1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Маҳр ҳақида

 

 

 

Биз томонларда маҳр ҳақида гапирсангиз, кўпчилик тушунмайди. Баъзилар арзимаган узукни маҳр қилишади. Шунинг учун, маҳр ҳақида бизга тушунча берсангиз. Маҳрни қачон ва қанча бериш керак? Бўлиб берса ҳам бўладими ё бирдан бериш керакми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳақиқатан ҳам, бизда маҳр ҳақида ҳали кўпчилигимиз керакли тушунчага эга эмасмиз. Шу боис, бу борадаги камчиликларимизни тўғрилаш учун бу масалани бироз батафсил зикр қилишга тўғри келади.
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган, хотинга бериш лозим бўлган молдир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда у «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» номлари билан ифодаланган.
Баъзи уламолар маҳрнинг ўнта исми борлигини таъкидлаган. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлгани учун, шуни қўллаймиз.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин», деган (4-оят).
Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан, маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин, маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо у никоҳнинг вожибларидан ҳисобланади. Шу боис, никоҳдан олдин, ҳеч бўлмаса, маҳрнинг миқдорини келишиб олиш лозим, олди-бердиси кейинроқ ҳам бўлаверади.
Ушбу оятда эр ўзига хотинликка рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда. Шу билан бирга, маҳр келиннинг мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилиши мумкин бўлади.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга бир темир узук бўлса ҳам бер», – дедилар».
Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилишган.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир.
Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу, закот нисобининг йигирмадан бири деганидир.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ».
Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотим ривоят қилишган.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш – мулк бўладиган, сотишга ярайдиган ва ҳалол нарса бўлиши ҳам мумкин.
Агар ўндан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам вожиб бўлади.
Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани «маҳр» деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда, аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз маҳрдан бошқани – ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш эрга вожиб бўлади. «Саҳиҳ хилват» нималигини кейинги жумладан билиб оламиз.
У ҳиссий, шаръий ва табиий жиҳатдан жинсий яқинликни манъ қилувчи нарса қолмаслигидир. Мисол учун, жинсий яқинликни манъ қиладиган беморлик, Рамазон рўзаси, фарз намоз, эҳром, ҳайз, нифос кабилар.
«Хилвати саҳиҳа» деганда, ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
«Холи жой» деганда, бошқаларнинг назаридан четда бўлган, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон назарда тутилади.
«Ҳиссий монеълик» деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай туриши тушунилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
«Шаръий монеълик» деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, эр-хотин иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
«Табиий монеълик» деганда, эр-хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши назарда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, хилвати саҳиҳа юзага келгандан кейин, маҳрни тўлиқ бериш эрга вожиб бўлади, агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам.
Мисол учун, қовушгандан ёки хилвати саҳиҳадан кейин аёл диндан чиқиб муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олишга ҳақли бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр-хотиндан бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушгандан олдин содир бўладими, кейинми, фарқи йўқ.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик манъ қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда келин-куёв ёлғиз қолсалар, хилвати саҳиҳа ҳисобланаверади.
Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ ила, аталган маҳрнинг ярми вожиб бўлади.
Бу ҳукм Қуръони Каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар авф қилса ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, (бермайсиз). Ва афв қилишингиз тақвога яқиндир» (237-оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда мутъа, ундан кейин бўлса, маҳри мисл вожиб бўлади.
Бу ҳукм ҳам Қуръони Каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деган (236-оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмокда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди:
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».
Чунки, инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дусту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳам тайин бўлмагани учун, бу келинга «мутъа» («фойда») деб номланган молиявий тортиқ беришни шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг микдори куёв тарафга боғлиқ, имкони борича кўпроқ нарса берса, яхши бўлади.
Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Қадим уламоларимиз ўз вақтларининг ўлчовида ҳисоблаб, бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош берсин, деганлар. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дусту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки, шунчалик мол-дунё беришлик қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганлигининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас. Оятда:
«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг», дейиляпти.
Куёв тараф «маъруф–яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом эканлиги:
«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деб яна бир бор таъкидланяпти.
«Маҳри мисл» деб бошқа келинларга ўша юртда, ўша замонда одат бўйича берилаётган маҳр миқдорига айтилади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинади:
«У кишидан бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин этмаган, у билан қовушмай туриб вафот этган киши ҳақида сўралди. Бас, Ибн Масъуд:
«У аёлга ўз аёллари маҳри мислича маҳр берилади. Кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Унга мерос ҳам берилади. Унга идда ўтириш вожиб бўлади», – дедилар.
Шунда Маъқил ибн Синон Ашжаъий туриб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биздан бир аёл – Бирваъа бинти Вошиқ ҳақида сен чиқарган ҳукмга ўхшаш ҳукм чиқарган эдилар», – деди.
Ибн Масъуд бундан хурсанд бўлди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Маҳрни зикр қилмасдан, уни нафий қилиб, мол бўла олмайдиган нарса билан, жинси номаълум нарса ила қилинган никоҳ дуруст бўлади ва, аввал ўтганидек, маҳри мисл вожиб бўлади. Ёки сифати номаълум нарса бўлса ҳам (никоҳ дуруст). Бунда ўша нарсанинг ўртачаси ёки унинг қиймати вожиб.
Бу жумлаларда маҳрга боғлиқ беш хил ҳолат ҳақида сўз бормоқда;
1. Маҳрни зикр қилмай, у ҳақда бирор оғиз ҳам гапирмай тузилган никоҳ жорий бўлавериши.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деган:
«... ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)» (3- оят).
Ушбу ояти каримада никоҳланишга умумий маънода амр қилиш билан бирга, ҳеч қандай маҳр шарт қилинмаган.
2. Маҳрни нафий қилиб, яъни, «орада маҳр йўқ» дея келишилган никоҳ дуруст бўлавериши.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ», деган (236-оят).
Маҳр аталмагандаги талоқ жоиз бўлганидан кейин, маҳр аталмай қилинган никоҳ ҳам жоиз бўлади.
3. Маҳрга мол бўла олмайдиган нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги.
Мисол учун, бир мусулмон бир муслимага уйланаётиб маҳрга хамр ёки чўчқа бераман, деган бўлса ҳам никоҳлари ўтаверади. Улар маҳрга аташ мумкин бўлмаган нарсани атадилар. Бу худди ҳеч нарса атамаганга ўхшайди.
4. Маҳрга жинси номаълум нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги.
Мисол учун, куёв келиннинг маҳрига кийим ёки тақинчоқ беришини айтди. Қай турдаги кийим ёки тақинчоқлиги номаълум. Агар кийим бўлса, у ипаклими ё пахталими, тақинчоқ бўлса, тоза тилладанми ё олмосданми, бу ҳақда ҳеч гап айтилмаган. Бу ҳам ҳеч нарса атамаганга ўхшаш бўлади.
Ушбу ўтган тўрт ҳолатда келинга куёв томонидан маҳри мисл бериш вожиб бўлади. Чунки, буларнинг барчаси маҳрни белгиламаганликка ўхшайди.
5. Маҳрга сифати номаълум нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги.
Мисол учун, куёв маҳрга сигир беришини айтди-ю, қай сифатдаги сигир беришини айтмади. Ёки ипак кўйлакни ваъда қилди-да, унинг қайси сифатда бўлиши ҳақида индамади. Бундай ҳолатларда ўша айтилган нарсанинг ўртачасини ёки ўша ўртачанинг қийматини маҳр қилиб бериш вожиб бўлади.
Бунда нарсанинг ўзини ёки қийматини бериш куёвнинг ихтиёрида. Келин унинг берганини олишга мажбур.
Агар қул эрнинг хизмати аталган бўлса, ўша нарса вожиб бўлади.
Яъни, маҳрга қул эрнинг хизмат қилиб бериши аталган бўлса, ўша хизматни қилиб бериши вожиб бўлади.
Агар анави қул ёки манави қул деб аталган бўлса ва маҳри мисл иккисининг ўртасида бўлса, маҳри мислни беради. Агар маҳри мисл арзон қулдан озроқ бўлса, арзон қулни бериш вожиб бўлади. Агар маҳри мисл қиммат қулдан юқори бўлса, қиммат қулни бериш вожиб бўлади. Агар хилватдан олдин талоқ қилса, арзон қулнинг ярмини беради.
Албатта, бу масала ўтган замонга хос. Ҳозир қулчилик битирилган. Аммо, бу масаладан унга бошқа нарсаларни таққослаганда фойдаланиш мумкин. Мисол учун, «у ёки бу маркабни бераман», деган бўлса.
Агар аёлни юртидан чиқармаслик шарти ила мингни атаб никоҳлаб олган бўлса ёки муқим қолдирса, минг, юртидан чиқарса, икки мингни шарт қилган бўлса, бас, агар айтганига вафо қилса ва муқим қолдирса, мингни бериш вожиб бўлади. Акс ҳолда, маҳри мисл беради. У, икки мингдан ошмайди ва мингдан кам бўлмайди.
Агар, ушбу икки қулни бераман, деб никоҳлаб олган бўлса-ю, икковидан бири ҳур бўлса, аёлга фақат қулни берилади, агар у ўн дирҳамга тенг бўлса.
Агар унинг қиймати ўн дирҳамдан кам бўлса, ками қўшиб берилади.
Агар бикрликни шарт қилган бўлса-ю, жувон чиқиб қолса, маҳрнинг ҳаммасини бериш лозим бўлади.
Чунки, қизлиги зинодан бошқа сабабларга кўра кетган бўлиши мумкин. Бу ҳолда яхши гумон қилган афзал.
Фосид никоҳда,  агар яқинлик қилмаган бўлса, ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Агар яқинлик қилса, яқинлик қилган вақтидан бошлаб насаб ва аталгандан зиёда бўлмаган маҳри мисл вожиб бўлади.
Фосид никоҳга опа-сингилга бирданига уйланиш, гувоҳларсиз уйланиш, опасининг иддасида синглисига уйланиш, бошқанинг иддасида ўтирган аёлга уйланиш ва тўртинчи хотиннинг иддасида бешинчисига уйланишлар киради.
Келиннинг маҳри мисли отасининг қавми эътиборидан ёшга, жамолга, молга, ақлга, диёнатга, юртга, замонга, бикрлик ёки жувонликка қараб бўлади.
Шунингдек, одоб ва ахлоқига қараб ҳам бўлади. Келинга бериладиган маҳри мисл мазкур омилларни ҳисобга олган ҳолда ўша келиннинг ота томонидан бўлган келинларнинг унга энг ўхшашининг маҳри миқдорида белгиланади.
Агар уларда – ота тараф қариндошларда бўлмаса, ажнабийлардан олинади.
Яъни, маҳри мисли аниқланиши лозим бўлган келинга ўхшаш келин отасининг қариндошлари ичидан топилмаса, бегоналардан изланади ва топилади.
Онаси тарафдан ва унинг қавмидан эмас. Агар она отанинг қавмидан бўлмаса.
Маҳри мисли аниқланиши лозим келин қайси келинга тенг эканини белгилаш учун икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши тайинланади.
Агар келин кичкина бўлса, валийи унинг маҳрига зомин бўлиши тўғридир.
Чунки, кичик ёшдагиларнинг бу каби ишларини валийи амалга ошириши маълум ва машҳур.
Маҳрнинг нақд ва кечини икковлари тайин қилган бўлсалар, ўшандоқ бўлади. Агар тайин қилмаган бўлсалар, урфдагига қараб бўлади.
Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкин. Дастлабкиси аввал берилади ва «маҳри муъажжал» – «нақд маҳр» деб аталади. Ыолгани кейинроқ берилади ва «маҳри муъажжал» – «кечиктирилган маҳр» деб аталади.
Агар икки тараф ақди никоҳ пайтида нақд маҳр қанча ва қачон берилади, кечиктирилган маҳр қанча ва қачон берилади, каби масалаларни келишиб олган бўлсалар, ўша келишувга биноан иш тутадилар.
Ақди никоҳ пайтида бундоқ келишув бўлмаса, ўз қавмларида мазкур миқдордаги маҳрни ўша келинга ўхшаш келинларга қай тарзда беришга одатланилган бўлса, ўша тарзда берилади.
Нақд маҳрни олишдан аввал аёл жинсий яқинликни ва сафарга олиб чиқилишини манъ қилишга ҳақли, агар ўз розилиги билан бўлган яқинликдан кейин бўлса ҳам. Бунда унинг нафақаси соқит бўлмайди.
Яъни, маҳри ўз вақтида берилмаганига норози бўлиб, куёвни ўзига яқинлаштирмаётган келиннинг нафақаси эрга вожиб бўлиб тураверади. Эрнинг эса, хотиним мени ўзига яқинлаштирмаяпти, шунинг учун унинг нафақасини бермайман, дейишга ҳақи йўқ.
Шунингдек, у, эрнинг изнисиз ҳожат юзасидан сафар қилишга ва ташқарига чиқишга ҳақли.
Маҳрни вақтида бермаган эр аёлни бу нарсалардан манъ қилишга ҳақли эмас.
Аёл нақд маҳрни олганидан кейин уни бошқа ёққа олиб кетса, жоиз. Уни сафарга олиб кетмайди, деганлар ҳам бор ва фатво шунга берилган.
Уламолар орасида «нақд маҳрни ёки тўла маҳрни бергандан кейин эр хотинининг розилигисиз уни бошқа юртга олиб кетса бўладими, йўқми», деган масалада турли гаплар айтилган. Олиб кетиши мумкин эмас, деганлар кўпроқ замоннинг фасодини эътиборга олишган. Олиб кетиши мумкин, деганлар Аллоҳ таолонинг «У(аёл)ларга ўзингизга маскан бўлган жойдан маскан беринг», деган қавлини далил қилиб келтиришган. Мана шуниси тўғри. Валлоҳу аълам.