1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Қайноналикни қайнонамдан ўрганганман...”

“Оила мустаҳкамлигининг тўқсон фоизи қайнонага боғлиқ. Биз катталар, қайноналар мева берган дарахтмиз. Келин эса бамисоли кўчат. Биз улардан кўра тажрибалимиз. Шундай экан, келинга ўз фарзандимиздек қараб уни катта ҳаётга тайёрлаш бизнинг вазифамиз” деган фикрни илгари сурадилар  суҳбатдошимиз Мавлуда ҳожи ая Ҳамроқулова.  Сўз устаси, актёр Искандар ва хонанда Самандар Ҳамроқуловларнинг волидаи муҳтарамалари, Манзурахон ва Дилнозахонларнинг меҳрибон, оқила қайноналари, Оғабекжон ва Муҳаммад Аминжонларнинг севимли бувижониси, фахрий ўқитувчи Мавлуда ҳожи ая Ҳамроқулова билан суҳбатлашиш учун уларнинг хонадонларига йўл олдик. Шинамгина хонадонда бизни Мавлуда ая илиқ кутиб олдилар. Ҳожи ая билан бир пиёла чой устида  қизғин суҳбат қурдик.

Замонавий ўзбек қайнонаси

—    Аяжон, замонавий ўзбек қайнонаси сизнинг назарингизда қандай бўлиши керак?
—    Мен узоқ йиллар мактабда она тили ва адабиёти фанидан болаларга билим бериб келдим, қизим. Ўқитувчи ҳамиша замон билан ҳамнафас юриши керак, у ён-атрофида бўлаётган воқеалардан имкони борича ўз вақтида хабардор бўлиши шарт, деб ҳисоблаганим учун, соҳамга оид адабиётлардан ташқари,  турли даврий нашрларни, оммавий ахборот воситаларини мунтазам кузатиб борардим. Пенсияга чиққанимдан кейин ҳам бу одатимни канда қилмаганман. Болаларими эл хизматида, ижод билан банд бўлишади. Ҳар доим ҳам нашрларни кузатишга, телевизор кўриб, радио эшитишга вақт тополмайди. Нонушта маҳалими, кечки овқат пайтидами бирга ўтириб қолсак, қайси газетада қандай мақола ёзилгани, юртимиз ва дунёда қандай янгиликлар рўй бераётгани ҳақида болаларимга гапириб бераман. Ўғилларимга келинларни концерт, кино ва театр томошаларига тез-тез юбориб туришларини айтаман. Ўзим билан бирга яшайдиган кичик келиним Дилнозахонни тез-тез шунақанги кўнгил очар тадбирларга жўнатиб тураман. Одам ўзини қобиғига ўзи ўралашиб қолмаслиги керак. Қайнона дегани уззукун уйда ўтирволиб, келинга буйруқ берадиган уй аёли эмас, жамиятдан бохабар, ҳар соҳада ўз фикрини, муносабатини билдира оладиган бўлиши шарт. Менимча замонавий қайнона шундай хислатларга эга бўлиши керак.

Онасини кўриб, қизини ол

—    Келин танлашда кўпроқ нималарга аҳамият бериш керак, деб ўйлайсиз?
—    Келин танлашда қизнинг онасига кўп аҳамият бериш керак. Онасининг рўзғор тутими, феъл-атвори, эри ва эрининг яқинлари билан муомала- муносабати қандайлигини кузатиш шарт. Қолаверса, мен ўғилларимга “Учрашганларингизда қиз бола кўзингизга тик қарамай, саволларингизга ерга қараганча “ҳа”, “йўқ” деб жавоб берса, овозини баландлатмаса, ана ундан яхши рафиқа чиқади” деганман. Искандар ўғлим келинимнин ўзи хоҳлаб, яхши кўриб уйланган. Албатта болам яхши кўргани билан ўзим текширганман, синаганман, Худога шукр, келиним кўнглимдагидек. Самандарнинг аёли- Дилнозахон келинимни эса ўзим танлаганман. Шукр, танловимдан ўғлим ҳам хурсанд. Илоҳим  ҳар иккалаларининг бахти бардавом бўлсин.

Кумушбибилар қани?

—    Ҳожи ая, назаримда ҳозир қизлар анча қадрсиз бўлгандек...  Беқадр қизлар эртага иззатсиз келин бўлмайдими?
—    Гапингизда жон бор. Қизлар беқадр бўлиб кетяпти. Аммо уларни ким беқадр қиляпти, албатта ўзлари. Бир куни бозордан чииқб “Чорсу” метро бекатига тушдим. Бекатда йўловчилар гавжум. Бир пайт кўзим бир-бирига қапишиб-ёпишиб турган йигит-қизга тушди. Шармисорлар тап тортмай ўпишишяпти экан. Қизга разм солсам 19- 20 ёшлар чамасида кўринади. Ўзбек қизи! Бир пайт метро келди. Ҳалиги “ошиқ-маъшуқлар” хайрлашиш учун ҳам вагон эшиги олдида ўпишишди. Йигит вагонга кириб кетди. Шарманда, беҳаё қиз эса пошналарини тақиллатиб юзини қаттиқ қилиб нариги бекатга ўтиб кетди. Унга қараб жуда қаттиқ хафа бўлдим, қизим. Хафа бўлмангу, қизларимиз орасида Кумушбибилар қолмади! Менинг юрагимдаги дард шу, жон болам. Кумушбибилар ҳозир орамизда йўқ! Ҳалиги қизга ўхшаган ўзини беқадру беҳурмат қилган қиз эртага сариқ чақалик қиймати йўқ келин бўлади. Унақа қизнинг отаси кейин куёвига мошина олиб беради, уй қуриб беради, сарпо-суруқнинг зўридан қилади-да! Биров бировнинг ҳурматини оёқ ости қилмайди, иззатини туширмайди. Ҳар ким ўзига ўзи қилади, қизим...

Қайнонага зулмкорлик ярашмайди

—    Қайнона-келин муносабатлари давримизга келиб долзарб муаммолардан бирига айланди...
—    Ҳа. Афсуски, айрим худбин, аламзада аёллар ҳисобига келинга зулм қилишни фахр биладиган қайноналар кўпайган. Ақлли одам аввал яхшилаб тушиниб олиши керакки, келин  — фарзанди орқасидан келган фарзанд! Кимнингдир ўн саккиз-ўн тўққиз йил боқиб, ўстириб, тарбиялаб, тайёр хизматкор қилиб берган боласига зулм қилиш- иймонсиз ва диёнатдан айро тушган кимсанинг қилғилиги! Келин оиламизга келиб қўшилдими, демак унинг молиявий, ижтимоий-маънавий, руҳий ҳолати бизнинг бўйнимизга юкланди. Келинга ҳатто қизлардан кўра меҳрибонроқ ва эътиборлироқ бўлиш керак. Қизлар меҳмон, ойда бир ё икки келади. Келин ҳамиша хизматимизда бўлади. Унинг соғлиги, тинчлиги, хотиржамлиги ўзимиз учун зарур. Келин насл давомчиси, у соғлом бўлса ўғлингизнинг зурриётлари- невараларингиз соғлом дунёга келади. Бу оиланинг энг асосий мақсади.
Мен қайноналик илмини раҳматли қайнонам Шодмона аядан ўрганганман. Аллоҳ раҳмат қилгур қайнонам биз олтита келинларини жуда ҳам яхши кўрардилар. Ҳеч қачон бирортамизга озор бермаганлар. Ўшанда “вақт соати келиб, Аллоҳ келин туширишни насиб қилганида худди қайнонам ўхшаган қайнона бўламан”, деб ният қилгандим. Шукрки, келиним Дилнозахон ҳам бир куни “ойижон, мен насиб қилса сиздек қайнона бўламан” дедилар. (куладилар)

Оғзи маҳкам келиннинг бахти ўз қўлида

—    Аяжон, оила мустаҳкамлигининг асосий мезонлари нимада деб ўйлайсиз?
—    Оила мустаҳкамлиги энг аввало қайнонага боғлиқ. Қайнона тадбирли, фаросатли, меҳрибон ва оқила бўлса, келинни йўлига солиб, ўғлининг турмушини фарвон қилади. Аксинча, қайнонанинг феъли тор, қилдан қийиқ ахтариб, ўзини баланд тутадиган бўлса, у оила оила бўлмайди. Бир танишимнинг ўғли уч ой яшаб хотини билан ажрашди. Танишимдан бу ҳолнинг боисини минг истиҳола билан сўрасам “келинга чой дамланг, десам, қопқоғи ва жўмраги кир чойнакда чой дамлаб кепти. Менга унақа келинни кераги йўқ, ўғлимни бошқа қизга уйлантираман” дейди. Унга бу ишининг нотўғрилигини, бировнинг боласига зулм қилишнинг ҳам жвоаби борлигини айтдим. Қайнонанинг вазифаси келинининг билмаганларини ўргатиш, кўнглига тегмайгина қилиб уйидаги тартиб-қоидаларни билдириш эканини айтгандим, энсаси қотди: “Меникига келгунича онаси ўргатса бўлмасмиди?! Мен унга чой дамлашнию, овқат қилишни ўргатаманми?”... Йўқ, бундай бўлмабди. Қайнонанинг вазифаси келинни оиласидаги рўзғор тутумига кўниктириш. Келиннинг вазифаси эса, тилини тийиб, “хўп бўлади”ни оғзидан туширмай, эпчил ва чаққон бўлиш. Ана шунда оила мустаҳкам, тинч ва хотиржам бўлади. Тилини тийган, оғзига маҳкам, эр уйининг гапини кўчага чиқармайдиган, қайнонанинг танбеҳини оғир олмайдиган, эрини Худодан кейинги ўзи учун ҳақли зот деб биладиган, эпчил ва чаққон, уддабурро келин ўз бахтини ўз қўли билан яратади.

Бола тарбияси...

—    Ҳожи ая, оқила қайнона ва  тажрибали педагог сифатида келинларингизга бола тарбиясида нималарга аҳамият қаратишни уқтирасиз?
—    Бола тарбяисида энг аввало болаларни ростгўйликка ўргатишга аҳамият қаратишларини айтаман. Болани ростгўй ва ҳақиқатни тан ола билшини жуда кичкиналигидан ўргатиш шарт. Қолаверса, бола қалбида у жуда ёшлигидан бошлаб ўзгалар нисбатан ҳавас қилишни шакллантириш зарур. Ҳасад инсонни ҳалок қилади. Болаларга ўзларидан ночорроқ, пастроқ кишилар билан ўзларини солиштиришни таъкидлаш керак. Зеро бу кишида шукроналик туйғуларини уйғотади. Инсонни ҳасадга берилмаслигига замин яратади. Қолаверса, мана шундан инсоний фазилатларни болада шакллантириш учун авваломбор унинг атрофидаги катталарнинг ўзларида ҳам шу хислатлар бўлиши шарт.
—    Аяжон, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Фарзандларингиз, келинларингиз ва невараларингиз бахтига ҳамиша саломат бўлинг.

Умида АЗИЗ суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 350 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ