Сайт бўлимлари
Иш ҳақимизни ўтганлар руҳига «бағишладик...»
- Подробности
- Бўлим: Меҳнат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бугун юртимизнинг турли гўшаларида тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиб, илгарилари давлат тасарруфида бўлган корхона ва ташкилотларни хусусийлаштириб олаётган ватандошларимизга ҳавас қилади киши. Ишбилармонлиги, тадбиркорлиги ортидан ҳам ҳурмат, ҳам давлат топаётган инсонлар ҳар қанча ҳавасу эҳтиромга муносибдирлар.
Аммо... Ҳар қандай ҳолатга ҳам бир томонлама ёндашиш, бир томонлама баҳо бериш нохуш оқибатларга дохил қиларкан кишини. Биз икки гапимизнинг бирида тадбиркорларимизнинг, хусусий мулк эгаларининг эришаётган муваффақиятлари, ютуқ ва зафарлари ҳақида оғиз кўпиртиряпмиз, мақтову ҳамдларга кўмиб ташлаяпмиз-у, бироқ уларнинг бу қадар обрў-эътиборга, бойликка, тўкин ва фаровон турмушга эришишларига катта ҳисса қўшаётган, заҳматкаш ишчилар ҳақида унутиб қўяётгандекмиз... ҳавас іилади киши. Ишбилармонлиги, тадбирк ҳақида унутиб іўяётгандекмиз...
МУНОФИҚЛИК — ИШБИЛАРМОНЛИКМИ?
Айём арафасида ота қишлоғимга боргандим. Қишлоғимнинг кўрку таровати шаҳардан кам эмаслигини кўриб бир қувондим денг. Гузардаги чойхона, дўконлар, гўзаллик салони, дорихона, чевархона кабилар замонавий русумда қурилган биноларда элга беминнат хизмат қилиб турибдики, бундан ўн-ўн беш йил олдин биров яхши ният билан қишлоғимизда шундай шароитлар яратилишини орзу этса, кулгига қолар эди. Бу ажойиб ўзгаришларга қараб баҳри дилим очилиб турган пайтим маҳалла оқсоқоли идорасига маҳалладош аёллардан бири қимтинибгина кириб кетди. Зарур юмушларимни битириб бўлгач, маҳалламга қайтаётиб ҳалиги аёлнинг фуқаролар йиғини идорасидан мунғайиб чиқаётганига кўзим тушди. Йўлимиз бир бўлгани учун ҳамроҳ бўлдик. Аёл жилмайишга уриниб гапираётган бўлса-да, қандайдир ташвиши борлигини пайқадим. Кўнглига ботмайгина шу борадаги сўровимни берган эдим, ҳамқишлоқ аёл хижолатланган кўйи гап бошлади:
— Амакингизнинг тоблари йўқ эди, касалхонага тушиб қолдилар. Биласиз, икки ўғлимизни контракт асосида ўқитамиз. Рўзғорда бироз қийинчилик бўлганди... Ёрдам беришармикин, деб маҳаллага чиққандим... Амакингиз иккимиз ҳам фалончининг фермер хўжалигида ишлаймиз. Байрамларда мукофот пули ёки бирор қоп буғдойми, ёғми берар, деб ўйлагандим, қаёқда дейсиз!.. Майли, нолимайин, Худонинг ўзи ёрдам берар, ташлаб қўймас... Эрта-индин пахта терими бошланади, қўлимизга пул тушади...
Аёл ишлайдиган фермер хўжалигининг соҳибини танирдим. Боя мен мақтаган дўконлардан бири ҳам унга тегишли. Келинига етти-саккиз кишилик тикувчилик цехи очиб берган. Қизига гўзаллик салони, ўғлига ошхона... Фермер амаки бир марта аёллари билан, икки марта ўзлари Маккага — Ҳаж ва Умра сафарларига бориб келганлар. Ўйланиб қоламан, майли, ҳаж қилишни, умра қилишни уларга Парвардигорнинг Ўзи насиб қилибди, давлатлари бундан ҳам зиёда бўлсин. Бироқ... мусулмончилик амалларини бажаришни ният қилган одам, аввал ҳақиқий мўмин кишига хос бўлган ишларни бажармайдими? Яъни, қўл остидагиларнинг моддий-маънавий аҳволидан, қўни-қўшниларининг туриш-турмушидан бохабар бўлиб, силаи раҳмни ўрнига қўйиб, ана ундан кейин ибодатга ошиқмайдими?!
Қўл остида ишлайдиган ишчиси бетоб, боз устига эҳтиёжманд бўлса... Ҳатто байраму ҳайитларда ҳам ишчиларини рағбатлантирмайдиган тадбиркорнинг ишбилармонлигидан кимга наф?
Касбимиз тақозоси туфайли кўпчилик билан мулоқотда бўламиз, ҳар хил одамлар, турфа касб эгалари билан суҳбатлашамиз. Ҳозир иккита одам гаплашиб қолса, асосий мавзу моддий даромад масаласида бўлади.
Бир куни йўловчи машинада уч-тўрт аёлнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим.
— Мен хусусий фирмада ишлайман. Иш бошлаганимдан буён бюджет ташкилотларида ишлайдиганларнинг иш ҳақлари икки марта ошди. Бизнинг ишхонамиз эса алмисоқдан қолган иш ҳақи тарифлари билан юрибди, — дея зорланди бир аёл. — Ҳар гал ойлик ошганда, умид билан «шеф»га термулсак, «Бу қарорнинг бизга тааллуқли жойи йўқ, бюджет ташкилотлари учун қабул қилинган», дейди тап тортмай...
Иккинчи аёл бунақа ҳолатларга кўп гувоҳ бўлган чоғи, одатий гапни гапиргандек:
— Бизнинг корхонамиз ҳам давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусийлаштирилган ташкилотлардан. Шу кунларда ойлигимиз юз минг-юз эллик минг сўмлар атрофида, холос, — деди. — Бошлиққа иш ҳақларимиз озлигидан шикоят қиладиган бўлсак, «Мен ҳам икки юз минг сўм маош оламан-ку, раҳбар бўлсам ҳам сизлардан маошим ҳеч қанча фарқ қилмайди», деб ўшқиради. Унинг уйини кўрсангиз, нақ саройми, кошонами дейсиз! Хотини, қизлари-ю, келинлари шунақанги тиллоларга, зебу зийнатларга кўмилиб юришадики, асти қўяверинг. Набираларини мактабга алоҳида машина ташийди. Ана шунақа улар! — Кейин изтироб билан кесатди: — Аслида бундайларнинг шу туришини ишбилармон дейишса керак-да!..
Дарҳақиқат, аксарият хусусий ташкилотлар, фирма ва корхоналар раҳбарларининг мол-давлати, уй-жойининг дабдабасию ҳашамати кўзни қамаштиради, ҳасад қилмаймиз, Худо зиёда қилсин. Аммо ажабки, уларнинг қонунан («ведомост»га қўл қўйиб) оладиган маошларига чумчуқни ҳам тўйдириб бўлмайди. Бу риё кимга керак? Эртадан кечгача тиним билмай ишлайдиган, ойлиги боласининг қорнига етса эгнига, эгнига етса дафтар-китобига етмайдиган ишчиларнинг кўзини шамғалат қилишгами? Ахир тадбиркорнинг давлатига давлат қўшаётган — шу бечора ишчиларнинг меҳнати-ку!
ИШ ҲАҚИМИЗНИ ЎТГАНЛАР РУҲИГА «БАҒИШЛАДИК...»
Ҳукуматимиз тадбиркорларга барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб, уларнинг фаолиятига кенг йўл очиб қўйган. Лекин бу — тадбиркор жаноблари ўз ишчиларига истаган муомаласини қилавериши мумкин, дегани эмаслигини баъзи ўзбилармон ишбилармонларимиз англамаганлар шекилли.
Эътибор берган бўлсангиз, телевизор ёки матбуотда чиқиш қилган хусусий тадбиркор борки, «Корхонамиз ташкил этилганидан буён фалонча ишчи ўрнига эга бўлдик, писмадонча йигит-қиз иш билан таъминланди», деб оғиз кўпиртиради. Кейинини суриштирсангиз, уч-тўрт ой, борингки бир йил ишлаб ҳам тузукроқ маош ололмаган ишчилар бирин-кетин у корхонани тарк этишади.
...Қўшни туманда турадиган жияним бир келишида қувониб-фахрланиб, қишлоғида мева-сабзавотларни қайта ишлайдиган, хусусий консерва цехи очилганини, ўзи ҳам ўша ерга ишга жойлашганини айтганди. Орадан бир неча ой ўтиб кўришганимизда иши ҳақида сўрагандим, оғриниб қўл силтади:
— Э, улар ойлик беришмас экан. Бошида бир-икки марта маош беришди-ю, кейин эртага берамиз, индинга берамиз, деб алдаб юришди. Эшитсак, бошлиғнинг ўғли машина олгани учун корхона ҳисобидаги пуллар ишчиларнинг маошига етмаётган экан. Бизда ҳам рўзғор бор. Маош бермагандан кейин ишдан кетдик-да...
Яширмайман, айни пайтда айрим мустақил оммавий ахборот воситаларида ишлаган ҳамкасбларимиз, жумладан, ўзим ҳам бундайин ноҳақликка кўп дуч келганмиз. Бундан бир йилча аввал Республика миқёсида нашр этиладиган газеталардан бири ижодий ҳамкорлик таклиф қилди. Қалам ҳақини келишиб олгач, ҳамкорликни бошлаб юбордик. Дастлабки ойларда қалам ҳақи узлуксиз, ҳаттоки янги ойнинг биринчи кунларидаёқ тўланди. Моддий рағбат кўнгилдагидек бўлгандан кейин, биз ҳам ўз вазифамизни аъло даражада бажаришга тиришардик. Ўша нашрда биздан аввал ишлаган ҳамкасбларимиз газета эгаларининг ўзига хос «антиқа» одати борлигини, яъни журналистларга катта-катта ойлик маош, қалам ҳақи ваъда қилиб, аввал бошда айтилган маошни тўлиқ тўлашларини, орадан бир неча ой ўтгач эса, «уч кундан кейин ойлик бўлади», «банк пул бермади», «фалон ташкилотда пулимиз бор, ҳисобимизга ўтказиб беришмаяпти» қабилидаги важ-корсонлар билан иш ҳақини тўлашни пайсалга солишларини, охир-оқибат ҳақини ололмаган журналистнинг ўзи «ўз хоҳишига кўра» ишдан кетишга мажбур бўлишини айтишган эди. Биз бунчалик бўлмаса керак, дея ўйлагандик. Ҳарқалай, республика матбуот оламида кўзга кўринган нашр бўлса... Йўқ, орадан маълум муддат ўтгач, бизни огоҳлантирган ҳамкасбларимизнинг нечоғли ҳақ эканликлари аён бўлди. Нақорати: «Эрта-индин албатта пул бўлади, маошингизни берамиз, сиз кўнгилни бўлмай ишлайверинг» деган сўзлардан иборат «қўшиқ»ни нашр мутасаддилари нақ беш ой куйлашди. Кейин эса... меҳнатимизга аталган ҳақни ўтганлар руҳига «бағишлаб» қўя қолдик...
Бугунги фикрларимиз билан диёримиздаги ҳамма тадбиркорларни худбин, бойликпарастга чиқариш ниятимиз йўқ. Фақат хусусий корхоналар раҳбарларининг қўл остидагиларга нисбатан эътиборли бўлишларини, уларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаб, ҳолидан хабардор бўлиб туришларини астойдил истаётганимизни билдириб қўймоічимиз, холос.
...Ишчининг ҳам уволи бор!
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 344 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар