1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Нопоклик жафолари

 

 

 

Тўй ташвишлари билан чарчаб қотиб ухлаётган Салим дўхтир хотинининг йиғламсираган товушидан чўчиб уйғонди:
— Нима гап, нега йиғлаяпсан?!
— Дадаси, бўлинг, туринг тез. Шарманда бўлдик. Чиқинг ташқарига, улар... қизингизни қайтариб опкелишибди... -  Дўхтир уввос солиб йиғлаган хотинининг гапларини чала-чулпа эшитиб, уйқуга тўймаган кўзларини ишқалаб елкасига тўнини ташлаганча ташқарига чиқди. Остонадан ҳовлига қадам босар экан, сўрида асабий типирчилаб ўтирган қудаси ва унинг тинмай қарғаниб йиғлаётган хотинию, кеча  ёр-ёр садолари билан узатилган қизи Шоирани кўриб бошидан зарб еган кишидек гандираклаб кетди. “Наҳотки!? Бўлиши мумкин эмас!..”  Салим дўхтир кўрганлари шунчаки даҳшатли тушга айланиб қолишини астойдил истаб, бир муддат бўсағада туриб қолди. Йўқ, унга кўзи тушган қудағай бор аламларини тилига кўчириб бақира кетди:
— Тўйга кетган харажатларни қайтаринг! Бу шармандангиз икки дунёда хор бўлмаса, рози эмасман! Болагинамнинг обрўйини тўкиб, йигит бошини хам қилди, ер ютгур. Биз унга бировлардан қолган бева деб эмас, қиз бола, обрў-иффати, ор-номуси ўзида бўлган қиз бола деб пул сарфлагандик. Бизда нима қасдинглар бор эди?! - Овозининг борича ўкириб йиғлаётган хотинини тинчлантира туриб, эркак қуда ҳам гапга аралашди:
— Дўхтир, олинг бунингизни. Бировлардан қолган сарқит ўғлимга керак эмас. Тўйга кетган сарф-харажатни эса, бир-икки кун ичида қайтармасангиз, судга мурожаат қиламиз. Беномус қизнинг дастидан судма-суд изғишни истамассиз?.. - У шундай деб хайр-маъзурни ҳам нася қилганча, хотини ва ўзлари билан бирга келган иккита маҳалла вакиллари билан бошлашиб чиқиб кетди. Салим дўхтир  музлаб қолган тилини ҳаракатга келтиролмай, остонага чўкди-ю, юрагини чангаллаб эшикка бемажол суяниб қолди...

Шифохонанинг жонлантириш бўлими. Бурнига сунъий нафас бериш асбоби, билагига осма укол уланган Салим дўхтир уч кундирки ҳануз ҳушсиз ётибди. Шифокорлар беморнинг бир томони ишламай, фалаж бўлиб қолиши айтишяпти. Кучли руҳий зарба оқибатида юраги шикастланган. Инфаркт. Кутиш йўлагида дўхтирнинг яқинлари, иффатсизлиги учун куёв уйидан қайтарилган қизидан бошқа ҳамма Салим ётган хона эшигига жавдираб, кириб-чиқиб юрган шифокорларга илтижоли термулиб кун ўтказяпти. Дўхтирнинг аёли ҳам шифокор бўлгани учун бемор ётган хонага тез-тез кириб турибди. Аёл хўжаси олдида ўзини гуноҳкор сезяпти. Шарманда қизини қарғай-қарғай, эрининг қўлларини силайди-ю, яна кўз ёшларини  оқизиб ташқарига чиқади. Бундан бошқаси қўлидан келмайди. Тинмай, “Менинг гуноҳим нима?!” “Қайси гуноҳларим учун?!” деб Худога иддао қилаётган хотин, оиласи билан бирга эрининг, тўғрироғи ўзининг қинғир ишлари жавобини бераётганини англамасди...
...Бир куни Шоҳидахон поликлиникада собиқ синфдош дугонаси Парчаойни учратиб қолди. У ўзгариб, тўлишиб кетган. Сочлари алламбало бўёқларга бўялиб, баркашдек юзи расм дафтаридай чапланганди.
— Шоҳи, ўзингмисан, дугонажон?! Вой, сени қара, минг йилдан бери кўришмабмиз-а? - Парчаой шундай деб, нозиккина Шоҳидахонни бағрига тортиб, гилосдай қип-қизил лабларини чўччайтириб ўпиб олди.
— Жуда ҳам ўзгариб кетибсан, сени танимай қолдим... — Шоҳидахон мактабда ўн йил ўқиб, атиги бир мартагина ҳалол “уч” баҳо ололмаган, тирноқлари ўсиб, сочи тароқ кўрмай иркит юрадиган синфдошининг айни чоғдаги башанг кийим-бошини кўриб, ўзининг камтарлигидан андак хижолатланган кўйи паст товушди сўрашди.
— Демак, хотин дўхтир экансан-да? - Парчаой унга яна бир бор бош-оёқ назар солиб сўради. - Эринг-чи, эринг нима иш қилади?
— Улар ҳам гинеколог врачлар. Фақат бу ерда эмас. Туғруқхонада ишлайдилар... - Худди гуноҳ иш устида қўлга тушган айбдор одамдек, яна секингина жавоб берди Шоҳидахон.
— О-о-о, — кўзларини катта-катта очиб ҳайратланди Парчаой, - ошиғинг олчи экан-у, а? Бу дейман, пулларнинг ҳидига кечалари қандай ухлайсан? Туғруқхонада эринг ишласа ўзинг ҳам ўша ёққа ўтмайсанми, пулнинг тагида қолиб кетардиларинг.
— Йўғе, нимага керак. Ўқишни битириб, тўғри шу ерга ишга келганман. Ўрганган жойим, жамоам. Қолаверса, уйимга яқин...
— Манга қара, уйинг қайси маҳаллада?
— Мана қаршимиздаги кўпқаватли уйларда яшаймиз...
— Ана холос, икки гинеколог ҳалиям, “дом”да тиқилиб юрибдими?! Болаларинг нечта?
— Тўртта, Худога шукр. Ўзингдачи, ўзингдан гапир. Турмуш ўртоғинг нима иш қилади? Болаларинг нечта?
— Э, мани ҳаётим окей! - Парчаой қўлини муштлаб, бош бармоғини ўйнатиб іўйди. - Эрим, сволич нобоп чиқди. Ҳайдавордим. Ҳозир қизинкам билан бирга яшайман. Маҳаллада участкада турамиз. Тирикчилик, шу бизнес, майда-чуйда... Хуллас, сани уйимга таклиф қиламан. Албатта бор. Сан билан-чи, кўришганим зўр бўлди. Бир-иккита ишлар бор, шуни бажарсак, сангаям, мангаям яхши бўлади. Телефонингни бер.
Ўша кўришувдан кейин, Парчаой тез-тез Шоҳидахонни йўқлайдиган бўлиб қолди. Ана шу йўқловлар оқибатида Шоҳидахон эри икковлари ҳам гуноҳга ботиб, ҳам хотиржамликларини йўқота бошлашди.
Парчаой деганлари уйида отарчи раққоссаларни ва фаҳш ишларни касб қилган қиз-жувонларни ижарага қўяр, уларнинг ортидан тирикчилигини ўтказиб юрарди. Унинг бунақа ишларидан ор қилиб эри ташлаб кетганди. Шоҳидахон билан Салим дўхтирни ҳам  шу нопок қилмишларига шерик қилди.
— Дадаси, хўп дея қолинг. Қўлингиздан келади-ку. Қандай бўлиб Парчаойнинг бизга иши тушибди, дадаси... - Шоҳидахон биринчи маротаба эрини Парчаойнинг илтимосини бажаришга аранг кўндирганди. Бошида Салимнинг ҳеч кўнгли бўй бермади:
— Қўй, онаси, бу ишлар ноқонуний. Қолаверса, гуноҳ саналади ҳам. Қандай қилиб, иффатини бозорга чиқарган қизнинг айбини бекитишим мумкин?! - Шоҳидахон кечаю кундуз тинмай бир “қўшиқни куйлайвергач”, охири ноилож кўнди. “Қўл ҳақи” анчагина бўлса-да, Салим бир муддат ўша пулдан ҳам, ўзидан ҳам нафратланиб юрди. Аммо ҳар ҳандай қалтис қадамни босаётганида фақат бир мартагина, биринчи мартадагина уяларкан, афсусланаркан киши. Кейин эса, ўша хатога яна бошқа қайтармаслик шарти билан қўл ураркан. Учинчи мартасида эса, уят ҳам, хижолатлик ва гуноҳкорлик ҳисси ҳам аллақаёқларга йўқолиб кетаркану балойи нафс деган жилвакор фоҳишанинг ўйноқи табассумларига маҳв бўларкан. Салим билан Шоҳидахон ҳам ана шу кўйга тушишди. Бора-бора хотин эрига мижоз топар,  эр бўлса, “севги йўлида адашган, алданиб” номусидан айрилганларни бир думалатиб қиз болага айлантирарди. Кейинчалик, ана шунақа “алданган”ларнинг ҳомиласини йўқотиш ва ҳаттоки чақалоқ савдосига ҳам қўл ура бошлашди. Эр-хотиннинг қўлига жарақ-жарақ пул тушиб, бир йилга қолмай чўғдай қизил “Нексия”ли бўлишди. Ундан кейинги ҳаракатлар эса данғиллама, қўш қават ҳовлига тараддуд эди. 
Салим дўхтирнинг пичоғи мой устида ўйнай бошлади. Уни тез-тез бойвачча пулдор эркаклар йўқлаб турар, ҳафтада бир-икки жувон «қиз»га айланарди. Бир куни қайсидир тижоратчи ўн тўққиз яшар қизалоқни етаклаб келди. Бир ойлик ҳомиласи бор экан. Уйдагилари қизни узатиб юборишаётган эмиш. Бойвачча таниш бир сиқим “кўк”ни Салимнинг чўнтагига суқиб, айёрона кўз сузди:
— Дўхтир, буёғи ўзингиздан қолар гап йўқ. Онадан қандай туғилган бўлса, шу ҳолига айлансин. Ҳа, яна бир гап, боласи етти ойлик туғилади-а?.. - Бу тагдор гапнинг маънисини Салим яхши тушунди. Шундай қилиб, бир ойлик ҳомиладор жувон, қиз бола тусига кириб гўшангада куёвга нозлананадиган бўлди.
Бунақаларнинг сони кўп. Неча-неча бўш-баёв, мулойим йигитлар Салим дўхтирнинг қинғир ишлари қурбони бўлишди. Ана шу йўл билан топган ҳаром пуллари билан фарзандларини боқиб тарбиялаган, ота-онанинг ҳоли энди вой. Тўнғичи жинни деса жиннига, соғ деса соғга ўхшамайди. Ҳар куни эрталаб катта йўлга чиқиб, ўтган-кетган чекиб ташлаган сигарета қолдиқларини тўплаб уйига опкеладию кечаси билан қолдиқларни чекиб чиқади. Ота ўғлини бу ажабтовур “ҳобби”сидан халос қилиш учун сотувда қанақа сигарета бўлса,  уйига оп келиб қўйган. Аммо ўғил фақат қолдиқ териб чекади. Энди қизи...
Шоҳидахон эрининг хонасидан чиқиб, кутиш хонасининг чеккароғига қўйилган юмшоқ ўриндиққа чўкиб, кўзларини аста юмди. Хаёлнинг минг бир туйнугига бош суқиб,  нуқул гуноҳини сўроқлаётган аёлнинг эсига бундан уч-тўрт йилча аввал рўй берган бир воқеа тушди. Содда, мўмина бир аёл чиройликкина келинчаги билан Шоҳидахоннинг қабулига келди. Қимтинибгина ерга қараб турган келинчак бир томчи сув билан ютиб юборгулик малоҳатли экан. Қайнонаси яқинда келинининг бўйида бўп қолганини, уни шифокор назоратига рўйхатга қўйиш учун опкелганини айтди.
— Келинингизнинг ҳомиласи, тўрт ойликка ўтяпти, нега олдинроқ олиб келмадингиз? -  Текширув натижалари билан танишган Шоҳидахон ҳалиги аёлдан сўради. Қайнона дўхтирнинг адашганига кулимсираб:
— Йўқ, синглим, қанақасига тўрт ойлик бўлсин, буларнинг турмуш қурганига энди бир ярим ой бўлди-ку, - деди.
— Унда учрашиб юрган пайтлари...
— Унақа деманг дўхтир, мен келинимни ўзим яхши кўриб танлаганман. Ўғлим хорижда ишлаётганди, фотиҳа тўйидан кейин учрашган булар. Фотиҳадан сўнг бир-ҳафта ўн кунга қолмай тўй қилгандик. Сиз адашаяпсиз. Ҳомиласи энди бир ойлик бўлган бўлиши керак... - Шоҳидахон ҳаммасини тушуниб етди. Юзига ҳаё ниқобини тақиб олган бу келинчак  қачонлардир иффатидан айрилган. Кейин эса бир бечоранинг уйини куйдириб, қиз бола қиёфасида чимилдиққа кирган. Ўшанда Шоҳидахондан келинининг ҳомиласи аниқ тўрт ойлик бўлганини эшитган қайнона ҳам ҳушидан кетиб қолганди. Кейин уларнинг тақдири қандай кечди, Шоҳидахоннинг хабари ҳам йўқ. Шунча фурсат ичида ҳатто у воқеани ўйлагани вақти ҳам бўлмади. Ҳозир эслаяпти. Негадир айни чоғда бот-бот хаёлига ўша бечораҳол қайнона ва унинг келини келяпти.
“Балки, Салим акам иккимизга ҳам Худодан қайтгандир қилмишларимиз?! Шоира ким билан, қачон бундай номаъқулчиликка борди экан?! Наҳотки, нопок ишларимизнинг жавобига шунча тез рўбарў келган бўлсам?.. Опамнинг айтишича, у ҳомиладор ҳам экан... Энди отаси кимлиги номаълум болани нима қиламан?! Олдириб ташлаш жуда хавфли, наҳотки... чақалоқни сотиб юборишга мажбур бўлсам?! Ё, Раб, бундан баттар азобларинг ҳам борми?..” Шоҳидахоннинг мудроқ босган виждони уйқудан кўз оча бошлагандек эди. Бироқ ғишт қолибдан кўчган, ёй аллақачон камондан узилганди.
Салим дўхтирнинг аҳволи ўшандан кейин ҳеч ўнгланмади. Қизининг чақалоғи туғилди. Шоҳидахон, эл-юртнинг гап-сўзига қарамай, гўдакни ўзи катта қиляпти. Ҳар гал эрининг олдига кираркан, аёлнинг вужуди ўт бўлиб ёнади. Бир тутам бўлиб қолган Салимнинг шу кўйга тушиб қолишида фақат ўзини, молпараст-бойликпарастлигини  айбдор биладиган, Шоҳидахоннинг юракдан қилаётган тавбалари тилида “мени кечиринг, дадаси” деган жумла айланарди...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 257 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ