Сайт бўлимлари
Муносиб куёв
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Оила қуришда фақат куёв келинни танлаш ҳуқуқига эга эмас, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгадир. Чунки, аввал айтилганидек, оила эру хотин орасида бўладиган кўнгилга боғлиқ маънавий ва руҳий алоқадир. Бундоқ алоқада икки томон бирдек иштирок этмаса, яхшиликка эришиб бўлмайди. Оилага эр қанчалик зарур бўлса, аёл ҳам шунчалик зарур. Оилавий алоқалар эрнинг кўнглига қанчалик боғлиқ бўлса, аёлнинг кўнглига ҳам шунчалик боғлиқ.
Шунинг учун ҳам, Ислом шариатида муносиб келиннинг сифатларига қанчалик эътибор берилса, муносиб куёвнинг сифатларига ҳам шунчалик эътибор берилган.
Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлиларингиз, энг тақводорингиздир», деган.
Шарҳ: Ислом нуқтаи назарида инсоний сифатларнинг энг афзали тақводорликдир. Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг ҳурматли, энг азиз, энг мукаррам инсон тақводор инсондир. Шунинг учун ҳам куёв танлаш вақтида энг биринчи унинг тақвосига эътибор бериш керак бўлади.
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Бас у зот: «Мана бу ҳақида нима дейсизлар?» дедилар.
«Агар совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик сўраса, шафоат беришга ва сўзласа, тинглашга арзийдиган одам», дейишди. У зот жим қолдилар.
Кейин фақир мусулмонлардан бир киши ўтди. У зот: «Мана бу ҳақида нима дейсизлар?» дедилар.
«Агар совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик сўраса, шафоат бермасликка ва гапирса, тингламасликка арзийди», дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳалигига ўхшаганларнинг ер юзи тўласидан ҳам яхшироқдир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан биринчи ўтган киши фақат бойлиги билан танилган одам эди. Иккинчи бўлиб ўтган киши, Жуъайл ибн Суроқа розияллоҳу анҳу камбағаллиги ва тақвоси билан машҳур киши эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган кишилар у зотниннг саволларига бойлик асосида жавоб бердилар.
Ҳа, одамларнинг қадр-қийматини ўлчаш уларнинг ўзларига қўйиб қўйилса, қадр-қийматни айнан молу-мулкка қараб ўлчашлари турган гап. Чунки, инсон табиати, илоҳий таълимотларсиз мазкур ҳолга тушиб қолиши ҳам турган гап.
Шунинг учун ҳам, инсон қадр-қийматини ўлчашни шариат ўз зиммасига олган. Шариат ўлчови бўйича инсон қадр-қиймати унинг молу-пулига қараб эмас, мансабию насабига қараб эмас, тақвоси ва аҳли солиҳлигига қараб ўлчанади.
Бир дона тақводор, аҳли солиҳ камбағал Ислом дини назарида ер юзи тўла бойю-бадавлат фосиқлардан кўра афзал.
Исломда инсоннинг қадри молу-мулкига қараб эмас, молу-мулкнинг қадри унга молик бўлган инсонга қараб белгиланади. Агар молу-мулк тақводор киши қўлида бўлса яхши молу-мулк бўлади. Аммо молу-мулк фосиқ ва фожир киши қўлида бўлса ёмон молу-мулк бўлади.
Тақводор, аҳли солиҳ одам молу-дунёси бўлса ҳам, бўлмаса ҳам яхшидир. Фосиқ ва фожир одам эса ҳар икки ҳолда ҳам ёмондир.
Шунинг учун одам танлашнинг энг нозик ва ҳассос нуқтаси куёв танлаш масаласида ҳам, бўлғуси куёвни диндорлигига, тақвосига ва аҳли солиҳ эканлигига аҳамият бериш керак.
Абу Ҳотим ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундоқ қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, агар унда... бўлса ҳам-а?» дейишди.
«Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг», деб уч марта айтдилар у зот».
Термизий ривоят қилган ва, яхши, деган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан дини ва хулқи яхши бўлган йигит энг муносиб куёв бўлиши қаттиқ таъкидланган нарса эканлиги чиқмоқда. Дини ва хулқи рози бўладиган даражадаги киши томонидан қизи ёки қаромоғидаги келинликка намзодни бермаган одам ер юзида фитна ва фасод иш қилган бўлиши уқтирилмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу гапни эшитиб, агар у одам камбағал ёки бошқа рағбат қилинмайдиган сифатларга эга бўлса ҳам-а, деган маънодаги саволни берганларида, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ўзларининг олдинги гапларини уч марта қайта-қайта такрорлашлари, кишидаги диндорлик ва хулқи яхшилик нақадар улуғ сифат эканлигини яна бир бор намоён қилмоқда.
Биз мўмин-мусулмонлар куёв танлаш пайтида ушбу набавий маслаҳатларга амал қилсак, албатта катта яхшилик иш қилган бўламиз.
Энди келинликка намзод ҳам, куёвликка номзод ҳам суриштирилиб бўлди. Сифатлари, дину-диёнати, одоб-ахлоқлари ва одамгарчилиги қандоқ эканлиги ўрганилди. Ана ўша маълумотларга биноан оила қуришнга ният ҳам қилинди.
Мазкур сўраб суриштириш орасида фотиҳа ўқиб, тўй бошлаб юборилаверадими?
Келинликка ва куёвликка номзодлар бир-бирларини тўйдан олдин кўришлари гуноҳ ҳисобланадими?
Ёки баъзи бирлари айтганидек, ёшлар бир-икки йил бирга юриб бир-бирини синаб кўришлари керакми?
Исломда юқорида сўралган икки услуб ҳам нотўғри ҳисобланади.
Бир-бирини кўрмасдан оила қуриш яхши эмас. Буни қуйида келадиган ҳадиси шарифлардан ўрганамиз, иншааллоҳ. Бир-бирини кўрмаган кишилар, юз кўришганларида бир-бирлаига ёқмай қолишлари ҳам мумкин. Иккинчидан, сифатлари суриштирилганда бошқани кўрсатилиб, никоҳга бошқани олиб келиш хавфи ҳам бор. Бошқа одамнинг сувратини кўрсатиб, тамоман ўзга кишини никоҳламоқчи бўлганлар ҳам топилади. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган икки тараф бир-бирини аввал кўришгани яхши.
Лекин бу дегани, баъзи диндан бехабарлар, ғайридинларга тақлид қилиб, оила қурмоқчи бўлган ёшлар бир икки йил синашиб кейин никоҳдан ўтишлари керак, деган гапларинии тасдиқлаш ҳам эмас. Бу иш Исломда мутлақо жоиз эмас, ҳаром нарса. Балоғатга етган эр ва аёлнинг холи қолишлари қеч мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар бегона эркак ва аёл холи қолсалар, учинчилари шайтон бўлишини таъкидлаганлар.
Энг қизиғи, мазкур «синаш» даврида ҳар икки томон ҳам мақсаддаги синовга эриша олмаслигини тажриба исбот қилди.
Синашиб турмуш қурганларнинг оиласи тезроқ ва кўпроқ бузилишини ҳамма кўриб-билиб турибди. Чунки, ҳар икки тараф ҳам «синаш» даврида ўз камчиликларини беркитишга, ўзида йўқ фазийлатларни ҳам бор қилиб кўрсатишга жон жаҳди билан уринади. Оқибатда икки томон ҳам бир-бирини алдайди, бир-бирига «фаришта» бўлиб кўринади. Лекин қалбакилик умр бўйи давом этиши мумкин эмас. Никоҳдан кейин икки томон ҳам тезда ўзини ҳақиқий башарасини очади. Сўнгра келишмовчиликлар чиқади ва оила бузилади. Фақат «синаш» давридаги ҳаром-хариш юриш, гуноҳ, баъзи ҳолларда зино, зинодан ортган фарзанд қолади, холос.
Шунинг учун ҳам, Исломда бу ишга рухсат берилмайди. Сўраб суриштирсин, шариат белгилаб берган доирада кўриб ўргансин, шунинг ўзи етарли бўлади. Бу масалага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қизиқтирганлар, тавсия қилганлар. Шунинг учун ҳам барча ҳадис китобларимизда, кўпгина фиқҳ китобларимизда совчи қўймоқчи бўлган пайтда бир-бирини кўриш ҳақида алоҳида боблар бор. Жумладан ушбу китобимизда ҳам.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 275 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар