Сайт бўлимлари
Тўй ва маросим одоблари
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Шариат таълимотларига мувофиқ ўтказиладиган маросимларнинг барчасида кўплаб ижтимоий, ахлоқий, диний ва бошқа фойдалар бордир. Ушбу маросимлар орқали бева-бечоралардан, дўсту ёрлардан, таниш-билиш, маҳалла-кўй ва бошқалардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади ва бошқа бир қанча фойдалар олинади.
Таом инсон ҳаётининг давом этиши учун зарурий ҳожат бўлиши билан бирга уни бошқаларга тақдим қилиш карам кўрсатишнинг белгиси ҳамдир. Исломда ўзгаларга таом тарқатиш савобли иш, баъзи хато ва гуноҳларнинг каффороти ҳам ҳисобланади. Бошқаларга таом бериш гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида суннат, гоҳида мустаҳаб амалдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳмонга ибодат қилинг. Таомни тарқатинг. Саломни таратинг. Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз», деганлар».
Термизий ривоят қилган.
Саломни таратишда маънавий яхшилик бўлса, таомни тарқатишда моддий яхшилик борлиги ҳеч кимга сир эмас. Исломда таом тарқатиш ҳақида сўз кетганида, энг аввало фақир-мискин, бева-бечора ва муҳтожларга моддий ёрдам бериш, уларнинг қорнини тўйдириш кўзда тутилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу Ислом дини камбағалпарварлигининг энг муҳим томонларидан биридир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағал¬лар тарк қилинган зиёфат таомидир», дер эди».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилганлар.
Исломда бировга таом бериш ниятида уюштириладиган маросим¬лардан асосий мақсад, ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Маросим уюштирган одамнинг муҳтож камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб: «Менинг маросимимга қадам ранжида қилсангиз, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.
Шунинг учун ҳам бундай маросимнинг таоми «энг ёмон таом» деб сифатланмоқда. Демак, маросим қилувчи кимларни чақиришни ҳам билиши керак. Зиёфат дастурхонига камбағал, бева-бечораларни кўпроқ даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўз ўрнига тушган бўлади.
Шунингдек, бойларнинг маросимида қатнашиб, камбағалнинг маросимига бормаслик ҳам катта беодобликдир. Бу иш мутакаббирлар ва риёкорларнинг ишидир. Маросим эгасининг камбағаллиги, обрўси юқори эмаслиги ёки таомининг озлиги, сифати яхши эмаслиги унинг чақириғини қабул қилмасликка сабаб бўлмаслиги керак. Зотан, маросимлар турли табақадаги мусулмонларни бир-бирларига янада яқинлаштириш учун жорий қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар пойча ёки туёққа даъват қилинсам ҳам, албатта қабул қилар эдим. Агар менга пойча ёки туёқ ҳадя қилинса ҳам, албатта қабул қилар эдим», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Маълумки, сўйилган ҳайвоннинг калла-пойчаси энг охирида пишириладиган, унча эътибор берилмайдиган, назарга ҳам илинмайдиган қисми ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида ана шундай оддий нарса билан зиёфат қилиб чақирилса ёки ўша нарса у зотга совға қилинса, албатта қабул қилишларини таъкидламоқдалар. Бу ҳолат у зотнинг ғоят камтарликлари, ўз жамиятларидаги энг фақир, бечора кишилар билан ҳам дўстона алоқа ўрнатишга тайёр эканларини кўрсатади.
У зотнинг умматлари ҳам ўз Пайғамбарларидан ўрнак олишлари лозим. Ёғли жойга айтилмаса ҳам бориб, бундайроқ жойларга ялинса ҳам бормаслик мусулмон кишига тўғри келмайди.
Исломда ёр-биродарларни бир дастурхон устига жамлаш мустаҳаб амаллардандир. Унда яхшилик ва барака бордир. Кўпчилик мусулмон жамланадиган жойда барака бўлиши ажабланарли эмас.
Бир жамоа одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз есак ҳам тўймаймиз», дейишди. «Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Таомингизга тўпланинглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Шунда сизларга унда барака берилур», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Мусулмон халқларда, жумладан бизнинг халқимизда ҳам тўй ва шунга ўхшаш маросимлар муносабати билан уламолар жамоатчиликка ваъз-насиҳат қилишган, урушганлар яраштирилган, беморлардан хабар олинган, кексалар зиёрат қилинган, уларга маросим таомларидан насибалар берилган. Умуман, ҳалол-пок, шариатга мувофиқ ўтказиладиган маросимларда якка шахсларга ҳам, жамоатчиликка ҳам кўплаб фойдалар мавжуд.
Шу билан бирга маросимларда шариат кўрсатган чегарадан чиқишнинг зарари бор. Мисол учун, ҳаром- ҳариш нарсаларни тановул қилиш ва гуноҳ ишларни амалга ошириш, маросимга риёкорлик, кибр, манманлик ва исрофни аралаштириш, ортиқча сарф-харажат қилиб ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказиш ва ҳоказолар маросим савобини йўқ қилади.
Уламоларимиз маросимлар ҳақида келган шаръий қоидаларни батафсил ўрганиб ва таҳлил қилиб бўлганларидан кейин қайси маросимлар шариатда борлигини белгилаб беришган. Масалан, «Ал-Инсоф» номли китобда «Одамларни чорлаб, маросим қилиб бериладиган таомлар ўнтадир”, дейилган ва қуйида бир оз шарҳлаганимиз маросимлар келтирилган:
1. Валийма – келин тушириш (никоҳ тўйи) маросими. Никоҳ тўйини куёв тараф келиннинг шарафига уюштиради. Бу ҳанафий мазҳаби бўйича суннат амалдир. Ушбу тўй орқали никоҳ эълон қилинади. Тўйга ҳозир бўлган мусулмонлар жамоасининг янги оила, келин-куёв ҳақига дуолари олинади.
2. Азийра – хатна муносабати ила ўтказиладиган маросим. Ўғил болаларни хатна қилдириш суннатдир. Суннат бўлганда ҳам, Исломнинг шиорларидан, хусусиятларидан бири саналган суннатдир. Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халқларнинг тарк қилмайдиган одатига айлангани яхши ишдир. Қолаверса, бу ишнинг инсон соғлиғи учун қанчалик фойдали эканини бугунги замона илми ҳам исботлади. Шунинг ўзи Ислом шариатида буюрилган амалларнинг ҳеч бири беҳикмат эмаслигини тасдиқлайди.
Ўғил болаларни хатна қилдириш муносабати ила камтарона дастурхон ёзиб меҳмон чорлаш саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумларнинг даврида ҳам бор эди. Хатна боланинг ҳаётидаги муҳим ҳодисалардан бири бўлгани учун бу маросим унинг ҳақига дуо олиш нияти билан ўтказилади.
Солимдан ривоят қилинади:
«Ибн Умар мени ва Нуъаймни хатна қилдирди. У биз учун қўчқор сўйди. Биз болалар орасида ўзимиз учун қўчқор сўйилганидан мақтаниб юрар эдик». Бухорий ривоя қилган.
Демак, хатна муносабати билан жонлиқ сўйиб, зиёфат уюштириш саҳобалардан собит бўлган амал экан.
3. Хурса - бола туғилиши муносабати ила. Бу маросимни бизда аёллар учун қилиш одат бўлиб қолган. Янги фарзанд кўрган онанинг тўлғоқ ва туғишдан халос бўлганига шукрона сифатида ўтказилади. Бу маросим бизда асосан қариндош ва яқин аёллар иштирокида ўтади ва уни Тошкентда “қовурдоқ” деб номланади.
4. Вакийра – янги уй-бино муносабати ила. Бу маросим бизда “Уй тўйи” ёки “Ҳовли тўйи” деб аталади. Албатта, янги масканга эга бўлиш Аллоҳ таолонинг шукронага сабаб катта неъматидир. Шукронанинг бир тури сифатида ва янги қўшниларга ўзини танитиш мақсадида ушбу маросим ташкил қилинади. У орқали кўпчиликнинг дуосидан умидвор бўлинади.
5. Нақийъа – бировнинг ғойиб бўлганидан кейин сафардан қайтиб келиши муносабати ила ўтказиладиган маросим. Турли сабабларга кўра оиладан, маҳалладан узоқда бўлган шахс эсон-омон юртига, оиласига қайтиб келгани шукронасига ўтказилади. Бу маросимни сафардан келган одамнинг ўзи ёки бирор яқин кишиси қилиши мумкин. Бунда ҳам бошқа маросимларга ўхшаш хурсандлик шукронаси, хайр-эҳсон савоби ва дуо умиди мавжуд.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида туя ёки сигир сўйдилар». Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан қайтиб келганларида Мадинаи мунавварада иккита қўчқор сўйганлари ҳам ҳадисларда ривоят қилинган.
6. Ақийқа – бола етти кунлик бўлганидан кейин ўтказиладиган маросим. Оилада бола туғилиб, орага янги бош келиб қўшилгани Аллоҳ таолонинг Ўзи мусулмон бандаларига ҳалол қилган ҳайвонлардан бирининг бошини кесиш билан нишонланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, боланинг соғ-омон туғилганига ва уни туққан онасининг саломат қолганига шукрона келтирилади.
7. Вазийма – мотам муносабати ила қилинадиган маросим. Вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг (сағирларнинг) ҳаққини аралаштирмай кўнгли истаган пайтда қилиши мумкин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.
8. Маъдаба – оддий, алоҳида сабабсиз зиёфат. Бунда яқин қариндошлар ва дўст кишиларни меҳмон қилиш ниятида дастурхон ёзилади.
9. Ҳизоқ – Қуръонни ёдлаб бўлиш муносабати ила зиёфат бериш. Қуръони каримни устоздан ўтқазиб, қоидалари ила тўлиқ ёд олиш катта неъмат ҳисобланади. Шунинг учун бу неъматга сазовор бўлганлик шукронасига маросим ўтказиш раво кўрилган.
10. Туҳфа – бирор киши шарафига қилинадиган маросим. Унда ўша шахс сафардан келмаган бўлади. Яхши кўрганиданми ёки яқинроқ танишиш ниятидами ёхуд шунга ўхшаш ишлар учун уюштирилади.
Бошқа уламолар қуйидаги икки маросимни ҳам қўшишган.
11. Бало-офатдан қутилгани шукронасига эҳсон қилиш. Албатта, банданинг турли бало ва офатлардан қутилиб қолиши ҳам шукронага лойиқ ҳолатдир. Мана шу муносабат ила ўз ихтиёри ила хайр-эҳсон қилса, яхши бўлади.
12. Катта мувофақият ва ютуққа этишгани шукронага уюштириладиган маросим. Ҳаётда катта мувофақият ва ютуққа эришиш шукронани талаб қиладиган ишдир. Бунда мазкур мувофақият ва ютуққа эриштирган Зот Аллоҳ таолога шукр қилиш рамзи бордир.
Буларнинг валийма-никоҳ тўйидан бошыа барчаси мустаъабдир. Истаган ыилади, истамаган йщы.
Тўй ва маросимлар ҳақида улмоларимизнинг китобларида керакли маълумотлар тақдим қилинган. Қуйида шундай маълумотлардан баъзиларини келтириб ўтишга ижозат бергайсиз:
– Маросим эгаси ўзи истаган кишиларни оғзаки ёки таклифнома воситасида таклиф қилади.
– Имкони борича кўпроқ тақводор, дуосидан умидворлик бор, қорни тўйса хурсанд бўладиган камбағал кишиларни, кўнгил яқинлари таклиф қилинади.
– Маросим эгаси ўз маросимида исрофга йўл қўймайди ёки жуда ҳам қисиб юбормайди. Имконига қараб ўртача иш тутгани яхши бўлади.
– Маросим эгаси рўза тутиб келганларнинг рўзасини очиришга ҳаракат қилмайди.
– Маросим эгаси тортган таомини мақтамайди.
– Таклиф қилинган маросимга бориш ҳанафий мазҳаби бўйича, агар у никоҳ тўйи бўлса – суннат, бошқа маросим бўлса – мустаҳабдир.
– Маросимда гуноҳ ишлар содир бўлиши аниқ бўлса, унга борилмайди.
– Маросимга бориш имконини топа олмаган киши таклиф учун ташаккур айтиб, эзгу дуолар қилади, бора олмаслиги учун узр айтади.
– Агар маросимга шахсан эмас, умумий тарзда таклиф қилинган бўлса, бориш-бормаслик таклиф қилинган одамнинг ихтиёрида.
– Таклиф қилинмаган шахсларнинг маросимга боришлари мумкин эмас.
– Маросимга таклиф қилинган киши ўзи билан таклиф қилинмаган одамни олиб борса, бунинг учун маросим эгасидан рухсат сўрайди.
– Маросимга борувчи маросим эгасининг ҳурматини ният қилиб боради.
– Маросимга белгиланган вақтдан олдин борилмайди.
– Маросимга белгиланган вақтдан кеч ҳам қолинмайди.
– Маросим эгаси меҳмонларни очиқ чеҳра билан, хурсанд ҳолда самимий кутиб олади.
– Маросим эгаси муҳтарам кишиларга ва тортиниб турганларга алоҳида латофатли муомала қилади.
– Маросим эгаси ортиқча такаллуфга, “олинг-олинг”ларга ўтиб кетмайди.
– Маросимга борган меҳмон ўзига кўрсатилган жойга ўтиради.
– Мезбон ўзи таклиф қилмаса, тўрга ўтиши мумкин эмас.
– Меҳмон вожиб рўза тутмаган бўлса, таомдан ўзини олиб қочмайди.
– Меҳмон таом тановул қилишга шошилмайди.
– Меҳмон таом тановул қилишнинг умумий одобларига риоя қилади.
– Меҳмон ҳаммадан олдин таом тановул қилишдан қўл тортмайди.
– Меҳмон ўзига алоҳида, дастурхонга қўйилмаган таомни келтиришни сўрамайди.
– Меҳмон ўзига ёққан одамга дастурхондаги таомдан олиб бермайди.
– Маросим таомидан уйига олиб кетилмайди.
– Бошқалар туриб кетгандан кейин ўтириб қолиш ҳам одобдан эмас.
– Маросимга қатнашганлар маросим эгаси, унинг оиласи ҳақига дуо қилишади.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 256 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар