Сайт бўлимлари
Бор бўл оқибат, ўлма оқибат!
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Халқ орасида бўлганимизда “оқибат йўқолиб боряпти”, “одамлар тобора оқибатсиз бўлиб кетяпти” деган иддаоларни эшитиб қоламиз. Аслида-чи, аслида ҳам шундаймикан? Ёки ўзи оқибат қилолмаётган, тошдан қаттиқ тирикчилик ташвиши кўнгил кўзини қотириб қўйганлардан чиқяптимикан бу нолишлар? Меҳр-мурувват, ўзаро қадр-қиммат, ҳурмат-эътибор каби инсоний фазилатлар қон-қонига сингиб кетган ўзбек халқи оқибатдан айро тушди, дегани ўзлигидан узоқлашди дегани эмасми?
Бугунги мулоҳазаларимиз айни шу тушунчалар атрофида бўлади.
Водийда яшнаган ОҚИБАТ
Ишхонадан бир ҳафталик меҳнат таътилига рухсат теккач, яқин дугонам иккимиз тилла топган одамдек суюниб водий саёҳати тараддудига тушдик. Сафарга чиқишимиздан бир кун аввал интернетда танишган дугонамизга бу ҳақида айтган эдик, хушхабардан боши осмонга етганини билдириб, бизни интиқ кутишини айтди. Хуллас, сафарнинг аввали сўлим ва хушманзара Фарғона вилоятидан бошланди. Бизни кутиб олган дугонамиз хушнудлик билан қарши олиб, дугоналари кутаётганини, бир пас дам олганимиздан сўнг ўзимизни кутаётган бошқа мезбонларнинг ҳам зиёратига боришимизни айтди. Унинг уйида ўтган бир-икки соатлик меҳмондорчиликдан сўнг телефонни тиндирмай қўнғироқ қилаётган бошқа дугоналариникига йўл олдик. Тўғриси, Фарғона вилоятида ўтган сафаримиз давомида мен ҳақиқий ўзбек халқига хос, бадиий асарларда таърифи келтирилган меҳмондўстлик ва меҳмоннавозликни кўрдим. Бизни уйида қўнган дугонамизнинг нечта ҳамкасб ўртоғи ё дугонаси бўлмасин, бир-бир уйига таклиф қилиб меҳмон қилишди. Қойил қолганим шундаки, меҳмондорчилик сценнарийси ниҳоятда манзур бўлгулик қилиб тузилган экан. Яъни борган жойимизда икки соатгина меҳмон бўлиб, яна бошқа хонадонга таклиф қилиндик. Фарғона бўйлаб саёҳатимиз охирлаб бир олам таассуротлар билан Андижонга йўл олар эканмиз, йўл бўйи дугонам иккимиз оқибатнинг ўлмагани, дунёда ўзбек деган ном, ўзбек деган миллат бор экан, ҳеч қачон ер юзидан буткул оқибат йўқолмаслигига иқрорлигимизни айтиб чарчамасдик. Андижон сафари эса бу фикрларимизни минг чандон ҳақ эканини далолат қилди.
Андижонда бизни талабалик таҳсили даврида иноқлашиб қолган ҳамкасб синглимиз кутаётган эди. Шаҳардан сўлим қишлоққа кириб борар эканмиз, машҳур қўшиқда таърифи келтирилган “оқланган уй, тандир-ўчоқлар”, “сувлар сепиб ҳўллатиб, райҳон ҳидин таратиб” қўйилган ҳовли баҳру дилимизни очиб юборди. Энг ҳаяжонлиси “Тошкенти азимдан меҳмонлар келишар экан” деб маҳалланинг аёллари мезбон уйга чиқиб, пишир-куйдирга қарашаётган эканлар. Андижонда ҳам меҳмондорчилик, иззат-ҳурмат роса жойига тушди. Вилоятнинг сўлим гўшаларини, машҳур “Боғи Бобурий”ни зиёрат қилиб, мириқиб дам олиб, янги ишлар сари куч-ғайрат тўплаб, ортимизга қайтар фурсат келганда мезбонларнинг киракаш машина орқасини олмаю ўрикка тўлдириб, ҳайдовчига ҳатто бизнинг йўл кирамизни ҳам тутқазмоқчи бўлганлари кўнглимизни ийдириб юборди. Мезбон синглимиз ҳайдовчига тутқазган пулни олиб, аяларининг чўнтакларига солиб қўйганимизда, холамиз хижолатлик билан:
— Ундай қилманглар-а, меҳмон атойи Худо дейдилар, сизлар келиб уйим файз-баракага тўлди. Эшигимдан (Андижонда ҳовлини эшик дейишар экан) одам аримади, бу ҳам Аллоҳнинг менга тақдир қилган мартабаси,- дедилар. Биз эса меҳмондорчилик, иззат-ҳурмат ва ОҚИБАТ учун миннатдорчилик билдириб Тошкент сари йўл олдик...
Оқибат буткул кўтарилмаган!
Йўл бўйи дугонам иккимиз водий кишиларнинг феъл-атвори, оқибатлилиги, таниш-нотанишларга мурувватлилигини муҳокама қила туриб, уларни бошқа вилоятнинг, хусусан ўз шаҳримизнинг одамлари билан солиштирдик. Майли, ҳар бир юртнинг ўзига хос расм-русуми, урф-одати бўлади. Кимлардир юрагидаги ҳиссиётини очиқ ифода эта олади, кимлардир кўнглидаги илиқликни ҳам кўрсата олмайди. Яна кимлардир ўзи билан ўзи овора бўлиб яшайверади, унинг учун меҳр- оқибат ҳам, бошқа одамийлик туйғулари ҳам аҳамиятли бўлмайди. Айнан шундай кишилар “одамлар орасида оқибат йўқолиб боряпти, бировнинг биров билан иши йўқ замон бўлди” деб айюҳаннос солиб юрадилар. Аммо яхшилаб мулоҳаза қилганда дунё деворига нима отсангиз шу нарса ўзингизга қайтишига ишонч ҳосил қиласиз. Чиндан-да, кўнгилга яқин дўсту дугонангиз бўлмаса, дунё ташвишларини ортингизга ташлаб бирор яқинингизни меҳмонга таклиф қилмасангиз ёинки иккитагина нон кўтариб, биродарингиз ҳолидан хабар олмасангиз, туғилган кун, байраму тантаналарда кичкинагина совға билан таниш-билишингизнинг кўнглини олмасангиз, сиз учун оқибат ўлган, меҳр анқонинг уруғи бўлади-да! Эътирозга шошилмай туринг, оқибат ҳақида нолишдан аввал феълингизни, кўнглингизни тафтиш қилинг, замондош. Сиз охирги марта кимга, қандай оқибат кўрсатгандингиз? Саволларимиз тилингизни тишлаб қолишингизга сабаб бўлган бўлса, биздан ўпкаламанг, зеро биз шунчаки феълингизга кўзгу тутишингизни маслаҳат бердик холос.
Меҳр — туғма туйғу
Яқинда бир қиз армон билан шундай деди:
— Ёш ўтгани сайин одам оқибат истаб, меҳрталаб бўлиб қоларкан. Яқинда туғилган куним бўлди. Ўзи нимагадир туғилган кунимни жуда ёмон кўраман. Лекин таниш-билиш, дўсту биродарларнинг самимий, чиройли тилакларини эшитиб кўнглим бироз таскинланади. Майли, булар ўз йўлига, аммо бу йилги дилимга тушган оғриқ бошқа нарсадан. Дугоналаримнинг туғилган куни бўлса, соат тунги 12дан бошлаб ота-онаси, жигарлари, қавм-қариндошлари табриклаб қўнғироқ қилишади ёки СМС хабар йўллашади. Мен эса туғилган кунимда дугоналарим, курсдошларим, таниш-билишлардан табриклар олдиму, ўзимнинг яқинларимдан бир оғиз тилак эшитмадим. Ҳатто онам ҳам кечга томон қўнғироқ қилиб наридан бери табриклаган бўлдилар. Хўш, ўзи меҳр кўрсатмаган, эътиборини дариғ тутган яқинларим яна қандай қилиб мендан оқибат исташаркин?!..
Шуниси аҳамиятлики одамда меҳрни ифодаланиш даражаси аксарият ҳолларда туғма бўлади. - ... Инсоннинг инсонга, жумладан яқинларига бўлган муносабатида меҳр маблағ, кишидан ортиқча ирода, сабр-чидам ёки матонат талаб қилмайди, аммо у юксак даражада баҳоланади ва одамга сув-ҳаводек зарур. Кишини бахтли ёки бахтсиз қиладиган мезонлардан бири ҳам унинг меҳр-оқибатга бўлган эҳтиёжининг қондирилиш даражасидир,- дейилади психологик манбаларда. Демак фарзандларидан ёки яқинларидан меҳр-оқибат истаганларнинг ўзлари уларга оқибатли, мурувватли бўлишлари керак. Зотан, кимки меҳрли бўлса, меҳр топади.
Энди юқоридаги мисол юзасидан фикрлашадиган бўлсак, аввалги мулоҳазаларимизда таъкидлаганимиздек, ота-онага кўп нарса боғлиқ. Фарзандларининг бир-бирига, қамв-қариндошлари, жамиятга бўлган муносабатини шакллантириш энг аввало ота-онанинг вазифаси. Улар эса фарзандлари қалбига меҳр-оқибат уруғларини қадашлари учун қуруқ насиҳат ёки ваъзхонлик билан эмас, балки амалда, ўзларида акс эттира олишлари керак. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, фарзандингиз кўз олдида унга ёки ўз жигарларингиз, яқин ёр - биродарларингизга оқибат кўрсатмасангиз, ўзингиз инсоний фазилатларнинг оддий кўринишларини билмасангизу қандай қилиб фарзандингизга уларни ўргатасиз ёки ўзингизда бўлмаган хусусиятларни фарзандингиздан кутасиз?..
Ўзбек дегани —оқибат дегани!
Меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат туйғуларининг кучи ва айни чоғда майда-чуйда баҳоналар важидан бу фазилатларнинг бирмунча ожизланиб қолганини тафаккур қилиш жараёнида шу нарсага иқрор бўлдикки, оқибат ҳеч қачон ўлмас экан. Қайсики, энг аввало ўзимизда, кўнглимизда, кўз қарашларимиз, гап-сўзимизда оқибатни акс эттира олсак, шундай жавобни олар эканмиз. Тўғри, айрим ҳолларда Ҳазрат Навоий куюнганларидек, меҳр кўп кўргузиб, меҳрибон тополмаслигимиз ҳам мумкин, аммо бир-иккита меҳрсиз, қалби қаттиқнинг касрига бутун бошли оқибатни йўққа чиқармоғимиз адолатдан эмас. Негаки, бу дунёда ўзбек деган миллат бор экан, ўзбекона андиша, одоб бор экан, албатта оқибат танқис, меҳр қаҳат бўлмайди.
Яратган Ўзбекистон тупроғи, қуёши, об-ҳавосини меҳр нурлари билан тўлдирган, шундай экан бу юртнинг одамлари дунёнинг энг меҳрли, энг оқибатли одамлари бўладилар, тўғрими?..
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 305 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар