1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ким умрининг зиёда бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин

Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун вожиб қилинган. Бу алоқани узиш эса ҳаромдир.

Аллоҳ таоло бундай деб буюради:

«Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўл ўғлига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма» («Исро» сураси, 26-оят).


Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қариндошларнинг бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларининг ҳаққи бор. Бу ҳаққ уларга Аллоҳ таоло томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ таоло амрини адо этиш, Аллоҳ таоло белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади.

Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ таоло унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.


Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида яхшилик ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидаги васфни ҳам айтган:

«Яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғлига, тиланчиларга, қул озод қилишга берса» (177-оят).

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; йўл ўғлига, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бош-қалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш яхшиликдир.

Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу, юксак инсоний фазийлатдир. Фақат юксак инсоний фазийлатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақийқий яхшиликни қилган бўлади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», – дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Силаи раҳм қанчалик аҳамиятга эга амал эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоятида:

«Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Лекин силаи раҳм қилувчи ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғловчидир», – дедилар».

Фалончи менга яхшилик қилган эди, мен ҳам унга яхшилигини қайтариб қўйишим керак, деган маънода иш қилган одам силаи раҳм қилувчи ҳисобланмас экан. Ҳақийқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқасини узиб қўйганга яхшилик қилувчи шахс экан.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳм Роҳмандан олингандир. Бас, Аллоҳ: «Сени ким узса, Мен ҳам уни узаман. Ким сени боғласа, Мен ҳам боғлайман», деди», – дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Силаи раҳмдаги «раҳм» Аллоҳ таолонинг исм-ларидан бири бўлмиш «Роҳман» исмидан олинган. Шунинг учун, Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган шахс ила алоқа қилади ва силаи раҳмни кесган шахсдан алоқани кесади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ махлуқотларни халқ қилди. Бас, ундан фориғ бўлганда раҳм (қариндошлик):

«Мана шу алоқани узадигандан паноҳ сўрагувчининг тутадиган жойими?» – деди.

«Сени боғлайдиганни боғлаб, узадиганни узишимга рози бўласанми?» – деди.

«Худди шундай! Эй Роббим!» – деди.

«Ана шундоқ!» – деди У зот.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар истасангиз, «Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қардошлик ришталарини узарсиз?! Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни кар қилди ва кўзларини кўр қилди»ни қироат қилинглар», – дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қиладилар», – деди.

«Агар сен ўзинг айтганингдек бўлсанг, худди уларга иссиқ кулни едираётгандексан. Модомики, шу ҳолда бардавом бўлар экансан, Аллоҳ томонидан сен билан бирга уларнинг қаршисига бир ёрдамчи бўладир», – дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳм Аршга осилиб олиб:

«Ким менинг силамни қилса, Аллоҳ ҳам унга сила қилади. Ким менинг силамни узса, Аллоҳ ҳам ундан силасини узади», дейди», – дедилар».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдан силаи раҳм ҳаққи қанчалар улуғ эканини англаб оламиз. Ким қариндошларига силаи раҳм қилса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳим қилар экан. Ким қариндошларини ўз ҳолига ташлаб қўйса, Аллоҳ таоло ҳам уни ўз ҳолига ташлаб қўяр экан.

Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди», – дедилар».

Қариндошлик алоқасини узишни ҳалол санаган киши жаннатга кирмас экан. Ёки бу ишни қилган одам жаннатга кечикиб кирар экан. Бу ҳадиси шарифда қариндошлик алоқасини узишга нисбатан зажр бордир. Бас, шундай экан, қариндошлик алоқаларини мустаҳкам ва бардавом қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабийраларнинг энг катталаридан бири киши ота-онасини лаънатламоғидир», – дедилар.

«Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб киши ота-онасини лаънатлайди?» – дейилди.

«Киши бошқа бир кишининг отасини сўкади. Бас, у ҳам бунинг отасини ва онасини сўкади», – дедилар».

Иккисини Тўртовлари ривоят қилишган.

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло: «Мен Аллоҳман! Мен Роҳманман! Раҳм Менинг исмимдан олингандир. Ким унинг силасини қилса, Мен ҳам унинг силасини қиламан. Ким унинг силасини узса, Мен ҳам унинг силасини узаман», дейди», – дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки, силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир», – дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдаларни берар экан. Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир:

1. Аҳлнинг муҳаббати.

Ким аҳлининг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

2. Мол-мулкнинг кўплиги.

Ким кўп мол-мулкка эришмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

3. Умрнинг зиёдалиги.

Ким умрининг зиёда бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин.

Ҳозир сайтимизда 276 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ