1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Келин ва куёв танлаш

 

 

 

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча мавжудотлар каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам одамзод илк Пайғамбар Одам алайҳиссалом ва унинг жуфти ҳалоли Момо Ҳаводан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт-жуфт бўлиб яшайди, инсон наслининг давом этиши ҳақида бош қотиради.
Кейинчалик оила деган азиз бир қаср пайдо бўладики у одамларнинг фароғат ва хотиржамлик, садоқат ва фаровонлик маконига айланади.

Оила – ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади.

Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади.

Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Никоҳсиз асло оила бўлолмаслигини қайта-қайта таъкидлайди.

Никоҳ – Аллоҳнинг амри билан, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан, мўмин - мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган алоқа бўлгани учун муқаддас саналган.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда келтирилишича,

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлни тўрт нарса учун никоҳланур; моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.

Агар ушбу тўрт сифат бир келинликка номзодда топилса жуда яхши бўлади. Мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши бўлади.

Аммо, мазкур тўрт сифатни бир-бири билан солиштирганда диндорликка тенг келадиган сифат йўқ. Балки, қолганлари ҳаммаси қўшилса ҳам, уларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайдилар.

Чунки, молдорлик вақтинчалик сифат. Қолаверса, келиннинг моли-мулкининг кўплиги унинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.

Ҳасаби насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасаби насабига ишониш ҳам бир ўзи яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.

Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин, бу ҳам ўткинчи нарса. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар.

Бундан кўриниб турибдики, оила қурмоқчи бўлган ҳар бир инсон энг аввало жуфтининг иймонли, эътиқодли, ҳалол-пок, садоқатлисини танлаши керак.

Лекин кўпинча ана шу улуғ ҳикмат бўлган жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари унутилиб қўйилади. Баъзилар келиннинг мол-дунёсига учишади.

Лекин вақт ўтган сари бойлик, давлат кетадиган нарса.

Ота-онасининг насл-насаби ҳам янги оилага кўчмайди, уйида қолади.

Ҳусн-жамол ҳам боқий эмас, йиллар уни ҳам йўқотади.

Хўш, келин билан келадиган нарсалар нима? Булар қизнинг дини, иймони, одоб-ахлоқи, ҳаёси! Келин одоб жиҳатидан гўзал, ахлоқ жиҳатидан хушхулқ, ўзи диндор, диёнатли бўлса-бундайлар оиланинг ҳақиқий бекалари, фароғати ва устуни бўлади. Ана шундай келин топган одам иншааллоҳ, бахтли оилага мустаҳакам замин қўйган бўлади.

Куёв танлашда ҳам унинг ташқи жиҳатларига кўпроқ эътибор берадиган бўлиб кетганмиз. Қайси ўқув юртида ўқийди, машинаси, кўркам уйи борми, қанча пул топади, ота-онаси бадавлати-ҳаммасини суриштирамиз-у, аммо энг асосийсини-ахлоқлими, диндорми, буни ўйлаб ҳам кўраймиз. Тўғри бахтли яшаш учун мол-дунё ҳам, машина-ю уй ҳам керак!

Бироқ Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини ёддан чиқармаслик лозим:

Абу Ҳотим ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундоқ қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур», дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, агар унда... бўлса ҳам-а?» дейишди.

«Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг», деб уч марта айтдилар у зот».

Термизий ривоят қилган ва, яхши, деган.

Бу ҳадиси шарифдан дини ва хулқи яхши бўлган йигит энг муносиб куёв бўлиши қаттиқ таъкидланган нарса эканлиги чиқмоқда. Дини ва хулқи рози бўладиган даражадаги киши томонидан қизи ёки қаромоғидаги келинликка намзодни бермаган одам ер юзида фитна ва фасод иш қилган бўлиши уқтирилмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу гапни эшитиб, агар у одам камбағал ёки бошқа рағбат қилинмайдиган сифатларга эга бўлса ҳам-а, деган маънодаги саволни берганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ўзларининг олдинги гапларини уч марта қайта-қайта такрорлашлари, кишидаги диндорлик ва хулқи яхшилик нақадар улуғ сифат эканлигини яна бир бор намоён қилмоқда.

Биз мўмин-мусулмонлар куёв танлаш пайтида ушбу набавий маслаҳатларга амал қилсак, албатта, жуда яхши иш қилган бўламиз.

Аммо ҳозирги пайтда келин ёки куёв танлашда кўпинча нотўғри ҳолатларга дуч келинмоқда. Баъзилар хоҳ келинни, хоҳ куёвни суриштирмай ёки оила қураётганларнинг розилигини олмай тўй бошлаб юборишади.

Ёки «мана шу суратдаги қизга (ёки йигитга) тўй қиламиз», дейишади. Бундай шариатга хилоф ишлар динимизда йўқ нарсадир. Йигитдан ҳам, қиздан ҳам «бола ёки ука, маслаҳатлашиб сени фалончига уйлантироқчимиз, розимисан, ўзинг бир кўргин», деган маънодаги гаплар сўралиши керак.

Никоҳдан ўтувчи ҳар бир кишининг розилиги никоҳга шарт қилиб қўйилган. Ҳадисларда, айниқса қизлардан кўпроқ сўралиши таъкидланган. Чунки кўпинча қизлардан сўрамай уларни турмушга бериб юбориш одат бўлиб қолганди. Никоҳга киришиш олдидан қиз-жувонларнинг бунга розилиги сўралиши, аввал турмуш қурган бўлса, албатта, оғзи билан:

«Шунга турмушга чиқишга розиман, майли», деб айтиши шарт.

Лекин ҳали турмуш қурмаган қиз бола бўлса, уялса, демак бошини ерга қилиб, уялиб индамай туриб қолса, шу розилиги бўлади. Лекин «Йўқ, мен рози эмасман бунга, бўлмайди», деган маънони англатадиган бўлса, унда қизни мажбур қилмаслик-шариатнинг ҳукми.

Имом Насаий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:

«Бир қиз у кишининг олдига келиб, отам мени ўз укасиниг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастлигини кўтармоқчи, мен буни хуш кўрмайман, деди. У киши, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердим. У зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар.

Шунда у:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин, аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини ўргатишни ирода қилган эдим», деди.

(Қизнинг исми, Хансаа бинти Ҳизом ал-Ансория эди).

Демак, ўзларига турмуш ўртоғи танлашда қизларимизнинг ҳақлари бор экан. Уларнинг розилигини сўрашда эса ишбошилар; қизнинг отаси, ака-укаси ёки амаки-тоғаси бўладими, ким бўлса ҳам, албатта, мажбур қилмасдан, ниҳоятда одоб-ахлоқ билан сўрашлари керак бўлади.

Бу иш ҳадисда келган нарса бўлиб, шариатимизнинг қонунидир! Бизда эса, афсуски, шариатнинг ҳукми бир четда қолиб, одамлар ўзича чиқариб олган урф одатлари, бидъат хурофотлари ҳукм сурадиган бўлиб қолган.

Ёки айримлар бошқача йўл тутишади.

«Ҳа, энди бу умр савдоси, ёшлар бир-бирлари билан бир-икки йил юришсин, кинога тушсин, кейин хоҳлашса, турмуш қурсин», дейишади. Бу эса нотўғри йўл бўлиб, одобга ҳам, шариатга ҳам тўғри келмайди.

Бундай синовлар ҳеч нарса бермайди. Чунки улар сохтакорлик, алдаш ҳисобига бўлади. Бундай йўл билан танишганларнинг никоҳдан унча вақт ўтмай, ажраб кетишганига кўп гувоҳ бўлинган. Кўриб-билиб олишсин, деганда ҳали никоҳдан ўтмаган йигит-қизнинг қўлтиқлашиб юришини, пана-панада учрашувини тушунмаслик керак. Исломнинг бу ҳақда анчагина кўрсаталари борки, кейинги бобда бу хусусда батафсил сўз юритамиз.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 19 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ