1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Муқаддас ришта

Бу рисола ҳар бир инсон учун манфаатли бўлиб, пок Ислом шариатида турмуш қуриш ишларига тааллуқли. Ўзларига Ислом динини лозим тутган ва аҳкомларига мувофиқ яшашни, шу билан бирга расмиятчанлик ва бепарволикдан узоқ бўлиб, аср руҳи билан ҳамнафасликда юришни ирода қилган мусулмон оилага бажариши керак бўлган тўй ва никоҳ мавзулари ўрин олган. Чунки Ислом ҳар бир замон ва маконга хос бўлгани боис инсон болаларининг ислом одоби ва аҳкомларини тутишлари билан саодат ва роҳат фароғатда яшашига тўсқинлик қилмайди.

Йигитларнинг турмуш қуришдан чекиниш сабаблари

Кўпчилик мусулмон йигитлари балоғат ёшига етган вақтларида турмуш қуришни кечиктиришади. Бу нарсага баъзан ҳаёт давонининг илк поғонасида, йигитлик кучига тўлган вақтида оғир сарф-харажатлардан қўрққанлари сабаб бўлади. Баъзан эса ўзининг порлоқ келажагини таъминлаб, қадрини баланд ва шаънини олий қилиб берадиган олий ўқув юртларини тамомлаш кераклигини ҳужжат қилишади. Шунга ўхшаш, Аллоҳ қувватламаган тақлид ва одатлар бу нарсага сабаб бўлади.

Ҳозирги вақтда йигитларнинг турмуш қуриши 30 ёш ёки ундан ҳам кечроққа тўғри келаётганини кузатиш мумкин. 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган оралиқда, йигитлар одобли, покиза бўлса, шаҳват оловида қизиб, кўмирдек ёнади. Қизлар ҳам бу даврни шу аҳволда ўтказади, чунки жинс ҳожати табиий ғариза ҳисобланади. У мулкчилик, ейиш-ичишга бўлган эҳтиёжларга ўхшаш бир ҳис-туйғудир. Аммо, йигит ва қиз фосиқ, ахлоқсиз бўлса, келажакда келадиган балоларга бепарво, эътиборсиз бўлади. Зино-бузуқликни қилиб, ўз хоҳиш ва шаҳватларини қондиради.

Турмуш қуриш инсон наслининг давомийлигини таъминлаш учундир. Улуғ ва олий Яратувчи инсон зотининг давомийлигини эркак ва аёл жинслари орасида боғлади. Шаҳват ғаризасини қондириш билан насл давомийлигини ҳимоя қилди. Агар ҳар бир эркак ва аёлда аланга олиб турувчи шу шаҳват бўлмаганида, бирон инсон турмуш қуриш ҳақида фикрламас эди. У ҳамма нарсани билиб, ҳаёт давомийлигини таъминлади. Ер юзида солиҳ фарзандлар қолдирадиган эркак ва аёлларни яратди. Инсон насли билан курраи заминни тўлдириб, ҳаёт чархпалаги айланиши учун эркак ва аёлни севги-муҳаббат ришталари билан бир-бирига боғлаб қўйди.

Аллоҳнинг бандаларига турмуш қуриш сабабли кўп яхшиликларини ирода қилди. Жуфтлашиш – никоҳ Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қудратига ёрқин далиллардан бири бўлиб, борлиқда ягоналик фақат у зотнинг Ўзига хосдир. Аллоҳ уйланишликда бандаларига учта яхшилик берди:

Биринчи яхшилик: Завжа (жуфт, аёл) – инсониятнинг ҳурматли бир қисмидир. Аллоҳ уни эркакни яратган тупроқнинг жинсидан яратди. Эркак тупроқдан яратилган, аёл эса эркакнинг қовурғасидан яратилган. Демак аёлнинг ҳам асл – негизи тупроқдир. Аёл эркакнинг бир қисми бўлиб, унга инсоний ҳурматда бўлиш керак:

Башарият навларининг давомийлигини таъминлаш учун, эркак ва аёлнинг баъзи хусусиятларини табиат тақозоси билан бир-биридан фарқлантирди. Бошқа ҳамма жиҳатларда аёл ҳам инсондир. Ўзининг ҳурмати, қадр-қиймати ва инсоният жамиятида фазилатли ўрни бор. Баъзилар ўйлаганидек ҳайвонларнинг бир тури эмас. Улар: «Аёл киши эркакка ўхшаш инсонми ёки эркаклар хизмати учун яратилган ҳайвонларга ўхшаш бир ҳайвонми? Муқаддас макон бўлмиш жаннатга кўтарилишга ҳақдорми ёки шайтон амалидан бўлган бир ифлосликми?» деб баҳс-мунозара қилардилар. Аллоҳ таоло шаръий ҳукмларни мужассамлаб Қуръони каримдан, очиқ-ойдин ҳужжат келтиради:

«Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!»

Бу оятда Аллоҳ таоло зўравонлик ва ҳаддан ошиш билан аёлларни қулга айлантирадиган эркакларнинг кеккайиш ва такаббурлигига чек қўйди. Бу яхшиликдан, бир нафсдан яратганликдан мурод Аллоҳ таоло аёлни эркакка шакл ва кўринишда ўхшаш қилиб яратди. Уни қўрқинчли ёки хунук шаклда яратмади. Агар жуфти бошқа турдан, яъни одамзотга боғланмайдиган, масалан, маймун, сиртлон ёки бошқа ҳайвон туридан бўлганида инсон нима қиларди?! Умр йўлдоши бўлмиш жуфтини олий маймунлар синфига кирадиган «шимпанзе» кўринишида кўрганида ҳаётидан хурсанд бўлармиди? Ёки эркак аёлни ўткир тирноқ ва узун қозиқ тишли ҳолда кўрса, жаҳли чиққанида унга раҳм қилмай ва дод-войига ҳам эътибор бермай тилка-пора қилиб ташламасмиди?

Аёлни ўзига ўхшаган жинсдан яратганлиги улар бир-бири билан иноқ бўлиб, бир-бирини тушуниб яшаши учундир. Бу хусусда: «Тур ўзига ўхшаган тур билан келиша олади» деган қоида бор.

Иккинчи яхшилик: Эркак киши фазилатли-тақводор аёл билан яшаганида ҳис қиладиган хотиржамлик, нафс роҳати ва бахтли турмуш ҳаёти соясида топадиган иноқлик ва сокинликдир.

Эркак ва аёл ораларида мана шундай неъмат бўлмаганида ҳаётлари давомий бўлмасди. Аллоҳ таоло ўзининг қудрати, файзу раҳмати билан эр-хотин орасидаги муҳаббат ва яқинликни инсоннинг қалбига экди. Шу сабабли аёлини аламлантирган нарса эрини аламлантиради ва бири хурсанд бўлса иккинчиси ҳам хурсанд бўлади. Эрнинг яқинлигига аёли ҳам яқинлик билан, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб беради. Бу яқинлик ва муҳаббат қандай пайдо бўлди?

Бир машриқлик эркак узоқда яшайдиган мағриблик аёлга уйланса, у билан қариндошлик алоқалари хулқ, одат ва ташқи кўринишда ажралиб туради. Лекин никоҳдан кейин уларнинг орасида бирлик ва иноқлик пайдо бўлиб, аёл унинг бир бўлагига айланади. Эр аёлига раҳмдиллик ва муҳаббат билан қараб, аёлининг ҳаётини қулай ва бахтли қилишга ҳаракат қилади. Шу билан уларнинг орасида бир-бирини ажратиб турувчи фарқлар ва тўсиқлар ўз-ўзидан йўқолади. Эркак хотинининг кўз ўнгида унинг руҳидан бир руҳ ва қалбининг ичидаги бир қалбга айланади. Аёл ҳаётини усиз тасаввур қилолмай қолади. Эр узоқ вақт сафарда бўлса, то олдига қайтиб келгунича хафалик ва аламни ҳис қилади. Бундай яқинлик ва муҳаббатни эр-хотин қалбига ким солди? Албатта бу оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳнинг фазл-марҳамати, сахийлигидандир. Аллоҳ эр-хотинлик ришталарига севги-муҳаббатни насиба қилиб берди. Бу нарсалар билан инсоннинг тури-нави давомий бўлади.

Бу рисолада эркак ва аёлнинг бўйнидаги бурчларини, (турмуш қуриш) никоҳ шартлари, ҳукмлари ва одобларини ёритиб беришга ҳаракат қилди. Ҳаётда йигитларнинг уйланишдан қочиш сабаблари, унинг муолажаси, никоҳ ишларидаги маҳр, оилани боқиш, уй-жой ва эр-хотин орасида адолат ва бошқа турмуш қуриш аҳкомларининг ҳикматларини баён қилиб берамиз.

Биринчи бўлим: Никоҳга муносабат

Мусулмон киши ислом таълимоти, қонунлари ва одобларига риоя қилса, бахтли-саодатли ҳаёт кечиради. Йигитларимиз Қуръон нурини ўзларига машъал, Набий (с.а.в.) кўрсатмалари, суннатларини йўл қилиб олишса ҳақ йўлдан ҳеч қачон адашмайдилар. Янгича жоҳилиятда яшаётган инсонлар бошқа кўрсатмаларга эргашиб, ўз ҳаётларини бахтсизлик ва қийинчиликларга айлантиради.

Айрим кишилар, никоҳга «инсон озодлиги, иродаси ва ҳаётини оғир кишанлар билан кишанлайдиган қамоқ ёки кишаннинг ўзи» деган назар билан қарайдилар. Бундай одамни турмуш қуришдан ирганган, ундан қочган ва бўйдоқ ҳолда кўрасиз. У ўзи ўйлагандек «темир қафас»га кириб, хотин, аҳли оиласига асир бўлиб қолишни хоҳламайди. Никоҳни неъмат эмас, кулфат, раҳмат эмас, балки азоб деб эътибор қилади. Лекин бундай кишилар камчиликни ташкил қилади.

Никоҳ ором олиш ва шаҳватни қондириш учунми?

Баъзи инсонлар турмуш қуришга эрмак, роҳатланиш ва шаҳватни қондириш деб қарашади. Бундай кишилар кўп уйланиб-ажрашганини кўриш мумкин. Уйланган аёли билан бир йилдан ортиқ яшамасдан бу ишига Аллоҳнинг рухсати борлигини ҳужжат қилади. Шайтон унинг ҳаётини бузиб, ҳақиқий саодат таълимидан маҳрум қилиш учун ҳаракат қилаётганини билмайди. Талоқ билан хонадонлар хароб бўлади, у шайтон яхши кўриб, Раҳмон ёмон кўрадиган ишдир. Бир кишининг ўн саккиз марта уйланганини эшитиб қолдим. Бир хотинга уйланар, у билан бир оз муддат яшагандан, сўнг талоқ қилар ва бошқасига уйланар эди. Ўзича бир вақтда тўрттасидан ортиғига уйланмаса бўлди деб ўйлайди. Шу аснода ўйлаб, талоқ қилишни давом эттирган. Чунки у мол-мулки кўп, эси йўқ, хотин алмаштиришни яхши кўрадиган, завқ-шавққа ўч хотинбоз одам бўлган.

Муҳаммад Али Собуний

Ҳозир сайтимизда 265 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ