1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Андишанинг оҳори тўкилса...

Андиша сўзи тилимизда ҳаё, ибо, одоб ва бошқа инсоний фазилатлар маъносида ишлатилади. Баъзан суҳбатдошимиз ҳаё пардасини кўтариб бизга ёқмаган гап гапирса, “андишали бўлинг” деб қўямиз. Умуман олганда андиша сўзининг асл маъноси қандай? Ўзбек тилининг изоҳли луғатида келтирилишича андиша сўзи “кетини, оқибатини ўйлаб ёки юз-хотир қилиб юритилган мулоҳаза, эҳтиёткорлик; фикр- мулоҳаза; шарм-ҳаё, ор-номус, уят” маъноларида ишлатилар экан. Аммо...
Аммо давримизда андишанинг оҳори тўкилиб, кўп инсоний туйғулар қатори унга ҳам путур етганидан андиша ҳам андишага қилаётган бўлса не ажаб? Четдан оқиб келаётган ҳар турфа номақбулликларни ўзида жамлаган ғарбча маданият таъсирида дунёқараши шаклланган, ўзбеклиги “эсидан чиққан” айрим юртдошларимиз андиша сўзини мутлақо истеъмолдан чиқариб ташлаш таклифи билан чиқсалар ҳам энди ҳайрон қолмайман. Негаки, шўрлик андишани  изоҳли луғатларда учратмасак, энди оғзаки нутқимизда деярли ишлатмаяпмиз. Унинг меъёр-мезонларига амал ҳам қилмай қўйдик. Менимча, андиша сўзининг бошқа тилдаги таржимаси бўлмаса ҳам керак. Чунки, андиша ва ўзбек сўзларини айроча тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек бор жойда андиша бўлиши керак, андиша бор жойда ўзбек бўлади, деган қатъий тарбия асосида улғайган биз катталар ҳам болаларимиз юз-кўзидаги андишасизликка кўникканимиз етмаганидек, ўзимиз ҳам борган сари бундай юзи қаттиқликдан

Андиша қилмай қўйдик.

Ҳеч мулоҳаза қилганмисиз, фитратимиздан андишани ким ё нима қувяпти? Мулоҳаза қилишга вақт йўқ деяверинг. Ахир эрталабдан кечгача хорижий телеканалларда ҳам, ўзимизнинг телеканалларда ҳам хорижнинг “севги-вафо”, “ишқ-муҳаббат” ва севгиси учун курашувчанликни, севгилисига эришиш йўлида ҳар қандай разилликлардан қайтмасликни “тараннум” этадиган телесериаллар кўрсатилавергандан сериаллардаги ҳаётни реал ҳаётимизга кўчириш иштиёқига тушиб қолганмиз-да. Эътибор берган бўлсангиз айрим телеканалларда намойиш этилаётган Бразилия сериаллари очиқчасига беҳаёлик ва андишасизликни тарғиб қиляпти. Аёлнинг эрига хиёнати дейсизми, яқин дугоналарнинг бир-бирининг оиласини бузишми, инсон шаънини, қадр қимматини топташми, номуссизлик ва шармисорлик дейсизми бари барини Лотин Америкаси давлатлари томонидан суратга олинган бемаза сериалларда учратса бўлади.
— Хотиним сериал кўраверганидан ўзини сериал қаҳрамонларидек тутадиган бўлибди,-дейди бир дўстимиз ғашланиб.- Телефонимни титкилайдимией, юз-кўзимга шубҳа билан тикиладимией, ишдан қайтсам кийимларимни ҳидлайдимией... Жинни-пинни бўлганми бу хотин деб энсам қотиб юрсам, бир куни тап тортмай “дадаси, муносабатларимиз ҳақида гаплашиб олишимиз керак” деб қолса бўладими?! Асабим қўзиб шу бемаъни сериалларни телевизорда айлантираётган каналларни ҳам сўкиб юбордимей. Ҳар кимнинг дунёқараши ҳар хил, кимдир сериалларни эътиборсизларча, шунчаки кўзи тушаётгани учун кўради, кимдир берилиб, бутун дунёни унутиб кўради. Бизни хотин шу иккинчи турга кирадиганлардан. Энг ачинарлиси шу сериаллардаги ҳаётни ҳақиқий деб билади. Кечқурун бехосдан телефоним жиринглаб қолса изтироб билан гапларимни пойлайди, кечаси билан ухламай нималарнидир ўйлаб чиқади... Хаёлида томоша қилаётган сериалларидаги “дугона”ларининг эридай мени ҳам хиёнат устида қўлга олишни орзуласа керак, деб жаҳлим чиқади. Бу мантиқсиз сериаллардан қачон қутулар эканмиза?!..
Ҳа кимлар учундир кулгили ҳолат ва кулгили гаплар бўлиб туюлиши мумкин, аммо фаросатли, маънавиятли киши учун бу гаплар аччиқ ва куйгулик экани аниқ. Дунёқараши ҳаминқадар, маънавий олами ғариб одамга салбий ғоявий хуружларнинг таъсири осон кечади. Уззукун телевизор қаршисида михланиб сериал кўрадиган аёлнинг маънавий дунёси нечоғли эканини вақтини беҳудага сарфлаётганидан ҳам билса бўлади.
—    Хориж сериалларини қўя туринг, ўзимизнинг сериалларда ҳам тарғиб қилинаётган нарсаларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз,- дейди Тошкент шаҳрида яшовчи муштарийимиз Сабоҳат Аҳмедова.-  Қайси сериални кўрманг, оилада хотиннинг гапи гап, эрнинг фикри кейинги ўринда. Сериал ёки киноларимиздаги қаҳрамон эр хотинининг йўриғидан чиқолмаслигидан ор қилмайди. Қизларнинг севгиси йўлидаги курашувчанлиги-чи? Ота-онасига тик қараб шалақилики қилаётган қизлардан ёш қизчаларимиз аллақачон ўрнак олишни бошлаб юборишган. Менимча, сериал, кино, театр, қўшиқчилик кабиларга шунчаки томоша, кўнгил очар нарса деб қарамаслик керак. Санъат одамларни ўзига эргаштиради. Санъат орқали тарғиб қилиш, ташвиқ қилиш осон...
Ҳа, муштариймизнинг мулоҳазалари ўринли. Аммо таассуфки бугунга келиб санъат андишасизлик ва номуссизликни тарғиб қилишдан чарчамаяпти!

“Дада, мен уни севаман!”

Қайси куни ишдан бориб телевизорни ёқсам, “Клон” сериали бўляпти экан. Қаҳрамонларнинг суҳбатини кўриб бошимга оғриқ кирди. Ҳалиги Жади деганининг жазмани (севгани деса ғаши келади кишининг) Лукас қизига алланималарни гапираётган экан. Қиз қуриб кетгур ҳам кўзларини лўқ қилиб “Дада, ойим мени тушунишни истамаяпти, сиз тушунинг! Мен Шанди(менимча хушторининг исми шунақа бўлса керак)ни севаман! Ахир, сиз ҳам бундай туйғуларни бошдан кечиряпсиз-ку! Мени тушунишга ҳаракат қилинг, мен уни севаман!” деди сурбетларча. Астоғфурруллоҳ, дедим, астойдил, яхшиям ўзбек бўлиб туғилган эканман! Худо урганларнинг дадасига қайсидир хуштори билан муносабатини дастурхон қилиши, камига шармисорона муносабатларини тушунишини талаб қилишидан аянчли манзара бўлмаса керак! Инсон ор-номуси, шарму ҳаёси, ақлу фаросати ва албатта АНДИШАси билан ҳайвондан фарқланади. Майли, у сериал бутунлай бошқа ҳаёт, бошқа миллат, бошқа дин вакили,бошқача менталитетда тарбияланган одамларнинг яшаш тарзи, бизга ҳеч алоқаси йўқ, десангиз, адашасиз! Отасига хуштори билан муносабатларини уқтиришга уринаётган қизнинг ҳиссиётларини ҳаяжон билан кузатаётган ёшгина қиз, демак шундай қилса бўлар экан, одам (яна қиз бола!) севиб қолган кишиси ҳақида бемалол ота-онасига, айниқса отасига гапирса бўлаверар экан, деган хаёлга бормайдими? Боради! Эътирозга шошилманг, албатта ёшгина қизнинг беғубор тасаввури бунақанги лойқа сериалларнинг таъсирида хира тортиши бор гап.
—    Шу “Клон” сериалидек шармисор сериал бошқа ҳеч қачон суратга олинмасинда,- дейди Шайҳонтоҳур тумани, 39- умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт ўқитувчиси Манзура Раҳимова.- Кузата туриб, астоғфурруллоҳ, деб ёқангни ушлайсан,  киши. Сериал қаҳрамонлари ҳаммаси ахлоқи бузуқ, тавба қилдим, инсоний фазилатлардан йироқ кимсалар. Уни хотини билан буниси дон олишади, бунинг эри билан униси кўз сузишган... Телевидениеда бадиий кенгаш йўқми? Бўлса улар қаерга қарашяпти, ахир?!..
—    “Морена Клара” сериали биринчи марта  телевизорда қўйилган пайтларда  ўн беш- ўн олти ёшларда эдим,-дейди таниш ўқитувчи.- Сериал қаҳрамонларидан Линда Прадонинг сигарета чекишига, кийинишига роса ҳавас қилардим. Бир –икки марта  унга ҳавас қилиб яширинча дадамнинг сигареталаридан олиб чекиб кўрганман. Ўшанда катта бўлсам ўқишларга кираман, Линдага ўхшаб сигарета чекаман, деб орзу қилардим. Орадан ўн беш йилан зиёдроқ вақт ўтди, ўша пайтлардаги бемаъни орзуимни ўйласам хижолат чекаман. Шунинг учун ҳам қизчаларимга сериал томоша қилишни таъқиқлаганман. Ўсмирлик оламининг ўзига хос жиҳатлари шундаки, хоҳ у ўғил бўлсин, хоҳ қиз бу даврда у бошқаларнинг диққат-эътиборини ўзига қаратгиси, ҳаммани қойил қолдиргиси келади. Бунақа пайтда бу ёмон иллат экан,бундай қилсам иснод экан, деган ўй ўсмирга бегона бўлади. Шунинг учун ҳам фарзандларга ўсмир пайтида ҳар доимгидан кўпроқ эътибор бериш, уларнинг қандай асарлар ўқиётгани, қандай мусиқани эшитиб қандай кинони томоша қилаётганини жиддий назорат остига олиш керак, деб ўйлайман. Акс ҳолда уларнинг дунёқараши ва маънавиятини салбий унсурлардан асролмай қолиш хавфи кўпроқ.

Дунёни ҳар ким ўз қаричида ўлчайди, дейишади. Қаричлар эса хилма хил. Кимнингдир қаричи катта, кимникидир кичик. Ҳаёт мактабидан ҳам ҳар ким ўзининг савияси ва ақлига яраша сабоқ олади. Кимдир нодоннинг хатосидан хулоса чиқарса, кимдир ўша хатога ўзи йўл қўйиб хулосага келади. Ўсмирларнинг дунёқараши ҳам, маънавий олами ҳам ёшига муносиб бўлади ва албатта оммавий ахборот воситалари орқали тақдим этиладиган ҳар нарсани мукаммал деб билади. Бунга шубҳа ё эътирозга ҳожат йўқ,фикримизча. Шундай экан, дадасига “муҳаббат”и (!) ҳақида тўлқинланиб гапираётган тенгдошини кўриб эртага ёшгина ўзбек қизи ҳам шу савдони ўз оиласида такрорламаслигига ким кафолат беради?..
Бу борада замондошнинг  фикри қандай?

Баҳор Турсунзода

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ