1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Фарзандсизлик ва ажрим

 

 

 

Қиз узатиб, ўғил уйлаган ота-она кун санаб вақт ўтказиб, “хушхабар” кутади. “Янги меҳмон” ҳақидаги ёқимли янгиликни эшитган заҳоти, тилида шукрона айланиб, яхши кунлар, тўй-томошалар тараддудига тушади. Аммо баъзида ўша ширин янгиликни эшитиш муддати анча узайиб кетади. Ана шунақа пайтларда катталар ёшларга далда бўлиш, уларни ҳаётдан, яхши кунлардан умидвор қилиш ўрнига, ғийбат гаплар билан эр-хотиннинг орасини совутишга, уларни айиришга ҳаракат қилишади. “Туғмас хотин билан умрингни ўтказасанми?!”, “Хотинингни қўйвориб, бошқага уйлан”, “Эринг билан ажрашиб бошқасига турмушга чиқ”, “Невара кўрмай ўтиб кетаманми?!”, “Тирноққа зор ўтасанми?!” каби иддаолар ўзи шундоқ ҳам изтироблардан зада бўлган кўнгилларни вайрон қилади.

Аслида ҳам фарзандсизлик оиланинг инқирозига сабаб бўла оладими? Фарзанд кўрмагани учун эр-хотинни ажратиб юбориш керакми? Бугунги мунозара шу мавзуда.

Назира ая, пенсионер, маҳалла фаоли: — Жуда нозик савол бердингиз-ку, болам. Бир оғиз гап билан бу саволингизга жавоб бериш қийин. Лекин менинг фикримча, фарзанд бўлмади, деб оилани ажратиб юбориш тўғри эмас. Ҳозир фарзандсизлик унчалик катта муаммо бўлмай қолган. Тиббиётда бу хасталикнинг ҳам давоси топилган. Турмуш қурганига ўн йил, ўн беш йил бўлганда бола кўрганлар бор. Одамларимиз фарзандни “тобуткашим” дейишади. Аммо қайси бефарзанднинг тобути ерда қолиб кетибди?! Аввало, Худованди Карим ҳеч бир бандасини қуруқ қўймасин-у, агар фарзанд бўлмаган тақдирда ҳам эр- хотин бир-ьирини тушунса, яхши кўрса, ажрашиш шарт эмас. Бола асраб олиб бўлса ҳам, ҳаётни биргаликда давом эттириш керак. Бу дунёда эр ёки хотиннинг бозори йўқ...

Самиҳа ая, пенсионер: -Айнан шу шўриш бизнинг бошимиздан ўтган. Опам биринчи оиласи билан ўн йил яшади. Фарзанд бўлмади. Турмуш ўртоғи бебошлик қилиб бир суюқоёқ, енгилтак қизни опамнинг устига етаклаб келди. Опам эрини жуда қаттиқ яхши кўрарди. Ҳатто устига хотин олганига ҳам эътибор бермай эриникида юраверди. Эри опамни уриб-сўкиб, судраб уйимизга келтириб ташлади. Ота-онам опамни, бу энди ҳеч туғмас экан деб хотини ўлиб беш боласи билан тул қолган эркакка бериб юборишди. Хуллас, ўн ой деганда опагинам ўғил кўрди. Бирин-кетин тўрт ўғил, бир қизли бўлишди. Аммо шароити жуда лғир эди. Эри фақат ўзининг беш боласига эътибор бериб, жиянларимизнинг тақдирига бефарқ эди. Бундай олганда, у опамни туғмас хотин, деб ўйлаган. Унга фарзанд эмас, етим болаларига қарайдиган аёл керак эди. Ёши ҳам опамдан анча катта бўлиб, аввалги хотинидан туғилган болаларини уйли-жойли қилдию, опамни ташлаб катта ўғлиникига кетиб қолди. Оқибатда эса опамнинг ўғиллари бебош, тарбиясиз бўлиб улғайди.Бирортаси меҳнатга бўйин эгмасди. Шўрлик опагинам болаларининг шумлигидан куйиб ўлиб кетди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, шумиди опам илҳақ бўлган фарзанд?! Бундан кўра, бефарзанд ўтганида опагинам шунча азият чекмас, охир-оқибат ноқобил фарзандларнинг дастидан ёруғ кун кўрмай ўлиб кетмасди!..

Маҳмуд ака, ўқитувчи:

- Фарзанд- инсон умрининг, наслининг давомчиси. Бола- эр-хотинни бир-бирига мустаҳкам боғлаб турувчи ришта. Агар ўртада ана шу ришта бўлмаса... Менимча, ўртада фарзанд бўлса, эр ёки хотин бир-бирининг айбларидан, камчилик-нуқсонларидан кўз юмиб, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам оиласини сақлаб қолиши шарт. Аммо фарзанд бўлмаса... Жуда қийин масала...

Нурмат ака, тадбиркор:

- Худди билиб тургандай, ҳаётимдан бохабар одамдай савол берганингизни қаранг. Фарзандсизлик туфайли бўладиган изтиробли кунлар ўзимизнинг бошимиздан ўтган. Келинойингиз билан талабалик даврларимизда севишиб, синашиб турмуш қурганмиз. Ўн йилгача фарзанд кўрмадик. Бормаган табибу шифокоримиз, фолбину азайимхонимиз қолмади. Шифокорлар айбни келинойингизга қўйганди. Кататлар, қариндош-уруғ, дўст-оғайнилар менга хотиним билан ажрашишни маслаҳат бера бошлашди. Эътибор бермадим. Хотинимни яхши кўриб танлаганман, энди нима бўлса, пешонамдан, деб Аллоҳга таваккал қилдим. Турмуш қурганимизнинг ўнинчи йили олис вилоятга турмушга чиқиб кетган қайнсинглимнинг уч кунлик чақалоғини фарзандликка олдик. Жажжи қизалоғимизга бор меҳримизни бериб парваришлай бошладик. Бешик тўйлар қилдик. Ўшанда “Бировнинг боласига дабдаба билан бешик тўйилар қилишяпти” деган маломатларни ҳам қилишди...

Ишонасизми, ўша вақтларда келинойингиз ҳомиладор бўлди. У кунлардаги ҳолатимизни тасвирлай олмайман... кўп ўтмай ўғлимиз Муроджон туғилди. Ҳозир опа-ука иккаласи бир синфда ўқишади. Қизимизни ўғлимдан ҳам аъло кўраман. Унинг қутлуғ қадами билан фарзандли бўлдик. Аллоҳнинг карами кенг, муруввати чексиз экан! Киши одамларга эмас, кўнглига қулоқ тутиши, мўъжизаларга, яхшиликка ишониши керак экан...

Бу борада мутахассис фикри қандай?

Аҳмедова Дилбар Рустамовнанинг фикр ва тавсиялари қуйидагича:

- Кейинги пайтларда бепушт жуфтликлар сони ошиб бораётгани сир эмас. Мустақил текширувлар шуни кўрсатадики, юртимиздаги ҳар тўртинчи жуфтлик бепуштликдан шикоят қилади. Бунга турмушга эрта узатиш ҳоллари, қиз болалар ўртасидаги турли хил экстрагенетал касалликлар, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар сабаб бўлиши мумкин. Баъзи ирсий касалликларда ҳам бепуштлик доимий белги сифатида кузатилади. Бепуштлик эркакларда ҳам, аёлларда ҳам учрайди. Бепуштлик аёлларда ҳам, эркакларда ҳам учрайди. Нормал жинсий ҳаёт кечириб, ҳомиладорликдан сақланиш воситаларидан фойдаланмай камида бир йил бирга туриб фарзанд кўрмаган оилани бирламчи бефарзанд оила дейиш мумкин. Бундай ҳолларда эр-хотин тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепуштлик сабаблари ўз вақтида аниқланса ва бартараф қилинса, яхши натижаларга эришиши мумкин. Ўз вақтида тўғри ва самарали олиб борилган муолажалар албатта яхши натижа беради.

Бу хусусда сизнинг фикрингиз қандай, муҳтарам муштарий? Фарзандлар оила мустаҳкамлигининг асосий омили бўла оладими?

Рухшона Фаррух тайёрлади

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 350 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ