1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сув сотаётган сутчи хотинлар

 

 

Туни билан томоғи оғриб, ҳарорати кўтарилган дугонамнинг тонгга яқин овози ҳам бўғилиб қолди. Касаллик билан курашавериб, чарчаган дугонамга қараб раҳмим келарди. Ҳали яқинроқдаги дорихоналарнинг очилишига икки-уч соатча бор. Унгача бирор чорасини топиш керак. Нима қилишни билмай, бошим қотиб турганида, сутчи аёлнинг овозини эшитиб кўчага югурдим. Қайноқ сут томоқ оғриғига даво деб эшитгандим, шу боис сутни олиб чиқиб қайнатиш учун тезда газга қўйдим. Не-не умидлар билан олиб чиққаним сутнинг дақиқа сайин ранги ўзгариб, сарғимтир суюқликка айланиб қолганини кўриб жаҳлим чиқди ва шошилганимча дераза олдига бордим. Сутчи аёлнинг қораси ҳам кўринмади, дилимдаги алам оғзимга чиқди: Илоҳо, тешиб чиқсин!а
Тонгданоқ «сут олинглар» дея жар солаётган бу аёллардан қанчалар киши алданиб қолишини хаёлимга келтирдиму, аламим зиёда бўлди. Дугонам-ку, тузалиб кетди, лекин ҳар сафар сут сотиб юрган аёлларни кўрганимда ўша кунги сут кўз олдимга келаверади, «алдашяпти» деган фикр хаёлимдан ўтаверади.
Орадан кўп ўтмай, «Чилонзор» метросидан чиқаётганимда қўлида учта сумка кўтарган сут сотувчи аёлга ёрдамлашган бўлдим.
— Шунча юкни бир ўзингиз кўтариб келишга қийналмадингизми? — аёлни суҳбатга тортиш мақсадида савол ташладим.
— Э-э қизим, қийналсак ҳам нима қилайлик? Ҳар куни эрталаб Ғазалкентдан сут олиб келиб сотаман, тирикчилигимиз шу.
Аёлга қараб туриб, ачиниб кетдим. Рўзғорим дея тонгдан шомгача тиним билмас бу аёлнинг ҳорғинлиги юз-кўзларидан билиниб турарди. Унга раҳм билан тикилиб туриб, беихтиёр хаёлимга ўша кунги сут сотувчи аёл келди.
— Биласизми, ҳаммани норози қилиб бундай тирикчилик қилгандан кўра  очдан ўлган маъқул, — дея жаҳл билан ўша кунги воқеани гапириб бердим.
— Тирикчилик… Тирикчилик инсонларни ҳар кўйга солади, — деди аёл хўрсиниб, — айтганларингиздек, сут сотувчиларда ҳам инсоф қолмаган. Мен сутга сув қўшмай сотаман, қизим. Инсоф ҳам керак, нима қиламан бандаларни алдаб. Ҳалол меҳнат қилиб бир-икки сўм топсам, шунинг ўзи етади менга.
Аёлнинг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай бир муддат унга тикилиб қолдим. Чунки ким ҳам ўз айбини бўйнига олиб, мен айбдорман, дейди.
— Тўғри айтасиз, ҳар кимнинг инсофини ўзига берсин,— дедим-у, у билан хайрлашдим.
Ҳар кунги сут сотувчиларнинг «чақириқ»ларини айтмаса, бу воқеаларни деярли унутиб ҳам юборган эдим. Лекин…
Яқинда қўшни аёлларнинг суҳбатига беихтиёр қўшилиб қолдим.
— Уйимизга қишлоқдан меҳмонлар келишувди, — деди ёш боласини кўтариб олган аёл, — нонуштага ширчой тайёрлаб бера қолай деб, сут сотиб олувдим. Газга қўйилган сут қайнамасданоқ, усти кесилиб-кесилиб кетса бўладими! Идиши билан кўтариб, сут сотган аёлнинг орқасидан бордим. Сув қўшганини тан олмади, номард. «Иссиқда айниб қолгандир-да» дея баҳона ҳам топиб берди. Нима қилишни билмай, ортимга қайтдим. Жуда инсофсиз бўлиб кетишяпти-да, кўзингга тик қараб, ёлғон гапиришади-я, ноинсофлар!
— Кўп куйинманг-да, ана дўкондан «Nestle» сотиб олинг, — маслаҳат берган бўлди қўшниси, — икки баравар қиммат бўлса-да, зато  тоза.
— Вой, у нима бўларди, бир кишига ҳам етмайди-ку?!
— Шунинг учун етсин деб, сутчи хотинлар сув қўшишади-да, — хандон отиб кулди аёллардан бири.
Тўғри, сут сотиб олган аёл ушбу гапдан сўнг бироз мулзам бўлди, шекилли, индамай қолди. Лекин унинг айби нима? Ҳар куни дўкондан «Nestle» сотиб олишни оилавий иқтисоди кўтармаганими ёки сутчи аёллардан бирига мижоз бўлмагани? Наҳотки, сотувчининг айби эвазига харидор бошқалар олдида мулзам бўлиб бош эгса?
Сут сотувчиларнинг тўрт сўм ортиқ пул топаман деб, ҳалол луқмаларини ҳаром қилишларига нима мажбур қилдийкин, наҳотки улар ҳаром луқма уволидан қўрқишмаса?!
Сут сотувчи аёллар билан суҳбатлашиб, сабабини билмоқчи бўлдим. Бахтга қарши бирор бир сут сотувчи аёл сутига сув қўшганини тан олмади.
— Нима сабабдан сув қўшишади ўзи?  — сўрайман кексароқ сут сотувчи аёллардан.
— Ортиқча пул топиш, бир литр сутга сув қўшиб, бир ярим литрнинг пулини олиш учун-да…
— Ўзингиз ҳам ҳеч сув қўшганмисиз?
— Сут тагига олиб кетмаслиги учун озроқ сув қўшганман, — ўзини оқлаган бўлди аёл.
Озроқ сувнинг миқдори қанчалигини билмадим-у, лекин сутни газга қўйганда қайнашга ҳам улгурмай, зардобсифат бўлганининг гувоҳи бўлганман. Уларни кўриб, баъзан ўйга толасан. Тирикчилик дея оғир юк кўтариб, шаҳарни кезиб юриш осон эмас, албатта. Айниқса, сут сотувчиларнинг кўпчилиги аёллар эканини ҳисобга олсак, жисмонан нозик яратилган аёлларимизга бу иш қанчалик машаққат эканини тасаввур қилиш унчалик ҳам қийин эмас. Лекин шунча чақиримдан кўтариб олиб келган тоза сутнинг пули қаёқда-ю, сув қўшиб сотилган сутнинг пули қаёқда. Шу боис ҳам «тирикчилик» дея изоҳлашаётган уларнинг аҳволини бироз тушунгандек бўламан. Бироқ… тирикчилик фойда олиш учун одамларни алдаб пул топиш дегани эмас-ку!..
Турмуш, ҳаёт инсонларни баъзан ўйламаган ишларини қилишга ҳам мажбур этади. Бироқ биз инсонмиз-ку. Инсон эса бошқа жонзотлардан иймон, эътиқодининг бутлиги, ақлан расолиги билан ажралиб туради.
«Сут тагига олиб кетмаслиги учун сув қўшганман» деган гапни илк бора эшитганим боис, нима дейишни ҳам билмай ўйланиб қолдим. Шу кунгача боболаримиз челак-челак сут қайнатишганини кўрганман, лекин биронтаси ҳаттоки бир пиёла сув қўшиб қайнатмаган. Замонлар ўзгаргани билан сигирларнинг сути ўзгармайди-ку?
Агар сут сотувчиларнинг барчаси сув қўшиб сотаётган бўлса, қандай қилиб унинг савдоси шу пайтгача давом этяпти, маҳсулотини одамлар харид қилишяпти, деган савол туғилиши табиий. Бунинг ўзига хос сиру асрорлари бор экан. Ҳар бир савдогарларда бўлгани каби сут сотувчи аёлларнинг ҳам ўз мижозлари, маҳсулотининг талабгорлари бор. Доимий мижоз эса савдони юриштиришида асосий рол ўйнайди. Ҳеч эътибор берганмисиз, сут сотувчилар бир эмас, икки-уч сумка кўтариб юришади. Уларнинг бирида мижозлар учун «янги ва тоза», бирида эса бошқа харидорлар учун «сув қўшилган сут» олиб келишаркан. Шундай қилиб сотувчи ҳам, мижоз ҳам мамнун, фақат ҳар замонда бир сут сотиб оладиган харидорлар сутга сув қўшилганини биладию, жаҳл билан бошқа сут олмай қўяди. Шу билан яна ҳаммаси ўз изига тушиб кетаверади. Улар нафақат бошқаларни, балки ўзларини алдашмоқда. Бандасини алдаш осон, лекин Яратганни алдаб бўлмайди. Оғир меҳнатларига яраша халқдан дуо олиш ўрнига  қарғиш олаётганларини наҳот англаб етишмаса? Ахир халқимиз «Бировга яхшилик қилсанг охиригача қил. Ёмонликдан асар ҳам қолмасин», дея бежизга айтишмаган.
Ривоят қилишларича, кўп йиллар сут сотган бир киши кексайиб ниҳоят фарзлардан бирини адо этмоқ учун ҳаж сафарига отланибди. Очиқ кемада ҳаж сафарига бораётганида одамнинг ҳамёнини бир маймун ўғирлаб олибди-да, бир тилло тангани сувга, бир тилло тангани эгасига бериб, пулни иккига бўла бошлабди. Бу ҳолни кўрган одамлар ҳайрон бўлишиб, кемадаги донишманддан бунинг сабабини сўрашибди. Донишманд: «Шу кунгача не касб-кор билан машғул бўлгансиз?» дея пул эгасидан сўрабди.
— Сут сотиб, одамларга фойдам теккан, — мамнун бўлиб жавоб берибди у.
— Демак, барчаси аён, — донишманднинг юзларига табассум югурибди, — ҳамёнингиздаги ақчаларнинг ярми сутга қўшганингиз — сувнинг ҳаққи, ярми эса сизники. Ҳеч қачон бировнинг ҳаққи бировга насиб этмайди, — дея сўзини якунлабди донишманд. Ахир ўша сут токи эгасига етиб боргунгача сутчи аёлларда — сотувчиларда омонат-ку. Омонатга хиёнат қилиш эса…
Қадимданда сутга поклик, ҳалоллик рамзи сифатида қарашган. Шу боис ҳам туғилган жонзот борки, вужудига ҳалоллик, поклик сингсин дея илк бора она сути берилади. Шунингдек, инсон организми учун зарур бўлган кўпгина моддалар мана шу сут таркибида мавжуд. Тиббиётда ҳам сутнинг организмдаги шамоллаш, жигар хасталиклари ва ошқозон яллиғланиши каби минг бир дардга даво бўлиши қайд этиб ўтилган. Наҳорда ичилган бир пиёла сут саломатлик ва узоқ умрнинг гаровидир, дея таъкидланган. Инсон организми учун шунчалик фойдали бўлган сутнинг савдо аҳли томонидан сифат ва таркиби ўзгартирилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Сутга сув қўшилганда, унинг таркиби ўзгаргач эса, унинг фойдалилик хусусияти камаймайди дея ким кафолат бера олади? Ҳадиси шарифда келтирилишича, «Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса, ундай савдода барака бўлмас» экан. Баракасиз нарса эса на эгасига, на сотиб олган кишига фойда беради. Сутга сув қўшиш катта бир гуноҳдир. Ахир қанча гўдаклар сут билан ўсади, қанча беморлар сутли овқат еб шифо топишади.
Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) ғалла солинган бир бордон ёнидан ўтаётиб, унинг ичига қўлларини солиб кўрдилар. Унда нам борлигини қўллари сезди. Расулуллоҳ «Эй, ғалла эгаси, бу нима?» дедилар. У: «Ёмғир тегибди, эй Расуллуллоҳ» деди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Ундай бўлса, ҳўл қисмини тепасига қўйгинки, одамлар кўрсин». Кейин: «Кимки қалбакилик қилса, у биздан эмасдир» дедилар.
Ғаллани-ку, қуёш тиғида қўйилса, нами  кетар, лекин сутнинг ичидаги сувни қандай қилиб кетказиш мумкин? Ахир, ҳар биримиз мўъмину мусулмонмиз, ҳар дақиқада Яратганнинг марҳаматидан умидвормиз. Ўткинчи ташвишлар деб, сутга сув қўшиб қалбакилик қилсак, эртага «биз сенданмиз» дея Яратганнинг олдида қандай айтамиз, Пайғамбарнинг кўзларига қандай қараймиз. Ахир, сут Аллоҳ берган неъмат-ку, уни банда ўз меҳнати билан яратолмайди. Шундай экан, нега унинг яратувчанлигига хиёнат қиламиз?!

Райхона

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ