1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ғалати сценарийли тўй

Тўй - миллат кўрки, таъбир жоиз бўлса, унинг юзи. Унда миллатнинг  ўтмиши бугунги аҳволи, моддийликдан то маънавий қиёфасигача акс этади. Бу кўзгудан энг аввало тўй «айбдорлари» - келин ва куёв жой оладилар. Келиннинг қариндошлари куёвни кузатса, куёв томон келинга қизиқади. Кўзгу - барибир кўзгуда. Унда ҳамма нарса бор ҳолича кўринади. Мен ҳам яқинда кўзгудаги жуда ажабланарли ҳолатга гувоҳ бўлдим.

Бир обрўли хонадоннинг тўйи учун ҳашаматли ресторанлардан бири танланган экан. Тўй бошланди, келин-куёв бир-бирига узукка кўз қўйгандек мос. Ўзларига ажратилган жойда ўтиришаркан, уларга ҳамма ҳавас билан қарарди. Айниқса, келинга... Сабаби, баъзи кўриниши шарт бўлмаган жойлари очиқ ҳолда ки­йинган келиннинг юзида ҳам парда кўринмасди. У биз билган келинлар каби уялиб, ерга қараб ўтирмасди. Балки, бугунги ҳолатидан хурсанд эканлигини ошкора намойиш қилиб, куёв билан «ўтган-кет­ган»дан суҳбатлашиб ўтирарди.

Меҳмонлар чой ичиб, дастурхонга қўл узатган бир пайтда саҳнада арабча рақс бошланди. Қайсидир рақс гуруҳи ярим яланғоч ҳолда нақ ўн беш дақиқа «томоша кўрсатди». Даврадаги эркаклар-ку у-бу нарса тотинган киши бўлиб вақт ўтказишди. Аммо аёллар бир-бирларига қараб, елка қисиб қўяр, саҳнага қарашолмасди. Энди рақс тугаб енгилроқ нафас олган ҳам эдикки, кетидан испанчами, тсиганчами рақс уланиб кетди. Ва ниҳоят, улардан кейин аллақайси рақс дастаси ўзбекча қўшиққа рақсга тушишди. Бироқ бу пайт­да давранинг мазаси қолмаганди.

«Ҳозир ҳамма тўйлар стсенарий асосида бўлаётган экан дейишганди, ростдан ҳам шунақа экан-да», - аёллар шундай деб ўзларини овутишди. Мен эса стсенарийли тўйнинг давоми қандай бўлишини кутдим. Биринчи овқатдан кейин келин-куёвни даврага таклиф қилишди. Улар ҳам бир-бирларидан табассумларини аямай чиқишаркан, тўйхонадаги қизлар ширин энтикиб қўйишди. Кутилмаганда даврада валс эълон қилинди ва шунга монанд куй янграй бошлади. Келин-куёв эса ҳамманинг гувоҳлигида валс­га тушишди. Айтишларича, улар бунинг учун тўйдан бир ой олдин тайёргарлик кўришган экан. Шунданми, ҳар иккови ўзларини анча эркин тутишар, келинчак ҳам куёвнинг бағрида қушдек учарди. Кўпчиликнинг кўзини қувнатган валс тўхтовсиз олқишларга сабаб бўлди. Кейин келин-куёв тўй тортини кесиб, бир-бирларига едириб қўйишди ва озгинадан шампан виносидан ҳам ичишди.

Мен эса кўраётганим чет эл киносими ёки ўзбегимнинг тўйими, деб ҳайратдан ёқа ушладим. Ўша даврадаги аёлларнинг айтишларича, энди ҳамма тўйлар шундай ўтаркан. Билмадим, балки мен замондан орқада қолгандирман, балки бу янгиликни ҳазм қила олмаётгандирман. Бироқ, оппоқ либосдаги фариштадек қизни келинлик оламига валс эмас, балки «Ёр-ёрлар» қуршовида кузатсак, тўйда қандайдир бетайин ўйинчилар эмас, карнай-сурнайчилар бўлса, чиройлироқ бўлмасмикан?

Энг ачинарлиси, ушбу тўйда қатнашган эл суйган санъаткорларнинг чиқишларию, ноз неъматга тўла дастурхон ҳам кимларгадир татимади. Ва бу жараёнда тўйбошилар ҳам тўйни бошқаролмай қолишди. Тўй стсенарий асосида бўлса нур устига нур. Лекин стсенарий тўйнинг файзли, тинч ўтишини таъминлаши керак эмасми? Демак, бундай тўйдаги «стсенарийлар» кимларнингдир чала-ярим дастурлари асосида тузиляпти. Аммо у тўй эгасига ёки меҳмонларга нима беради? Эссиз, шунча сарф-харажат деб катталар ачинар. Зўр бўлди, дер томошабин меҳмонлар. Аммо ёшлар-чи? Эртага бўйи етган қизлар, дугонам валсга тушди, демак мен ҳам шундай қиламан, деб ёппасига валс тушишни ўрганмайди ёки ўзини шунга тайёрламайди деб ким кафолат беради? Куёв бўлмиш йигит ҳам мен ўзимнинг стсенари­йимга қараб иш тутаман дея олмай, ҳарир либосдаги навниҳол қизни ҳаммага кўз-кўз қилгандай ўйинга тортиб турса, йигитнинг номуси-шаъни, қизнинг шарм-ҳаёси қаерда қолади?

Зуҳра Бобохўжаева
“Маърифат” газетасидан олинди.

Ҳозир сайтимизда 140 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ