Сайт бўлимлари
“ТАНСИҚ ТАОМЛАР СИЗГА МУНТАЗИР” ёхуд официант билан “ҳисоб”лашадиганлар учун
- Подробности
- Бўлим: Меҳнат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
МАВЗУ УЧУН САВОЛ: Куним кўчада ўтгани учун турли ошхоналарда овқатланишимга тўғри келади. Баъзи ошхоналарда хизмат қиладиган официантларнинг ишидан кўнглим тўлмайди. Баъзилари жуда секин хизмат қилса, бошқаларининг қўпол муомаласидан еган овқатингиз ҳазм бўлмайди. Уларни ҳам кимдир ўқитиб, официантликка тайёрлаб, қўлига бирор ҳужжат берадими ёки кўчадан дуч келган одамни олиб келиб, ишлатаверишадими?
Бахтиёр Собиров,
Қарши шаҳри
Бугун қайси кўчага ёки одамлар билан гавжум ерга борманг, кетма-кет жойлашган тамаддихоналар, ресторан ва кафелар сизга "пешвоз чиқади". Айниқса, тушлик пайтида пештоқида “Тансиқ таомлар сизга мунтазир” деган ёзувли жойлардан беэътибор ўта олмайсиз. Хўш, ўша жойга кирдик ҳам, дейлик. У ерда бизни очиқ юз билан кутиб оладиган биринчи одам - ОФИЦИАНТ...
Официант (немисча “Offiziant” сўзидан олинган бўлиб, қадимда кельнер деб юритилган ва бу атама ҳам немисча “Kellner” сўзи асосида ташкил топган) — жамоатчилик овқатланиш корхоналари, ресторан, қаҳвахоналарда хўрандаларга хизмат кўрсатувчи ходим маъносини билдиради.
ОФИЦИАНТ ҚАЕРДА ИШЛАЙДИ?
Аввало, шу саволга жавоб топайлик. Оддий ошхона ёки кичик тамаддихонада официант бўлмайди. Фақат у ерда оддийгина, стол устини тозаловчи одам, берган чойчақангизга қараб, сизга овқат олиб келиб бериши мумкин. Оддий тамаддихонада “официант” бўлса-да, биз хоҳлаган талабга жавоб бериши қийин. Аввало, у яхши муомала ва чиройли лутф эгаси, керак бўлса, шу даргоҳнинг барча таомлари ҳақида маълумот ва уларнинг қайси бири маъқуллиги ҳақида маслаҳат бера оладиган одам бўлиши керак. Шуни ёддан чиқармангки, таомнинг сифати ва тозалигига улар масъул эмас.
Йўл-йўлакай овқатланиб кетиладиган ошхона, қаҳвахоналарнинг аксариятида мижозларга асосан махсус маълумоти ва мутахассислиги бўлмаган ходимлар хизмат кўрсатади. Улар асосан тирикчилик важидан ишлаётган ёлланма ишчилардир. Мутахассис официантларни эса асосан нуфузли қаҳвахона ва ресторанларда учратиш мумкин.
У НИМАГА ЖАВОБ БЕРАДИ?
Кўпчиликда ушбу касб эгаларига нисбатан бироз салбий муносабат мавжуд. Бунинг асосий сабаби, бу касбда кўпроқ аёллар ишлаши, уларнинг ярим тунгача қаҳвахона ва барларда қолиб кетишлари-ю, турли феълли хўрандаларга қиладиган муомаласида, деб ўйлайдилар. Лекин жамоат жойларида овқатланаётганимизда ахлоқ чегарасидан чиқмасдан, эътиборимизни фақат таом сифатига қаратсак, ҳеч ким ўзига ортиқча гап орттирмасди.
Бир қарашда бизга осондек кўринган бу соҳада пул топиш жўн иш эмас, аслида. Яъни, елиб-югуриб хизмат қилаётган официантнинг юмуши фақат таомнома тутиб, егулик келтириш ва хисоб-китоб қилишдан иборатдек туюлса-да, унинг биз билмаган яна бир қанча вазифалари бор.
“МАДАНИЯТНИ КЎТАРИБ ЮРУВЧИ ИНСОНЛАР”
Акбар Умаров, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси
Хорижда официантларга “маданиятни кўтариб юрувчи инсонлар” деб таъриф беришади. Чунки улар қаршисидаги одамга аввало муомала, овқатланиш маданияти билан ўрнак бўлиб, керак бўлса сифатли овқатни танлаб ейиш учун тўғри маслаҳат бера оладиган бўлиши лозим. Юртимизда ҳам официантликка касб миқёсида қаралиб, соҳага малакали мутахассислар тайёрланаётганлигига анча бўлди. Туризм касб-ҳунар коллежларида ташкил этилган “Меҳмонхона хўжалиги” бўлимларида официантлик йўналиши бўйича ўқитилади. Ўқувчилар ўқиш давомида юртимизнинг турли ташкилотларида ишлаб чиқариш амалиётларини ўташади. Шунингдек, уларга чет тиллари ҳам мукаммал ўргатилади. Официантлардан ишда ўта тартиб-интизомли бўлиш, нозик дид ва билим талаб этилиб, уларга меҳмонлар олдида ўзини қандай тутиш, муомала маданияти мукаммал ўргатилади. Официант ресторан ҳамда мижоз ўртасида воситачи бўлиб, ўзи ишлаётган жойнинг мавқеини кўтариш учун масъул ходим ҳисобланади.
ЯНА СОХТА ОФИЦИАНТЛАР ҲАҚИДА
Рўзғор юкини кўтарай, деб тирикчилик важидан “официант” бўлиб ишлаётганларни тушунса бўлар, лекин айрим ёшларимиз, хусусан, эрта-индин танлаган касби бўйича қўлига бошқа мутахассислик дипломини олай деб турган талабаларимиз ҳам вақтини ошхонада ўтказиб, “официант”лик қилиб юришганига нима дейсиз? Тўғри, пул топиб ўзини-ўзи эплагани яхши. Аммо ўқишга бормасдан, эрталабдан кечгача кафе, ресторанда ишлайдиган талабалар ҳам бор. Ўқишни ҳам, ишни ҳам ўз вақтида олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Энг ачинарлиси, "Ишлаб пул топса, қорнини тўйғазиб, бизга оғирлиги тушмаса бўлгани-да", дейишдан тап тортмайдиганлар ота-оналар ҳам учрамоқда. Уларнинг бундай лоқайдлиги ва бепарволиги эртага ўзларига қимматга тушмасмикан?
Ошхоналарнинг тоза-покизалиги уларнинг хизматчиларига боғлиқ. Малакали, тажрибали ходимлар хизмат қилаётган жойларда тартиб-интизом ҳам, таомлар ҳам кўнгилдагидек бўлиши тайин. Ёлланган арзон ишчи кучидан фойдаланишни афзал биладиган ошхоналардан эса хайр-барака ҳам кўтарилиши тайин.
АЛДАСА, БИРИМИЗ ИККИ БЎЛМАЙДИ
Бизнинг ошхонада доимий ишлайдиган “официант”лар йўқ. Чунки бу ердан топадиган пул уларни қониқтирмайди. Алдаб, кассадан “уришса”, бизнинг ҳам биримиз икки бўлмайди. Ҳар хил феъл-атворли хўрандалар бор. Кимдир тайёр овқатни олдига олиб келиб бермаса, ошхонамизга кирмай қўйиши ҳам мумкин. Шу боис ёлланма “официант” ишлатишга мажбурмиз. Ҳозир энг арзон ишчи талаба бўлиб қолди. Уларни иш ўрнига расмийлаштиришнинг ҳожати йўқ. Меҳнат дафтарчаси сўрашмайди. Кунбай ёки соатбай иш ҳақи олишади. Кунлик даромад олиш уларнинг ўзига ҳам, менга ҳам маъқул.
Бекатдаги ошхона эгаси (исмини ошкор этмасликни сўради)
Очилган масала:
ТАНГАНИНГ БОШҚА ТОМОНИ
Малика Мазбудова, Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист:
Балки, бу норасмий “официант”лар ойига ўртача икки-уч юз минг сўм даромад топиши мумкиндир. Бироқ, бундай ҳолат ана шу “ходим”нинг келгуси фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайди, дегани эмас. Бир кун келиб касаллик варақаси, меҳнат ва туғруқ таътили, пенсия билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишини бу "вақтинчалик" ходимлар тасаввур ҳам этишмайди. Чунки, уларни ишга олаётганда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки диплом талаб қилинмайди. Шу билан бирга меҳнат шартномаси ҳам тузилмайди.
Билиб қўйган яхши
ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛГАНИНГИЗДА...
Официантлар учун кунлик ёки ҳафталик маош тайинланади. Хўрандалар томонидан эса фақат чойчақа берилади. Бу мажбурий эмас. Айрим ресторанларда буюртма берилган таомга 5 фоиздан 25 фоизгача хизмат ҳақи ҳам қўшиб ҳисобланади. Лекин бу маълумот таомномада кўрсатилган бўлиши шарт.
АГАР ТАОМ СИЗГА ЁҚМАСА...
Бунинг учун официант билан тортишишдан фойда йўқ. Олиб келинган таом сизга ёқмаса аввало унга тегмаслик керак. Ёки истеъмол қилиш жараёнида таомнинг сифатсиз эканини сезсангиз, дарҳол ресторан маъмури ва бош ошпазни чақиртиришингиз мумкин. Лекин ўзингизга ёқмаган таомнинг 30 фоизини истеъмол қилган бўлсангиз, ҳақ тўлашга мажбурсиз. Шундан сўнг сизга бошқа таом олиб келинади.
ОФИЦИАНТ ВА РЕСТОРАН ТАРИХИ
Официантлик энг қадимий касблардан ҳисобланиб, 6 минг йиллик тарихга эга. Қадимий Миср эқромларидаги фрескаларда фиръавнларнинг дастурхонига овқат элтаётган одамлар тасвирланган. Айнан шу инсонлар дастлабки официантлар бўлган.
Рестораннинг келиб чиқиши XVIII асрда яшаган франциялик пазанда Буланже фаолияти билан боғлиқ. Пазанда ўзига қарашли кичик бир ошхонани қайта таъмирлаб кенгайтиради, залга устига мармар тахталар қопланган столлар қўяди, ҳар бир стол атрофига тўрттадан юмшоқ ўриндиқлар жойлаштиради. Бу инсоният тарихидаги биринчи ресторан эди.
Илгари ўша ошхона ўртасида ғадир-будир тахтали узун стол турар, унга дастурхон ҳам солинмас, икки томонига қўйилган тахта ўриндиқларда одамлар бир-бирларига тирсаги билан тегиб, қисилиб ўтирганча овқатланар ёки тўнтарилган бочка устида овқатини еб кетаверар эдилар. Энди эса анча қулайлик яратилади. Ҳар бир ўриндиқ қаршисига биттадан ликопча, санчқи ва учи тўмтоқ пичоқ қўяди. Бундай пичоқ ишлатишни ҳам Буланже жорий қилган эди.
Биласизми?
Америкада 21 май – Миллий официантлар куни деб эълон қилинган. Шу куни официантларга одатдагидан кўпроқ чойчақа қолдирилади. Шунингдек, Львов шаҳридаги Ресторан эгалари гильдияси ҳам 21 майни “Официантлар куни” деб эълон қилган.
Сарвар САФАРОВ тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 332 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар