам эмас, буни нафақат маълум жиҳатларидан, балки қандайдир ички сезгим билан ҳис қиляпман. Журналистлик касалим тутиб кетди. Демак, буни аниқлаштириш керак, ҳозироқ. Қўлимда аёлларимизга машҳур бўлган «Oriflame» (косметика ишлаб чиқарувчи компания) журнали бор эди. Ўзимни, ўзбекча айтганда, аттор қилиб кўрсатиб, олдига бордим. Аввалига русча саломлашиб, унга «дунёдаги энг сара косметик маҳсулотлар»ни таклиф қилдим. У эса:
- Ну-ка, кўрсатинг-чи, -деб қолди!!! Овозидан қайси жинсданлигини англаб ололмасам-да, унинг ўзбеклигини тушуниб, лол бўлдим.
- Ўзбекмисиз?
- Конечно.
У журнални варақлай бошлади ва шубҳаларимни тасдиқлаб, эркаклар учун ажратилган саҳифалардан бирида тўхтади.
- Знаете, манга шу атир ёқади, яқинда тугаб қолувди, как раз қидириб юрувдим...

Бу сўзлар ноз-фироқ қилаётган аёл кишининг сўзларидек жаранглаб ўтди қулоғим остида.

- Кечирасиз, кимга олмоқчисиз?- дедим янада аниқлик киритиш мақсадида.
- Ўзимга, кимга бўларди?
- Сиз...(шошилинч) эркакмисиз? Бу савол мен ўйнаётган ролимнинг хаёлий сценарийсида ҳам йўқ эди, аммо хато қилиб қўйишдан қўрқдим.
- (кулиб юборди) Ну-да. Нима кўрмисиз?

... ... ...

Бу воқеага кўп бўлгани йўқ, яна қаҳрамонимни кунора бекатда учратишимга нима дейсиз? Негадир, бу каби «йигит»ларни ҳеч қачон ўзбек бўлиши мумкин ёки ўзбеклар орасида ҳам шунақалар бор, деб ўйламагандим. «Ҳаммаси чет элда, бизда бунақалар йўқ, бўлмайди ҳам», дердим. Мана ўзим ҳам йўлиқиб турибман. Ва ҳар кўрганимда ич-ичдан ғазабим қайнайди. Бу қандай бедодлик? Ким бу ёки ниманинг оқибати бу? Қизиқишлари, кийиниши, ўзини тутишигача «заифа»лашиб кетган бу ИНСОН ўзининг шу ҳолатини «биласизми, ман бошқалардан ажралиб туришни истайман. Итс май стайл (It's my style - бу менинг услубим)» деб изоҳлаши ва бундан фахрланишини қайси ақл билан тушунтириш мумкин экан-а? Албатта, ҳар ким ўз билгича, ўз орзу-интилишлари билан яшаш ҳуқуқига эга, бу қонун билан тасдиқлаб қўйилган. Бунга эътирозим йўқ. Аммо мен шу йигитга қараб туриб, у тарбия топган муҳитни кўз олдимга келтирдим. Ўйладимки, балки йигит фақат қизлар орасида ўсган, ёлғиз ўғил фарзанд бўлган...Ўзининг айтишича, мусулмон, 2 акаси ҳам бор. Ҳамма ўзбек йигитларига ўхшаб катта бўлган...

У ҳақида бор билганларим ана шулар, қолганлари менинг тахминий хулосаларим. Тахминларим билан сизнинг бошингизни оғритмоқчи эмасман, ўзингиз мантиқий якун ясаб оласиз, деган умиддаман.

Ўша кундан бери ичимда ғалаён. Балки бу менинг аёл кишилигим билан боғлиқдир. Атрофни кузатаман: йигитлар, акалар, укалар, оталар, буважонлар. Ўша кундан бери ЭРКАК деган статусни қидиряпман. Мард, бир сўзли, қўпол бўлса ҳам софдил, оилапарвар, қўлингдаги юкингни кўтариб, автобусга чиқариб қўядиган, ўрнини тенгдош қизларга-да бўшатиб берадиган йигитларимиз, акаларимизни кўриб бир қувонсам, оёқларини чалиштириб ўтириб, аёллар ички кийимини-ю, лаб бўёғини сотиб ўтирган, русча акцент яратаман деб нозланганнамо сўзлайдиган «ЗАМОНАВИЙ ИНСОН»ларни кўриб, аламдан «дод» деб юборгим келади.

Сиз аёлларни, қизларни тенг ҳуқуқлиликка даъвогар эканига ўз мулоҳазангизни айтдингиз. Келинг, энди биз ожизанинг сўзини ҳам тинглаб кўринг.

Турк сўфийларида ажойиб бир мақол бор: «Erkek arslan-da arslan, dizim arslan arslan degilmi?» (Эркак шер шер-у, урғочи шер шер эмасми?). Буни Ислом аҳкомларига қарши бир фикр деб тушунманг, мен ЭРКАК мавқеи ва ЭРКАК пойини кўзимга суртмоқ истайдиган жажжи бир қизалоқман. Ва агар бунга арзишса...

Ғалат ҳолат...ОДАМлар ТАНГРИга исён қилиб ўз жинсини ўзгартиришяпти, маълумотингиз учун, аёлга айланмоқчи бўлганлар, эркак бўлмоқчилардан икки ҳисса кўп.

Ажаб ришталар...ЭРКАК ЭРКАКка қизиқишни бошлади. Бошлади эмас, бу ришталар тарихни-да булғаб бўлганди. Бугун баъзи давлатлар бир жинслилар никоҳини қонун билан белгилаб ҳам қўйди.

Ажаб ЭРКАКлар...Аҳли аёлини хорижга жўнатиб қўйиб, ўзи Western Unionга қатнашни ўрганди.

Ғалат ЭРКАКлар...Юзига упа, лабига бўёқ суриб, қошларини териб, «имидж» яратиб, суратга тушяптилар.

Сиз айтасизки, биз «ожизалар» ҳар нарсангизни олиб қўйдик..., сизни кўчада уялтириб, ЭРКАКка айланиб қолдик..., ОИЛА ТЎРини эгалладик..., сиз кийганни кийдик, ичаётганингизни киприк қоқмай симирдик. ҲАҚСИЗ! МУТЛАҚО ҲАҚСИЗ! Бугунги кун заифаси юқоридагиларнинг ҳаммасини қилди, қиляпти ҳам. Биз эркаклашдик, бунинг натижасида сиз аёллик вазифаларни бўйнингизга олдингиз. АММО қачондан бошлаб? Азиз акажонлариму укажонларим, ўзингизга ҳеч шу саволни бериб кўрганмисиз? Лаббай, аёлликнинг иффатли аъзолари очилган кунми? Ўша куннинг эртасидан бошладикми? Ёки бунга сизлар бизга секин-аста тутқазган ҲАЁТ жилови туфайли йиллар давомида эришдикми? Тангри бизни сизнинг жон-бағрингизда жойлашган қовурғангиздан яратган, биз сиз айтгандек, «қирқта жонли», ўз хожасига итдек содиқ АЁЛЛАРМИЗ («ит - вафо, хотин - жафо» мақолини ўзгартиринг), қачонки, сиз бизни РИЦАРдек ҳимоя қилсангиз, агар сиз бизни СЕВСАНГИЗ ва агар қўпол бўласизми, айиқполвонга ўхшайсизми, чинакам ЭРКАК бўлсангиз...

Ҳозир сайтимизда 283 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ