1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“...Эркаклар, бунча ноинсофсиз?!...”

Хотин-қизларга ҳаёсизларча муносабатда бўлдагин киши фуқаро сифатида ҳам ишончни оқламайди; у умум ишига ҳам худди шундай шармандаларча муносабат да бўлади. Ундайларга бошдан-оёқ ишониш мумкин эмас. Аёлни ҳурмат қилмаган, уни қадраламаган эркак элга ҳам эҳтиром қилолмайди. 

“— Турмуш ўртоғим вафот этганида ҳомиладор эдим,- деб бошлайди таҳририятга  йўллаган мактубини самарқандлик исмини сир тутишимизни сўраган муштарийимиз.- Қизим туғилгач, ота-онамникига қайтдим.  Бир амаллаб боламни катта қилдим. Айни пайтда у бошланғич синфда ўқияпти. Қўлингда бир касб ё ҳунаринг бўлмаса қийин экан, бунинг устига отамникидаман. Қачонгача кекса ота-онамнинг пенсия пулига кўз тикиб яшайман, деб қизимни онамга топшириб пойтахтга иш излаб келдим. Тошкентда менга ўхшаган қўлида касби, маълумоти бўлмаганларга энг яхши иш официантлик экан. Аммо шу ишни ҳам топиш осон бўлмади. Хуллас бир ўрис кампирникида ижарада яшаб, шаҳардаги қаҳвахоналардан бирида официантлик қила бошладим. Ўн беш- йигирма кунда топган тутганимни онамга жўнатиб тураман. Хуллас, бир қизимни бировга муҳтож қилмай улғайтирсам, менга бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Янги йил арафасида қаҳвахоналарда иш қизғин бўлади. Тушум ҳам яхши бўлади. Қизим қишки таътилга чиққани учун янги арафасида Тошкентга олиб келдим. Ҳам бироз ёнимда бўлсин, қолаверса, таътилда пойтахтда ўйнаб кетсин дегандим. Янги йилдан бир кун аввал қаҳвахона беш-олти чоғли катта ёшли мижозлар келишди. Мени чақириб буюртмалар беришди. Улар айтган буюртмаларни опкелаётгандим 50-60 ёшлар чамасидаги амаки ўрнидан туриб йўлимни тўсиб олди ва уялмай-нетмай:
—    Ҳозир биз бир ёққа кетамиз, сен ҳам биз билан бирга борасан,- деб туриб олди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин ўйларимни йиғиштириб, ўзимни ўнглагандим, улар мени бошқача ўйлаётгани етиб келди.
—    Кечирасиз амаки, мен ишдаман. Ишимни ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман. Сиз мени бошқача ўйладингиз, чоғи?- дегандим, ҳалиги киши енгимдан ушлаб олиб, “кетасан”-чи  “кетасан” қиляпти. Шу пайт мен билан бирга қаҳвахонага келган қизим ҳам  келиб қолди.
—    Қўйворинг мени, қизим келяпти, қизим бошқача ўйламасин, кап-катта одам экансиз, уялмайсизми?- дегандим, Худодан қўрқмаган бетовфиқ киши экан. Тап тортмай:
—    Ҳозир мен хоҳласам ўзинг ҳам, қизинг ҳам меники бўласанлар!- деб ўдағайлаб мени бир туртиб юборганди, қўлимдаги патнис тушиб кетиб, идишлар синиб, овқатлар тўкилиб кетди. Шунча ҳақорат камдай қаҳвахона иш юритувчиси синган идишлар ва исроф бўлган овқатларни менинг бўйнимга юклаб қўйди. Шу важдан маошимни бермай мени ишдан бўшатиб, камига қарздор ҳам қилиб қўйишди. Хуллас, байрамда қизимни бир яйрасин деб олиб келиб, ҳатто буханка нонга пул тополмай, ижара уйимиздаги қўшнидан қарзга нон олиб кунимизни ўтказдик.
Орамизда шундай ноинсоф эркаклар ҳам бор экан. Ҳали дунёда аччиқ таъм, қора ранг борлигини билиб улгурмаган қизалоғимнинг кўз олдида мени таҳқирлашди. Ҳатто менга қўшиб уни ҳам... Одамлар шунчалик диёнатдан узоқлашиб кетган, деб ўйламаган эканман. Мен ҳам тирикчилик важидан шу ерларда ишлаб юрибман. Бошимда эрим йўқ, ота-онамникидаман... Бунинг устига ака-укаларимга оғирим тушмасин, дейман. Ҳозир ҳеч ким ўзидан орттиролмайдиган замон бўлса. Куч-қувватим бор, жигарларимга тирик товон бўлиб ўтиргунча, қўлимдан келганча ўзим билан боламни ўзим эплай деган ўй билан мусофирчилик жафоларини тортиб юрибман. Айрим инсофсизлар официант аёлларни фоҳиша билан адаштиришади, шекилли?  Ундайларга ҳам Худонинг атагани бордир...”
Чиндан ҳам, орамизда официантларга бошқача назар билан қарайдиганлар йўқ эмас. Ушбу мактуб сабаб бўлиб, юртдошларимиз билан айни мавзуда мунозара уюштирдик.
Замира опа, 48 ёш, тадбиркор: — Официант қиз-аёлларни бузуқ, деб хаёл қиладиганлар анчагина. Тўғри, одамларнинг шундай ўйлашига айрим ахлоқсиз қиз-аёлларнинг қаҳвахоналарда пулдор, бойвачча эркакларга кўз сузишлари сабаб бўлиши мумкин. Лекин ошхоналарда хизмат қиладиганларнинг ҳаммаси ҳам шундай, деган фикр бу ўта нодонлик! Фаҳш ишлар, бузуқлик касб танламайди. Бу синглимизга хиралик қилган эркакларни эса, инсонийлик қиёфасини буткул йўқотган махлуқлар деб атаса, тўғри бўлади! Шунчаликка бориб бир ожизанинг дилини оғритган эркакларни қандай қилиб ер кўтаряпти экан-а?..
Абдураҳим ота, 55 ёш, маҳалла фаоли:
— Инсон ҳаётдан олмаса таълим
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим,- деган Абдураҳмон Жомий. Мактуб эгасига йўлиққан нокаслар ҳаётда яшаб ҳаёт мазмунини англамаган сўқирлар экан. Афсуски, одамлар орасида эркакман деб юрган бундай нусхалар ҳам учраб туради. Мен унақа иймонсизлардан ҳазар қиламан. Ундайларни Худонинг уриб қўйгани шуки, қизи, невараси тенгги аёлларга ғаркўзлик қилишади. Аммо шу қизимиз ишлаган қаҳвахона бошлиқларига ҳам қойил қолмадим. У қандай жой эканки, хизматчисини ҳимоя қилолмаса?  Улар қандай эркаклар, қандай ОДАМлар эканки, хизматчиси мижоз томонидан таҳқирлансаю, уни ҳимоя қилиш, керак бўлса ўша мижознинг танобини тортиб қўйиш учун тегишли жойларга маълум қилиш ўрнига, ожиза аёлни айбдор қилиб, маошини бермай, камига ишдан бўшатиб юборишса? Пул топиш куйида одамларнинг қалби шунчалик қаттиқлашиб кетганми?!..
Лайло, 22 ёш, талаба: — Ҳар хил одам борда. Официант қиз-аёлар орасида ҳам андишалилари бор, ҳақиқатдан ҳам одамлар ўйлаганидек беҳаёлари ҳам йўқ эмас. Ўтган йили ижара пули енгил бўлади, деб бир дугонамнинг официант танишини ижара уйимизга олиб киргандим. Пойтахт бозорларининг биридаги ошхонада хизматчи экан. Вақт ўтиб официант ҳамхонамизнинг оилали эркак билан “ошиқ-маъшуқ”лигини билдик. Кейинчалик бунақа “ошиқ-маъшуқ”ликларнинг сони кўпайиб кетди. Бунинг устига официант қиз шунчалик сурбет, юзи қаттиқ эканки, ҳарчанд уйдан ҳайдаб чиқарсам ҳам кетмайди-да! Хуллас, бир жанжалдан кейин ҳаммамиз ўқишдалигимизда ҳамма нарсани ўғирлаб, уйни шип-шийдон қилиб, қиматбаҳо нарсаларимизни, тақинчоқларимизни ўмариб кетибди... Умуман олганда, одамларда официант қиз-аёллар ҳақида салбий тасаввурларнинг пайдо бўлишига менимча, уларнинг ўзи айбдор...
Бу мунозарамизда қатнашган юртдошларимизнинг мулоҳазалари эди. Бу борада сизда қандай фикр бор, муҳтарам муштарий?

Фарзона тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 337 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ